Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Стандартлаштириш фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 21 июлдаги ПФ-111-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти стандартлаштириш бўйича миллий орган этиб белгиланганлиги ҳамда ушбу Қонун билан Миллий органга қуйидаги ваколатлар берилганлиги:
миллий стандартларни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш, уларни бекор қилиш ҳақида, шунингдек, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш ва юритиш;
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда метрология соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 21 июлдаги ПФ-111-сон Фармонида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шу жумладан, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларини қамраб олувчи ўқув курсларини ташкил этиш ва соҳада мажбурий малакасини баҳолаш (аттестация) тизимини жорий этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
миллий стандартларга қўйиладиган талаблар;
миллий стандартларнинг тузилиши;
миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби;
миллий стандартларни экспертизадан ўтказиш тартиби;
миллий стандартларни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби;
миллий стандартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш тартиби;
б) Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ:
Стандартлар ягона ахборот базасининг таркиби;
Стандартлар ягона ахборот базасини тўлдириш;
Стандартлар ягона ахборот базасини юритиш;
Стандартлар ягона ахборот базасидаги стандартларни тарқатиш тартиби;
в) Стандартлаштириш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ:
стандартлаштириш режасини шакллантириш тартиби;
стандартлаштиришни молиялаштириш тартиби;
г) Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мутахассисларни малакасини ошириш тартиби;
мутахассисларни аттестациядан ўтказиш тартиби;
талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш тартиби;
малака оширганлик ва аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги ягона реестрни юритиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунига асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар маҳсулотининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқланганда уларга мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи берилганлиги ҳамда мувофиқлик белгисидан фойдаланганлик учун сертификатлаштириш органига тўлов амалга оширилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 март,
177-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарорига
1-ИЛОВА
Миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасасида (кейинги ўринларда — Стандартлар институти) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом ҳарбий соҳа, давлат сирларини ва бошқа ахборотни ҳимоя қилиш соҳаси, атом энергиясидан фойдаланиш, ядровий ҳамда радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳаси ҳамда молия ва таълим соҳаларини стандартлаштиришга татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
дастлабки стандарт — стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан ёки ушбу техник қўмита мавжуд бўлмаган тақдирда, Стандартлар институти томонидан стандарт лойиҳасида келтирилган талаблар, илмий ишланмалар, тадқиқотларни давом эттириш мақсадга мувофиқ деб топилган уч йил муддатгача қабул қилинган стандарт;
миллий стандарт — Стандартлар институти томонидан қабул қилинган ҳамда кенг жамоатчилик учун очиқ бўлган стандарт;
Стандартлаштириш бўйича техник қўмита — фаолиятнинг йўналишлари бўйича стандартлаштириш тизимини ривожлантиришни амалга оширишда иштирок этувчи маслаҳат-кенгаш органи;
стандартлаштириш объекти — маҳсулот, товарлар, хизматлар (кейинги ўринларда — маҳсулот), жараёнлар, менежмент тизимлари, атамалар, шартли белгилар, тадқиқотлар (синаш), ўлчаш (шу жумладан, намуналарни танлаш) ҳамда синаш усуллари, тамғалаш, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари ва бошқа объектлар;
ташаббускор — миллий стандартни ишлаб чиқиш бўйича ташаббус кўрсатган, жумладан, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва фуқаролар;
ўзаро келишув — кўпчилик манфаатдор тарафларнинг мавжуд масалалар бўйича эътирозлари йўқлиги билан тавсифланадиган ҳамда барча тарафларнинг фикрларини инобатга олишга ва мос келмаётган нуқтаи назарларни яқинлаштиришга қаратиладиган жараён натижасида эришиладиган умумий келишув.
3. Ўзбекистон Республикасида стандартлаштириш бўйича қуйидаги тоифадаги норматив ҳужжатлар қўлланилади:
миллий стандартлар;
халқаро (минтақавий) стандартлар;
хорижий мамлакатларнинг стандартлари.
4. Миллий стандартларни ишлаб чиқиш қонунийлик, манфаатдор тарафларнинг ўзаро келишуви, холислик, стандартлардаги такрорланишлар ва зиддиятларнинг олдини олиш тамойилларига асосланади.
Миллий стандартларни ўзаро келишув асосида қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг Стандартлар институти фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашишга йўл қўйилмайди.
2-боб. Миллий стандартларнинг тузилиши ва уларга қўйиладиган талаблар
5. Миллий стандартларни баён этиш, расмийлаштириш ва мазмунига қўйиладиган талаблар асос бўлувчи миллий стандартларда белгиланади. Ушбу асос бўлувчи стандартларнинг қўлланиши мажбурий ҳисобланади.
6. Миллий стандарт унинг мазмунига мувофиқ бўлган ҳамда стандартлаштириш объектини акс эттирувчи қисқа номга эга бўлиши лозим. Ҳужжат номи аниқ ва равон бўлиши керак.
7. Миллий стандартда унинг бошқа бандларига, шунингдек, бошқа стандартларга ҳавола қилиш уларнинг ўзаро алоқасини кўрсатиш ёки такрорланишларнинг олдини олиш учунгина йўл қўйилади.
8. Миллий стандартнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилиши керак. Бунда ҳужжатнинг ҳар бир банди тўлиқ ва тугалланган маъно ҳамда мазмунга эга бўлиши лозим.
Миллий стандартда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, агар мавжуд бўлса, уларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.
9. Миллий стандартда қуйидагиларнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:
оғзаки нутқ шакллари;
давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар бўлган тақдирда, хорижий тилларнинг атамалари;
эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар.
10. Миллий стандартнинг матни умумэътироф этилган грамматик, орфографик ва пунктуация қоидалари асосида тузилади.
11. Миллий стандартда қўлланиладиган атамаларнинг таърифлари ушбу стандартда келтирилади.
12. Миллий стандартда умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланилиши ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилиши мумкин.
13. Миллий стандартнинг матни қуйидаги тузилиш элементларига бўлиниши мумкин: бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар, кичик бандлар. Бўлимлар бандларга ёки тегишли бандлар билан кичик бўлимларга бўлиниши мумкин. Бандлар кичик бандларга бўлиниши мумкин.
Ҳар битта банд ёки кичик банд стандартни алоҳида қоидаларини ўз ичига олиши ҳамда тўлиқ ва тамомланган матнга эга бўлиши керак.
14. Бўлимлар, кичик бўлимлар, бандлар ва кичик бандлар араб рақамлари билан рақамланади.
Бўлимлар стандартнинг бутун матнида кетма-кет рақамланган бўлиши керак.
Бўлим рақамига бўлим ва кичик бўлим рақамлари, банд рақамига эса нуқталар (нуқта) билан ажратилган бўлим, кичик бўлим ва банд рақамлари (ёки бўлим ва банд рақамлари) киради.
15. Миллий стандартларнинг бўлимлари ва кичик бўлимлари сарлавҳаларга эга. Сарлавҳалар тегишли бўлимлар, кичик бўлимлар, бандларнинг мазмунини аниқ ва қисқа акс эттириши керак.
16. Миллий стандартни расмийлаштиришда лойиҳанинг матни А4 форматидаги қоғоз варағининг бир томонида унинг матнини камайтирмасдан жойлаштирилиши керак. Саҳифанинг тартиб рақами саҳифанинг пастки ўнг бурчагида жойлаштирилиши керак, 1 рақамидан бошлаб рақамланади.
Миллий стандарт, қоида тариқасида, Мiсrоsоft Wоrd редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланган ҳолда тайёрланади:
«Times New Roman» 12 ўлчамли шрифт;
саҳифанинг чап ҳошияси 3 см, ўнг ҳошияси 1,5 см, паст ва юқори ҳошиялари 2 см;
биринчи қаторнинг сатр бошиси 1,27 см;
хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
17. Миллий стандарт лойиҳаси матнини тайёрлашда грек ёки бошқа алифболарнинг ҳарфларини, формулаларни, алоҳида шартли белгилар Microsoft Word редакторидан фойдаланган ҳолда белгиланиши керак. Бунда ёзилган матннинг зичлиги, қолган матн зичлигига яқинлаштирилган бўлиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Миллий стандарт давлат тилида қабул қилинади ва чоп этилади. Миллий стандартлар Стандартлар институти ёки таржимонлик хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома асосида бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 февралдаги ПФ-35-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 06/25/35/0204-сон)
19. Миллий стандартлар матн тилидан қатъи назар, ҳужжат номининг давлат тилидаги қуйидаги қисқартиришлари билан белгиланади:
Ўзбекистон миллий стандарти — O‘zMSt (O‘zbekiston Milliy Standarti);
тартиб рақами;
икки нуқта билан ажратилган тасдиқлаш йили;
Дастлабки стандарт — DS (Dastlabki Standart).
20. Миллий стандарт бўлимларининг сарлавҳаси, таркиби ва тузилиши стандартлаштирилаётган маҳсулотнинг хусусиятлари ва унга қўйиладиган талабларни инобатга олган ҳолда белгиланади.
Маҳсулотларга техник талабларни белгилашни назарда тутувчи миллий стандартлар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлиши мумкин:
тасниф, асосий параметрлар ва (ёки) ўлчамлар;
умумий техник талаблар;
қабул қилиш қоидалари;
тамғалаш, қадоқлаш, ташиш ва сақлаш.
Стандартлаштириш объектига қараб, бўлимлар Стандартлар институти билан келишилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.
Фойдаланилиши аҳоли саломатлиги ва (ёки) мулкига, шунингдек, атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар учун стандартларга «Хавфсизлик талаблари» ва «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари» бўлимлар киритилади. Ушбу бўлимларда фақат стандартлаштириш объектининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология талаблари киритилиши лозим.
Бунда конструктив ва бошқа техник талабларни ўрнатиш ва уларга риоя қилиш билан таъминланадиган талаблар «Умумий техник талаблар» бўлимида ўрнатилади.
Миллий стандартларда маҳсулотга ва унинг таснифига, атамаларга, шартли белгиларга, синаш (ўлчаш), намуналар танлаш, тамғалаш усулларига, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига, бошқариш тизимларига доир талаблар белгиланиши мумкин.
Миллий стандартларда ҳуқуқий нормалар киритилиши тақиқланади.
21. Бир турдаги маҳсулот ва хизматларнинг бутун гуруҳига стандартларни ишлаб чиқиш имкони бўлмаганда, маҳсулот ва хизматларнинг муайян тури, маркаси, моделига, ёки бир турдаги маҳсулотнинг ушбу гуруҳига тааллуқли бўлган, барча маҳсулотни қамраб олмайдиган, муайян маҳсулот ва хизмат гуруҳига стандартлар ишлаб чиқилади.
22. Миллий стандарт лойиҳасидаги тамғалашга оид маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида ҳамда техник регламентлар ва стандартларда белгиланган маълумотларга мувофиқ бўлиши керак.
23. Хизматларга тегишли стандартлар таркиби қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
муайян соҳада хизматларни стандартлаштириш бўйича асосий қоидалар;
атамалар ва уларнинг таърифлари;
хизматлар ва (ёки) уларни амалга оширувчи ташкилотлар таснифланиши;
сифат (қулайлик, тежамлилик, эргономиклик, эстетиклилик ва бошқалар) ва хавфсизлик (ёнғин, сейсмик, кимёвий, санитар, радиацион, экологик, энергия самарадор) кўрсаткичлари, мол-мулк бут сақланиши талаблари.
3-боб. Миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби
24. Миллий стандартлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан ишлаб чиқилади. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган соҳалар ва маҳсулотлар бўйича стандартлар Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилади.
25. Ташаббускорлар стандарт ишлаб чиқиш бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмитага, ушбу техник қўмита мавжуд бўлмаганда эса, Стандартлар институтига мурожаат қилади.
26. Миллий стандартлар ташаббускорларнинг таклифи ҳамда илм-фан ва технологияларнинг ривожланишини инобатга олган холда қабул қилинган Стандартлаштириш режаси асосида ишлаб чиқилади.
Миллий стандартлар қуйидагилар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилади:
илмий тадқиқотларнинг (синашнинг) ва ўлчашнинг натижалари;
илм-фан ва техника ютуқлари;
маҳсулотнинг янги турларини, жараёнларни ва хизматларни қўллаш орқали орттирилган амалий тажриба;
халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари ҳамда стандартлаштириш объектига доир талабларни белгилайдиган бошқа ҳужжатлар.
27. Миллий стандартни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қуйидаги босқичлардан иборат:
миллий стандартни ишлаб чиқиш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки ташаббускор томонидан техник топшириқ ишлаб чиқилиб, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан тасдиқланади;
миллий стандарт Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада манфаатдор тарафларнинг вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқилади;
миллий стандартда белгиланадиган талаблар синов ва илмий изланишлар натижалари асосида манфаатдор тарафлар томонидан ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.
28. Миллий стандартларни ишлаб чиқишнинг бошланиши ва якунланиши тўғрисидаги ахборот Стандартлар институтининг расмий веб-сайти ва электрон порталига жойлаштирилади.
29. Лойиҳа тасдиқлангунига қадар Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан келишилиши лозим.
Бунда лойиҳа бўйича келиб тушган таклифлар лойиҳани ишлаб чиққан Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан умумлаштирилади, кўриб чиқилади, заруратга кўра, лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритилади.
30. Миллий стандартлар лойиҳалари Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ва электрон порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ва электрон порталига жойлаштирилган миллий стандартлар лойиҳалари олтмиш календар кун ичида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклифлар ўн беш календар куни ичида Стандартлаштириш бўйича техник қўмита, у бўлмаганда эса, Стандартлар институти томонидан кўриб чиқилиб, манфаатдор тарафлар билан ўзаро келишув асосида келишилган ҳолда қабул қилинади. Жамоатчилик томонидан келиб тушган таклифлар қабул қилинганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги маълумот Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Бунда рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотда рад этилишининг сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.
Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки техник қўмита мавжуд бўлмаганда эса, Стандартлар институти тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган холда уч иш куни ичида миллий стандарт лойиҳасини ўзаро келишув асосида техник муҳокама қилишни ташкил қилади.
31. Техник муҳокама қилинган миллий стандарт ёки дастлабки стандарт лойиҳасини уч иш куни ичида қарор қабул қилиш учун Стандартлаштириш бўйича миллий органга киритишга тайёрлашни ташкил этади.
32. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раисининг қарори бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмита йиғилиши онлайн ва офлайн шаклларда ўтказилиши мумкин.
Стандартлаштириш бўйича техник қўмитанинг масъул котиби миллий стандарт ёки дастлабки стандарт лойиҳасини муҳокама қилиш учун уни қабул қилиш бўйича баённома ва хулоса лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан сўнг уч иш куни ичида Стандартлаштириш бўйича техник қўмита аъзоларига Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мажлисини ўтказиш тўғрисида, уни ўтказиш шакли кўрсатилган ҳолда электрон шаклда ахборот-телекоммуникация умумий фойдаланиш тармоқлари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳамда Стандартлар институтининг расмий веб-сайти орқали хабарнома юборади.
Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раиси томонидан миллий стандарт лойиҳаси ёки дастлабки стандарт бўйича келишмовчиликлар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, ўзаро келишувга эришилган ҳисобланади.
Ўзаро келишувга эришилгандан сўнг Стандартлаштириш бўйича техник қўмитанинг масъул котиби миллий стандарт ёки дастлабки стандартни қабул қилиш бўйича ўзаро келишувга эришиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган баённома ва хулосани имзолаш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита раисига киритади.
33. Миллий стандарт лойиҳасини қабул қилиш бўйича Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан баённома ва хулоса расмийлаштирилади ва ушбу стандарт лойиҳаси билан баённома қабул қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун ичида Стандартлар институтига экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш учун юборилади.
Бунда миллий стандарт лойиҳасига уни экспертизадан ўтказиш ва давлат рўйхатига олиш ҳамда тасдиқлаш учун электрон нусхада (Word ва PDF форматда) ёки қоғоз шаклида стандарт лойиҳаси, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита баённомаси ва хулосаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар (мурожаат хати, тушунтириш хати, асосий чора-тадбирлар режаси, илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари) илова қилинади.
34. Дастлабки стандартни ишлаб чиқиш ва келишиш талаблари:
дастлабки стандарт билан ўрнатилган кўрсаткичлар (талаблар) Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган тегишли маҳсулотларга оид миллий стандартлар, халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари талабларидан паст бўлишига ва такрорланишига йўл қўйилмайди;
дастлабки стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада, агарда Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган тақдирда, Стандартлар институтида миллий стандартга қўйилган талаблар асосида ишлаб чиқилади, келишилади, экспертизадан ўтказилади ва муайян қисқа муддатга қабул қилинади;
ишлаб чиқилган миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада ёки у мавжуд бўлмаганда Стандартлар институтида «миллий стандарт» кўринишида қабул қилиш лозим деб топилмаган тақдирда, Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки Стандартлар институти хулосасига асосан дастлабки стандарт кўринишида уч йил муддатгача қабул қилиниши мумкин. Бунда дастлабки стандарт кейинчалик, ишлаб чиқарувчи томонидан дастлабки стандарт фойдаланилиши давомида етарли тажриба тўплангани, унда келтирилган талаблар, илмий ишланмалар, тадқиқотлар ўз тасдиғини топгани тўғрисида хулоса асосида «миллий стандарт» сифатида ўрнатилган тартибда қабул қилинади.
Дастлабки стандартнинг амал қилиш муддати тадқиқотлар тугалланмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ёки Стандартлар институти хулосасига асосан фақат бир марта икки йилгача муддатга узайтирилиши мумкин.
4-боб. Миллий стандартларни экспертизадан ўтказиш тартиби
35. Экспертизага қўйиладиган умумий талаблар қуйидагилардан иборат:
миллий стандартлар мамлакатимиз илм-фани ва хорижий илм-фан ютуқларига асосланиши;
амалдаги қонунчилик, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси иштирокидаги халқаро шартномалар талабларига зид бўлмаслиги;
миллий стандартни қабул қилишда ўзаро келишувга эришилганлиги.
36. Миллий стандарт лойиҳасининг экспертизаси Стандартлар институти томонидан ўн иш кунидан ошмаган муддатда ўтказилади ва унинг натижаси бўйича эксперт хулосаси расмийлаштирилади.
Стандартлар институти экспертиза жараёнига тегишли соҳада мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиши мумкин.
Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилган миллий стандарт лойиҳасининг экспертизаси ушбу миллий стандартни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этмаган ҳамда ишлаб чиққан мутахассисларнинг бевосита бўйсунувида бўлмаган мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Экспертиза асос бўлувчи стандартлар асосида ўтказилади ва хулоса расмийлаштирилади.
Экспертизанинг ижобий натижалари бўйича расмийлаштирилган эксперт хулосаси стандарт лойиҳасини тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлади.
37. Экспертизанинг қуйидаги тартиб ва турлари ўрнатилади:
норманазорат;
терминологик;
метрологик;
очиқ эълон қилишга тегишли бўлмаган маълумотлар назорати;
техник экспертиза;
нашриёт таҳрири.
38. Норманазоратда қуйидагилар текширилиши керак:
ҳаволаларнинг тўғрилиги ва қонунийлиги, зарур ахборот қидирув белгиларини тўғри ёзилганлиги (номи, белгиланиши, маҳсулотларни умумий давлат таснифлагичидаги коди (МУТ), стандартларни умумий давлат таснифлагичидаги гуруҳи (СУТ белгилар, қисқартириш, киритилиш санаси ва/ёки амал қилиш муддати, ишлаб чиқилган ҳужжат ўрнига норматив ҳужжат тўғрисида маълумот), тегишли ташкилотлар билан келишилганлиги, жадвалларнинг ва чизмаларнинг тўғри тўлдирилганлиги, ҳужжатларни расмийлаштирилиши ва тузилиши тўғрилиги.
39. Терминологик экспертиза белгиланган илмий-техник атамалар, халқаро (минтақавий) ва миллий терминологик стандартларга риоя қилиш тўғри қўлланилишини текшириш босқичи ҳисобланади.
40. Метрологик экспертизада стандартларнинг метрология соҳасидаги амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги текширилади.
41. Очиқ эълон қилишга тегишли бўлмаган маълумотлар киритилган стандартлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 мартдаги 220-сон қарори билан тасдиқланган Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом.
42. Техник экспертизани ўтказишда қуйидагилар текширилади:
миллий стандартларни тузиш, баён этиш, расмийлаштириш мазмуни ва белгиланишига қўйиладиган умумий талаблар асос бўлувчи стандартлар талабларига мувофиқлиги;
миллий стандарт номининг техник топшириққа (мавжуд бўлса), стандартлар мазмунига ва стандартлаштириш режаларига мувофиқлиги, стандартлаштириш объектининг стандарт тоифасига мувофиқлиги;
миллий стандарт мазмуни ва ифода этилишининг тўғрилиги, аутентиклилиги;
миллий стандарт кўрсаткичларининг техник регламентлар, халқаро (минтақавий) стандартлар ва миллий стандартлари талабларига мувофиқлиги;
такрорланиш омили ва мавжуд ўзаро боғлиқ бўлган амалдаги миллий стандарт билан орасида зиддият мавжуд эмаслиги.
43. Нашриёт таҳрири илмий-адабий ва техник таҳрирни ўз ичига олади.
44. Миллий стандарт қайта кўриб чиқишга қуйидаги ҳолларда қайтарилади:
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига зид бўлганда;
Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартлаштириш тизими талабларига жавоб бермаса;
Стандартлаштириш бўйича техник қўмитада ва Стандартлар институти томонидан расмийлаштирилган баённомада ўзаро келишув шартлари ушбу Низомнинг 27-бандига мувофиқ бажарилмаган бўлса.
45. Ушбу Низомнинг 44-бандида келтирилган сабабларга кўра миллий стандарт лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун тегишли Стандартлаштириш бўйича техник қўмитага қайтарилади.
Экспертиза хулосасига асосан миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмита аъзолари ва манфаатдор тарафлар иштирокида ўттиз иш кунида қайта кўриб чиқилади ҳамда Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан баённома расмийлаштирилган ҳолда қайта экспертиза қилиш учун Стандартлар институтига киритилади.
Миллий стандарт лойиҳаси Стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатда қайта экспертизадан ўтказиш учун Стандартлар институтига киритилмаганда, лойиҳа янги киритилган ҳисобланади ҳамда уни қайта экспертизадан ўтказиш учун мазкур банднинг олтинчи хатбошисида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.
Миллий стандарт лойиҳаси тақдим этилган кундан бошлаб етти иш кунидан кўп бўлмаган муддатда такрорий экспертизадан ўтказилади.
Бунда такрорий экспертизани дастлабки эксперт хулосасида кўрсатилмаган камчиликлар бўйича ўтказишга йўл қўйилмайди.
Миллий стандарт лойиҳаси экспертизаси фақат Стандартлар институти томонидан шартнома асосида (бир саҳифаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи) амалга оширилади. Бунда экспертиза учун тўловлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмита ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ёки ташаббускорлар билан тузилган шартнома асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 27-боби.
5-боб. Миллий стандартларни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби
46. Миллий стандартлар экспертизанинг ижобий хулосаси асосида Стандартлар институти томонидан беш иш куни ичида қарор қабул қилиш йўли билан тасдиқланади.
Қарорда миллий стандартнинг белгиланиши бўйича тартиб рақами кўрсатилади.
Миллий стандартлар чекланмаган муддатга ва дастлабки стандартлар уч йил муддат даврда амал қилишга қабул қилиниши мумкин.
Бунда миллий стандартни амалга киритиш санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади.
47. Миллий стандартлар давлат рўйхатига олиш ва тасдиқлаш учун электрон нусхада (Word ва PDF форматда) ҳамда қоғоз шаклида топширилади.
Бунда миллий стандарт лойиҳасига уни давлат рўйхатига олиш ва тасдиқлаш учун Стандартлаштириш бўйича техник қўмита баённомаси ва хулосаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар (тушунтириш хати, чора-тадбирлар режаси, илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари) нусхалари ва экспертиза хулосаси илова қилинади.
48. Стандартлар институти томонидан миллий стандартни тасдиқлаш бўйича қабул қилинган қарор ушбу миллий стандарт тоифаси бўйича давлат реестрига киритилади.
49. Миллий стандартнинг биринчи саҳифасида давлат рўйхатига олинган сана ва рақам кўрсатилади ва автоматлаштирилган тизим орқали миллий стандартнинг барча саҳифалари, рўйхатга олиш маълумотларини ўз ичига олган QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланади.
50. Миллий стандарт кенг жамоатчилик томонидан фойдаланиш учун Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига қабул қилинган кундан бошлаб беш календарь куни ичида жойлаштирилади ва мунтазам янгилаб борилади.
51. Қабул қилинган миллий стандартлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кўпи билан олтмиш кундан кейин кучга киради.
6-боб. Миллий стандартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уларни бекор қилиш тартиби
52. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш, миллий стандартларни алмаштириш, алоҳида талабларга қўшимчалар киритиш ёки уларни чиқариб ташлаш, миллий стандартларнинг амал қилиш муддатларини узайтириш ёки тиклаш, уларга янги талаблар киритиш ва уларни халқаро (минтақавий) стандартлар билан уйғунлаштириш амалдаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келмайдиган ҳолларда амалга оширилади.
53. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш мазкур стандартни ишлаб чиқувчи ёки Стандартлар институти томонидан амалга оширилади.
54. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни бекор қилиш бўйича таклифлар Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан кўриб чиқилади. Стандартлаштириш бўйича техник қўмита мавжуд бўлмаган соҳалар, йўналишлар ва маҳсулотлар бўйича миллий стандартлар Стандартлар институти томонидан кўриб чиқилади.
Бунда миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки уни бекор қилиш ушбу Низомнинг 26 ва 27-бандлари ҳамда асос бўлувчи миллий стандартлар талаблари асосида амалга оширилади.
55. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳалари унинг матнини қисман ўзгартириш (алмаштириш), талабларни чиқариб ташлаш ёки қўшиш ҳамда миллий стандартнинг амал қилиш муддатини узайтириш, чегаралаш, чегаралашни бекор қилиш орқали амалга оширилади.
Миллий стандартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лойиҳасини экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби мазкур Низомнинг 4 ва 5-бобларида назарда тутилган тартибга асосан амалга оширилади.
56. Миллий стандартга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда унинг иловалари, жадваллари, бўлимлари, бандлари ва кичик бандларининг рақамланиши ўзгармайди.
57. Миллий стандартларни бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
мазкур стандартларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига зид эканлиги;
мазкур стандартлар ўрнига янги миллий, халқаро (минтақавий) стандарт амалга киритилганлиги;
мазкур стандартни қўллашнинг долзарблиги йўқолганлиги.
58. Миллий стандартни бекор қилиш ташаббуси билан чиққан шахслар уни бекор қилиш учун Стандартлаштириш бўйича миллий органга стандартни бекор қилиш мақсадга мувофиқ эканлигини асослантирган ҳолда ўз таклифларини юборади.
Бунда миллий стандартни бекор қилиш бўйича Стандартлар институтининг тегишли қарори қабул қилинади.
59. Миллий стандартларга ўзгартишлар киритиш ва уларни бекор қилиш тўғрисидаги ахборот Стандартлар институтининг расмий веб-сайтига ҳамда электрон порталига жойлаштирилади, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш олтмиш календарь куни ичида амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарорига
2-ИЛОВА
Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом стандартлаштириш соҳасидаги стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш тартиби бўйича ишларни ташкил этиш қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.
2. Стандартларнинг ягона ахборот базаси (кейинги ўринларда — Ягона ахборот базаси) «Маълумотнома излаш» ахборот тизими билан биргаликда қоғоз ва электрон шаклдаги стандартларнинг тизимлаштирилган фондидан иборат.
Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ўзлари ишлаб чиққан стандартларнинг ахборот базасини ташкил этишлари, шакллантиришлари ва юритишлари мумкин. Бунда ушбу стандартларнинг Ягона ахборот базасидаги стандартлар билан айнан бир хиллиги таъминланиши шарт.
3. Ягона ахборот базаси:
юридик ва жисмоний шахсларга стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот бериш;
стандартлаштириш соҳасида фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан фойдаланишга кўмаклашиш;
стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисидаги ахборотларнинг ошкоралигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
4. Стандартлаштириш бўйича миллий орган — Стандартлар институти:
Ягона ахборот базаси шакллантирилиши, юритилиши, сақланиши, тизимлаштирилиши, ҳисобга олиниши ва долзарблиги ташкил этилишини;
юридик ва жисмоний шахслар стандартлаштириш соҳасидаги стандартлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини таъминлайди.
2-боб. Ягона ахборот базасининг таркиби ва уни тўлдириш
5. Ягона ахборот базаси таркибига белгиланган тартибда тасдиқланган қуйидагилар киритилади:
миллий стандартлар;
стандартлаштириш бўйича халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари ҳамда миллий ташкилотларнинг расмий ахборот нашрлари ҳисобланган классификаторлар, каталоглар ва кўрсаткичлар;
стандартлаштириш соҳасидаги барча стандартларнинг электрон вариантлари.
6. Стандартлар тўпламида қуйидагилар бир нусхада архивда сақланади:
а) тасдиқланган стандартнинг қарори (буйруғи);
б) тушунтириш хати, стандартга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар;
в) ўзгартириш ва (ёки) қўшимчаларни киритиш бўйича таққослама жадвал;
г) техник қўмита ва экспертиза хулосалари;
д) техник қўмита баённомаси, стандартни ишлаб чиқишга асос бўлувчи барча ҳужжатлар:
ташаббускор аризаси;
маҳсулот (хизмат, жараён) тавсифи;
ушбу стандарт лойиҳаси қамраб олган масалада аввалги қабул қилинган ва амалдаги стандартлар рўйхати (агар бўлса);
илмий изланишлар натижалари тўғрисидаги хулоса, синов баённомалари, чизмалар, ҳисоб-китоблар, мутахассислар хулосалари (агар бўлса);
стандартни асл нусхасининг қоғозда ва электрон шакли (Word ва PDF форматларида).
3-боб. Ягона ахборот базасини юритиш
7. Стандартлар жамланиб, уларга тегишли бўлган ҳужжатлар билан бирга ҳисобга олинади ва электрон шаклда, Word ва PDF форматларида Ягона ахборот базасида сақланади.
Ягона ахборот базаси махсус серверга жойлаштирилади, ушбу сервердаги ҳужжатларга хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда, фақат махсус рухсат этилган ходимларнинг киритилиши таъминланади.
8. Амал қилиш муддати тугаган стандартларнинг қоғоз шаклидаги нусхасига «Архив нусхаси» штампи босилиб, қоғоз архивига юборилади, электрон нусхаси эса Ягона ахборот базаси архивига киритилиб, ўн йилгача муддат сақланади.
9. Ягона ахборот базасига киритилган ҳар бир стандарт қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида йиллик кўрсаткичларда ва Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.
10. Стандарт бекор қилинганда ёки бир стандарт бошқа стандарт билан алмаштирилганда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.
11. Стандартларнинг қоғоз шаклидаги нусхалари махсус шароитлар билан таъминланган хоналарда сақланади.
12. Ягона ахборот базасининг стандартлари белгиланган тартибда доимий равишда янгилаб борилади ва долзарблиги таъминланади.
13. Архивда сақланаётган стандартлар тўғрисидаги маълумотлар Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформасида акс эттирилади.
14. Ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш, стандартларни сақлаш ва бошқа вазифаларни ташкил этиш учун тартибларни тасдиқлаш фақат Стандартлар институти томонидан амалга оширилади. Бунда халқаро стандартлаштириш ташкилотларининг стандартлар ахборот базасини юритиш бўйича тартиблари ва тавсиялари инобатга олинади.
15. Стандартлар институтидан бошқа ташкилотлар, жумладан республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий, халқаро (минтақавий), хорижий мамлакатларнинг стандартларини ягона ахборот базасини шакллантирилиши, юритилиши ва тарқатилиши йўл қўйилмайди.
4-боб. Ягона ахборот базасидаги стандартларни тарқатиш тартиби
16. Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида эълон қилинган стандартлар долзарб стандартлар ҳисобланиб, мувофиқликни баҳолаш органлари, синов лабораториялари, маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар, хизмат кўрсатувчилар ва бошқа фойдаланувчилар расмий веб-сайтдан электрон кўринишда 11 хоналик махсус код ва буюртмачиларнинг номи кўрсатилган ҳолда олинган стандартлардан фойдаланишлари лозим.
17. Ягона ахборот базасидаги миллий, дастлабки, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари барча фойдаланувчиларга Стандартлар институти томонидан унинг расмий веб-сайтида яратилган «Е-Standard» электрон платформаси орқали шартнома асосида тарқатилади.
18. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси назорат давомида ҳамда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси мувофиқликни баҳолаш даврида айнан Стандартлар институтининг расмий веб-сайтидан олинган стандартлардан фойдаланиши юзасидан назоратни амалга оширадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Стандартлар нархларини шакллантириш тартиби ва мезонлари иловага мувофиқ белгиланади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 509-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 09/24/509/0620-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низомга
ИЛОВА
Стандартлар нархларини шакллантириш тартиби ва мезонлари
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу тартиб ва мезонлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Ўзбекистон стандартлар институти» давлат муассасасида (кейинги ўринларда — Стандартлаштириш бўйича миллий орган) миллий стандартларни тарқатиш нархларини шакллантириш тартиби ва мезонларини белгилайди.
2. Мазкур тартиб миллий, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартларини тарқатиш хизматларини кўрсатувчи Стандартлаштириш бўйича миллий органга нисбатан татбиқ этилади.
3. Мазкур тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
стандартларнинг ягона ахборот базаси — «Маълумотнома излаш» ахборот тизими билан биргаликда қоғоз ва электрон шаклдаги миллий, халқаро (минтақавий) ҳамда хорижий мамлакатлар стандартларининг тизимлаштирилган фонди;
манфаатдор томонлар — стандартларни қабул қилиш ва (ёки) қўллашдан манфаатдор бўлган, маҳсулотларнинг (хизматлар) тегишли турларини ишлаб чиқарувчи ёки истеъмол қилувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар.
2-боб. Стандартларни тарқатиш нархларини шакллантириш тартиби
4. Стандартларни тарқатиш нархлари хизматлар гуруҳларининг (стандартларнинг ишлаб чиқариш) таннархи, шунингдек, халқаро (минтақавий) ва хорижий мамлакатларнинг стандартлаштириш ташкилотлари билан тузилган келишувларда белгиланган тартибда ва шартлар асосида белгиланади.
5. Стандартларни тарқатиш нархларни шакллантиришда хизматлар гуруҳларининг (стандартларни ишлаб чиқиш) таннархини ҳосил қилувчи харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги элементлар билан гуруҳларга ажратилади:
ишлаб чиқариш моддий харажатлари;
ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;
ягона ижтимоий тўлов;
асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;
муассасани сақлаш харажатлари;
ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.
Мазкур хизмат нархи қуйидаги формула орқали шакллантирилади:
СТН=ИЧХ+МҲТХ+БХМИХ+ЯИТ+АХ+МСХ+БХ,
бунда:
СТН — стандартни тарқатиш нархи;
ИЧХ — ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар;
МҲТХ — ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;
БХМИХ — бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;
ЯИТ — иш ҳақи фондидан ягона ижтимоий тўлов;
АХ — асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;
МСХ — муассасани сақлаш харажатлари;
БХ — ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.
6. Халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини тарқатиш нархлари Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан шакллантирилади.
7. Хорижий мамлакатларнинг стандартларини нашр этиш ва тарқатиш мазкур давлатларнинг стандартлаштириш бўйича миллий органлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан амалга оширилади.
8. Стандартлар маъмурий ва жиноий ишлар доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси учун уларнинг ёзма сўровига асосан бепул тақдим этилади.
Маъмурий ва жиноий ишлар доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси учун тақдим этилган стандартларга сарфланган харажатлар стандартларни аниқлаш, актуаллаштириш, экспертиза қилиш, давлат тилига таржима қилиш хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар ҳисобидан қопланади.
3-боб. Стандартларни тарқатиш нархларини шакллантиришнинг мезонлари
9. Қуйидагилар стандартларни тарқатиш нархларини шакллантиришнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
стандартларни тарқатишдаги нархларни шакллантиришда хорижий мамлакатларнинг тажрибалари;
тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида стандартларнинг саҳифалари сонига нисбатан камайиб борувчи нархларни қўллаш.
10. Халқаро, хорижий ва минтақавий ташкилотларнинг стандартларини нашр этиш ҳамда тарқатиш нархлари Ўзбекистон Республикаси аъзо бўлган халқаро, хорижий ёки минтақавий ташкилот белгилаган тартибда ва шартлар асосида Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан тасдиқланади.
11. Миллий стандартларни тарқатиш нархлари Стандартлаштириш бўйича миллий орган томонидан тасдиқланади.
4-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу тартиб талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 509-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 09/24/509/0620-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарорига
3-ИЛОВА
Стандартлаштириш режасини шакллантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом стандартлаштириш соҳасининг мақсадлари ва уни ривожлантириш йўналишлари бўйича қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқболли режаларни шакллантириш тартибини белгилайди.
2. Стандартлаштиришга доир ишлар стандартлаштириш режасига асосан амалга оширилади.
3. Стандартлаштириш соҳасидаги қуйидаги субъектларнинг стандартлаштириш режасини шакллантириш ва амалга оширишдаги асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги — стандартлаштириш режасининг бажарилиши мониторингини амалга оширади;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти — стандартлаштириш режасини амалга оширади;
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ўз ваколатлари доирасида — янги стандартларни ишлаб чиқишга, амалдаги стандартларга ўзгартишлар киритишга, уларни қайта кўриб чиқишга ва бекор қилишга доир тайёрлаган таклифларини стандартлаштириш режасига киритиш учун Ўзбекистон стандартлар институтига тақдим этади ҳамда стандартлаштириш режасида назарда тутилган вазифаларни бажаради;
Стандартлаштириш бўйича техник қўмита — янги миллий стандартларни ишлаб чиқишга, амалдаги миллий стандартларни қайта кўриб чиқишга доир стандартлаштириш режасига киритиш учун таклифлар тайёрлайди ҳамда стандартлаштириш режасига киритилган стандартларни ишлаб чиқишни амалга оширади.
2-боб. Стандартлаштириш режасини шакллантириш тартиби
4. Стандартлаштириш режаси қуйидагилар асосида шакллантирилади:
стандартлаштириш бўйича манфаатдор тарафларнинг, техник қўмиталарнинг таклифлари ва халқаро тажриба;
стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг иш режалари;
стандартлаштириш соҳасида мониторинг натижалари;
Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳолатини таҳлил қилиш натижалари.
5. Стандартлаштириш режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
стандартнинг халқаро таснифлагич коди;
халқаро (минтақавий) ёки миллий стандарт лойиҳасининг номи;
стандартларни ишлаб чиқиш (қайта кўриб чиқиш) асоси;
стандартлаштиришга доир ишларни амалга ошириш муддатлари;
молиялаштириш манбаи;
таклиф-буюртмани тақдим этган буюртмачи ташкилот;
иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулот таснифининг коди.
6. Стандартлаштириш бўйича қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқболли режаларни шакллантириш мақсадида ҳар йили январь ойида тадбиркорлик субъектлари томонидан келгусида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот, хизмат ва фаолият учун халқаро стандартларни таржима қилиш, миллий стандартларни ишлаб чиқиш, халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларига Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки Стандартлар институти томонидан ёзма ва электрон шаклда сўровнома юборилади.
Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида таклифлар қабул қилиниши тўғрисида эълон берилади.
7. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ўзларига тегишли соҳалар мутахассисларини жалб қилган ҳолда, март ойигача истиқболда керак бўладиган стандартларни аниқлайдилар ва умумлаштирадилар, бунда таклифларда стандартлаштиришни молиялаштириш манбаи белгиланади.
8. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки Стандартлар институти стандартлаштириш соҳасида мониторинг натижалари, соҳа мутахассисларининг таклифлари, мувофиқликни баҳолаш фаолияти натижаларини инобатга олган ҳолда, март ойигача қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқболли режалар лойиҳасини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун қўшимча равишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, техник қўмиталарга кўриб чиқиш ҳамда ўзининг якуний таклифларини тайёрлашда инобатга олиш учун юборади.
9. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, техник қўмиталар келгусида ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулот, хизмат ва фаолият учун халқаро стандартларни таржима қилиш, миллий стандартларни ишлаб чиқиш, халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича якуний таклифлар, Ҳукумат томонидан белгиланган вазифа ва топшириқлар инобатга олинган ҳолда, ҳар йилнинг сентябрь ойига қадар тайёрлаб, Стандартлар институтига тақдим этади.
10. Стандартлар институти таклифларни таҳлил қилиб, ҳар йилнинг 1 декабрига қадар келгуси йил учун йиллик қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқболли режаларни иловага мувофиқ шакллантиради ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тасдиқлаш учун киритади.
Йиллик режани шакллантиришда халқаро стандартларнинг долзарблиги инобатга олинади.
11. Стандартлаштириш режасининг ижроси даврида, унга манфаатдор тарафларнинг таклифларига кўра ўзгартириш киритилиши мумкин.
3-боб. Стандартлаштиришни молиялаштириш
12. Стандартлаштириш режасида назарда тутилган миллий стандартларни ишлаб чиқишга доир ишлар давлат томонидан молиялаштирилади.
13. Ушбу Низомга иловага мувофиқ шаклда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган келгуси йил учун йиллик режадаги тадбирлар тегишли манфаатдор томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.
14. Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда техник қўмиталар тасдиқланган стандартлаштириш режаси асосида халқаро стандартларни давлат тилига таржима қилиш, стандартларни ишлаб чиқиш, техник экспертиза қилиш ва бошқа хизматлар харажатлари учун Стандартлар институти билан шартнома асосида тегишли маблағларни белгиланган тартибда ўтказиб берилишини таъминлайди.

Стандартлаштириш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

Стандартлаштириш бўйича қисқа (бир йилгача), ўрта бир йилдан беш йилгача) ва узоқ (беш йилдан ўн йилгача) муддатли истиқболли режалар
ЖАДВАЛИ

Т/р

Стандартга талабгор ташкилот

Техник қўмита

Стандарт (маҳсулот, фаолият) номи

Ишлаб чиқишга асос ва мақсад

Молиялаштириш манбаи

Ишлаб чиқишнинг бошланиши

Ишлаб чиқишнинг тугаши ва тасдиқлашга киритиш

Аналоги мавжудлиги



Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарорига
4-ИЛОВА
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда — ташкилотлар) техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аттестация комиссияси — баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, соҳа мутахассисларидан иборат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти (кейинги ўринларда — Стандартлар институти) ҳузурида ташкил этиладиган комиссия;
мутахассис — ташкилотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида фаолият юритадиган ишчи-ходим;
техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида аттестация — техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳаларида фаолият юритувчи мутахассисларнинг назарий ва амалий билимларини баҳолаш, касбий тайёргарлигининг бажарадиган вазифалар ва функцияларига мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида ўтказиладиган имтиҳон.
3. Аттестация мутахассислар малакасини ошириш — соҳадаги назорат ва амалий билимларини чуқурлаштириш ва янгилаш, уларнинг касбий тайёрлиги бажариладиган вазифалар ва функцияларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида ўтказилади.
Мутахассислар аттестациядан уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш, уларнинг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилади.
2-боб. Мутахассислар малакасини ошириш тартиби
4. Мутахассислар малакаси ҳар уч йилда камида бир марта оширилади.
Мутахассислар малакаси онлайн (масофавий), офлайн (институт биносида) ва жойларга чиққан ҳолда оширилади.
5. Мутахассисларнинг малакасини ошириш дастурлари Стандартлар институти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Ташкилотлар малака ошириш дастурлари таркибига ўз таклифларини беришлари мумкин.
6. Мутахассислар малакаси Стандартлар институти билан талабгорлар ўртасидаги тузиладиган шартномалар асосида тўлов эвазига амалга оширилади.
7. Малакаси оширилган мутахассисларга мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ намунадаги Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг Малака оширганлиги тўғрисида сертификат берилади.
8. Малака ошириш курсларида сабабсиз қатнашмаган ёки ички тартиб-қоидаларга амал қилмаган мутахассисларга сертификат берилмайди. Малака ошириш курсларида қатнашмаганлик ёки ички тартиб-қоидаларга амал қилмаганлик тўғрисида билдиришнома гуруҳ раҳбарлари томонидан Стандартлар институти директорига киритилади. Бунда шартнома бўйича тўланган маблағлар қайтарилмайди.
Айрим сабабларга кўра (меҳнат таътили, меҳнатга лаёқатсизлик даври ва бошқа ҳолатларда) малака ошириш курсларида қатнаша олмаган мутахассислар ташкилот раҳбарининг мурожаатномасига асосан кейинги малака ошириш курсларига аввалги тўланган тўловлар эвазига киритилади.
9. Малака ошириш ўқув курслари учун тўловлар қуйидаги миқдорларда белгиланади:
уч кунлик ўқув курси учун — БҲМнинг 1 баравари;
бир ҳафталик ўқув курси учун — БҲМнинг 3 баравари;
икки ҳафталик ўқув курси учун — БҲМнинг 5 баравари;
уч ҳафталик ўқув курси учун — БҲМнинг 10 баравари;
тўрт ҳафталик ўқув курси учун — БҲМнинг 14 баравари.
10. Малака ошириш даврида рўйхатдан ўтказувчиларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади.
3-боб. Мутахассисларни аттестациядан ўтказиш
11. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассислари малакаси тегишли равишда Стандартлар институтида ҳар уч йилда бир марта баҳоланиши шарт.
Мутахассислар малакаси улар ишлаётган ташкилотлар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш масалаларида аттестация қилиниши тақиқланади.
12. Ишга қабул қилинган мутахассис бир йилдан сўнг Стандартлар институтида соҳа бўйича малакасини оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилиши шарт.
Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларда аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашига икки ойдан кам бўлмаган муддатда Стандартлар институтида қайтадан малакаси оширилиб, қайта аттестациядан ўтказилади.
Мазкур Низомда назарда тутилган муддатларда мутахассислар малакасини ошириш ва аттестациядан ўтишини таъминлашга иш берувчи ташкилот раҳбари масъул ҳисобланади.
13. Ташкилот ушбу Низомда назарда тутилган тегишли муддатлар ёки мутахассиснинг аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан икки ой олдин ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган тартибда Стандартлар институтига мурожаат қилади.
Агар ташкилот мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган муддатда тегишли ҳужжатларни узрли сабабларсиз Стандартлар институтига тақдим этмаса, Стандартлар институти ташкилотнинг раҳбарига ёзма огоҳлантириш бериши шарт.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси назорат давомида ҳамда «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси мувофиқликни баҳолаш даврида мутахассислар малакаси оширилганлиги ва аттестациядан ўтганлиги талабининг бажарилишини ҳам ўрганади.
14. Ташкилотлар мутахассисларининг малакаси Стандартлар институти томонидан аттестациядан ўтказилади.
15. Ҳар бир тегишли соҳада малакани аттестациядан ўтказиш мақсадида Стандартлар институти ҳузурида камида етти кишидан иборат таркибда алоҳида Аттестация комиссияси тузилади.
Стандартлар институтининг буйруғи билан ҳар бир соҳада Аттестация комиссияси таркиби, раис ўринбосари ва комиссия котиби тасдиқланади.
Стандартлар институти директорининг ўринбосари (илмий-ишлар бўйича) лавозими бўйича аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади.
Аттестация комиссияси таркибига келишувга кўра Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Стандартлар институтининг мутахассислари, малакали профессор-ўқитувчилар, баҳоловчилар, экспертлар, малакаси баҳоланаётган ташкилотнинг соҳа мутахассислари киритилади, бунда айни бир мутахассиснинг малакаси оширилишида иштирок этган комиссия аъзоси ушбу ходимнинг аттестациясига кирмайди.
16. Аттестация комиссияси раиси:
аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;
аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;
аттестациядан ўтказиладиган мутахассисларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни амалга оширади.
Аттестация комиссияси раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.
4-боб. Талабгорларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш тартиби
17. Ташкилот мутахассиси (талабгор)нинг аттестациядан ўтиши тўғрисидаги аризани (онлайн тарзда юборилиши мумкин) Стандартлар институтига белгиланган муддатларда электрон равишда юборади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун талабгорнинг ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича анкетаси;
талабгор чет мамлакатларда таълим олган бўлса, чет мамлакатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳнома нусхаси;
иш жойидан тавсифнома;
малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси.
Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида ҳақ ундирилади. Ариза кўриб чиқилганлиги ва баҳолаш (аттестация) гувоҳномаси берилганлиги учун тўлов Стандартлар институтининг бюджетдан ташқари жамғармасига тушади.
18. Ҳужжатлар келиб тушган кунидан бошлаб икки кун муддатда кўриб чиқилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда, ишчи орган томонидан аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ташкилотга тегишли хабарнома юборилади. Хабарномада аниқланган камчиликлар, камчиликларни бартараф этиш ҳамда такрорий кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати кўрсатилади.
19. Аттестациядан ўтказиш рад этилиши учун асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим қилиниши мумкин. Бунда ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун ҳақ ундирилмайди.
20. Қуйидагилар аттестациядан ўтказиш рад этилиши учун асос ҳисобланади:
зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этганлик ёки ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик;
тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
шартнома асосида пул тўланмаганлик.
21. Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, талабгор ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки ой давомида аттестациядан ўтказилиши керак.
5-боб. Аттестацияни ўтказиш тартиби
22. Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида тегишли ташкилотга аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин электрон шаклда хабарнома юборилади.
23. Талабгорнинг ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган бўлсада, узрли сабабга кўра келмаган тақдирда, аттестация комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилишига рухсат этилади.
Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган ташкилот раҳбарларига хабарнома юборилади. Аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келмаган тақдирда, аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар (материаллар) асосида талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор чиқаришга сабаб бўлади.
24. Аттестация комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса, комиссия мажлиси ваколатли ҳисобланади.
25. Аттестация комиссияси мажлиси комиссия аъзоларини талабгорнинг ҳужжатлари билан таништиришдан бошланади.
26. Аттестация тест синовлари шаклида ўтказилади.
Аттестация компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгор танлаган тилда (ўзбек ва рус тилларида) 50 (элликта) тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади. Жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.
Саволларнинг 70 фоизига тўғри жавоб берган мутахассис аттестациядан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
Ташкилотлар аттестация саволлари таркибига ўз таклифларини беришлари мумкин. Аттестация саволларини тайёрлашда IWA 30-1:2019 «Стандартлар бўйича мутахассисларнинг малакаси. 1-қисм. Ташкилотларда.», IWA 30-2:2019 «Стандартлар бўйича мутахассисларнинг малакаси. 2-қисм. Стандартлар билан боғлиқ ташкилотларда.» халқаро стандартлардан фойдаланилади. Саволлар Стандартлар институти томонидан тасдиқланади.
Аттестациянинг ошкоралиги ва холислигини таъминлаш мақсадида аттестация онлайн режимида намойиш этилади, узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва Ўзбекистон Стандартлар институтида уч йил мобайнида сақланади.
27. «Аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилган шахс аттестация ўтказилган кундан бошлаб бир ойдан сўнг аттестацияни қайта топшириш ҳуқуқига эга.
Аттестация комиссияси «аттестациядан ўтмади» деб эътироф этилган шахс ёки у ишлаётган ташкилот аризасига кўра унинг аттестацияни қайта топшириш кунини белгилайди. Қайта топшириш натижаларига кўра «аттестациядан муваффақиятли ўтган» деб баҳоланган тақдирда, унга гувоҳнома умумий асосларда берилади.
Аттестацияни биринчи марта қайта топшириш учун ҳақ ундирилмайди.
28. Аттестациядан муваффақиятли ўтган талабгорга беш кун муддатда ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг аттестациядан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.
Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — 3 (уч) йил.
Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади. Гувоҳномаларни сотиб олиш, кирим қилиш ва сақлаш Стандартлар институти томонидан амалга оширилади.
29. Мутахассиси аттестациядан ўта олмаган ташкилот ёки талабгорнинг ўзи такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан бир ой ўтгач, олти ой мобайнида мурожаат қилиши мумкин.
Агар талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига хабарнома юборади.
30. Ташкилот раҳбари хабарнома олинган кундан кейин ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги асосларидан келиб чиқиб, ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигида белгиланган чораларни кўради.
31. Ташкилот ёки талабгор аттестация комиссиясининг қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
6-боб. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома дубликатларини қайта расмийлаштириш ва тақдим этиш
32. Аттестациядан муваффақиятли ўтган мутахассиснинг гувоҳномаси унинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, ташкилотнинг аризасига асосан аттестация комиссияси томонидан гувоҳнома қайта расмийлаштириб берилади.
Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар мутахассис ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.
33. Қайта расмийлаштириш жараёнида аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қолдирилади. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги олдинги гувоҳнома бекор қилинади.
34. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, мутахассиснинг аризасига кўра унинг дубликати тақдим этилади.
35. Дубликатни беришда мутахассисга Стандартлар институти томонидан «Дубликат» белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади.
36. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг қайта расмийлаштирилиши ёки дубликатининг тақдим этилиши учун аттестациядан қайта ўтиш талаб қилинмайди.
7-боб. Малака оширганлик ва аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги ягона реестрни юритиш тартиби
37. Стандартлар институти — техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш билан боғлиқ соҳалар мутахассисларининг малакаси оширилганлиги ва аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги ахборот киритилган Ягона реестрни (кейинги ўринларда — Реестр) юритади.
Реестр электрон ва қоғоз шаклда юритилади.
Электрон шаклдаги реестр Стандартлар институтининг расмий веб-сайтида юритилади, қоғоз шаклидаги реестр Стандартлар институтида тикилган ва муҳрланган журнал кўринишида расмийлаштирилади ва сақланади.
38. Реестр журнали қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади. Стандартлар институти қоғоз ва электрон шаклдаги реестрларнинг бир-бирига мос келишига жавобгардир.
39. Реестрда мутахассис тўғрисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
фамилияси, исми, отасининг исми;
яшаш жойи ва паспорт маълумотлари;
мутахассиснинг малакаси оширилганлиги ҳақида маълумот;
аттестация даврида иш жойи ва лавозими;
аттестация йўналиши;
аттестациядан ўтказилган жой, гувоҳноманинг тартиб рақами, бланкасининг тартиб рақами, санаси ва амал қилиши муддати;
аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, вақтинча тўхтатиб туриш, тиклаш, ёки бекор қилиш ҳамда дубликат бериш санаси ҳамда асослари;
мутахассисни Реестрдан чиқариш санаси ва асоси.
40. Реестрга Мутахассис тўғрисидаги маълумотлар ва уларга ўзгартиришлар Аттестация комиссиясининг тегишли баённомалари асосида киритилади.
41. Қоғоз шаклидаги Реестрга киритилган ва ўзгартирилган маълумотлар Стандартлар институтининг расмий веб-сайтидаги Реестрга бир кун давомида жойлаштирилади.
42. Мутахассислар тўғрисидаги ҳужжатлар киритилган йиғма жилднинг сақланиш муддати беш йил.
8-боб. Якунловчи қоидалар
43. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларда фаолият юритувчи мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда, (бўшатиш ёки бошқа лавозимга тайинлаш ва бошқалар), улар ишловчи ташкилотлар ўн кун муддатда тегишли ахборотни Стандартлар институтига юборишлари шарт.
44. 45-банддаги маълумотлар асосида Стандартлар институти ҳар чоракнинг 10-санасигача мутахассислар тўғрисидаги маълумотлар базасини янгилаб боради.
45. Мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар уларни юборган ташкилот маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
46. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалар билан боғлиқ соҳаларга мутахассисларни ишга олишда, уларни лавозимларга тайинлашда ташкилот раҳбарлари мутахассис тўғрисидаги маълумотни Реестрдаги маълумотларга асосланган ҳолда солиштириш ва қайта текширишга, шу асосда мутахассиснинг ўз лавозимида қолиши ёки тайинланишига масъулдир.
47. Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин, санитария ва улар билан боғлиқ соҳалар мутахассисларининг малакасини ошириш ва аттестация ўтказиш фақат Стандартлар институти томонидан амалга оширилади. Соҳа бўйича малака ошириш ва аттестациядан ўтказиш функциялари мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларда амалга оширилишига йўл қўйилмайди.
48. Мазкур Низом талабларига риоя этмаган ташкилот раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 212-моддаси.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун талабгор
‎АНКЕТАСИ

1. Фамилияси ________________________________________________________________
Исми _______________________________________________________________________
‎Отасининг исми ______________________________________________________________

‎2. Туғилган санаси (йил, кун ва ой) __________________________________________

‎3. Паспорт (Шахс гувоҳномаси)нинг серияси, рақами, берилган санаси ва уни берилган жойи: ____________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________

‎4. Яшаш жойи
вилоят ______________________
‎кўча ___________________________
‎телефон ________________________
шаҳар (туман) ___________________________
‎уй, квартира рақами ______________________
‎факс (агар мавжуд бўлса) __________________

‎5. Маълумоти
Таълим муассасасининг номи
‎Мутахассислиги ___________________
______________________________________
‎Тамомлаган йили ________________________

‎6. Иш жойи ва лавозими ________________________________________________________
Тўлдирилган сана ___________________
Имзо ______________

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА

Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг
‎Малака оширганлиги тўғрисида
‎СЕРТИФИКАТ

___________ № _________________________

‎‎(серияси)

________________________________________________________________________

(мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми)

________________________________________________________________________
‎Ўзбекистон стандартлар институтида __________________________________________
‎________________________________________________________________ мавзусида
‎________________ даврида Малака ошириш курсида иштирок этди.

Директор:

___________

____________________________

(фамилияси, исми, отасининг исми)

Ҳужжатнинг
‎ҳақиқийлигини
‎тасдиқловчи
‎QR-код

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

3-ИЛОВА

Ўзбекистон стандартлар институтида мутахассиснинг
‎аттестациядан ўтганлиги ҳақида
‎ГУВОҲНОМА

___________ № _________________________

‎‎(серияси)

Ушбу билан ______________________________________________________________

(мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми)

________________________________________________________________________
‎Ўзбекистон стандартлар институтида аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади ва у мулкчилик шаклидан қатъий назар барча республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, ва бошқа ташкилотларнинг_______________________________
‎__________________________ соҳасида ишлаши тавсия этилади.

Гувоҳнома _____________________________ гача амал қилади.

(йил, кун ва ой)

Аттестация комиссияси раиси:

___________

____________________________

(фамилияси, исми, отасининг исми)

Ҳужжатнинг
‎ҳақиқийлигини
‎тасдиқловчи
‎QR-код

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги 177-сон қарорига

5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида» 2010 йил 10 майдаги 86-сон қарорининг 1-банди учинчи хатбошиси ва 2-илова.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 27 майдаги 435-сон қарорининг 4-банди иккинчи хатбошиси.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тўғрисидаги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасида давлат назорати департаменти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 11 мартдаги 114-сон қарорига 3-илованинг 5-банди «б» кичик банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 6 октябрдаги 577-сон қарорининг 4-банди олтинчи хатбошиси.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2024 й., 09/24/177/0258-сон, 16.08.2024 й., 09/24/509/0620-сон; 01.03.2025 й., 06/25/35/0204-сон)