[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 11 мартда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 237]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
2. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 1996 йил 10 сентябрда тасдиқланган «Озиқ-овқат савдо корхоналари учун санитария қоидалари» (0066-96-сон СанҚваН) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Савдо-саноат палатаси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган.
4. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгандан сўнг кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 февраль,
4-сон
Келишилди:
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директори Д. САТТАРОВ
2024 йил 10 январь
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. МУСАЕВ
2024 йил 15 январь
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Раиси ўринбосари А. ҚАЮМОВ
2024 йил 25 январь
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил Д. КАСИМОВ
2024 йил 30 январь
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
2024 йил 9 февраль
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2024 йил 13 февралдаги 4-сон қарорига
ИЛОВА
Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) мулкчилик шаклидан қатъи назар қурилаётган, қайта қурилаётган ва фаолият юритаётган барча озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи савдо корхоналарининг жойлашуви, жиҳозланиши ва уларнинг санитария-гигиеник ҳолати, шунингдек ходимларнинг шахсий гигиенасига оид бўлган талабларни белгилайди.
1-боб. Савдо корхонасининг жойлашуви ва ҳудудига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
1. Савдо корхоналарини озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланишига олиб келиш эҳтимоли юқори бўлган экологик ифлосланган ҳудудлар (чиқиндилар йиғиладиган жойлар) ҳамда корхоналар (чўчқачилик-чорвачилик мажмуалари, терини, суякни қайта ишлаш корхоналари) жойлашган ҳудудларда жойлаштирилмаслиги керак.
2. Савдо корхоналарининг санитария-ҳимоя минтақаси «Ўзбекистон Республикаси аҳоли турар-жой атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш санитария қоидалари ва нормалари» 0350-17-сон СанҚваНга мос бўлиши лозим.
3. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида савдо корхонасини атрофидаги ходимлар, харидорлар ва автотранспорт воситалари учун мўлжалланган йўллар (йўлаклар) қаттиқ қопламли юзага эга бўлиши ва тоза сақланиши зарур.
4. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида савдо корхонасининг хоналари, жиҳозлари ҳамда иншоотларини жойлаштиришда қуйидагиларга риоя қилиш керак:
биноларни жойлаштиришни ташкил этишда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлайдиган идишлар (лоток), арава, витрина ва бошқа жиҳозларни жойлаштиришга ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш учун қулай яъни ходимлар юришига ва маҳсулотларни ташилишига шароит бўлишига;
хом ашё ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиш ва олиб чиқиш жараёнида маҳсулотларнинг иккиламчи ифлосланишини олдини олиш чора-тадбирлари назарда тутишига;
жиҳозларни жойлаштиришда ушбу жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш, тозалаш ва зарарсизлантириш қулай бўлиши ҳамда ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш назарда тутишига;
зараркунандаларнинг кириб келиши ва кўпайишини олдини олиш чоралари кўришга.
5. Девор ва полларнинг юзалари намликка чидамли ва токсик бўлмаган материаллардан ясалган бўлиши керак.
6. Савдо корхонасининг полларида сувлар тўпланиб қолмаслиги ҳамда уларни тўлиқ тозалашни таъминлайдиган тарзда қурилиши лозим.
7. Шифтларнинг (шифтлар мавжуд бўлмаган ҳолда томнинг) ички юзаси тоза тутилиши ҳамда шифтда, деворларда ва жиҳозларда моғор пайдо бўлмаслиги зарур.
8. Ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун деразалар осон тозаланадиган тўрлар билан жиҳозланиши керак.
9.Савдо корхоналарининг эшиклари осон ювиладиган ва дезинфекцияланадиган, сув ўтказмайдиган, заҳарли бўлмаган материаллардан ишланган бўлиши зарур.
10. Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлашда ишлатиладиган жиҳозлар хизмат кўрсатишга яроқли, чидамли, силлиқ, осон тозаланадиган ва зарарсизлантириладиган бўлиши, бунда жиҳозлар реакцияга киришмайдиган, чангни ютиш қобилиятига эга бўлмаган материаллардан ясалган бўлиши лозим.
11. Жавонлар, шкафлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ишчи юзалар полдан камида 45 см баландликда бўлиши зарур.
12. Хоналардан уларда сақланиши белгиланган маҳсулотлар туридан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш керак.
13. Савдо корхоналарининг ҳожатхоналарида қуйидаги гигиеник талаблар ўрнатилган бўлиши лозим:
деворларининг 1,5 метр баландликдаги қисмлари ювишга ва зарарсизлантиришга чидамли материаллардан (масалан, кафеллар ёки эмалли бўёқ);
қўлларни ювиш раковинаси бўлиши, шунингдек қўлларни қуритиш учун электр мослама ёки бир маротабалик сочиқ билан таъминланган бўлиши;
тоза, ҳидсиз ва сув билан таъминланган бўлиши;
етарли ёруғлик ва ҳаво алмаштириш тизими бўлиши;
ҳар куни 3 маҳал ювиш ва дезинфекция воситалари билан тозалаш ва зарарсизлантириш ўтказилиши;
ходимлар учун ҳожатхонага киришдан аввал махсус кийимларни алмаштириш хоналари мавжуд бўлиши.
14. Савдо корхоналарида (корхонанинг тури, қуввати ва харидорлар сонига қараб) эркаклар ва аёллар учун алоҳида ҳожатхоналар 0368-19-сонли СанҚваМ «Жамоат ҳожатхоналарини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.
3-боб. Сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларга қўйиладиган талаблар
15. Савдо корхоналарини сув билан таъминлаш учун марказлаштирилган маиший ва ичимлик сув таъминотига уланган бўлиши, бунда марказлаштирилган сув таъминоти мавжуд бўлмаган тақдирда, мустақил сув таъминоти тизими қурилган бўлиши зарур.
16. Савдо корхоналардаги иссиқ ва совуқ сув таъминоти ҳамда канализация тизимлари ҚМҚ 2.08.02-09-сон «Жамоат бинолари ва иншоотлари» талабларига жавоб бериши керак.
17. Технологик, маиший-хўжалик, ичимлик учун фойдаланиладиган сув СанҚваН 0211-06-сон «Ўзбекистон аҳолисининг хўжалик-ичимлик сув таъминоти марказлаштирилган тизими сувининг гигиеник мезонлари ва сифатининг назорати» талабларига мувофиқ бўлиши зарур.
18. Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган қаттиқ ва маиший чиқиндиларни сақлаш учун алоҳида жой бўлиши керак.
19. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва уларга ишлов бериш жойларидаги қаттиқ ва маиший чиқинди қутилари бир кунда камида икки маротаба бўшатилиши лозим.
20. Савдо корхонаси ҳудудидаги чиқиндилар кунига камида бир маротаба олиб кетилиши, шунингдек бўшатилган чиқинди қутилари ва ускуналари ювилиши ҳамда зарарсизлантирилиши керак.
21. Қаттиқ ва маиший чиқиндилар сақланадиган майдон кунида бир маҳал зараркунандаларнинг мавжудлигига текширилиши ва уларни йўқ қилишга қаратилган тадбирлар (дератизация) амалга оширилиши лозим.
4-боб. Савдо корхоналарининг вентиляция, иситиш ва ёритилишига қўйилган санитария-гигиена талаблари
23. Савдо корхонасидаги ҳарорат, нисбий намликни ўлчовчи термометрлар бўлиши лозим.
24. Савдо корхонасининг хом ашё сақланадиган, тайёр маҳсулотни сақлаш ва реализация қилиш ишлари амалга ошириладиган хоналарни сунъий ёритишда шиша бўлакларининг озиқ-овқат маҳсулотларига тушишига йўл қўймайдиган плафонлар бўлиши, бунда ёритиш мосламалари уларни ҳар чоракда камида бир марта тозалаш учун қулай бўлиши керак.
25. Савдо корхоналари иссиқлик тармоғига уланган бўлиши, шунингдек ҚМҚ 2.04.05-97-сон «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» талабларига мувофиқ механик вентиляция тизими билан таъминланган бўлиши лозим.
26. Савдо корхоналардаги хоналарни иситиш, вентиляция ва ҳавони алмаштириш тизими мосламалари, савдо ва омборхоналарда микроиқлим шароитлари, ҳавонинг тозалиги, ускуналардан фойдаланишда улардан чиқувчи шовқин ва тебранишлар, хонанинг иситилиши ва вентиляцияси СанҚваН 0325-16-сон «Иш жойларида рухсат этилган шовқин даражаси бўйича санитария меъёрлари» ҳамда СанҚваН 0326-16-сон «Иш жойларида умумий ва маҳаллий тебраниш бўйича санитария меъёрлари»да белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши зарур.
5-боб. Асбоб-ускуна ва жиҳозларга қўйиладиган санитария талаблари
27. Савдо корхоналари уларнинг қувватидан келиб чиқиб, зарур савдо-технологик жиҳоз ва ускуналар (масалан, жавонлар, қутилар, музлатгичлар ва бошқалар) билан таъминланиши керак.
28. Савдо ускуналари, жиҳозлар, идиш-товоқлар ва махсус озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган қадоқлар қулай ювилиши ва дезинфекцияланиши мумкин бўлган материаллардан (пластик, керамика, шиша) тайёрланган бўлиши лозим.
29. Озиқ-овқат маҳсулотлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, идишларни озиқ-овқат маҳсулотлари ифлосланишинининг олдини олиш мақсадида тозалаш, зарарсизлантириш ва иш ҳолатида сақлаш лозим (бир марталик идишлар, контейнерлар ва қадоқлар бундан мустасно).
30. Савдо корхонаси жиҳозлари ва анжомларининг юзаси бутун бўлиши (ёриқлар, тешиклар, дарз кетган ва синган) керак.
31. Барча асбоб-ускуна тўпламлари ҳар иш якунидан кейин тозаланиб, ювиш воситалари билан илиқ сувда ювилиши ҳамда қайноқ сув (50 — 60ºC) билан 30 с давомида зарарсизлантирилиши лозим.
32. Чиқиндилар ва истеъмолга яроқсиз хавфли маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган идишлар сув ўтказмайдиган материаллардан (шиша ёки пластик) ясалган бўлиши ҳамда қопқопли бўлиши зарур.
33. Фойдаланишга яроқсиз, занглаган, нуқсонли, шикастланган ва ёриқлари бўлган идишлардан фойдаланиш мумкин эмас.
6-боб. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари
34. Савдо корхонаси хоналари ва жиҳозлари ҳар куни камида 2 маротаба тозаланиши, ювилиши ҳамда зарарсизлантирилиши керак.
35. Ошхона асбоблари, ускуналар, жиҳозлар ва идишларда хом озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвон ёки парранда гўштлари қайта ишлангандан сўнг барча юзалар, яхшилаб ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.
36. Тозалаш ва зарарсизлантириш воситалари алоҳидава хавфсиз хоналарда сақланиши зарур.
37. Ҳар бир савдо корхонасида тури, ҳажми ва қувватидан келиб чиққан ҳолда тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари корхона режасига мувофиқ амалга оширилиши керак.
38. Озиқ-овқат маҳсулотларини татиб кўриш учун фойдаланиладиган анжомлар (бир маротабали санчқи, қошиқлар ва бошқалар) ишлатилгандан кейин дарҳол махсус чиқинди идишга ташланиши лозим.
39. Зараркунандаларнинг кириб келишини олдини олиш мақсадида савдо корхоналарининг дераза, девор, шифт, полларининг бириккан жойлари герметик ёпиқ бўлиши керак.
Очиқ деразалар, эшиклар, оқава сув ва вентиляция қувурлари симли тўрлар билан беркитилиши лозим.
Савдо корхоналари ҳудудида зараркунандалар (кемирувчилар, ҳашаротлар ва бўғимоёқлилар) бўлишига йўл қўйилмайди.
40. Зараркунандалар кўпайишининг олдини олиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, уларнинг қолдиқлари, маҳсулот чиқиндиларининг тўпланмаслиги ва очиқ ҳолда сақланмаслиги зарур.
41. Зараркунандаларга қарши курашиш учун дератизация ва дезинфекция чора-тадбирлари ойига камида бир марта амалга оширилиши, бунда кимёвий, физик ёки биологик воситалар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, сифати ёки яроқлилигига зарар етказмаслиги керак.
7-боб. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишга бўлган санитария-гигиена талаблари
42. Сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, хоналарнинг жойи ва тури белгиланиши зарур.
43. Озиқ-овқат ва уларнинг таркибий қисмлари, шунингдек ноозиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддаларни (тозалаш воситалари, мойлаш материаллари, ёқилғилар) сақлаш учун алоҳида шароит (қуруқ ва табиий ёки сунъий вентиляцияси мавжуд хона) яратилган хоналар бўлиши лозим.
44. Пишириш талаб этиладиган хом озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, тозалаш жойлари алоҳида бўлиши керак.
45. Хом, қайта ишланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари тайёр маҳсулотлардан алоҳида сақланиши ва сотилиши, бунда улар сақланадиган жойларни кунига камида 3 маротаба тозаланиши ҳамда зарарсизлантириши лозим.
46. Қадоқлаш учун ишлатиладиган бир маротабалик идишлар инсон саломатлиги учун хавфсиз материаллардан (пластик, картонли, қоғоз) тайёрланган ва тоза, қуруқ бўлиши керак.
Озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган юзаларга сотувчининг қўллари тегмаслиги лозим.
48. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда тозаликка риоя қилиш ҳамда ташқи муҳитнинг зарарли омилларидан (ҳарорат, босим, чанг, тутун, буғ ва бошқалардан) ҳимоя қилиш зарур.
49. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари контаминация манбаи бўлган бошқа маҳсулотлар билан ифлосланишини олдини олиш учун алоҳида жойлаштирилиши керак.
50. Совутгичлар ва музлатгичлар ичида турли хил маҳсулотлар зич жойлаштирилмаслиги, ҳарорат -18°C ва 4°C дан ошмаслиги, бунда савдо расталарида жойлаштирилган ҳароратни қайд этувчи термометр истеъмолчига кўринарли жойларда ўрнатилиши лозим.
51. Ҳароратни қайд қилувчи термометрлар 12 ойда камида бир марта қиёсланиши керак.
52. Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун ёпиладиган ва тоза таралардан фойдаланиш керак.
53. Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун фойдаланиладиган транспорт воситалари тоза ва ташишга яроқли бўлиши зарур.
54. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек сут ва сут маҳсулотлари хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида иссиқ фаслда совутгичли юк машиналарида 6 соат (ҳ), ихтисослашган транспорт воситалари ва бортли транспорт воситаларида эса 2 соатдан (ҳ) ошмаган муддатда етказиб берилиши керак.
Шунингдек, тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ўз хусусиятларини йўқотмаслиги учун зарур ҳароратни таъминлайдиган (20 дан 40C гача) совутгичли ёки изотермик транспортларда (музлатгичли юк машиналари) ташилиши лозим.
55. Озиқ-овқат маҳсулотларини хом озиқ-овқат маҳсулотлари ва унинг таркибий қисмлари, ҳайвонлар, заҳарли моддалар ва ифлосланиш манбаи бўлиши мумкин бўлган бошқа материаллар билан бирга ташиш тақиқланади.
56. Озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш жараёнида автотранспорт воситалари ва озиқ-овқат контейнерларининг санитария ҳолати, техник яроқлилиги ва эксплуатация хусусиятлари таъминланиши, бунда битта автотранспорт воситаси ёки контейнер турли хил озиқ-овқат ёки ноозиқ-овқат маҳсулотларини ташиш учун фойдаланилса, транспорт воситаси ёки контейнер тозаланиши ва заруратга кўра турли юкларни ташиш оралиғида дезинфекцияловчи моддалар қўшилган дезеритма билан артиш керак.
57. Озиқ-овқат маҳсулотининг реализациясидан олдин идишнинг ёрлиғидаги яроқлилик муддатлари савдо корхоналари ходимлари томонидан текширилиши лозим.
Яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ёки истеъмол учун ишлатиш тақиқланади.
58. Бўлакланган мевалар ёки бевосита истеъмол қилинадиган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг бузилиши ёки ифлосланишини олдини олиш мақсадида ёпиқ совутгич-витриналарда сотилиши керак.
59. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишдан олдин хом истеъмол қилиш учун мўлжалланган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ёки ярим тайёр маҳсулотлар билан бирга ювиш мумкин эмас.
60. Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган музни консервантлар ёки кимёвий бошқа моддалар қўшмасдан тоза ичимлик сувидан тайёрлаш лозим.
Музни тайёрлаш ва сақлаш жараёнида ифлосланишга йўл қўймаслик керак.
61. Қадоқланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомларни сотишда тоза қисқичлар, қошиқлар, санчқилардан фойдаланилиши ёки бир марталик қўлқоп кийилиши зарур.
62. Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ вақт давомида сотишда «Озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати, уларни сақлаш ва ташишга қўйиладиган гигиеник талаблар (0054-23-сон СанҚваН)»да белгиланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳароратларига риоя қилиш керак.
63. Сотув жараёнида озиқ-овқат пакетларини, ўрамларини ёки қадоқларини оғиз орқали пуфлаб очиш тақиқланади.
64. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш жараёнида банд бўлган ходим қоғоз пулларни ушламаслиги лозим.
8-боб. Ходимларнинг шахсий гигиена талаблари
65. Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва кейинчалик даврий тиббий кўрикдан ўтказиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилади.
66. Ходимлар шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши учун бир маротабалик сочиқ ва бошқа қуритиш мосламалари етарли миқдорда ва тоза ҳолатда бўлиши керак.
67. Хавф-хатарни олдини олиш мақсадида ишчи ходимлар очиқ яралар, тирналган, кесилган ёки бошқа тери жароҳати бўлганда, жароҳатни пластир билан беркитишлари лозим.
68. Ходимлар қуйидаги ҳолларда қўлларни суюқ совун билан ювиши ва дезинфекция қилиши лозим:
иш бошлашдан олдин;
ишдаги ҳар бир танаффусдан кейин;
бир жараёндан иккинчисига ўтишда;
ифлосланган нарсаларга қўл орқали тегилгандан кейин;
ҳожатдан олдин ва кейин икки марта;
тоза махсус кийим (поябзал билан биргаликда) кийишдан ва иш бошлашдан олдин.
69. Махсус кийим устидан ҳар қандай устки кийим кийиш тақиқланади.
70. Савдо корхонаси ҳудудидан чиқишда ва озиқ-овқат маҳсулотларига алоқадор бўлмаган хоналарга кириб боришда махсус кийимни ечиш лозим.
71. Мазкур санитария қоидаларини ишлаб чиқувчилар рўйхати иловада кўрсатилган.
Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти, Касб касалликлари клиникаси, диагностикаси ва даволаш лабораторияси мудири, т.ф.д., профессор.