Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Пробация тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 23 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2023 йил 27 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2023 йил 27 октябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади пробацияни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Пробация тўғрисидаги қонунчилик
Пробация тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг пробация тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
пробация — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлашга, маҳкумларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тарбиявий таъсир кўрсатишга, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;
пробацияга оид ахборот тизими — манфаатдор давлат органлари ўртасида пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;
пробация назорати — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсларнинг, шартли ҳукм қилинган шахсларнинг ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширишга, уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ҳамда жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантиришга, суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этилишини таъминлашга, шунингдек уларни ижтимоий реабилитация қилишга қаратилган фаолият;
пробация назоратидаги шахс — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган, шартли ҳукм қилинган, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳамда пробация ҳисобига қўйилган шахс;
электрон кузатув воситаси (электрон браслет) — озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган шахсни масофадан туриб назорат қилишга мўлжалланган, қўлга ёки оёққа тақиладиган электрон қурилма.
4-модда. Ушбу Қонуннинг асосий принциплари
Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
инсонпарварлик;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш;
табақалаштириш ва индивидуал ёндашиш;
ошкоралик.
5-модда. Қонунийлик принципи
Пробация назоратини амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этиш ҳамда уларни бажариш шарт.
6-модда. Инсонпарварлик принципи
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қийноққа солиш ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки шаъни ва қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишига йўл қўйилмайди.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан интизомий жазо ёки ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши азоб-уқубат етказилишига ёхуд инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига сабаб бўлмаслиги керак.
7-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш принципи
Пробация назорати фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, шунингдек ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан тақиқлар (чекловлар) ҳамда мажбуриятлар белгиланиши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаши, уларга нисбатан тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар белгиланишига асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.
8-модда. Табақалаштириш ва индивидуал ёндашиш принципи
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан белгиланадиган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар уларнинг ёши, жинси, соғлиғининг ҳолати, хулқ-атвори, ижтимоий мослаштириш дастурларидаги иштироки ҳамда ушбу шахслар содир этган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти, илгари жиноятлар содир этганлиги учун жавобгарликка тортилганлиги фактлари мавжудлиги, шунингдек етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва маънавий зиён компенсация қилинганлиги ҳисобга олинган ҳолда табақалаштирилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ижтимоий мослаштириш чоралари уларнинг хулқ-атворини ижтимоий-психологик баҳолаш натижалари асосида якка тартибда қўлланилади.
9-модда. Ошкоралик принципи
Пробация соҳасидаги фаолият тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади, бундан ошкор этилиши қонун билан чекланган ахборот мустасно.
2-боб. Пробацияни амалга ошириш соҳасини тартибга солиш
10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
пробацияни амалга ошириш соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
ўз ваколатлари доирасида пробацияни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришга ва ишга жойлаштиришга кўмаклашади;
пробация назоратидаги шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатишни ва уларнинг хулқи-атворини назорат қилишни амалга ошириш бўйича фаолиятга фуқаролик жамияти институтларини жалб этишга кўмаклашади;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва пробация ҳисобига қўйилган шахсларга бир йўла тўланадиган моддий ёрдам берилишини таъминлайди;
пробация назоратидаги шахслар мажбурий жамоат ишлари тарзидаги жазони ўташи мумкин бўлган жойларнинг (объектларнинг) рўйхатини унда ишларнинг турларини ва таркибини кўрсатган ҳолда, туман ва шаҳар ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) жамоат хавфсизлиги хизматларининг пробация бўлинмаларига (гуруҳларига) (бундан буён матнда туман (шаҳар) пробация бўлинмалари деб юритилади) келишиш учун ҳар чоракда тақдим этади;
пробация назоратидаги шахслар томонидан мажбурий жамоат ишлари тарзидаги жазони ўташ учун зарур бўлган шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди;
туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг пробация назоратидаги шахсларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги тақдимномаларини кўриб чиқади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти пробация хизматининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг пробация хизмати (бундан буён матнда пробация хизмати деб юритилади) пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатли органдир.
Пробация хизмати:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тарзидаги жазоларнинг ижро этилишини таъминлайди;
пробацияга оид ахборот тизимининг ишлашини, шунингдек унга пробация назоратидаги шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилишини таъминлайди;
пробация назоратидаги шахсларнинг иш ёки ўқиш жойидан жазонинг ижро этилиши билан боғлиқ ахборотни ёки бошқа зарур ҳужжатларни сўраб олади;
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги фаолият билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ва бошқа ташкилотларга сўровлар юборади;
пробация назоратидаги шахсларнинг суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этиши устидан текширишлар ўтказиш орқали назоратни амалга оширади;
пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш дастурлари ишлаб чиқилишини, шунингдек ушбу шахсларни ижтимоий мослаштиришга доир тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
пробация назоратидаги шахслар томонидан такроран ҳуқуқбузарлик содир этилиши хавфини аниқлайди ва ушбу шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этишига йўл қўйилмаслигига қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади;
пробация назоратидаги шахсларнинг мажбурий ва профилактик тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди;
пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш, интизомий жазо чораларини, шунингдек ҳуқуқий таъсир чораларини қўллайди;
пробацияни амалга оширишга кўмаклашган давлат органларининг, муассасаларининг ва ташкилотларининг ходимларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқароларни ўз ваколати доирасида рағбатлантириш чораларини кўради.
Пробация хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13-модда. Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар
Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар жумласига қуйидагилар киради:
меҳнат органлари;
давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари;
таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари;
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.
14-модда. Меҳнат органларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Меҳнат органлари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;
ишга жойлашишда кўмак олиш учун мурожаат этган пробация назоратидаги шахсларни ишга жойлаштириш юзасидан чоралар кўради;
иш қидираётган ёки ишсиз деб эътироф этилган пробация назоратидаги шахсларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга қаратилган тадбирларни амалга оширади;
пробация назоратида турган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш даврида қонунчиликда белгиланган тартибда стипендия тўлайди.
Меҳнат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
15-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;
туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмалари асосида пробация назоратидаги шахсларнинг тиббий кўрикларини ўтказади, давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади;
пробация назоратидаги шахсларни психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказади;
суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида ўзига нисбатан соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий даволаниш тайинланган пробация назоратидаги шахсларни даволаш, профилактика ва диспансер кузатувига олиш ҳамда тиббий-ижтимоий жиҳатдан реабилитация қилишга доир фаолиятни амалга оширади;
наркологик касалликларга чалинган пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришга доир тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;
пробация назоратидаги шахслар ўртасида соғлом турмуш тарзига доир тушунтириш ишларини ва тарғиботни амалга оширади.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;
пробация назоратидаги хотин-қизларни ижтимоий мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;
пробация назоратидаги хотин-қизларни ишга жойлаштиришга, кичик бизнесга, хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этишга кўмаклашади;
хотин-қизлар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини ўтказишда иштирок этади;
пробация назоратидаги хотин-қизлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади ҳамда уларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этади.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
17-модда. Таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва таълим ташкилотларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;
пробация назоратидаги ўқувчиларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларга ахлоқ ва соғлом турмуш тарзи асосларини сингдиришга қаратилган тадбирларни таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотларининг иш амалиётига жорий этади;
туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг сўровига кўра пробация назоратидаги таълим олувчиларга педагогик кенгаш ёки олий таълим ташкилоти кенгаши мажлисининг баёни асосида мураббий бириктиради;
тарбия колониясидан озод этилган вояга етмаганларни таълим олишга жалб этиш чораларини кўради;
пробация назоратидаги ўқувчиларни спорт, техника тўгаракларига ва бошқа тўгаракларга жалб этиш чораларини кўради.
Таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
18-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг пробацияни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари:
пробацияни амалга ошириш соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаришда иштирок этади;
пробация назоратидаги ёшларни ижтимоий мослаштириш бўйича тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;
пробация назоратидаги ёшларни ишга жойлаштиришга, ёшларни кичик бизнесга, хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка жалб этишга кўмаклашади;
пробация назоратидаги ёшларни маданият ва санъат соҳасидаги тадбирларга, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19-модда. Пробация назоратида иштирок этувчи субъектлар
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар пробация назоратида ихтиёрий равишда, пробация хизматининг розилиги билан иштирок этиши мумкин.
20-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва фуқароларнинг пробация назоратида иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг сўровларига кўра ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворига ижобий таъсир кўрсата оладиган фуқароларни аниқлайди ҳамда мазкур фуқароларнинг розилиги билан уларни фуқаролар йиғини баёни асосида пробация назоратидаги шахсларга жамоат тарбиячиси этиб бириктиради;
туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш, пробация назоратида турган ва ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга оширишга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, шунингдек касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб этиш чораларини кўради;
ўтказиладиган маданий ва спорт тадбирларида пробация назоратидаги ёшларнинг фаол иштирок этишига кўмаклашади.
Фуқаролар пробация назоратида ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ихтиёрий равишда иштирок этади.
21-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг пробация назоратида иштирок этиши
Нодавлат нотижорат ташкилотлари:
пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришда ихтиёрий равишда иштирок этади;
кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, оғир ижтимоий аҳволда қолган пробация назоратидаги шахсларга ўз фаолиятининг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатади.
3-боб. Пробация хизмати
22-модда. Пробация хизматининг тизими
Пробация хизматининг тизимига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти пробация хизматининг марказий аппарати;
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари жамоат хавфсизлиги хизматининг пробация бошқармалари (бўлимлари);
туман (шаҳар) пробация бўлинмалари.
23-модда. Пробация хизматининг ҳуқуқлари
Пробация хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
пробация назоратидаги шахслардан пробация тўғрисидаги қонунчиликка риоя этишни, ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларни тугатишни талаб қилиш;
пробация назоратидаги шахсларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг текширувини амалга ошириш;
озодликни чеклаш тарзидаги жазога ҳукм қилинган, ўзига нисбатан муайян буюмларга эга бўлишга ёки уларни сақлашга доир суд томонидан тақиқ (чеклов) белгиланган шахсларни ушбу тақиққа (чекловга) риоя этилаётганлигини текшириш мақсадида шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўздан кечириш;
суд томонидан ўзига нисбатан муайян вақтда яшаш жойида бўлиш мажбурияти белгиланган, шунингдек ўзига нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг розилигисиз яшаш жойини ўзгартиришга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан ташқарига чиқишга доир тақиқлар (чекловлар) белгиланган пробация назоратидаги шахсларнинг мазкур тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида пробация назоратидаги шахсларнинг яшаш жойини ушбу Қонунда белгиланган тартибда текширишни амалга ошириш;
тегишли давлат органларини ва ташкилотларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқароларни пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштиришга доир фаолиятга жалб этиш;
пробация тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини, шунингдек уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларига, бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга бажарилиши шарт бўлган тақдимномаларни ўз ваколатлари доирасида киритиш;
пробация назоратидаги шахсларнинг мастлик ҳолатини сертификатлаштирилган махсус техник восита ёрдамида ёки туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида масъул ходимлар ёрдамида аниқлаш;
пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворига ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида ушбу шахсларга жамоат тарбиячиларини (яшаш жойи бўйича) ёки мураббийларни (ўқиш ёки иш жойи бўйича) бириктиришга доир чора-тадбирларни кўриш;
ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазони ўтаётган пробация назоратидаги шахсларнинг иш жойидан иш ҳақи, ишлаган кунлари, иш ҳақидан ушлаб қолишларнинг миқдорлари тўғрисидаги ҳисоб-китоб маълумотномаларини олиш.
Пробация хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
24-модда. Пробация хизматининг мажбуриятлари
Пробация хизмати:
суднинг пробация назоратини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларга тааллуқли сўровига биноан тегишли ахборотни тақдим этиши;
пробация назоратидаги шахсларга уларнинг хулқ-атвори устидан назоратнинг амалга оширилиш тартибини, суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этилиши шартларини, шунингдек мазкур тақиқларни (чекловларни) бузган ёки ушбу мажбуриятларни бажармаган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни тушунтириши;
пробация назоратидаги шахсларнинг суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этишини текшириши;
пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш ишларини уларнинг электрон ижтимоий-психологик қиёфасини тузган ҳолда ижтимоий мослаштириш дастурлари асосида амалга ошириши;
пробация назоратидаги шахсларнинг ҳисобини пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали юритиши;
ўзига нисбатан жиноят иши ёпиқ суд мажлисларида кўрилган пробация назоратидаги шахсларнинг шахсий йиғмажилдларини белгиланган тартибда юритиши;
пробация назоратидаги шахсларнинг геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда геном бўйича давлат рўйхатига олинишини таъминлаши;
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 ноябрдаги 689-сон қарори билан тасдиқланган Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида низом.
пробация назоратидаги шахсларнинг суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида мазкур шахсларнинг уйларига (квартираларига) кирилган барча ҳоллар тўғрисида йигирма тўрт соат ичида прокурорни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши;
пробация назоратидаги шахсларга нисбатан судга жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақида, жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисида ёхуд касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик туфайли жазодан озод қилиш ҳақида тақдимномалар киритиши;
пробация назоратидаги шахсларга нисбатан суд томонидан белгиланган тақиқларни (чекловларни) ва мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ҳақида, шунингдек қўшимча тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар белгилаш тўғрисида судга тақдимномалар киритиши;
шартли ҳукмни бекор қилиш ёки жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ҳақида ёхуд жазонинг ўталмаган муддатини оғирроқ жазо турига алмаштириш тўғрисида судга тақдимномалар киритиши;
жазони ўтаб бўлган шахсга озод қилинганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиши шарт.
Пробация хизматининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
25-модда. Пробация хизматини кадрлар билан тўлдириш
Пробация хизматини кадрлар билан тўлдириш ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуни.
Пробация хизматининг офицерлар таркибидаги лавозимлари ички ишлар органларидаги хизматга қабул қилишга доир талаблар асосида олий юридик ёки педагогик маълумотга эга бўлган шахслар ёхуд мутахассис-психологлар ҳисобидан тўлдирилади.
26-модда. Пробация хизматининг фаолияти устидан назорат қилиш
Тегишли давлат органлари ва ташкилотлар пробация хизматининг фаолияти устидан назоратни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ҳамда тартибда амалга оширади.
Пробация хизматининг фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хил ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
4-боб. Пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
27-модда. Пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқлари
Пробация назоратидаги шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
белгиланган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар ҳақида, жазони ўташ тартиби, пробация назоратининг шартлари ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ахборот олиш;
аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;
пробация хизмати ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш;
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
соғлиғини сақлаш, шу жумладан тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стационар шароитларда тиббий ёрдам олиш;
ёрдамнинг ва маслаҳатларнинг турлари тўғрисидаги ахборотни сўраш ҳамда олиш;
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек меҳнатига ҳақ олиш;
ижтимоий таъминот олиш, шу жумладан қонунчиликка мувофиқ пенсия олиш;
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни.
ўзига нисбатан пробация хизмати ходимларининг хушмуомалада бўлиши;
зарур ҳолларда, таржимон хизматидан фойдаланиш;
пробация тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ёрдамни олиш.
Пробация назоратидаги шахслар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
28-модда. Пробация назоратидаги шахсларнинг мажбуриятлари
Пробация назоратидаги шахслар:
суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга, жазони ўташ шартлари ҳамда тартибига риоя этиши;
пробация хизмати ходимларининг қонуний талабларини бажариши;
ижтимоий мослаштириш дастурида ва тарбиявий тадбирларда иштирок этиши;
мажбурий ва профилактик тиббий кўрикдан ўтиши, шунингдек мастлик ва тан жароҳати етказилганлиги ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ёки экспертизадан ўтиши;
электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) ечмаслиги ва унинг бут сақланишини таъминлаши шарт.
Пробация назоратидаги шахсларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
29-модда. Пробация назоратидаги шахслар белгиланган тақиқларни (чекловларни) ва мажбуриятларни бажармаганлигининг ҳуқуқий оқибатлари
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга, шунингдек жазони ўташ тартибига риоя этмаганлик учун, уларнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолларда, ушбу Қонунда белгиланган тартибда интизомий жазо ёки ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
Пробация назоратидаги шахс пробация хизматининг чақирувига биноан узрли сабабларсиз келмаган ҳолларда, у пробация хизматининг сўровига кўра ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси томонидан мажбурий келтирилиши мумкин.
5-боб. Шахсни пробация ҳисобига қўйиш ва пробация назоратини амалга ошириш
30-модда. Шахсни пробация ҳисобига қўйиш асослари
Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади.
31-модда. Шахсни пробация ҳисобига қўйиш тартиби
Шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига ушбу шахснинг шахсга доир маълумотларини ҳамда суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади.
Пробацияга оид ахборот тизимига киритилаётган маълумотлар пробация хизмати ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Шахсни пробация ҳисобига қўйиш чоғида суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори ушбу шахсга таништирилганлиги фактини тасдиқлаш учун бармоқлар изларини таниб олиш тизимидан фойдаланилади.
Шахсни пробация ҳисобига қўйиш чоғида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ҳамда пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектларга улар томонидан тегишли чоралар кўриш учун хабарномалар юборилади.
32-модда. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тарзидаги жазоларни ижро этиш тартиби
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тарзидаги жазоларни ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
33-модда. Пробация назоратидаги шахсга нисбатан электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) қўллаш
Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётганлиги тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.
Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, тиббий кўрсатмаларга кўра электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга қўлланилиши мумкин эмас.
Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) пробация назоратида турган шахсдан у пробация ҳисобидан чиқарилаётган вақтда ечилади. Пробация назоратидаги шахс жазони ўташ тартибига риоя этган ва жамоат тартибини бузишга йўл қўймаган тақдирда электрон кузатув воситаси (электрон браслет) қўлланилган кундан эътиборан уч ой ўтгач ечилади.
Электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
34-модда. Суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этилиши устидан пробация назоратини амалга ошириш
Пробация ҳисобига қўйилган шахсга суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этиш тартиби тушунтирилади.
Суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этилиши устидан пробация назорати текширувлар ўтказиш воситасида амалга оширилади.
Суд томонидан белгиланган тақиқларнинг (чекловларнинг) ва мажбуриятларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, текширувлар туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда, шунингдек ваколатли органларнинг мутахассисларини ҳамда жамоат тарбиячиларини жалб этган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
35-модда. Туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартириш, тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан ташқарига чиқиш юзасидан суд белгилаган тақиқларга (чекловларга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг розилигисиз яшаш жойини, иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартириш, тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан ташқарига чиқиш юзасидан суд белгилаган тақиқларга (чекловларга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назоратни туман (шаҳар) пробация бўлинмалари ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари билан ҳамкорликда текширувлар ўтказиш орқали амалга оширади.
Туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг розилигисиз иш ва (ёки) ўқиш жойини ўзгартириш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат унга нисбатан руҳий таъсирни камайтириш мақсадида мураббийлардан ёки жамоат тарбиячиларидан ахборот олиш орқали амалга оширилади, бундан текширув ўтказиш зарурати юзага келган ҳоллар мустасно.
36-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан суд белгилаган тақиқнинг (чекловнинг) ижроси пробация назоратидаги шахс пробация ҳисобига қўйилган кундан эътиборан пробацияга оид ахборот тизими орқали таъминланади.
Пробация назоратидаги шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан тақиқ (чеклов) белгиланган тақдирда, ушбу тақиқнинг (чекловнинг) амал қилиш муддати тугагунига қадар мазкур фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши рад этилади.
Агар пробация назоратидаги шахсга илгари Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти берилган бўлса, ушбу биометрик паспорт туман (шаҳар) пробация бўлинмалари томонидан олиб қўйилиши лозим.
Пробация назоратидаги шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан тақиқ (чеклов) белгилаш тўғрисидаги ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан тақиқни (чекловни) олиб ташлаш ҳақидаги ахборот алмашинуви пробацияга оид ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахс жазони тўлиқ ўтаб бўлганидан кейин мазкур шахс тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан тақиқни (чекловни) олиб ташлаш учун пробацияга оид ахборот тизимига киритилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш юзасидан тақиқни (чекловни) олиб ташлаш вақтида пробация назоратидаги шахсга ундан илгари олиб қўйилган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти қайтариб берилади.
37-модда. Муайян шахслар билан алоқалар ўрнатиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Муайян шахслар билан алоқалар ўрнатиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат:
жамоат тарбиячиси томонидан тақдим этилган маълумотларни текшириш;
пробация назоратидаги шахснинг яшаш, иш ва (ёки) ўқиш жойини кузатиб бориш;
ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноят-қидирув бўлинмаларининг биргаликда ишлаши орқали амалга оширилади.
38-модда. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат суд қарорини тегишли ваколатли органларга ва шахснинг иш жойидаги маъмуриятга юбориш ҳамда ушбу суд қарорининг ижроси устидан назорат қилиш орқали амалга оширилади.
39-модда. Транспорт воситасини бошқариш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Транспорт воситасини бошқариш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганликни назарда тутувчи суд ҳукмини ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларига юбориш орқали амалга оширилади.
Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган пробация назоратидаги шахслар транспорт воситаларини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирда, ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари туман (шаҳар) пробация бўлинмаларига бу ҳақда ахборот юборади.
40-модда. Алоқа воситаларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Алоқа воситаларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат мазкур тақиққа (чекловга) риоя этилиши тўғрисида ушбу шахс билан профилактик суҳбатлар ёки текширувлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Алоқа воситаларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилишини текшириш мутахассисларни жалб этган ҳолда, махсус техник воситалар ёрдамида амалга оширилади.
Алоҳида ҳолларда, алоқа воситаларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходимининг сўровига кўра тезкор-қидирув тадбирлари доирасида текширилиши мумкин.
41-модда. Алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Алкоголли ичимликларни истеъмол қилиш юзасидан суд белгилаган тақиққа (чекловга) пробация назоратидаги шахс томонидан риоя этилиши устидан назоратни туман (шаҳар) пробация бўлинмалари ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
Пробация назоратидаги шахснинг психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга қуйидагилар асос бўлади:
оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши;
бир ҳолатда тўғри тура олмаслик (чайқалиб туриш);
нутқнинг бузилганлиги;
қўл бармоқларининг титраши;
юз териси рангининг сезиларли тарзда ўзгарганлиги.
Текширув ўтказиш учун асослардан бири аниқланган тақдирда, текширув тўрт соат ичида ўтказилиши керак.
Пробация назоратидаги шахснинг алкоголли ичимликлар таъсиридан мастлик ҳолатида эканлигини аниқлаш учун текширув ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқлайдиган ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирадиган сертификатланган махсус техника воситаси ёрдамида ўтказилади.
Текширув ўтказиш олдидан пробация назоратидаги шахс сертификатланган махсус техника воситасининг техник хусусиятларини ва ишлаш тартибини тасдиқловчи ҳужжатлар билан таништирилади.
Сертификатланган махсус техника воситаси ёрдамида текширув камида икки нафар холиснинг ҳозирлигида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими томонидан амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахс томонидан нафас орқали чиқариладиган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ёки ундан юқори бўлган ҳолларда, пробация хизмати ходими пробация назоратидаги шахсга нисбатан унинг алкоголли ичимликлар истеъмол қилганлиги факти юзасидан далолатнома расмийлаштиради ҳамда далолатномага сертификатланган махсус техника воситасидан фойдаланган ҳолда ўтказилган текширув натижалари тўғрисидаги чоп этилган маълумотларни илова қилади.
Пробация назоратидаги шахс сертификатланган махсус техника воситаси ёрдамида текширувдан ўтишдан бўйин товлаган ҳолларда ёки унда сертификатланган махсус техника воситасидан фойдаланган ҳолда ўтказилган текширув натижаларига нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, шунингдек сертификатланган махсус техника воситасидан фойдаланган ҳолда текширув ўтказиш чоғида алкоголдан мастлик ҳолати тасдиқланмаган тақдирда, пробация хизмати ходими пробация назоратидаги шахснинг психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатини аниқлаш учун уни туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига тиббий текширув ўтказилиши учун олиб боради.
Тиббий текширувдан ўтказиш натижаларига кўра пробация назоратидаги шахснинг психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида эканлиги тасдиқланган тақдирда, пробация хизмати ходими томонидан текширув ўтказиш сабаблари тўғрисида далолатнома тузилади. Текширув ўтказиш сабаблари тўғрисидаги далолатнома ва туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасининг тиббий хулосаси текширув ўтказилган пайтдан эътиборан икки соат ичида ички ишлар органларининг ҳудудий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасига юборилади.
Тиббий текширувдан ўтган пробация назоратидаги шахсга унинг талабига кўра, тиббий текширув натижалари тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхаси берилиши керак.
42-модда. Яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойи ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиш юзасидан суд белгилаган мажбуриятнинг пробация назоратидаги шахс томонидан бажарилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Суд яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойи ўзгарганлиги тўғрисида шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органларни хабардор қилиш мажбуриятини белгилаган пробация назоратидаги шахснинг яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойи ўзгарган тақдирда, ушбу шахс яшаш жойи, иш ва (ёки) ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида уч иш куни ичида туман (шаҳар) пробация бўлинмаларини хабардор қилиши шарт.
43-модда. Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан суд белгилаган мажбуриятнинг пробация назоратидаги шахс томонидан бажарилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юзасидан суд белгилаган мажбуриятнинг пробация назоратидаги шахс томонидан бажарилиши устидан назорат туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлинмаси билан ахборот алмашиши воситасида амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахс муайян даромад манбаига эга бўлмаган тақдирда, меҳнат органлари кўмагида унинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади.
44-модда. Ишга ёки ўқишга жойлашиш юзасидан суд белгилаган мажбуриятнинг пробация назоратидаги шахс томонидан бажарилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Суд томонидан ўзига нисбатан ишга ёки ўқишга жойлашиш юзасидан мажбурият белгиланган пробация назоратидаги шахсни ишга ёки ўқишга жойлаштириш мақсадида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими мазкур шахсни ишга ёки ўқишга жойлаштиришга кўмаклашиш ҳақида меҳнат органларига, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига, Оила ва хотин-қизлар қўмитасига ёки таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларига ҳамда таълим ташкилотларига таклиф юборади.
Пробация назоратидаги шахс пробация ҳисобига қўйилган пайтдан эътиборан бир ой ичида ишга ёки ўқишга жойлашиши шарт.
Пробация назоратидаги шахснинг бир ой ичида ишга ёки ўқишга жойлашмаганлиги ушбу Қонуннинг 65-моддасига мувофиқ унга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишига сабаб бўлади, бундан пробация назоратидаги шахс ишсиз деб эътироф этилган ҳоллар мустасно.
45-модда. Наркологик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ юзасидан суд белгилаган мажбуриятнинг пробация назоратидаги шахс томонидан бажарилиши устидан назорат қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Суд томонидан зиммасига наркологик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ юзасидан мажбурият юклатилган пробация назоратидаги шахс ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси томонидан тегишинча наркология муассасасининг мажбурий даволаш бўлимига ёки мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология шифохонасига ёхуд тери-таносил касалликлари диспансерига даволаниш курсини ўташ учун жойлаштирилади.
6-боб. Ижтимоий мослаштириш
46-модда. Пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш
Пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг таълим олишига, касб-ҳунар ўрганишига ва ишга жойлашишига кўмаклашиш воситасида жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланишига қаратилган фаолият ижтимоий мослаштиришдир.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ижтимоий мослаштириш дастури асосида ижтимоий мослаштириш чоралари қўлланилади.
47-модда. Пробация назоратидаги шахснинг ижтимоий-психологик қиёфаси
Шахс пробация ҳисобига қўйилган кундан эътиборан ўн иш куни ичида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими ва мутахассис-психолог томонидан пробация назоратидаги шахснинг ўзига хос алоҳида белгиларини, руҳий хусусиятларини ҳамда хулқ-атворини баҳолаш натижалари асосида унинг индивидуал ижтимоий-психологик қиёфаси тузилади.
Пробация назоратидаги шахснинг ижтимоий-психологик қиёфасида шахсга доир маълумотлар, шу жумладан шахсга доир махсус маълумотлар акс эттирилади.
Пробация назоратидаги шахс мутахассис-психолог томонидан ҳар уч ойда бир марта суҳбатдан ўтказилиб, суҳбат натижаларига кўра пробация назоратидаги шахснинг ижтимоий-психологик қиёфасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Пробация назоратидаги шахснинг ижтимоий-психологик қиёфасидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими ва мутахассис-психолог шахсан жавобгар бўлади.
48-модда. Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастури
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастури туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими томонидан мутахассис-психолог билан ҳамкорликда, шахснинг ижтимоий-психологик қиёфаси асосида ишлаб чиқилади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастурида пробация назоратидаги шахсга нисбатан қўлланиладиган ижтимоий мослаштириш чоралари, уларни амалга ошириш механизмлари, бажариш муддатлари ва масъул ижрочилар кўрсатилади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастури пробацияга оид ахборот тизимига киритилган пайтдан эътиборан тасдиқланган ҳисобланади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастуридан кўчирма ушбу шахс пробация ҳисобига қўйилган кундан эътиборан ўн беш иш куни ичида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими томонидан масъул ижрочилар эътиборига етказилади ва бажариш учун юборилади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастурига ижтимоий мослаштириш чораларининг бажарилиши, уларнинг натижалари тўғрисидаги ахборот киритилади, шунингдек шахснинг ижтимоий-психологик қиёфасидаги ижобий ёки салбий ўзгаришлар ҳақида мутахассис-психолог томонидан киритиладиган маълумотлар ҳисобга олинган ҳолда, ижтимоий мослаштириш дастурига ижтимоий мослаштириш чораларига қўшимчалар, ўзгартиришлар киритиш ёки уларни қисман бекор қилиш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастуридаги ижтимоий мослаштириш чораларининг тўғри белгиланганлиги учун туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими шахсан жавобгар бўлади.
Пробация назоратидаги шахсни ижтимоий мослаштириш дастуридаги тадбирлар узрли сабабларсиз белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги фактлари бўйича хизмат текшируви ўтказилади ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
49-модда. Пробация назоратидаги шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатиш
Пробация назоратидаги шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатиш уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, шунингдек уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахсларга уларнинг ўзига хос индивидуал хусусиятлари ва улар содир этган ҳуқуқбузарликлар ҳисобга олинган ҳолда ижтимоий мослаштириш дастурларида назарда тутилган тарбиявий таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилади.
Тарбия жараёнини амалга ошириш чоғида босма нашрлардан, радио, телевидение, кинофильмлардан, ахборот-кутубхона ресурсларидан ва тарбиявий таъсир кўрсатишнинг бошқа воситаларидан фойдаланилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан жамоатчилик таъсирини кучайтириш мақсадида тарбиявий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат тарбиячилари ва оила аъзолари жалб этилиши мумкин.
50-модда. Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари
Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган мезонлар асосида ҳар уч ойда туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими томонидан баҳоланади, баҳолаш натижалари эса мутахассис-психолог томонидан уларнинг ижтимоий-психологик қиёфаларида акс эттирилади.
Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори уларга нисбатан рағбатлантириш чоралари, интизомий жазо чораси ва ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилганлиги, шунингдек уларнинг ижтимоий мослаштириш дастурларидаги иштироки мезонларига кўра баҳоланади.
Пробация хизмати ходими пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш асосида уларни қуйидаги тоифалар бўйича таснифлайди:
1) пробация назоратидаги нейтрал хулқ-атворли шахс;
2) пробация назоратидаги ижобий хулқ-атворли шахс;
3) пробация назоратидаги салбий хулқ-атворли шахс.
Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилмаган, шунингдек ўзига нисбатан илгари қўлланилган интизомий жазо чорасининг амал қилиш муддати тугаган шахслар пробация назоратидаги нейтрал хулқ-атворли шахслар деб топилади.
Камида бир марта рағбатлантирилган, амалдаги интизомий жазога эга бўлмаган, тарбиявий фаолиятда ва ижтимоий мослаштириш дастурларида виждонан иштирок этаётган шахслар пробация назоратидаги ижобий хулқ-атворли шахслар деб топилади.
Олиб ташланмаган ва бекор қилинмаган интизомий жазога эга бўлган ёки тарбиявий тадбирларда ҳамда ижтимоий мослаштириш дастурларида узрли сабабларсиз иштирок этмаётган шахслар пробация назоратидаги салбий хулқ-атворли шахслар деб топилади.
Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш натижалари пробация хизмати ходимининг қарори билан расмийлаштирилади. Қарорнинг кўчирма нусхаси қарор чиқарилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида пробация назоратидаги шахсга тақдим этилади.
51-модда. Пробация хизматининг ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари билан ҳамкорлиги
Пробация назоратидаги шахсларнинг такроран ҳуқуқбузарлик содир этиши хавфи аниқланган тақдирда ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари билан биргаликда қуйидаги профилактика тадбирларини амалга оширади:
пробация назоратидаги шахслар билан суҳбатлар ўтказиш;
пробация назоратидаги шахсларнинг ғайриижтимоий хулқ-атворини жамоат тарбиячиларининг имкониятларидан фойдаланиш ёрдамида ўзгартириш чораларини кўриш;
пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни ўрганиш, шунингдек уларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритиш.
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг профилактик ҳисобида турган ва уларнинг маъмурий назоратидаги шахсларни ўрганиш ҳамда ижтимоий мослаштириш ишларида профилактика инспекторларига амалий-услубий жиҳатдан кўмаклашади.
52-модда. Пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган пробация назоратидаги шахсларга пробация хизмати ходимлари томонидан ўз ваколатлари доирасида ёрдам кўрсатилади.
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг ваколатларига кирмайдиган ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар бўйича пробация назоратидаги шахсларга туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмалари асосида давлат органлари томонидан ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш марказларининг тақдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги яшаш жойига эга бўлмаган пробация назоратидаги шахсларни уй-жой билан таъминлаш масаласини белгиланган тартибда ҳал этишда кўмаклашади.
53-модда. Пробация назоратидаги шахсларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш, шунингдек уларни даволаш
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмалари асосида давлат соғлиқни сақлаш муассасалари:
тиббий ёрдамга муҳтож бўлган пробация назоратидаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатади;
пробация назоратидаги шахсларнинг наркологик, таносил касалликларидан ёки сил касаллигидан даволанишини ташкил этади.
Психологик ёрдамга муҳтож бўлган пробация назоратидаги шахсларга пробация хизматининг мутахассис-психологлари психологик ёрдам кўрсатади.
54-модда. Пробация назоратидаги шахсларнинг ўқишига (таълим олишига) кўмаклашиш
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходимининг сўровига асосан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари умумий ўрта маълумотга эга бўлмаган, ўн саккиз ёшга тўлмаган пробация назоратидаги шахсларнинг таълим олишини мазкур шахсларнинг яшаш жойида жойлашган давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ташкил этади.
Туман (шаҳар) пробация бўлинмалари ўн саккиз ёшдан ошган, умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларга эга бўлмаган пробация назоратидаги шахсларга экстернат тартибида якуний аттестациядан ўтишида кўмаклашади.
55-модда. Пробация назоратидаги шахсларнинг касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиш
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмаларига кўра меҳнат органлари, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари касб-ҳунарга эга бўлмаган пробация назоратидаги шахсларнинг касб-ҳунар ўрганишига доир тадбирларни амалга оширади.
56-модда. Пробация назоратидаги шахсларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш
Туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмаларига кўра меҳнат органлари, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари пробация назоратидаги шахсларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, шу жумладан уларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга юбориш чораларини кўради.
57-модда. Пробация назоратидаги вояга етмаган шахслар билан иш олиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари
Пробация назоратидаги вояга етмаган шахсларни ижтимоий мослаштириш дастурларини ишлаб чиқиш чоғида улар билан якка ёки жамоавий тартибда суҳбатлар ўтказилганда ва ушбу шахсларга нисбатан ижтимоий мослаштириш чоралари қўлланилганда уларнинг ёши, ўзига хос индивидуал хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, вояга етмаган шахслар оила аъзоларининг ёки қонуний вакилларининг ижтимоий мослаштиришда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратилади.
Вояга етмаган шахсга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларга ушбу шахснинг ўзига хос индивидуал хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда педагог, психолог, васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари жалб этилиши мумкин.
Туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари билан биргаликда пробация назоратидаги вояга етмаган шахснинг яшаш шароитлари ҳар чоракда ўрганилиб, бу ҳақда далолатнома тузилади.
7-боб. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш, интизомий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланилиши
58-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чораларининг қўлланилиши учун асослар
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши учун қуйидагилар асос бўлади:
қонунга риоя этиш ва ижтимоий-фойдали хулқ-атворда бўлиш;
суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этиш;
ижтимоий мослаштириш дастурлари асосида ўтказилаётган тадбирларда, шунингдек тарбиявий тадбирларда мунтазам равишда иштирок этиш;
пробация назоратидаги бошқа шахсларга «уста-шогирд» принципи бўйича касб-ҳунар ўргатиш;
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, фош этишга кўмаклашиш.
59-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қўлланиладиган рағбатлантириш чоралари
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:
ташаккурнома эълон қилиш;
ёрлиқ билан тақдирлаш;
илгари қўлланилган интизомий жазо чорасини муддатидан олдин олиб ташлаш;
суд томонидан белгиланган тақиқларни (чекловларни) ва мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш.
60-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чораларининг қўлланилиш тартиби
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилиши тўғрисидаги масала туман (шаҳар) пробация бўлинмаси томонидан ҳар йили камида икки марта, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари муносабати билан кўриб чиқилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан рағбатлантириш чоралари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг қарорига асосан қўлланилади.
61-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан интизомий жазо чорасининг қўлланилиши учун асослар
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши учун қуйидагилар асос бўлади:
суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ёки мажбуриятларга риоя этилмаганлиги;
пробация хизмати ходимининг қонуний талаблари бажарилмаганлиги.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилади.
62-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чорасининг қўлланилиш тартиби
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси ушбу Қонун талабларига риоя этилган ҳолда, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши тўғрисидаги қарор уларнинг шахсий йиғмажилди материалларига қўшиб қўйилади.
Бир вақтнинг ўзида содир этилган бир нечта қоидабузарлик учун битта интизомий жазо чораси қўлланилади.
Пробация назоратидаги шахсга нисбатан интизомий жазо чораси бевосита суд томонидан белгиланган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар бузилганлиги аниқланганидан кейин, бироқ мазкур қоидабузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади. Интизомий жазо чораси қўлланилиши тўғрисидаги қарор ўзига нисбатан ушбу қарор чиқарилган шахсга имзо қўйдириб эълон қилинади.
Пробация назоратидаги шахс туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг интизомий жазо чораси қўлланилиши тўғрисидаги қарори билан таништирилади. Пробация назоратидаги шахс интизомий жазо чорасининг қўлланилиши тўғрисидаги қарор билан танишишни ва унга имзо чекишни рад этган тақдирда далолатнома тузилади.
63-модда. Интизомий жазо чораси устидан шикоят қилиш
Пробация назоратидаги шахс ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораси устидан юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Интизомий жазо чораси устидан шикоят қилиш унинг ижросини тўхтатиб турмайди.
Юқори турувчи мансабдор шахс, прокурор ёки суд интизомий жазо чорасини бекор қилишга ваколатлидир.
64-модда. Интизомий жазо чорасининг амал қилиш муддати
Огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилган кундан эътиборан бир йил давомида амал қилади. Агар ушбу муддат ичида пробация назоратидаги шахсга нисбатан янги интизомий жазо чораси қўлланилмаса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
65-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланилиши учун асослар
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши учун қуйидагилар асос бўлади:
суд томонидан тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаганлик;
шартли ҳукм қилинган пробация назоратидаги шахсга нисбатан синов муддати давомида жамоат тартибини ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун маъмурий ёки интизомий жазо чоралари қўлланилганлиги;
огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида суд томонидан белгиланган тақиқларга (чекловларга) ва мажбуриятларга риоя этмаганлик ёки жазони ўташ тартибини бузганлик.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослардан бири аниқланганда туман (шаҳар) пробация бўлинмаси томонидан пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади:
қўшимча тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар белгилаш тўғрисида судга тақдимнома киритиш;
шартли ҳукмни бекор қилиш ва ҳукм асосида тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида судга тақдимнома киритиш;
жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганликни бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритиш;
мажбурий жамоат ишларининг ўталмаган муддатини озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритиш;
ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритиш;
озодликни чеклаш тарзидаги жазонинг ўталмаган муддатини бошқа турдаги жазо билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритиш.
66-модда. Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланилиш тартиби
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари ушбу Қонун 65-моддасининг талабларига риоя этилган ҳолда, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.
Пробация назоратидаги шахсларга нисбатан қўшимча тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар белгилаш тўғрисидаги, шартли ҳукмни бекор қилиш ҳақидаги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш тўғрисидаги ёки жазонинг ўталмаган қисмини жазонинг оғирроқ турига алмаштириш ҳақидаги тақдимнома судга туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи томонидан киритилади.
8-боб. Пробация назоратидаги шахсни пробация ҳисобидан чиқариш
67-модда. Пробация назоратидаги шахсни пробация ҳисобидан чиқариш асослари
Пробация назоратидаги шахсни пробация ҳисобидан чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:
жазони ўтаб бўлганлик;
шартли ҳукмнинг бекор қилинганлиги;
жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш бекор қилинганлиги;
жазонинг ўталмаган қисми озодликдан маҳрум қилиш ёки жарима билан алмаштирилганлиги;
такроран жиноят содир этганлик учун ҳукм қилинганлик;
касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик оқибатида жазодан озод қилинганлик;
амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилинганлик;
суд ҳукмининг (ажримининг) бекор қилинганлиги;
пробация назоратидаги шахснинг вафот этганлиги.
68-модда. Пробация назоратидаги шахсни пробация ҳисобидан чиқариш тартиби
Ушбу Қонуннинг 67-моддасида назарда тутилган асослардан бири юзага келганлигини тасдиқловчи ҳужжат келиб тушган пайтдан эътиборан уч соат ичида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси томонидан пробация назоратидаги шахсни пробация ҳисобидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Шахс пробация ҳисобидан чиқарилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида туман (шаҳар) пробация бўлинмаси ходими томонидан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасига пробация ҳисобидан чиқарилган шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисида топшириқ юборилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
69-модда. Низоларни ҳал этиш
Пробацияни амалга ошириш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
70-модда. Пробация тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Пробация тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
71-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
1. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 1, 3-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 314-модда, № 12, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 12, 656-модда; 2007 йил, № 4, 158, 166-моддалар, № 6, 248-модда, № 9, 416, 422-моддалар, № 12, 607-модда; 2008 йил, № 4, 187, 188, 189-моддалар, № 7, 352-модда, № 9, 485, 487, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 128-модда, № 9, 329, 334, 335, 337-моддалар, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 5, 176, 179-моддалар, № 9, 341-модда, № 12, 471, 477-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 6, 300-модда, № 9, 506, 510-моддалар; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 218, 224-моддалар, № 7, 430-модда, № 10, 679-модда; 2019 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 3, 161-модда, № 5, 259, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 471-модда, № 9, 592-модда, № 11, 787-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 204-модда, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 14-моддалар, № 2, 142, 144-моддалар, № 3, 217-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 966, 968, 973-моддалар, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 2, 81-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 466-моддалар, № 6, 575-модда, № 10, 981-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 187, 188-моддалар, № 4, 265-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 46-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўттиз кундан кўпроғини ўташдан узрли сабабларсиз бўйин товласа ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетса, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товланган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди»;
2) 481-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Озодликни чеклаш суд томонидан маҳкумга нисбатан уй-жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёхуд ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойигача бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда уй-жойидан чиқишни чеклашдан иборат»;
3) 73-модда:
учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисми «г» бандининг ўзбекча матнидаги «нисбатан қўлланилмайди» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги «д» банд билан тўлдирилсин:
«д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди»;
қуйидаги мазмундаги бешинчи — тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:
а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;
б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
в) муайян жойларга бормаслик;
г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.
Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади»;
бешинчи қисми ўнинчи қисм деб ҳисоблансин;
4) 74-модда учинчи қисмининг «в» бандидаги «шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 6, 175-модда; 2003 йил, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 6, 248-модда, № 9, 422-модда, № 12, 595-модда; 2008 йил, № 4, 187-модда, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 4, 136-модда, № 12, 470-модда; 2010 йил, № 9, 334-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 310-модда; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 10, 605-модда; 2019 йил, № 3, 165-модда, № 5, 267-модда, № 8, 469-модда, № 9, 588, 592-моддалар, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 6, 337-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда; 2023 йил, № 2, 104-модда, № 3, 187-модда, № 4, 269-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 21-модданинг биринчи қисмидаги, 22-модданинг номидаги ва биринчи қисмининг биринчи хатбошисидаги, 23-модданинг биринчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги, 24-модданинг матнидаги, 25-модданинг матнидаги, 251-модданинг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларидаги, 252-модданинг номидаги ва биринчи хатбошисидаги, 253-модданинг иккинчи хатбошисидаги, 254-модданинг олтинчи хатбошисидаги, 255-модданинг иккинчи ва олтинчи хатбошиларидаги, 256-модданинг тўртинчи қисмидаги, 257-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги, 26-модданинг биринчи, иккинчи ва бешинчи қисмларидаги, 27-модданинг номидаги ва биринчи хатбошисидаги, 28-модданинг учинчи хатбошисидаги, 29-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги, 30-модданинг учинчи қисмидаги, 32-модданинг матнидаги, 441-модданинг матнидаги, 442-модданинг биринчи қисмидаги, 443-модданинг биринчи, учинчи ва бешинчи қисмларидаги, 444-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги, учинчи қисмининг «г» бандидаги, 169-модданинг биринчи қисмидаги, 176-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги, 177-модданинг матнидаги, 180-модданинг матнидаги тегишли сон ва келишикдаги «жазоларни ижро этиш инспекцияси» деган сўзлар тегишли сон ва келишикдаги «пробация бўлинмаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 22-модданинг иккинчи қисмидаги, 24-модданинг матнидаги, 25-модданинг матнидаги, 29-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги тегишли келишикдаги «инспекция» деган сўз тегишли келишикдаги «пробация бўлинмаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-642-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 10, 595-модда; 2021 йил, № 4, 287-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 464-модда, № 6, 570-модда, 10-сонга илова) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 30-модда биринчи қисмининг ўн иккинчи хатбошисидаги «ёки ахлоқ тузатиш ишлари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
2) 45-модда биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисидаги «ёки ахлоқ тузатиш ишлари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
3) 48-модда биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошисидаги «ёки ахлоқ тузатиш ишлари» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
72-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
73-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
74-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 август,
ЎРҚ-938-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 03/24/938/0591-сон)