Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги йирик ташкилотлар фаолиятини экспортга йўналтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонида рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратишни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали амалга ошириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2024 йил 1 июлдан бошлаб рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов (кейинги ўринларда — танлов) асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилсин:
истиқболли ғояга — 150 миллион сўм;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўм;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўм.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳа (кейинги ўринларда — лойиҳа) ларни қўллаб-қувватлаш учун танлов ўтказиш;
танлов иштирокчиларига қўйиладиган талабларни белгилаш;
танлов иштирокчиларини баҳолаш ва грант совриндорларини аниқлаш;
танлов натижаси бўйича грантлар ажратиш.
4. Қуйидагилар асосий вазифалари бўлган Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси (кейинги ўринларда — танлов комиссияси) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилиш, танловни ўтказиш муддатларини белгилаш;
танлов доирасида молиялаштириладиган лойиҳанинг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш;
танлов доирасида молиялаштириладиган стартап лойиҳани иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига жорий этишга кўмаклашиш.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (кейинги ўринларда — IT-парк) танлов комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;
б) IT-паркка танлов босқичларини ташкил этиш ва танлов натижалари шаффоф баҳоланиши учун лойиҳанинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашдан ўтказиш бўйича ўз маблағлари ҳисобидан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан аниқланган рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хорижий (халқаро) ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) билан шартнома тузиш ҳуқуқи берилади.
Бунда масъул ташкилот номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажаради;
в) масъул ташкилот, уларнинг аффилланган шахслари танловда иштирокчи сифатида қатнашишлари мумкин эмас;
г) иштирокчилар танловда «Электрон хукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали IT-паркнинг махсус платформасида рўйхатдан ўтган ҳолда иштирок этадилар;
д) танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар тасдиқланган харажатлар сметаси асосида IT-парк маблағлари ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ молиялаштирилади.
6. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда 2024 йил учун, ҳар йили 15 январга қадар эса, келгуси йиллар учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ҳар йилги иш режасида ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, грант совриндорларига пул маблағлари ажратилишини кўзда тутсин.
7. Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 июлга қадар танлов доирасида иштирокчиларни рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, грант маблағларини олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), мурожаат жараёнини кузатиб бориш ва танлов билан боғлиқ бошқа маълумотларни жойлаштиришга мўлжалланган махсус платформани ишга туширсин.
8. Қуйидагилар:
а) «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ Рақамли технологияларни ривожлантирган ҳолда мамлакатни минтақавий «IT-HUB»ra айлантириш доирасида 2030 йилга қадар IT-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига (шу жумладан, 2024 йилда 1 миллиард АҚШ долларига) етказиш, IT-парк резидентлари сонини 10 баробар ошириш, улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2,2 фоизга етказиш ва уларда яратилган иш ўринлари сонини 100 мингтага етказиш бўйича мақсад белгилангани;
б) 2024 йил 1 февралдан бошлаб IT-парк фаолияти мамлакатимизнинг IT-соҳасидаги экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, резидентларининг хизмат ва маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш асосий вазифалари этиб белгиланган ҳолда трансформация қилингани маълумот учун қабул қилинсин.
9. Рақамли технологиялар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
а) соҳадаги йирик компанияларни етакчи экспорт қилувчи корхоналарга айлантириш мақсадида IT-парк доирасида яратилган қулай шарт-шароитлар ва рағбатлантириш механизмларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда улар томонидан IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдорларини 21-иловага мувофиқ жорий этиш.
Бунда:
экспортнинг минимал кўрсаткичларини календарь йил давомида хизматларни (товарларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар ушбу даврдаги жами даромаднинг 2024 йил 1 октябрдан бошлаб — 10 фоизи, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб — 20 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб — 35 фоизи этиб белгиланади.
(9-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) ажратмаларнинг табақалаштирилган миқдорларини 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5099-сон Фармонида назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланаётган Кибернетикада инновациялар IT-парки резидентлари (иштирокчилари) бўлган юридик шахсларга татбиқ этиш.
Бунда:
Кибернетикада инновациялар IT-парки резидентлари (иштирокчилари) бўлган юридик шахслар учун экспортнинг минимал кўрсаткичлари талаби қўлланилмайди ҳамда ажратмалар миқдори календарь йил давомида жами даромади 5 млрд сўмгача бўлган қисмида — 1 фоиз, 5 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача бўлган қисмида — 2 фоиз, 100 млрд сўмдан юқори бўлган қисмида — 3 фоизни ташкил этади;
Кибернетикада инновациялар IT-паркига ўз резидентларининг ажратмаларидан ҳар календарь йил давомида 50 фоизгача шаклланадиган маблағларнинг IT, киберхавфсизлик ва мудофаа саноати соҳаларида амалга ошириладиган стартап, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли йўналтиришга рухсат берилади.
(9-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Рақамли технологиялар вазирлиги 21-иловага мувофиқ ажратмалардан қўшимча шаклланадиган маблағларни устувор равишда маҳаллий корхоналарни халқаро IT-бозорга олиб чиқиш, уларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа ва дастурларга мақсадли йўналтирилишини таъминласин.
(9-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)
10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л.Ш. Кудратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 май,
303-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига

1-ИЛОВА

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза берувчи — ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ҳамда юридик шахс мақомида ёки таъсисчилари сифатида стартап лойиҳани амалга ошириш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;
грант совриндори — танлов доирасида танлов комиссияси томонидан молиялаштириш учун тасдиқланган (тавсия этилган) иштирокчи;
жамоа — танловда иштирок этиш мақсадида махсус платформада рўйхатдан ўтган гуруҳ;
ишчи орган — «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ (IT-парк);
лойиҳа — танлов иштирокчилари томонидан мазкур Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот ёки истиқболли ғоя;
махсус платформа — танлов доирасида иштирокчиларни рўйхатга олиш, янгиликларни ёритиб бориш, грантларини олиш учун мурожаат қилиш (ариза юбориш), мурожаат қилиш жараёнини кузатиб боришга мўлжалланган ва танлов билан боғлиқ бошқа маълумотлар жойлаштириладиган веб-сайт;
муҳим самарадорлик кўрсаткичлари — грант совриндори бўлган жамоаларга лойиҳанинг ривожланишини белгилайдиган ва уни баҳолашга қаратилган кўрсаткичлар;
рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи хорижий (халқаро) ташкилот (кейинги ўринларда — масъул ташкилот) — махсус платформа орқали келиб тушган номзодларнинг аризаларини кўриб чиқиш, танлов иштирокчиларини саралаш ва лойиҳаларни баҳолаш вазифаларини бажарувчи ташкилот;
танлов иштирокчиси — танловда иштирок этиш учун махсус платформада рўйхатдан ўтиб, ариза топширган ва аризаси ишчи орган томонидан маъқулланган жамоа;
танлов комиссияси — рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси.
3. Танлов комиссияси танлов жараёнларига умумий раҳбарлик қилади.
4. Масъул ташкилот ишчи орган томонидан қуйидаги мезонлар асосида аниқланади:
стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган танловни ўтказиш, стартапларни ривожлантириш ҳамда акселерация дастурларини ишлаб чиқиш йўналишида 3 йилдан ортиқ амалий тажрибага эга бўлиши;
ривожланган чет эл давлатларида юридик шахс ташкил этган ва камида 5 та стартапни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни муваффақиятли амалга оширган бўлиши;
нуфузли венчур жамғармалар ва инвесторлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиши;
технологик тадбиркорлик, венчур молиялаштириш ва IT-консалтинг йўналишларида камида 2 йил иш стажига эга бўлган халқаро экспертлар ва менторлар мавжудлиги.
Масъул ташкилот, уларнинг аффилланган шахслари танловда иштирокчи сифатида қатнашишлари мумкин эмас.
2-боб. Танловни ўтказиш тартиби
5. Танлов 2024 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили мазкур Низомда белгиланган муддатларда қуйидаги 3 та позиция бўйича ўтказилади:
истиқболли ғоялар — истиқболда муваффақиятга эришиш салоҳияти юқори бўлган прототипни ишлаб чиқиш жараёнидаги лойиҳалар ўртасида;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳа — Ўзбекистон бозорида муваффақиятли жорий қилинган лойиҳалар ўртасида;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳа — жаҳон бозорига чиқиш истагида бўлган лойиҳалар ўртасида.
6. Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловни ташкил этиш мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ беш босқичда ташкил этилади.
7. Биринчи босқичда танлов комиссияси томонидан ҳар йили 1 июлга қадар махсус платформада танлов эълон қилинади ва аризаларни қабул қилиш жараёни бошланади.
8. Иккинчи босқичда ҳар йили 1 августга қадар ариза берувчилар томонидан ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар махсус платформа орқали топширилади.
9. Махсус платформада рўйхатдан ўтиш жараёнида ариза берувчилар танлов офертасини акцептлаш йўли билан танлов шартларига розилик билдиради ва ҳар бир ариза берувчига идентификация рақами бириктирилади.
Махсус платформада назарда тутилган танлов офертасининг ариза берувчилар томонидан қабул қилиниши уларнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишига ёзма розилик берганлигини ифодалайди.
10. Учинчи босқичда ишчи орган ҳар йили 25 августга қадар махсус платформа орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлиги ҳамда мазкур Низом талабларига мослигини текширади.
Бунда, ҳар йили 5 сентябрга қадар ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ёки мазкур Низом талабларига мос эмаслиги аниқланганда — ўтмаганлиги) ҳақида электрон почта манзилига хабар (махсус платформадаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган ариза берувчиларга «иштирокчи» мақоми берилади.
Иштирокчилар ҳар йили 25 октябрга қадар ўзлари ишлаб чиққан лойиҳаларини такомиллаштиришлари ва махсус платформага қайтадан жойлаштиришлари мумкин. Кечикиб такдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилмайди.
11. Тўртинчи босқичда ҳар йили 25 ноябрга қадар танлов комиссияси белгилаган санада иштирокчилар томонидан лойиҳалар тақдимоти ўтказилади.
Бунда, ушбу босқичга ўтган иштирокчилар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотга тақдимот ўтказади ва ҳимоя қилади.
Лойиҳалар тақдимоти учун ҳар бир иштирокчига жами 15 дақиқа, хусусан, кириш сўзи ва тақдимот, лойиҳанинг имкониятларини амалиётда намойиш этиш ҳамда лойиҳа бўйича савол-жавоблар учун 5 дақиқадан вақт ажратилади. Тақдимот учун қўшимча вақт берилмайди.
Лойиҳалар тақдимоти бир ёки бир неча кун бўлиши мумкин.
Масъул ташкилот иштирокчиларнинг лойиҳаларини уларнинг тақдимоти натижаси бўйича танлов комиссияси томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳолайди ва грант совриндорларини аниқлайди.
12. Бешинчи босқичда масъул ташкилот томонидан аниқланган грант совриндорлари расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида махсус платформада ҳам жойлаштирилади.
Грант совриндорларини тақдирлаш маросими ҳар йили 25 декабрга қадар танлов комиссияси томонидан тантанали равишда ташкил этилади.
13. Танлов босқичлари ўтказиладиган муддатлар ва саналарга танлов комиссияси томонидан ўзгартириш киритилиши мумкин. Бунда, муддати ва/ёки санасига ўзгартириш киритилган танлов босқичи бошланишидан бир ҳафта олдин махсус платформада ўзгартиришлар ҳақида эълон жойлаштирилади.
3-боб. Танловда иштирок этиш учун қўйиладиган талаблар
14. Танловда Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахсларнинг ариза бериш кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат жамоа сифатида махсус платформада «Электрон хукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтган ҳолда иштирок этиши мумкин.
15. Танловда иштирок этиш учун фақат 1 та позиция бўйича ариза юборишга рухсат этилади.
16. Танловда иштирок этиш учун пул ундирилмайди.
17. Иштирокчилар томонидан танлов доирасида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилмайди.
18. Иштирокчилар томонидан қуйидаги хатти-ҳаракатлар амалга оширилганлиги аниқланса, улар танловдан четлаштирилади:
танлов комиссияси ва масъул ташкилот фаолиятига аралашса (халақит қилса);
танлов доирасида аризада кўрсатилмаган, яъни иштирокчи жамоанинг аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилса;
танлов доирасида нотўғри маълумотлар тақдим этса;
ўз хоҳиши билан танловда иштирок этишни давом эттиришдан воз кечса;
танлов доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилик хужжатларига зид хатти-ҳаракатлар аниқланса;
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ўтказилган ғолибларига грант ажратиладиган бошқа стартап танловларда иштирок этаётган ва (ёки) ғолиб деб топилган бўлса;
танлов шартларини бузса ва мазкур Низом талабларига риоя қилинмаса.
Ишчи орган иштирокчиларни танловдан четлаштириш бўйича танлов комиссиясига таклиф киритади.
19. Танлов комиссиясининг иштирокчиларни танловдан четлаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва қарор қабул қилингандан кейин иштирокчининг электрон почта манзилига хабар (платформадаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади.
4-боб. Иштирокчиларнинг лойиҳаларини баҳолаш ҳамда танлов совриндорларини аниқлаш
20. Ишчи орган ва масъул ташкилот иштирокчиларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, танлов комиссиясига тасдиқлаш учун киритади.
Бунда, иштирокчиларнинг лойиҳаларини саралаш ва баҳолаш мезонлари танловнинг иккинчи — тўртинчи босқичлари учун алоҳида тузилади ва танлов комиссияси томонидан ҳар йили танлов эълон қилинадиган кундан камида 10 кун олдин янгидан тасдиқланади.
21. Грант совриндорлари масъул ташкилот томонидан аниқланади.
22. Масъул ташкилот танловнинг тўртинчи-бешинчи босқичларида иштирокчиларнинг лойиҳаларини тасдиқланган баҳолаш мезонларига асосан баҳолайди ва саралайди, шунингдек, грант совриндорларининг рўйхатини шакллантириб, ишчи органга киритади.
Бунда, ишчи орган грант совриндорларининг рўйхатини кўриб чиқиб 3 иш кунида тасдиқлаш учун танлов комиссиясига тақдим этади.
5-боб. Грант ажратиш тартиби
23. Грант совриндорларига қуйидаги 3 (учта) позиция бўйича грант асосида маблағлар ажратилади:
истиқболли ғояга — 150 миллион сўмгача;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага — 300 миллион сўмгача;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага — 1 миллиард сўмгача.
24. Грант совриндорларига грантлар қуйидаги тартибда ўтказиб берилади:
а) истиқболли ғояларга — грант совриндорлари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни давомида 100 фоиз микдорида;
б) маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳаларга:
грант совриндорлари эълон қилинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш куни ичида биринчи транш (50 фоиз микдорда) тўланади;
кейинги икки транш (25 фоиздан) йил давомида муҳим самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши асосида танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ ўтказиб берилади.
25. Маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорлари грант маблағларининг иккинчи-учинчи траншларини олиш учун танлов комиссияси томонидан тасдиқланган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажариши лозим.
Бунда, ишчи орган ҳар йили 20 декабрга қадар масъул ташкилот таклифлари асосида ишлаб чиқилган муҳим самарадорлик кўрсаткичларини танлов комиссиясига киритади.
26. Мазкур Низом шартларини бажармаган ёки бузган, шунингдек, муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бажармаган маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига пул мукофотининг иккинчи-учинчи траншлари тўланмайди.
27. Муҳим самарадорлик кўрсаткичларини бир йил давомида тўлиқ бажармаган маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига тўланмаган грант маблағлар Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига қайтариб берилади.
Бунда, маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича грант совриндорларига аввал ўтказилган 50 фоиз микдордаги маблағлар грант совриндорлари ихтиёрида қолдирилади.
6-боб. Якуний қоидалар
28. Танловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида лойиҳалар тақдимоти ташкилотчилар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳамда махсус дастурий таъминотлар ёрдамида жонли онлайн эфирга узатилиши мумкин.
29. Танловнинг ёпилиш тадбири тантанали равишда танлов комиссияси томонидан амалга оширилади.
30. Танлов натижалари юзасидан иштирокчилар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мурожаат (шикоят) юборишга ҳақли.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
31. Ушбу Низом талабларига амал қилмаган ва унинг талабларини бузган айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловни ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Бажариш муддатлари


1-босқич

Танлов комиссияси

Танловни эълон қилади ва аризалар қабули бошланади.

Ҳар йили 1 июлга қадар


2-босқич

Ариза берувчилар

Танловда иштирок этиш учун «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (OneID) орқали рўйхатдан ўтади.

Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ариза ва унга илова қилинган материаллар махсус платформа орқали топширади.

Ҳар йили 1 августга қадар


3-босқич

«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ

(Ишчи орган)

1. Махсус платформа орқали келиб тушган ариза ва унга илова қилинган материалларнинг тўлиқлигини кўриб чиқади ҳамда Низом талабларига мослигини текширади.

Ҳар йили 25 августга қадар

Бунда ариза берувчиларнинг кейинги босқичга ўтганлиги (ўтмаганлиги) ҳақида уларнинг электрон почта манзилига хабар (порталдаги шахсий кабинетига хабарнома) юборилади ҳамда кейинги босқичга ўтган ариза берувчиларга «иштирокчи» мақоми берилади.

Ҳар йили 5 сентябрга қадар

Иштирокчилар

2. Ишлаб чиққан лойиҳаларини такомиллаштириб, махсус платформага қайтадан жойлаштиришлари мумкин.

Ҳар йили 25 октябрга қадар


4-босқич

Иштирокчилар

1. Ушбу босқичга ўтган иштирокчилар ўзларининг лойиҳалари бўйича масъул ташкилотда тақдимот ўтказадилар ва ҳимоя қиладилар (онлайн тарзда).

Ҳар йили 25 ноябрга қадар

(Танлов комиссияси томонидан белгиланган санада)

Рақамли технологиялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилот (масъул ташкилот)

2. Ушбу босқичга ўтган иштирокчиларнинг лойиҳа тақдимотлари натижаси бўйича баҳолайди ва совриндорларни аниқлайди.

Совриндорлар рўйхатини ишчи органга тақдим этади.


5-босқич

Танлов комиссияси

1. Грант совриндорлари расман тақдирлаш маросимида эълон қилинади ва ушбу натижалар эълон қилинганидан сўнг икки кун ичида махсус платформада ҳам жойлаштирилади.

Грант совриндорларини тақдирлаш маросими тантанали равишда ташкил қилинади.

Ҳар йили 25 декабрга қадар

Ишчи орган

2. Грант совриндорларига пул мукофотлари ўтказиб берилади.

15 иш куни ичида

Маҳаллий ва жаҳон бозорларига ихтисослашган лойиҳалар бўйича совриндорлар

3. Иккинчи-учинчи траншларни (25 фоиздан) олиш учун муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида ўз лойиҳаларини такомиллаштиради.

Пул мукофоти ўтказиб берилгандан сўнг бир йил мобайнида

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини ажратиш бўйича танловда қатнашишга ариза топшириш
ШАКЛИ

Ариза берувчи ҳақида маълумот

1. Барча жамоа аъзоларининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

2. Барча жамоа аъзоларининг телефон рақами ва электрон почтаси

3. Барча жамоа аъзоларининг вазифалари:

Frontend дастурчи

Backend дастурчи

Маълумотларни қайта ишлаш бўйича мутахассис;

Сунъий интеллект (AI) муҳандиси

Мобил дастурчи

Devops дастурчи

Product менежер

Web дастурчи

Синовчи

Дизайнер

Бошқа

4. Жамоа иштирок этаётган худуд/вилоят

5. Иштирокчиларнинг иш/ўқиш жойи (мавжуд бўлса)

Лойиҳа тўғрисида маълумот

6. Грант позицияси:

Истиқболли ғоя;

Маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳа;

Жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳа.

7. Лойиҳа номи

8. Лойиҳанинг тавсифи

9. Лойиҳанинг тавсифловчи видеолавҳага ҳавола (3 дақиқагача бўлган)

10. Лойиҳанинг тақдимоти (PDF шаклида) — юклаш, ёки унга ҳавола

11. Лойиҳанинг GitHub платформасидаги ҳавола

12. Лойиҳанинг прототипи (MVP)ra ҳавола

13. Лойиҳанинг юқори сифатдаги логотипи — юклаш

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига

2-ИЛОВА

Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси таркиби

1.

Л.Ш. Кудратов

инвестициялар, саноат ва савдо вазири, Комиссия раиси

2.

Ш.Х. Шерматов

рақамли технологиялар вазири, Комиссия ҳамраиси

3.

Д.А. Ваҳобов

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси

4.

А.З. Саъдуллаев

Ёшлар ишлари агентлиги директори

5.

Ш.Р. Ражаббаев

олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги инновацион ривожланиш агентлиги директори

6.

К.Н. Ирисбекова

AT «Алоқабанк» бошқаруви раис

7.

Лавозим бўйича

инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи

8.

Ф.З. Ибрагимов

«Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ бош директори, комиссия котиби

Изоҳ. Танлов комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибга мазкур лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юклатилган шахслар киритилади.
Заруратга кўра, танлов комиссияси таркибига хорижий экспертлар, бошқа вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги жамоатчилик вакиллари жалб этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига

21-ИЛОВА

IT-парк резидентлари учун экспортнинг минимал кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда IT-парк дирекциясига жами даромадидан ўтказиладиган ажратмаларнинг табақалаштирилган
МИҚДОРЛАРИ

Т/р

Жами даромад

Ажратма миқдори

Экспортнинг минимал кўрсаткичлари таъминланганда

Экспортнинг минимал кўрсаткичлари таъминланмаганда

2024 йил 1 октябрдан

2026 йил 1 апрелдан

1.

5,0 млрд сўмгача

1 фоиз

2.

5,0 — 100,0 млрд сўмгача

1 фоиз

1 фоиз

2 фоиз

3.

100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган

1 фоиз

2 фоиз

3 фоиз*

* мазкур ажратманинг бир фоиз бандигача бўлган миқдорини IT-парк томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳар йили тузиладиган чора-тадбирлар режаларига мувофиқ ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун мақсадли йўналтиришга рухсат берилади.
(21-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сон қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 майдаги 303-сон қарорига

3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги «жами даромаднинг бир фоизи миқдорида» сўзлари чиқариб ташлансин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағига жами даромаднинг бир фоизи миқдорида ажратма ўтказиши. Бунда, жами даромади календарь йил давомида 100 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган ҳамда чорак якуни бўйича хизматларни (товарларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлари жами даромаднинг 2024 йил 1 октябрдан бошлаб 10 фоизи, 2026 йил 1 январдан бошлаб 20 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб 35 фоизини ташкил этмаган тақдирда икки фоиз миқдорида ажратма ўтказиши;»;
олтинчи хатбошидаги «тушумдаги улуш» сўзлари «тушумдаги улуши, экспорт ҳажми ва таркиби» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 2-илова куйидаги мазмундаги 23-банд билан тўлдирилсин:
«23. Умумий хизматлар ҳажмида хизматлар экспорти улуши маҳаллий бозор учун кўрсатилган хизматлар ҳажмига нисбатан юқори бўлган, камида икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатларда фаолият кўрсатувчи ташкилотлар томонидан хизматлар кўрсатиш».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 майдаги 294-сон қарори билан тасдиқланган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда:
а) 5-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш».
б) 271-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«271. Жамғарма ҳисобидан рақамли технологиялар соҳасида IТ-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ томонидан ўтказиладиган танлов асосида рақамли технологиялар соҳасидаги истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-кувватлаш учун бир лойиҳага 1 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади.
Бунда Рақамли технологиялар соҳасида стартап лойиҳаларини танлаш ва грант ажратиш бўйича танлов комиссияси қарори Жамғарма ҳисобидан грант ажратиш учун асос ҳисобланади.»
в) қуйидаги мазмундаги 272-банд билан тўлдирилсин:
«272. Жамғарма ҳисобидан IT-паркнинг «Алоқабанк» AT банкида очилган банк ҳисоб рақамига рақамли технологиялар соҳасида IТ-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш учун молиявий ресурслар ажратилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.06.2024 й., 09/24/303/0389-сон; 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)