|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 04.01.2006
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КОРХОНАЛАРИНИ САНАЦИЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 4 январдаги 2-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика комиссиялари ва кенгашлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида» 2005 йил 6 ноябрдаги ПФ–3675-сон фармони)» ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
«Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ва Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 29 октябрдаги Ф-776-сон фармойишини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тартиби 2-иловага мувофиқ;
Санация қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ташқи бошқарувчиси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
санация қилинадиган зарар кўриб ишлаётган қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхати 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 4-илова берилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 июндаги 294-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган— ЎР ҚҲТ, 2003 й., 12-сон, 99-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари, Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси раиси Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 14 январь,
21-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш
ТАРТИБИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тартиби (кейинги ўринларда Тартиб деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 29 октябрдаги Ф—776-сон фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган.
2. Мазкур Тартиб зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор қишлоқ хўжалиги корхоналарига нисбатан қўлланиладиган суддан олдин санация қилиш тартиботи хусусиятларини белгилайди.
3. Суддан олдин санация қилиш (кейинги ўринларда санация деб аталади) корхоналарнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғашдан олдин амалга оширилади ҳамда кредитор (кредиторлар) талабини қондириш учун қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўловга қодирлигини ва иқтисодий қудратини тиклаш ҳамда корхонанинг келгусида самарали фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратишни мақсад қилиб қўяди.
4. Зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналар санация объектлари ҳисобланади.
Зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор қишлоқ хўжалиги корхоналари мол-мулки эгалари, кредиторлар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар санация субъектлари ҳисобланади. Давлат ўзи вакил қилган органлар орқали санация субъекти сифатида иш кўради.
Санация қилишда молиявий ёрдам кўрсатаётган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек ташқи бошқарувчи санация қатнашчилари ҳисобланадилар.
II. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ КОРХОНАЛАРИНИ САНАЦИЯ ҚИЛИШ МАСАЛАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ
5. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Корхоналарнинг банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда Ҳукумат комиссияси деб аталади) томонидан белгиланган тартибга мувофиқ қишлоқ хўжалиги йили якунлари (кутилаётган якунлар) бўйича ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонасининг молиявий-иқтисодий аҳволини таҳлил қилиб чиқади;
(5-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
б) таҳлил натижаларига кўра тўловга қодирлигини ва иқтисодий қудратини амалда тиклаш имкониятига эга бўлган зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналар бўйича тегишли хулоса тайёрланади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) таҳлил натижалари тўғрисидаги хулоса асосида қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки корхона эгаси ёхуд кредитор (кредиторлар) ёхуд ҳудудий бошқармалар Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича минтақавий комиссия (кейинги ўринларда минтақавий комиссия деб аталади)га санация қилиш тўғрисида илтимоснома берадилар. Илтимосномага, хулосадан ташқари, қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўловга қодирлигини амалда тиклаш имкониятини, санация муддати тугагандан сўнг унинг молиявий барқарорликка эришишини асословчи барча зарур ҳужжатлар, шунингдек санация қилишнинг таклиф этилаётган шакллари, турлари ва чоралари илова қилинади;
(5-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
г) минтақавий комиссия илтимоснома ва унга илова қилинган хулоса ва ҳисоб-китоблар асосида тўғри тузилган ҳужжатлар олингандан сўнг икки ҳафта муддатда санация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Таклифларда санация қилиш (давлат молиявий маблағларини жалб этган ёки этмаган ҳолда) шакли, санация қилиш турлари ва муддатлари асосланиши керак.
Таклифларда:
бошқарув тузилмасини мақбуллаштириш;
ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш;
дебиторлик қарзларни ундириш;
меҳнат ресурсларидан (нормативларга мувофиқ) оқилона фойдаланиш;
шартномавий-ҳуқуқий ишларни такомиллаштириш;
агротехника қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;
қарзларни бўлиб-бўлиб тўлаш (тўлашни кечиктириш) тўғрисида кредиторлар билан аҳдлашувга эришиш;
бошқа тадбирларни амалга ошириш йўли билан ташқи молиявий маблағларни жалб этмасдан тўловга қодирликни тиклаш вариантлари ҳам ишлаб чиқилган бўлиши керак.
д) минтақавий комиссия хулосаси, санация қилиш таклифи, санация қилиш тўғрисидаги илтимоснома ва бошқа асословчи ҳужжатлардан иборат бўлган ҳужжатлар пакети Ҳукумат комиссиясига тақдим этилади;
е) Ҳукумат комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида икки ҳафта муддатда ўз йиғилишларида санация қилиш, шунингдек ташқи бошқаришни жорий этиш ёхуд санация қилиш юзасидан танлов эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилади. Мутлақ кўпчилик овоз берганда қарор қабул қилинган ҳисобланади.
Санация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ҳужжатлар минтақавий комиссияга қайтарилади.
III. САНАЦИЯ ҚИЛИШ
6. Ҳукумат комиссияси томонидан санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг санация қилишда қатнашишга қўйилган шахслар (санация қилишда молиявий ёрдам кўрсатаётган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек ташқи бошқарувчи) санация қилиш режасини бир ой муддатда ишлаб чиқишлари ва тақдим этишлари керак.
6.1 Режада қуйидагилар бўлиши керак:
барча кредиторларнинг талабларини улар билан келишилган муддатларда қондириш мажбурияти;
санация қилишнинг мўлжалланаётган муддати;
маблағларнинг қайтарилиш шартлари ва муддатлари;
кредиторлар олдидаги жавобгарликнинг санация қатнашчилари ўртасида тақсимланиши;
санация бошлангандан кейин санация қатнашчиларининг унда қатнашишни рад этган тақдирдаги жавобгарлиги;
санация қатнашчилари зарур деб ҳисоблайдиган бошқа қоидалар.
6.2. Санация қилиш режасида қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан асосий воситаларнинг санация қатнашчиларига берилиши назарда тутилиши мумкин эмас.
6.3. Санация қатнашчилари кредиторлар олдида қабул қилинган мажбуриятларни тўлиқ ҳажмда бажаришга мажбурдир ва уларнинг бажарилиши учун жавоб берадилар.
6.4. Ишлаб чиқилган санация қилиш режаси корхона эгаси ва кредитор (кредиторлар) билан келишиб олинади.
7. Санация давлат маблағларини жалб қилган ҳолда ва жалб қилмасдан амалга оширилиши мумкин.
8. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини давлат маблағларини жалб этган ҳолда молиявий қўллаб-қувватлаш маблағларни қайтариш асосида амалга оширилади. Маблағлар корхона томонидан бюджетга фоизлар (пеня) қўшмасдан санация режасида назарда тутилган муддатларда ва тартибда амалга оширилади.
9. Қуйидагилар санация қилишнинг асосий турлари ҳисобланади:
қарзларнинг ўзаро қайтарилишини ташкил этиш;
тўлов муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўлиқ ёки қисман сотиб олиш;
мажбурий тўловларни тўлаш ва давлат кредитларини қайтаришни санация қилиш муддатига кечиктириш;
ишлаб чиқаришни рақобатбардошли маҳсулот ишлаб чиқаришга қайта ихтисослаштириш;
четдан менежмент, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, маркетинг ва қишлоқ хўжалиги бўйича юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш;
ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
қишлоқ хўжалиги корхонасининг тўловга қодирлиги тикланишидан ва фаолияти давом эттирилишидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш;
корхона ва кредитор (кредиторлар) ўртасида корхона фаолиятини давом эттириши учун кредиторларга тўланиши керак бўлган тўловларни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қарзларнинг бир қисмини чегириб ташлашга ўзаро келишиб олишга қаратилган битим тузиш;
ташқи бошқаришни жорий этиш;
корхонани қайта ташкил этиш.
10. Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш маблағларининг манбалари ҳисобланади:
корхона мол-мулки эгаларининг, кредиторлар, корхоналар бирлашмалари (хўжалик уюшмалари), бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг молиявий ёрдами;
давлат маблағлари;
қишлоқ хўжалиги корхонасининг ўз маблағлари;
маблағларнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалари.
11. Давлат маблағларини жалб этган ҳолда санация қилинганда:
11.1. Санация қилиш режаси ташқи бошқарувчи томонидан ҳудудий бошқармага тақдим этилади, у ўн кун мобайнида санация қилиш режасини экспертиза қилади. Бир нечта санация қилиш режаси тақдим этилган тақдирда ҳудудий бошқарма корхона учун мақбул бўлган санация қилиш режасини аниқлайди ва тасдиқлайди. Экспертиза хулосаси кўриб чиқиш учун минтақавий комиссияга берилади.
11.2 Минтақавий комиссия ўн кун мобайнида материалларни кўриб чиқади ва санация қилиш режасини тасдиқлаш учун Ҳукумат комиссиясига тақдим этади.
11.3. Қишлоқ хўжалиги корхонасини санация қилиш йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади. Санация қилишнинг аниқ муддатлари (лекин бир қишлоқ хўжалик йилидан кам эмас) Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.
12. Давлат маблағлари жалб этилмасдан санация қилинганда санация қилиш режаси танлов ғолиби томонидан тақдим этилади ва минтақавий комиссия томонидан тасдиқланади.
13. Давлат маблағлари жалб этилган ҳолда санация қилинган тақдирда маблағларни қайтариш шартлари ва муддатлари санация қилиш режасида кўрсатилади.
14. Санация қилиш уни ўтказишнинг белгиланган муддати тугаши муносабати билан ёки санация қилишнинг самарасиз эканлиги аниқланган тақдирда белгиланган муддат тугагунга қадар ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа сабабларга кўра тўхтатилиши мумкин.
Санация қилишни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни Ҳукумат комиссияси чиқаради.
Санация қилиш натижаларига (ташқи бошқариш ва ташқи бошқарувчи аризаси хусусиятига) кўра қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
мақсадга эришилиши муносабати билан санация қилишни тугаллаш тўғрисида;
белгиланган муддат доирасида (агар санация қилиш муддати камида 24 ой белгиланган бўлса) санация қилишни давом эттириш тўғрисида;
мақсадга эришилмаганлиги туфайли санация қилишни тўхтатиш тўғрисида.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Ҳукумат комиссияси қарорининг бажарилиши устидан назоратни Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси амалга оширади, у ҳар чоракда Ҳукумат комиссиясини қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилишнинг тасдиқланган режаларининг бажарилиши ҳақида хабардор қилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й.,7-8-сон, 58-модда)
Санация қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ташқи бошқарувчиси тўғрисида
НИЗОМ
1. Ташқи бошқариш бу санация қилинадиган қишлоқ хўжалиги корхонаси фаолиятини бошқаришни ташкил этиш усули, корхонани бошқариш ва унинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг тайинланган шахсга ташқи бошқарувчига ўтишини билдиради.
2. Ташқи бошқаришни жорий этиш масаласи давлат маблағлари жалб этилган ҳолда санация қилинганда минтақавий комиссия хулосаси асосида Корхоналар банкротлиги ва санацияси масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда Ҳукумат комиссияси деб аталади) томонидан, давлат маблағлари жалб этилмасдан санация қилинганда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш масалалари бўйича минтақавий комиссия (кейинги ўринларда минтақавий комиссия деб аталади) томонидан кўриб чиқилади.
Ташқи бошқарувчи лавозимга, ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда, корхона мол-мулки эгаси, кредитор (кредиторлар) ва Ҳукумат комиссияси билан келишган ҳолда туман ҳокими томонидан тайинланади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 апрелдаги 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
3. Ташқи бошқарувчи корхонани бошқариш функциясини 24 ойгача бўлган муддатда амалга оширади.
4. Ташқи бошқариш жорий этилган пайтдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари ва бошқарув ижро этувчи органларининг ваколатлари тўхтатилади ҳамда улар ташқи бошқарувчига ўтади. Корхона бошқарувининг ижро этувчи органлари ташқи бошқарувчи тайинланган пайтдан бошлаб етти кун ичида корхонанинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳрлар ва штамплар, моддий ва бошқа бойликларнинг ташқи бошқарувчига топширилиши қабул қилиб олинишини таъминлашлари шарт.
5. Ташқи бошқарувчи ҳудудий қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси билан келишган ҳолда:
санация қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг штат жадвалини тасдиқлайди;
бош бухгалтерни, бош иқтисодчини, бош агрономни ва бошқа мутахассисларни тайинлайди.
6. Ташқи бошқарувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонун ҳужжатларига мувофиқ корхонанинг мол-мулкини тасарруф этиш;
корхона номидан кредиторлар билан қарзларни тўлаш муддатини узайтириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида битимлар тузиш;
корхонага қўйилган талаблар бўйича белгиланган тартибда эътирозлар билдириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мулк эгаси, кредитор (кредиторлар) ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси ҳудудий бошқармаси розилиги билан йирик битишувларни амалга ошириш.
(6-банднинг 5-хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 169-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 7-8-сон, 58-модда)
Йирик битишувларга қиймати битишув тузилаётган пайтдаги корхона активларининг баланс қийматидан ўн фоиз ортиқ бўлган кўчмас мулкка ёки бошқа мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ битишувлар киради.
Корхонанинг ташқи бошқарув жорий этилгандан сўнг пайдо бўлган пул мажбуриятлари миқдори кредиторлар талаблари реестрига мувофиқ сумманинг 20 фоизидан ортиқ бўлса, корхонанинг янги пул мажбуриятлари билан боғлиқ битишувлар, ташқи бошқариш режасида назарда тутилгандан ташқари, ташқи бошқарувчи томонидан фақат мулк эгаси, кредиторлар ва Иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
7. Ташқи бошқарувчи қуйидагиларга мажбурдир:
санация режасини ишлаб чиқиш ва минтақавий комиссияга тақдим этиш;
корхона раҳбари ваколатларини амалга ошириш;
корхона бўйича бухгалтерия, молия, статистика ҳисобини ва ҳисоботини юритишни ташкил этиш;
корхоналар мол-мулкини хатлашни амалга ошириш;
ташқи бошқаришни амалга ошириш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун махсус счёт очиш;
кредиторлар талабларини кўриб чиқиш;
ҳудудий бошқармага ҳар чоракда санация қилиш режасининг бажарилиши ҳақида, шунингдек, якуний ҳисоботлар тақдим этиш.
Ташқи бошқарувчи кредиторлар олдида қабул қилинган мажбуриятларни тўлиқ бажариши шарт ва уларнинг бажарилиши учун жавоб беради.
8. Ташқи бошқарувчи ўзи тайинланган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан санация қилиш режасини ишлаб чиқиши лозим. Санация қилиш режаси ташқи бошқариш муддатида корхонанинг тўлов қобилиятини тиклаш ва уни соғломлаштириш чора-тадбирларини назарда тутиши керак.
Режага молиявий-иқтисодий аҳволни соғломлаштириш бўйича батафсил чора-тадбирлар киритилган бўлиши керак, шу жумладан:
ташқи бошқариш муддати;
барча кредиторлар талабларининг улар билан келишилган муддатларда қондирилишини таъминлаш мажбурияти;
кредиторлар олдидаги жавобгарлик;
ташқи бошқарувчининг ташқи бошқаришда у бошланганидан кейин қатнашишдан бош тортган тақдирдаги жавобгарлиги;
ташқи бошқарувчи назарда тутишни зарур деб ҳисоблайдиган бошқа қоидалар.
9. Санация қилиш режаси корхона эгаси ҳамда кредиторлар билан келишилади ва ҳудудий бошқармага тақдим этилади.
10. Ташқи бошқарувчи ташқи бошқаришнинг белгиланган муддати тугагунча ўн беш кундан кечиктирмай, шунингдек, унинг муддатидан олдин тугалланиши учун асослар мавжуд бўлганда, якуний ҳисобот тақдим этади,
Ҳисоботда қуйидагилар бўлиши керак:
бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотлар;
мустақил аудитор томонидан тасдиқланган тўлиқ ҳажмдаги молиявий ҳисобот;
корхонанинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар талабларини қондириш учун йўналтирилиши мумкин бўлган бўш пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги банк маълумотлари;
корхонанинг қолган дебиторлик қарзлари ёйилмаси;
қолган кредиторлик қарзларини узиш имкониятлари тўғрисидаги бошқа маълумотлар.
11. Ташқи бошқарувчи ўз ваколатларини амалга ошириш муддати тугагунга қадар минтақавий комиссия орқали Ҳукумат комиссиясига қуйидаги таклифлардан бирини киритиш ҳуқуқига эгадир:
тўлов қобилияти тикланиши муносабати билан ташқи бошқаришни тўхтатиш;
ташқи бошқариш муддатини узайтириш;
ташқи бошқаришни тўхтатиш ва корхонани банкрот деб эътироф этиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилиш.
12. Ташқи бошқарувчи Ҳукумат комиссияси билан келишган ҳолда туман ҳокими томонидан ваколатларидан қуйидаги ҳолларда озод этилади:
ташқи бошқарувчининг уни ваколатлардан озод қилиш тўғрисидаги илтимосномасига кўра;
ташқи бошқарувчи ўз вазифаларини мунтазам равишда бузган тақдирда кредиторлар ёки корхона мулкининг эгаси илтимосномасига кўра;
шахсни ташқи бошқарувчи этиб тайинлашга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда;
қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
13. Ташқи бошқаришни тўхтатиш ташқи бошқарувчи ваколатларини тўхтатишга сабаб бўлади.
Агар ташқи бошқариш келишилув битими қабул қилиниши ёки кредиторлар талаблари тўланиши билан тугалланса, ташқи бошқарувчи янги раҳбар ва бошқарувнинг бошқа ижро этувчи органлари тайинланган (сайлан)гунга қадар корхона раҳбари вазифаларини бажариб туради.
Агар Ҳукумат комиссияси томонидан корхонани банкрот деб эълон қилиш ҳақида иш қўзғаш учун материалларни хўжалик судига бериш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ташқи бошқарувчи ишлар тугатиш комиссиясига берилгунга қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттираверади.