Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг, шунингдек, давлат ёрдамининг рақобатга таъсири баҳоланиши;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сон Фармонига мувофиқ қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (кейинги ўринларда — Рақобат қўмитаси) фаолиятининг устувор йўналишлари қилиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳамда улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш;
товар, молия ва рақамли бозорларда инсофсиз рақобат амалиётларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 30-моддаси.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолашнинг асосий вазифалари ва мезонлари;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг (ex-ante ва ex-post) рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш учун ахборот манбалари;
б) Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
рақобатни ҳимоя қилиш мақсадида товар ёки молия бозорида рақобатчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан содир этилиши тақиқланган ҳолатлар;
инсофсиз рақобатни аниқлаш босқичларини белгилаш;
инсофсиз рақобат белгиларини аниқлаш;
инсофсиз рақобат ҳолатларини кўриб чиқиш тартиби.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сонли Фармони билан тасдиқланган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари.
3. Белгилансинки, қуйидагилар рақобатга таъсирни баҳолашда асосий вазифалар ҳисобланади:
лойиҳаларни ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг ҳуқуқий оқибатларини товар ёки молия бозорларида рақобатни чеклаш қисми бўйича умумий баҳолаш;
қонунчилик ҳужжатларини қўллаш жараёнида товар ёки молия бозорларида рақобатни чеклаш хавфини аниқлаш;
лицензиялаш ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва қисқартириш масалаларини ўрганиш;
товар ва молия бозорининг барча иштирокчиларига товарлар (ишлар, хизматлар) учун тенг имкониятлар яратишда тўсқинлик қилиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда товар ва молия бозорларида рақобатни чеклайдиган лойиҳаларни ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолатларини белгиланган муддатларда бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси.
4. Рақобат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 29 декабрь,
694-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига
1-ИЛОВА
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг, шунингдек, давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда — рақобатга таъсирни баҳолаш) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;
давлат ёрдами — давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, эксклюзив ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурсларидан ва ерости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини имтиёзли шартлар асосида ҳамда бошқа преференциялар ва афзалликлар тарзида бериш;
рақобатга таъсирни баҳолаш — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг товар ва молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклаш эҳтимолини аниқлаш ва баҳолаш.
3. Рақобатга таъсирни баҳолаш давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларда товар ҳамда молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклайдиган ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чоралар кўриш мақсадида баҳоланади.
4. Қуйидаги ҳолларда рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилмайди:
норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чекловчи тадбирлар (карантин)ни белгилашга қаратилган бўлса;
норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасида янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар назарда тутилса.
5. Рақобатга таъсирни баҳолаш ваколатли орган томонидан қуйидаги усулларда амалга оширилади:
«ex-ante» — норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг (кейинги ўринларда — лойиҳа) рақобатга таъсирини баҳолаш;
«ex-post» — амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақобатга таъсирини баҳолаш.
2-боб. Рақобатга таъсирни баҳолашнинг асосий мезонлари
6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасининг рақобатга таъсири қуйидаги оқибатларнинг бирига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлганда, унинг таъсири рақобат учун салбий деб баҳоланади:
а) товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг (кейинги ўринларда — етказиб берувчилар) доираси ва сонини чеклашга олиб келса, жумладан:
товар ёки молия бозорининг алоҳида иштирокчиларига рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи давлат ёрдамини берса ёки муддатини узайтирса;
фаолият юритиш шарти сифатида рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи лицензиялаш ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартибини ўрнатса;
айрим етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларини реализация қилиш имконини чекласа;
етказиб берувчининг товар ва молия бозорига киришидаги ёки ундан чиқишидаги харажатларини сезиларли даражада оширса;
товар ёки молия бозори иштирокчиларига уларнинг бозорга киришига тўсқинлик қиладиган техник тартибга солишнинг янги шартларини ўрнатса;
хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ва хизматларини реализация қилиш ёки иш ўринларини яратиш, шунингдек, инвестиция киритиш имконини чекловчи географик тўсиқ ўрнатса;
б) етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш имкониятини чегараласа, жумладан:
етказиб берувчиларнинг товарларга ва хизматларга нарх белгилаш имкониятини чегараласа;
етказиб берувчиларнинг ўз товар ва хизматларининг рекламаси ёки маркетингини амалга ошириш эркинлигини чегараласа;
айрим етказиб берувчиларга бошқалар олдида афзаллик берувчи ёки товар ва хизматлар харид қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ёки жисмоний шахслар (кейинги ўринларда — истеъмолчилар) танлаши мумкин бўлган даражадан ошувчи товар сифати стандартларини ўрнатса;
ишлаб чиқариш харажатларини оширса, шунингдек, ресурсларни (моддий, молиявий ва меҳнат) айрим етказиб берувчиларга, шу жумладан, товар ёки молия бозорининг янги иштирокчисига ажратиш йўли билан бошқаларнинг харажатларига нисбатан кўпроқ сарфланишига олиб келса;
товар ёки молия бозорларида тадбиркорлик субъектлари иштирокида давлат корхонаси ёки давлат улуши бор корхоналар тузишни назарда тутса ва унинг натижасида рақобатни чеклайдиган ҳолат юзага келса;
в) етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишини пасайтирса, жумладан:
рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи ўзини ўзи бошқарадиган ёки биргаликда бошқариладиган тартиб яратса;
рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларни, шу жумладан, етказиб берувчиларнинг ишлаб чиқариш, нархлар, айланмалар ёки харажатлар бўйича ахборотларини ёритишни талаб этса ёки рағбатлантирса;
рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг амал қилишидан ҳар қандай алоҳида тармоқ ёки етказиб берувчилар гуруҳи фаолиятини истисно қилса;
г) етказиб берувчиларнинг янги технологиялар, маҳсулотлар ёки бизнес моделларини амалиётга жорий этишни чекласа, жумладан:
инновациялар асосий хусусият бўлган бозорларда инновацияларни жорий этишни чекласа ёхуд уларни жорий этишга бўлган қизиқишни пасайтирса;
янги технологияларни қўллашни чекласа ёки етказиб берувчиларни бизнес моделлардан фойдаланишларига тўсқинлик қилса;
инновацияларнинг истиқболини чекласа;
д) истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш имконини чегараласа, жумладан:
истеъмолчиларнинг ўз хоҳишлари асосида улар кимдан товар (иш, хизмат) сотиб олиш масаласини ҳал қилиш имкониятларини чегараласа;
истеъмолчиларнинг бир товар ёки маҳсулот етказиб берувчилардан бошқасига ўтишида нархни ошириб, уларнинг имкониятларини камайтирса;
истеъмолчи учун товарни (ишлар, хизматларни) сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келса.
3-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг рақобатга таъсирни баҳолаш («Ex-ante»)
7. Қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалар ваколатли орган томонидан «ex-ante» усулида баҳоланади:
а) хўжалик юритувчи субъектлар учун янги чекловлар, лицензияларнинг, рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турлари жорий этилиши ёки амалдаги чекловлар, рухсат бериш тартиб-таомиллари, фаолиятнинг лицензияланадиган турлари товар ва молия бозори иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига нисбатан татбиқ этилиши;
б) лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартлар жорий этилиши;
в) юридик шахслар устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдорига доир талаблар оширилиши;
г) хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқлари чекланиши (камайтирилиши) ёки улар учун қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий этилиши;
д) давлат ёрдами берилишини, шу жумладан, айрим хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар қандай турдаги имтиёзлар, кафолатлар, преференциялар белгиланишини, шунингдек, уларга эксклюзив ҳуқуқлар берилиши;
е) истеъмолчилар ёки товар ва молия бозори иштирокчилари учун инфратузилма ҳамда табиий монополия субъектларининг товарларидан (иш, хизматларидан) фойдаланиш шартларини ўзгартириши;
ж) табиий монополия субъектларининг товар ва молия бозорларида иштирокининг мавжудлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
з) хўжалик фаолиятини амалга оширадиган, устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши миқдори 25 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахс, шунингдек, ўзига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган давлат муассасаларини ва уларнинг аффилланган шахсларини ташкил этиш (қайта ташкил этиш), уларнинг фаолият турини ўзгартириш, акциялар (улушлар) олиши;
(7-банднинг «з» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
и) товар ва молия бозорида давлат органлари ва ташкилотларининг ёки давлат иштирокидаги корхоналарнинг рақобатни чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларининг мавжудлиги;
к) товар ва молия бозори иштирокчиларининг исталган кўринишдаги ресурслар, жумладан, хом ашё, материаллар, ишчи кучи ва молиявий ресурслардан фойдаланиш шартларининг ўзгариши.
8. Ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган масалалар ишлаб чиқилаётган лойиҳада мавжуд бўлган тақдирда, лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда ваколатли органга тақдим этилади:
а) товар ва молия бозори иштирокчиларининг товар ҳамда молия бозорига кириш харажатлари (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;
б) лойиҳанинг қабул қилинишидан барча манфаатдор бўлган томонлар учун фойданинг (бевосита ёки билвосита) ҳисоб-китоби;
в) рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларнинг харажатлари ва фойдалари ҳисоб-китоби;
г) лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан манфаатларига таъсир кўрсатадиган тегишли товар ва молия бозори иштирокчиларининг сони;
д) муқобил нархлар ва тарифлар, шу жумладан, бозорга кириб келувчи импорт маҳсулотларнинг нархи;
е) лойиҳа билан тартибга солинадиган товарга (иш, хизматга) эҳтиёжнинг даражаси;
ж) лойиҳани тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар;
з) тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ҳисобот.
Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот тақдим қилинган ҳисоб-китоблар, маълумот ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.
9. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жамоатчилик муҳокамаси ва идоралараро келишув якунлари бўйича қайта ишланган лойиҳа ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органнинг ҳудудий органларига киритилади.
Ваколатли органнинг ҳудудий органлари томонидан лойиҳа ушбу Низом ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни.
10. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5025-сон қарори билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатга мувофиқ рақобатга таъсирни баҳолашдан ўтказилаётган лойиҳа юзасидан хулоса тақдим этади.
Хулоса икки нусхада тузилади. Бир нусхаси ваколатли органда қолади, иккинчи нусхаси ҳужжатни ишлаб чиққан ташкилотга юборилади.
11. Лойиҳа юзасидан рақобатга таъсирни баҳолаш натижалари бўйича ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.
12. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.
13. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига киритилганда, унга ваколатли органнинг хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.
4-боб. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг рақобатга таъсирини баҳолаш («Ex-post»)
14. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари томонидан ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган нормалар мавжуд бўлган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсири ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги ваколатли орган томонидан тасдиқланган режа-график асосида «ex-post» усулида баҳоланади.
15. «Ex-post» усулида баҳолаш жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига, жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва тавсияларига, оммавий ахборот воситалари орқали ўрганилган ёки чоп этилган бошқа материалларни ўрганиб чиқиш натижаларидан келиб чиқиб амалга оширилиши мумкин. Бунда баҳолаш 10 кун муддат мобайнида амалга оширилади.
16. Ваколатли органнинг ҳудудий органлари ҳар чорак якуни бўйича баҳолаш натижалари юзасидан ваколатли органга белгиланган тартибда ахборот тақдим этади.
17. Рақобат тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлган ва рақобатга салбий таъсир этаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар аниқланган тақдирда, ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига асосан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклифлар киритади;
вазирликлар, қўмиталар ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари юзасидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.
Ваколатли органнинг ҳудудий органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид деб топганда, улар юзасидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.
18. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларни рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан ўрганишдан ўтказиш ушбу Низомнинг 14-15-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
5-боб. Рақобатга таъсирни баҳолаш учун ахборот манбалари
19. Рақобатга таъсирни баҳолашда расмий ва норасмий ахборотлардан фойдаланилади.
20. Расмий ахборотларга қуйидагилар киради:
расмий статистика маълумотлари;
давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари;
оқибатларни прогнозлаштириш масалалари бўйича илмий-таҳлилий материаллар ва нашрлар, илмий-амалий семинарлар, конференциялар ҳамда йиғилишлар материаллари;
ваколатли ташкилотлар ва ишлаб чиқувчи томонидан ўтказилган ижтимоий сўровларнинг натижалари;
оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда эълон қилинган нашрлар;
рақобатга таъсирни баҳолаш доирасида давлат органи ва ташкилоти томонидан, шу жумладан, бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказилган ўрганишлар жараёнида олинган (аниқланган) маълумотлар;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро шартномалар;
суд амалиёти;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа расмий манбалар.
21. Норасмий маълумотларга қуйидагилар киради:
нодавлат ташкилотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
Интернет жаҳон ахборот тармоғининг норасмий ахборот ресурслари;
тижорат маълумотлари;
жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган сўровномалар;
22. Ваколатли орган қуйидагиларга ҳақли:
рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжат предметига тааллуқли бўлган маълумотлар билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда танишишга;
рақобатга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжатларнинг нормаларига аниқлик киритишга ва улар бўйича тегишли тушунтиришлар олишга;
лойиҳа бўйича манфаатларига алоқадор томонларнинг, шунингдек, мустақил экспертлар ва бошқа малакали мутахассисларнинг фикрларини ўрганишга.
23. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
рақобатга таъсирни баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун қонунчилик ҳужжатлари билан ўрнатилган талабларга риоя қилишга;
рақобатга таъсирни баҳолашда унга маълум бўлиб қолган давлат сири ва тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмасликка;
тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлашга.
6-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ваколатли органнинг лойиҳалар бўйича берган хулосасида назарда тутилган таклиф ва эътирозлар ушбу лойиҳани қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.
25. Ушбу Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
26. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 178-моддаси.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 694-сон қарорига
2-ИЛОВА
Инсофсиз рақобатни аниқлаш
МЕТОДИКАСИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Методика инсофсиз рақобатни аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Методикада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари;
инсофсиз рақобат — хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ёхуд уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлари;
рақобатчини обрўсизлантириш — рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган, у сотувга таклиф қилаётган товарнинг сифати ва истеъмол хоссалари, мазкур товарни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш усуллари ва шароитлари, ундан фойдаланишдан кутилаётган натижалар, товарнинг муайян мақсадларга яроқлилиги, товарни сотувга таклиф этиш шартлари, шу жумладан, унинг нархи тўғрисида ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш;
нотўғри таққослаш — рақобатчи хўжалик юритувчи томонидан субъектни ёки унинг товарини товарнинг устунлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилувчи сўзлардан ёки рамзлардан товарнинг холисона тасдиққа эга бўлган тавсифини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиб таққослаш;
3. Рақобатни ҳимоя қилиш мақсадида қуйидагилар тақиқланади:
инсофсиз рақобат;
рақобатчини обрўсизлантириш;
нотўғри таққослаш;
товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи ва сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш;
тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шу жумладан, фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш;
товар ёки молия бозорига рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсқинлик қилишга ёки уни бозордан четлаштиришга олиб келувчи ҳаракатларни содир этиш.
2-боб. Инсофсиз рақобатни аниқлаш босқичлари
4. Инсофсиз рақобат белгилари ваколатли орган томонидан ваколат доирасида бевосита ўрганиш ва таҳлилларни амалга ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ҳамда республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инсофсиз рақобат ҳақидаги маълумотларини ўрганиш давомида аниқланади.
5. Қуйидагилар инсофсиз рақобат белгиларини аниқлашнинг асосий босқичлари ҳисобланади:
а) инсофсиз рақобат белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини баҳолаш;
б) инсофсиз рақобат ҳолатини содир этган шахслар доирасини аниқлаш;
в) инсофсиз рақобат ҳаракатлари рақобатчи ёки унинг манфаатини кўзлаб бошқа шахслар томонидан содир этилганлигини аниқлаш;
г) инсофсиз рақобат бўйича далилларни тўплаш ва уларга ҳуқуқий баҳо бериш;
д) инсофсиз рақобат ҳолатини ёки унинг мавжуд эмаслигини эътироф этиш.
3-боб. Инсофсиз рақобат белгилари
6. Қуйидагилар инсофсиз рақобат белгилари ҳисобланади:
а) хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан уларнинг иқтисодий фаолиятни амалга оширишда афзалликларга эга бўлишга қаратилган, қонунчиликка, иш муомаласи одатларига зид бўлган ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга (рақобатчиларга) зарар етказадиган ёки зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатларини содир этиш, шу жумладан:
аввал фуқаролик муомаласига киритилган товар, иш ва хизматларнинг (кейинги ўринларда — товар) ташқи безатилиши ва шакли, номи, тамғаланиши, этикеткаси, ўрови, ранглар уйғунлигини такрорлаш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни фуқаролик муомаласига киритиш;
реклама материалларидан ёки уларнинг бир қисмидан нусхаларни рухсатсиз фойдаланган ҳолда кўчириш орқали рақобатчи хўжалик юритувчи субъект томонидан товарни реализация қилиш;
рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг индивидуаллаштириш воситаларига, товарни индивидуаллаштириш воситаларига бўлган мутлақ ҳуқуқини олиш орқали аввал фуқаролик муомиласига киритилган товарнинг реализация қилинишини чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этиш;
б) хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчини обрўсизлантириш ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган ёки путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатларини содир этиш, шу жумладан:
рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган, сотувга таклиф қилинаётган товарнинг сифати ва истеъмол хоссалари;
товарни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш усуллари ва шароитлари, шунингдек, товардан фойдаланишдан кутилаётган натижалар;
товарнинг муайян мақсадларга яроқлилиги, товарни сотувга таклиф этиш шартлари, шу жумладан, унинг нархи тўғрисида ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш;
в) хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан ўзини ёки ўзига тегишли товарни рақобатчи хўжалик юритувчи субъект ёки унинг товаридан устунлиги ҳақида товарнинг холисона тасдиққа эга бўлган тавсифини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмасдан таққослаш, шу жумладан:
«энг», «энг яхши», «биринчи», «фақат», «фақатгина» ва бошқа орттирувчи нисбатлардан фойдаланган ҳолда солиштириш;
рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти ёки унинг товари сифати, нархи ва бошқа хусусиятларига салбий баҳо бериш орқали ўзининг фаолияти ёки товари билан солиштириш;
г) товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи ва сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари, шу жумладан, товарнинг миқдори, бунда товарнинг бозорда мавжудлиги, уларни муайян шароитда сотиб олиш имконияти, шунингдек, ушбу товарга бўлган талабнинг ҳаққоний ҳажми хусусида истеъмолчиларни чалғитиш;
д) рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шу жумладан, фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш, шу жумладан:
рақобатчи хўжалик юритувчи субъект билан тузилган шартнома асосида фойдаланилаётган тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан, шу жумладан, фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотдан шартномани бузган ҳолда фойдаланиш ва уни ошкор этиш;
хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир, шу жумладан, фан-техника, ишлаб чиқариш ёки савдога оид ахборот кўрсатилган маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан эгасининг розилигисиз рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг манфаатини кўзлаб, улардан фойдаланиш ёки ошкор қилиш, агар ушбу маълумотлардан фойдаланишнинг ёки ошкор қилишнинг қонун ёки шартномада белгиланган ошкор қилиш муддати тугамаган бўлса;
е) товар ёки молия бозорига рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсқинлик қилишга ёки уни бозордан четлаштиришга олиб келувчи ҳаракатларни содир этиш, шу жумладан:
хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг бозорга киришига маъмурий ва бошқа тўсқинликлар қилиш;
рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларни бозордан четлаштириш мақсадида товарни таннархидан паст нархда реализация қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида қабул қилган қарорлари бундан мустасно.
4-боб. Инсофсиз рақобат ҳолатларини кўриб чиқиш
7. Ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатиб ўтилган инсофсиз рақобат белгилари аниқланган тақдирда, ваколатли орган томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида белгиланган тартибда иш қўзғатилади ва кўриб чиқилади.
8. Хўжалик юритувчи субъектлар белгиланган тартибда ўзлари содир этган ҳаракатлар рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид эмаслиги тўғрисидаги далилларни тақдим этиш, шунингдек, ваколатли органнинг қарори (кўрсатмаси) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.
9. Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан инсофсиз рақобатни содир этганлик учун «Рақобат тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилади.
5-боб Якунловчи қоидалар
10. Ушбу Методикада қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
11. Ушбу Методика талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 09/23/694/1006-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)