Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Талабаларни турар жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар жойига жойлашиш фақат давлат хизмати марказлари ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади ҳамда талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом.
талабалар билан тузиладиган турар жой ижара шартномалари давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали масофадан туриб биометрик идентификациялаш (Face-ID) технологияси орқали электрон шаклда реал вақт режимида ҳисобга қўйилади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) 2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг:
1-курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламент талаблари асосида амалга оширилади;
2-курс ва ундан юқори курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш анъанавий тарзда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига жойлаштириш комиссиясига 2023 йил 25 августга қадар топширилади;
б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади;
в) қуйидаги тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилинади:
«Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестр, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабалар;
(3-банд «в» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 313-сонли ««Темир дафтар» орқали ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарори билан тасдиқлангаен «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
халқаро фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
«Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;
олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар;
г) давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали электрон ариза бериш ва тўловларни амалга оширишда давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
а) 2023 йил 20 августга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан талабаларни талабалар турар жойига онлайн жойлаштириш имкониятини берувчи ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва кейинчалик қўллаб-қувватланишини;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали 2023 йил 20 августга қадар тегишли электрон маълумотлар базаларининг ўзаро интеграция қилинишини;
олий таълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминласин;
б) ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу қарор талабларининг бажарилиши бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий мониторинг олиб борсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 август,
376-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент давлат олий таълим муассасалари талабаларини талабалар турар жойларига жойлаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентнинг қоидалари хорижий, нодавлат ва ҳарбий олий таълим ташкилотлари талабалар турар жойлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилган талабалар турар жойларининг хусусий шерик учун тижорий мақсадларда ажратиладиган ўринларига талабаларни қабул қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
махсус ахборот тизими — талабаларни талабалар турар жойига жойлаштириш жараёнини рақамлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) ягона ахборот тизими;
имтиёзли рўйхат — Регламентнинг 5-бандига мувофиқ аниқланадиган ҳамда талабалар турар жойига биринчи навбатда жойлашиш ҳуқуқига эга талабалар рўйхати;
умумий рўйхат — талабалар турар жойига жойлашиш истагини билдирган имтиёзли рўйхатда мавжуд бўлмаган талабалар рўйхати.
4. Махсус ахборот тизимига қуйидаги маълумотлар олий таълим муассасаси томонидан мунтазам киритиб борилади:
а) ҳар йили 1 августга қадар:
тизимидаги ҳар бир талабалар турар жойининг манзили ва қуввати (ўқув йили давомида қўшимча ўринлар яратилган тақдирда, бир иш куни давомида);
талабалар турар жойида курслар ва факультетларга ажратилган ўринлар сони (ўқув йили давомида олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи билан қайта тақсимланган тақдирда, шу куннинг ўзида);
б) мунтазам равишда — талабалар турар жойида мавжуд бўш ўринлар сони (бўш ўрин пайдо бўлган тақдирда шу куннинг ўзида тегишли маълумот махсус ахборот тизимига киритилади).
5. Имтиёзли рўйхатга қуйидаги мезонларнинг бирига мос келувчи талабалар киритилади:
а) тегишли тасдиқловчи маълумотлар асосида:
«Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестр, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (аёл) фарзандлари;
(5-банд «а» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар;
бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари.
(5-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 январдаги 32-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон)
б) олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи асосида:
халқаро ва Вазирлик томонидан ўтказиладиган республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ғолиб бўлган талабалар;
Вазирлик томонидан ўтказиладиган «Заковат» интеллектуал ўйинлари республика босқичи ғолиблари;
«Йил талабаси» кўрик-танлови республика босқичи ғолиблари;
«Талабалар театр студиялари» танловининг республика босқичи ғолиблари;
талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.
6. Имтиёзли рўйхатдаги мезонлар тўғрисидаги маълумотлар ариза бериш жараёнида:
«Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, чин етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ахборот тизими орқали;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижтимоий реестрга киритилган оилалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими орқали;
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
«Темир дафтар»га киритилган оилалар ва «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборот тизими орқали;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали;
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар Ёшлар ишлари агентлигининг ахборот тизими орқали;
(6-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
1-курсга тавсия этилган талабалар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ахборот тизими орқали;
2-курс ва ундан юқори курс талабалари тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг ахборот тизими орқали автоматик текширилади.
7. Давлат хизматлари марказлари, олий таълим муассасалари ва мутасадди вазирлик ва идоралар ўртасида ахборотлар алмашинуви фақат идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали электрон рақамли имзони қўллаган ҳолда амалга оширилади.
Ушбу Регламентнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатларни тасдиқловчи маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан олинади.
Тегишли маълумотлар «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида аниқланмаган тақдирда, талабадан имтиёзли рўйхатдаги мезонларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини сўрашга йўл қўйилади.
8. Умумий рўйхатдаги талабалар учун олий таълим муассасаси талабалар турар жойида ортиб қолган ўринлар сонига нисбатан навбат асосида қуйидагича тақсимланади:
1-курс талабалари учун 55 — 65 фоизи;
2-курс талабалари учун 15 — 20 фоизи;
3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20 — 25 фоизгача ажратилади.
Бунда:
курсларга ажратилган, бироқ тўлмай қолган ўринлар аввало қуйи курс талабалари орасида, сўнг курсларнинг ортиб бориши тартибига қатъий амал қилган ҳолда юқори курс талабалари орасида қайта тақсимланади;
олий таълим муассасаси томонидан талабалар турар жойидаги ўринлар сони умумий рўйхат бўйича факультетлар кесимида тақсимланиши мумкин.
9. Умумий рўйхатга киритиладиган талабалар қуйидаги кетма-кетлик асосида талабалар турар жойига жойлаштирилади:
битта оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-контракт асосида ўқиётган оила фарзандлари;
кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар (кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар турар жойига эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ таъминланмасдан туриб, бошқа таълим шаклида ўқиётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди);
талаба қизлар (талабалар контингентидан келиб чиқиб олий таълим муассасаси ректори (директори) ушбу устуворлик улушини белгилайди);
бакалавриат босқичида ўқиётган талабалар (бакалавриат босқичида ўқиётган турар жойга эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ талабалар турар жойига жойлаштирилмасдан, таълимнинг магистратура ва докторантура босқичида ўқиётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди);
олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуддан бошқа ҳудудда доимий яшовчи талабалар;
ариза берилган сана бўйича навбат асосида.
10. Имтиёзли ва умумий рўйхатлар бўйича барча навбатлар ҳар ўқув йили якунидан сўнг бекор қилинади ҳамда август ойидан бошлаб талабаларнинг мурожаатлари асосида қайтадан шакллантирилади.
11. Талабаларни олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига қабул қилиш ЯИДХП ёки давлат хизматлари марказлари орқали берилган йўлланма асосида ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Талабаларни талабалар турар жойига йўлланмасиз қабул қилиш тақиқланади.
12. Талабаларни талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича йўлланмалар тақдим этилган ўқув йили учун амал қилади.
2-боб. Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби
13. Талаба йўлланма олиш учун давлат хизматлари марказларига бевосита келиб (ишончли вакил орқали) ёки мустақил равишда ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин.
14. Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш ҳар йили 1 августдан бошланади ва ўқув йили якунига қадар давом этади.
15. Талаба давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилганда, марказ ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда эса, мустақил равишда Регламентга 2-иловага мувофиқ сўровномани тўлдиради.
16. Сўровнома асосида махсус ахборот тизимида қуйидаги ҳаракатлар автоматик равишда амалга оширилади:
талабани имтиёзли ёки умумий рўйхатга киритиш;
талабалар турар жойида бўш ўрин бўлганда, йўлланмани шакллантириш;
талабалар турар жойида бўш ўрин мавжуд бўлмаган тақдирда — тегишли рўйхат бўйича талабани навбатга қўйиш ва бу ҳақда хабарнома юбориш;
талабалар турар жойида ўринлар бўшаши билан бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни автоматик янгилаб бориш.
17. Талаба қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сўровнома юборилганидан сўнг ҳам ундаги маълумотларни таҳрирлаш;
талабалар турар жойида, жумладан, тегишли факультет бўйича мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотни кўриш;
давлат хизматлари маркази, ЯИДХП ёки махсус рақамга сўров юбориш орқали рўйхатдаги навбат ҳолати ҳақида СМС-хабар олиш. Бунда ҳар бир кирувчи СМС-хабар учун тўлов ариза берувчи ҳисобидан ундирилади;
ҳар қандай босқичда давлат хизмати кўрсатилишидан воз кечиш.
Ариза берувчи талаба онлайн тарзда навбатни кузатиши ва ЯИДХПда хабарномаларни олиши, шунингдек талабалар турар жойига қабул қилиш учун ариза бериш усулидан (ЯИДХП ёки давлат хизматлари марказлари орқали) қатъи назар, давлат хизматлари марказларида мурожаат ҳолати тўғрисида маълумотни бепул олиши мумкин.
18. Олий таълим муассасаси талабанинг сўровномасида камчиликларни аниқлаган тақдирда, ариза берувчига беш иш куни ичида уларни бартараф этиш учун имконият берилади.
19. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги ҳамда камчиликлар белгиланган муддат мобайнида бартараф этилмаганлиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос бўлади.
Талабани талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.
Давлат хизматидан фойдаланиш рад этилган ёки талаба давлат хизмати кўрсатилишидан воз кечган тақдирда, талабанинг сўровномаси тизим томонидан автоматик равишда кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва навбатдан чиқарилади. Бунда навбатга туриш ҳақидаги хабарнома ёки йўлланма сўровнома билан биргаликда бекор қилинади.
20. Талабалар турар жойига жойлашиш учун йўлланма талабалар турар жойида ўринлар бўшаган куни махсус ахборот тизимида дастлаб имтиёзли рўйхат, сўнг умумий рўйхатдаги навбат бўйича автоматик равишда шакллантирилади.
21. Махсус ахборот тизими томонидан шакллантирилган электрон йўлланма ва талабаларнинг навбатга қўйилганлиги ҳақидаги электрон хабарнома уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади.
Бунда йўлланма ва хабарномалар автоматик равишда олий таълим муассасасига ҳамда ариза берувчига давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали юборилади.
Давлат хизматлари маркази йўлланма келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ҳамда ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилган тақдирда, йўлланма унинг сўровига кўра электрон ёки қоғоз шаклда берилади.
22. Талабани талабалар турар жойига жойлаштириш олий таълим муассасаси ва ариза берувчи ўртасида шартнома тузиш орқали расмийлаштирилади.
Бунда:
шартнома олий таълим муассасасига йўлланма келиб тушган ёки тақдим этилган куннинг ўзида тузилади;
йўлланма билан биргаликда шартнома ва биринчи ой учун тўлов топшириқномаси автоматик равишда шакллантирилади;
талаба йўлланма шакллангандан сўнг 10 иш куни мобайнида олий таълим муассасаси билан шартнома тузмаса ёки талабалар турар жойи учун дастлабки ойлик тўловни тўламаган тақдирда, йўлланма бекор қилинади.
23. Талабалар турар жойи учун ойлик тўлов миқдори ва муддатлари олий таълим муассасаси томонидан белгиланади ҳамда шартномада акс эттирилади.
24. Талабаларни талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизмати бепул кўрсатилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
25. Давлат хизматлари марказлари, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган ариза берувчи тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
26. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунининг 3-боби.
27. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасалари талабаларини талабалар турар жойларига жойлаштириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

1-босқич

Ариза берувчи

(талаба)

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали олий таълим муассасасига сўровнома юборади.

Эҳтиёжига кўра

2-босқич

Олий таълим муассасаси

1. Аризани кўриб чиқиб, қуйидаги хабарномалардан бирини ариза берувчига юборади:

а) талабалар турар жойида бўш жой мавжуд бўлса, талабанинг аризаси имтиёзли рўйхатдаги мезонлар ва умумий рўйхат асосида қабул қилинганлиги ҳақида;

б) талабалар турар жойида бўш жой мавжуд бўлмаса, навбатга қўйилганлиги ҳақида.

Ариза автоматик тарзда юборилгач 10 дақиқада

2. Талабалар турар жойида мавжуд бўш ва банд жойлар тўғрисидаги маълумотларни махсус ахборот тизимига киритиб боради.

Доимий равишда кунлик асосда янгилайди

3-босқич

Ариза берувчи

(талаба)

Талабалар турар жойига қабул қилинганлиги ҳақидаги QR кодли йўлланмани давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали олади.

Навбат асосида йўлланма шакллангандан сўнг

4-босқич

Олий таълим муассасаси

Йўлланма келиб тушган ёки тақдим этилган куннинг ўзида талаба билан шартнома тузади ва уни талабалар турар жойига жойлаштиради.

Йўлланма тақдим этилган куннинг ўзида

Давлат олий таълим муассасаларининг талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойларига жойлаштириш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун
СЎРОВНОМА
Олдинги таҳрирга қаранг.

I. Ариза берувчи (талаба) ҳақида маълумот

1. Ф.И.О.

2. Паспорт маълумотлари (рақами ва серияси)

3. Доимий яшаш манзили

4. Телефон рақами

5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)

6. Жинси

7. Фуқаролиги

8. Таълим олаётган олий таълим муассасаси номи

9. Факультети

10. Таълим йўналиши

11. Курси

12. Таълим шакли

II. Олий таълим муассасалари талабалар турар жойи ҳақида маълумот*

Талабалар турар жойи рақами (манзили, сиғими)

III. Имтиёзли ҳуқуқ борлиги ҳақидаги маълумотлар ва уларни тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлса)*

Ижтимоий реестрга киритилган оила фарзанди

«Темир дафтар»га киритилган оила фарзанди

«Аёллар дафтари»га киритилган шахс фарзанди

«Ёшлар дафтари»га киритилган талаба

«Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчиси

Чин етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талаба

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талаба

Хорижий давлат фуқароси бўлган талаба

Халқаро ёки Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилган республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ғолиб бўлган талаба

«Заковат» интеллектуал ўйини республика босқичи ғолиби

«Йил талабаси» кўрик-танлови республика босқичи ғолиби

«Талабалар театр студиялари» танловининг республика босқичи ғолиби

Талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси ёки қават сардори бўлган талаба

IV. Хабар бериш тартиби

1. Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП

2. СМС ёки телефон орқали

3. Электрон почта орқали

* Ушбу бўлим манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари томонидан киритилган маълумотлар асосида автоматик равишда шакллантирилади.
Махсус ахборот тизимида III бўлим бўйича тегишли маълумот аниқланмаган тақдирда, ариза берувчи томонидан имтиёзли ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши мумкин.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 январдаги 35-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
иккинчи хатбошидан «белгиланган мезонлар асосида» сўзлари чиқариб ташлансин;
тўртинчи хатбошидаги «талабани ижтимоий мезонлар бўйича ўрганиш ва талабага ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришни кўриб чиқиш» сўзлари «талабалар аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
2. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
талабалар сафига қабул қилинган ва талабалар турар жойи билан қамраб олинмаган олий таълим муассасасидан узоқ жойлашган ҳудудлардан келган биринчи босқич талабалари (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган ижара асосида яшайдиган талабалар)га, олий таълим муассасаларига ушбу мақсадларда ажратилган маблағлар доирасида сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилади ҳамда белгиланган тартибда ижара шартномаси тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади;
давлат олий таълим муассасалари томонидан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган, бироқ ижара тўловлари ушбу қарорда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланадиган талабаларнинг 60 фоизидан ортган қисми учун ойлик ижара тўлови бир қисмини ушбу олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган мезонлар ва тартиб асосида молиявий имкониятидан келиб чиқиб бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин»;
3. Илова (Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом)да:
учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишинча учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш бўйича талабгорларни танлаб олиш комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) — талабалар аризасини кўриб чиқиш, ўрганиш ва ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича қарор қабул қилишга масъул бўлган мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ таркибда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланадиган доимий ва жамоатчилик асосида ишлайдиган тузилма»;
б) 4 — 7-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.
Бунда талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.
5. Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар асосида талабгорлар комиссия томонидан аниқланади.
6. Давлат олий таълим муассасаларининг фақат кундузги таълим шаклида (хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида ва факультетларида таълим олаётган талабалардан ташқари), давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таҳсил олишидан қатъи назар, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг 60 фоизига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
7. Ариза берувчи мустақил равишда ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги анкета-аризани икки нусхада тўлдириб, ижара шартномаси нусхаси билан ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари ёки олий таълим муассасасининг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига (кейинги ўринларда — масъуллар) топширади.
Бунда ариза берувчи мазкур бандда келтирилган ҳужжатларга қўшимча равишда ўзининг ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномаларни (агар мавжуд бўлса) илова қилиши лозим»;
в) 3-бобнинг номидан «ижтимоий мезонлар бўйича» сўзлари чиқариб ташлансин;
г) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Масъуллар бир ҳафта давомида тьюторлар билан биргаликда ариза берувчиларнинг маълумотларини комиссияга тақдим этиш учун ҳар томонлама ўрганади»;
д) 11-банддаги «хулоса бериш» сўзлари «қарор қабул қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 12-банддаги «талабгорлар» сўзи «ариза берувчилар» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 13-банддаги «талабгор» сўзи «ариза берувчи» сўзлари билан алмаштирилсин;
з) 22-банднинг биринчи хатбошисидан «ҳамда ижтимоий мезонларга кўра» сўзлари чиқариб ташлансин;
и) 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Комиссия томонидан доимий равишда ижара шартномасини қалбакилаштирган ва нотўғри маълумотлар тақдим этган талабалар рўйхати шакллантирилиб борилади.
Ушбу талабалар рўйхатига тушган талабаларга комиссия қарори асосида ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тўхтатилиши мумкин»;
к) 25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«25. Қуйидаги ҳолатларда ариза берувчига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш рад этилиши мумкин:
ариза берувчи ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган талабалар рўйхатида мавжуд бўлганда;
ариза берувчининг ижара шартномасида кўрсатилган манзилда яшамаслиги, ижарада яшаётган манзил ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли эканлиги, ижара шартномаси тегишли тартибда расмийлаштирилмаганлиги;
тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки сохта маълумотлар мавжуд бўлганда;
ариза ва тегишли ҳужжатлар қабул қилишнинг охирги санаси тугагандан кейин тақдим этилганда»;
л) 2-илова (Анкета-ариза)нинг 10-банди учинчи хатбошисидаги «ижтимоий мезонларга мувофиқлигимни» сўзлари «ижтимоий ҳолатимни» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2023 й., 09/23/376/0607-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон; 29.01.2026 й., 09/26/32/0084-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)