Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Транспорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда «Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 апрелдаги ПҚ-5100-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида йўловчилар ҳамда ташриф буюрувчилар учун хавфсизликни таъминлаган ҳолда кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида йўловчилар ҳамда ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида:
йўловчи автотранспорт воситаларига аэропортларнинг эстакадасидан фойдаланишга рухсат берилганлиги ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда аэро ва темир йўл вокзалларидаги асосий текшириш пунктларини кириш қисмидаги бирламчи назорат-текшириш постлари билан бирлаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги;
«Транспорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ транспорт воситаси, багаж, юк багажи ва юкни кўздан кечириш, йўловчилар ҳамда бошқа ташриф буюрувчиларни шахсан кўздан кечириш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли органларнинг рўйхати, кўздан кечириш тартиби, шунингдек, йўловчилар ҳамда ташриф буюрувчиларнинг вокзалларда бўлиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;
б) рақобатни ривожлантириш, хусусий тадбиркорлар томонидан транспорт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиришга ҳамда хизматлар сифатини оширишга қаратилган темир йўлда юк ва йўловчиларни ташишда хусусий тадбиркорлар томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган қўшимча хизмат турлари жорий этилиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг аэро, темир йўл ва автобус вокзалларида (кейинги ўринларда — вокзал) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда хавфсизликни таъминлаган ҳолда вокзал ва унинг ҳудудига кириб-чиқишни соддалаштириш мақсадида:
аэровокзалларда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг халқаро йўналишларда божхона назорати зонасигача, маҳаллий йўналишларда авиация хавфсизлиги хизмати зонасигача бўлиши;
автомобиль ва темир йўл вокзалларида ташриф буюрувчиларнинг перронгача бўлган ҳудудда бўлиши;
вокзал ва унинг ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Қуйидагилар:
Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;
Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиши тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ;
Автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиши тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, «Uzbekistan Airports» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда икки ой муддатда:
2023 — 2027 йилларда республика аэропортларида ва темир йўл вокзалларида хавфсизлик тизимини замонавий махсус техник воситалар билан таъминлаш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
вокзал ва унинг ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартибини белгилаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
6. Транспорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 17 апрель,
159-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарорига
1-ИЛОВА
Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг аэровокзал мажмуаларида бўлиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
авиация хавфсизлиги — фуқаро авиациясини ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар, жумладан, жалб қилинган инсон ресурслари ва моддий ресурслар;
авиация хавфсизлиги хизмати — фуқаро авиацияси фаолиятини ноқонуний аралашув ҳаракатларидан ҳимоя қилиш вазифаларини ташкил этувчи ва амалга оширувчи хизмат;
аэропорт — ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга, ҳаво транспортида ташишга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва шу мақсадларда аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур қурилмаларга эга бўлган иншоотлар мажмуаси;
багаж — эксплуатант билан шартномага мувофиқ ҳаво кемаси бортида ташиладиган йўловчиларнинг ёки экипажнинг буюмлари;
махсус техник воситалар — ер зонаси (объект) ва ҳаво кемаси бортига қурол, шикаст етказиш мосламалари ва хавфли моддаларни кийимда (оёқ кийимда), одам танасида, багажда (қўл юкида), юкда рухсатсиз олиб ўтиш ҳолатининг мавжудлигини аниқлаш, ҳаво кемаси салони ва ердаги объектлардаги ҳолат тўғрисида видео ва овозли маълумотни масофадан олишни таъминлаш, двигателни санкцияланмаган ишга тушириш, ҳаво кемасини ҳаракатлантириш ва парвозни амалга оширишни инкор этиш, ҳаво кемасини сифатли ва тезкор махсус текширувдан ўтказиш имкониятини берувчи турғун ва ҳаракатланадиган ер ва борт мосламалари;
ноқонуний аралашув ҳаракатлари — фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлашда хавф солувчи ҳаракатлар ёки уларни бажаришга уринишлар;
ташриф буюрувчилар — йўловчиларни кузатувчи ҳамда бошқа шахслар;
текшириш (текширув) — фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашиш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, портловчи моддалар ёки бошқа хавфли мосламалар, нарсалар ёки моддаларни идентификация қилиш ёки аниқлаш учун мўлжалланган техник ва бошқа воситалардан фойдаланиш;
хавф — авиация хавфсизлигига хавф солувчи ҳар қандай омил;
қўл юки — ўз ўлчамига кўра енгил ташиладиган буюмлар ва ашёлар.
2-боб. Аэропортларда хавфсизликни таъминлаш
3. Аэропорт ва унинг ҳудудида хавфсизликни таъминлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:
аэровокзал мажмуаларига киришда назорат ўтказиш пунктини махсус техник воситалар билан жиҳозлаш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг киришини назорат қилиш;
аэропорт эстакадасига автомобилларнинг кириш-чиқишини ҳамда аэропорт ҳудудига туташ ҳудудларда автотураргоҳларни видеокузатув тизимлари орқали назорат қилиш;
аэровокзал мажмуаларига кириш жойларидаги назорат ўтказиш пунктларида махсус техник воситалардан фойдаланган ҳолда текширувни амалга ошириш;
аэровокзал мажмуаларига киришда йўловчилар, ташриф буюрувчилар ҳамда ходимларнинг ҳужжатларини (аэровокзал мажмуаларига кириш учун рухсатномалар, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, саёҳатга оид ва бошқа ҳужжатлар), шу жумладан, уларнинг қўл юки ва багажини, шунингдек, улар томонидан олиб ўтиладиган турли ашёларни текшириш.
Аэровокзал мажмуаларининг ташриф буюрувчилар кириши мумкин бўлган жойлари ҳамда мажмуа олди майдонларида жамоат тартибини сақлаш ишлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
4. Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ҳамда аэропортлар ҳудудига туташ ҳудудларда умумий овқатланиш жойлари, чакана савдо дўконлари ҳамда йўловчиларга ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича янги жойларни ташкил этиш тадбиркорлик субъектларининг аризасига кўра хавфсизлик масалалари белгиланган тартибда Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда, аэропорт билан тузилган шартномага асосан амалга оширилади.
3-боб. Аэровокзал мажмуаларига киришда хавфсизлик чоралари ҳамда назорат ўтказиш пунктларига қўйиладиган асосий талаблар
5. Йўловчилар, ташриф буюрувчилар ва экипаж аъзолари, аэропорт ходимларини текширувдан ўтказиш учун аэропортлар, аэровокзал мажмуалари биноларининг кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари, шунингдек, аэропортларга туташ ҳудудларда жойлашган барча автотураргоҳлар ва эстакадаларга автомобиль воситалари кириб-чиқиш жойларида шлагбаум ўрнатилади.
6. Назорат ўтказиш пункти йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юки, багажи ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган ашёлар, шунингдек, ноқонуний аралашув ҳаракатларини амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ҳамда бошқа тақиқланган моддаларни аниқлаш учун махсус техник воситалар (рентген-телевизион ускуналар (интроскоплар), турғун ва қўл металл детекторлари, портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар, тезкор алоқа воситалари ва бошқалар) билан жиҳозланади.
7. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юки, багажи ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган нарсалар ва моддалар текширишдан ўтказиш пунктида авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчилари томонидан текширилади.
8. Назорат ўтказиш пунктлари, шунингдек, улардаги махсус техник воситаларнинг сони аэровокзалларнинг (аэропорт) ўтказувчанлик қобилиятига мувофиқ белгиланади.
9. Аэропортлар аэровокзал мажмуаларининг йўловчи ҳамда ташриф буюрувчи шахсларни ўтказиш қобилиятини таъминлаш учун уларда етарли миқдорда назорат ўтказиш пунктлари ўрнатилади.
10. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар оқимининг энг юқори кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда, назорат ўтказиш пунктларида махсус техник воситалар жиҳозланиши лозим.
11. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, қўл юки ва багажлари, шунингдек, уларнинг олиб ўтиладиган буюм ва ашёлари авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан мажбурий текширилади.
12. Мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатида келтирилган хавфли моддалар ҳамда қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини содир этиш учун бошқа воситаларни олиб ўтиш, шахсларнинг аэропортлар аэровокзал мажмуаларига рухсатсиз киришининг олдини олиш ва шахсини аниқлаш мақсадида аэропортларнинг аэровокзал мажмуалари биносига кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилади ва махсус техник воситалар билан жиҳозланади.
13. Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олди майдонларида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари ўз хизмат вазифаларини амалга оширади.
14. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни текширишдан олдин уларнинг хоҳишига кўра мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатига киритилган тақиқланган моддалар ва буюмларни тақдим этишни таклиф қилиш;
аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш ишларини амалга ошириш;
ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ва аэропорт маъмуриятига юбориш, жиноят содир этган шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш;
шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини, қўл юки, багажи ва шахсий буюмларини текширишдан ўтказиш учун тақдим этишдан бош тортган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг аэровокзал мажмуаси биноларига киришига йўл қўймаслик, уларнинг шахсини аниқлаш ҳамда уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш, заруратга кўра бундай шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда топшириш;
назорат ўтказиш пункти орқали текширувдан ўтмаган йўловчилар ва бошқа шахслар ҳамда кириб-чиқиш тартибини бузган йўловчилар ва бошқа шахсларнинг аэровокзал мажмуаси биноларига киришига йўл қўймаслик.
15. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан текширув ўтказилиши натижасида қатновлар асоссиз кечиктирилишига йўл қўйилмайди.
16. Авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари ўз хизмат вазифаларини махсус формали кийимда амалга оширади ҳамда улар аэропорт маъмурияти томонидан берилган тегишли рухсатномани ўзи билан олиб юриши шарт.
17. Халқаро йўналишларда йўловчиларни рўйхатга олиш жойидан йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчиларнинг ўтишига рухсат этилади, ташриф буюрувчиларнинг божхона назорати зонасигача бўлган ҳудудда бўлишига рухсат этилади. Бемор ва ёрдамга муҳтож йўловчиларга рўйхатга олиш жойидан ҳаво кемасига ўтиргунга қадар аэропорт ходимлари ҳамроҳлик қилади.
18. Маҳаллий йўналишларда йўловчиларни рўйхатга олиш жойидан йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчиларнинг ўтишига рухсат этилади, ташриф буюрувчиларнинг учиб кетиш залида авиация хавфсизлиги хизматининг зонасигача бўлган ҳудудда бўлишига рухсат этилади. Бемор ва ёрдамга муҳтож йўловчиларга рўйхатга олиш жойидан бошлаб ҳаво кемасига ўтиргунга қадар аэропорт ходимлари томонидан хизмат кўрсатилади.
19. Аэропортда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг оқими ҳамда парвозлар жадвалидан келиб чиққан ҳолда, авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг иш вақти ва смена давомийлиги Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ белгиланади.
4-боб. Текшириш тартиби ва шартлари
20. Аэровокзал мажмуаларига кириш жойларида ўрнатилган назорат ўтказиш пунктида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан йўловчилар ва ташриф буюрувчилар, экипаж аъзолари, аэропорт ходимларининг ҳужжатлари, қўл юки ва багажи махсус техник ускуналар ёрдамида қуйидаги тартиб асосида текширилади:
аэровокзал мажмуаларига кириш жойида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш ва солиштириш йўли билан;
назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни текширишдан олдин уларнинг хоҳишига кўра мазкур Низомга илова қилинган Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар рўйхатида келтирилган тақиқланган моддалар ва буюмларни тақдим этишни таклиф этиш орқали;
шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текширгандан сўнг авиация хавфсизлик хизмати назоратчиси йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга назорат ўтказиш пунктига ўтишни таклиф қилади. Ушбу назорат ўтказиш пунктида йўловчи ва ташриф буюрувчилар томонидан уларнинг қўл юки ва багажи, шахсий ашёларини текширувдан ўтказиш учун тақдим этиш орқали;
назорат ўтказиш пунктида йўловчилар ва ташриф буюрувчилар махсус техник воситаларнинг олдида, уларнинг тўпланишини истисно қиладиган тартибда текширилади. Истисно тарзида, юрак фаолиятини яхшиловчи аппаратлари бўлган йўловчилар ва бошқа шахсларни махсус техник ускуналардан фойдаланмаган ҳолда қўлда текшириш орқали;
йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ёрдамида текшириш орқали;
рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида объектнинг ноаниқ кўриниши ёки шубҳали нарсалар аниқланганда, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини қўлда текшириш орқали;
йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини бевосита унинг эгаси иштирокида авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан қўлда текшириш ва уни очиб кўриш.
21. Назорат ўтказиш пунктларидан йўловчилар ва бошқа шахслар олиб ўтаётган радио, теле, аудио ва видео-техника, шахсий компьютерлар, планшетлар, мобил телефонлар ва бошқа электрон воситалар рентген-телевизион ускуна (интроскоп) ёрдамида текширилади.
22. Назорат ўтказиш пунктларида авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчилари йўловчилар ва ташриф буюрувчилар, экипаж аъзолари, аэропорт ходимларини турғун ва қўл металл детекторлари ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:
мавжуд бўлган барча металл буюмларини ва электрон ускуналар махсус идишга солишни ва уларни рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) орқали текширувдан ўтказишни таклиф қилади;
турғун металл детектор орқали масофа сақланган ҳолда ўтишни назорат қилади;
турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари (ёруғлик, товуш) ва кўрсаткичларини кузатади;
турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари (ёруғлик, товуши) ишга тушганда, барча металл буюмларни саватга солиш ва турғун металл детектордан қайта ўтишни таклиф қилади;
турғун металл детекторнинг сигнал сенсорлари қайта ишлаб кетганда, қўл металл детектори билан текширувни ўтказади ҳамда уларнинг ёнида мавжуд бўлган нарсалар ҳақида сўров ўтказади;
қўл металл детектори билан текширув давомида аниқланган буюмларни қўлда текширади ёки зарурат бўлса, рентген-телевизион ускуна (интроскоп) ёрдамида текширувдан ўтказади;
текширувдан ўтмаган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг назорат ўтказиш пунктидан ўтишига рухсат бермайди.
23. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарини авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:
рентген-телевизион ускунанинг (интроскоп) монитор экранидаги соя тасвирига асосланиб, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида ва шахсий буюмларида аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлайди;
рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида объектнинг ноаниқ кўриниши ёки шубҳали нарсалар аниқланса, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмларини қўлда текшириш усули билан текширилади;
текширув жараёнида рентген-телевизион ускуна (интроскоп) монитор экранида йўловчилар ва бошқа шахсларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида хавфли нарсалар ёки моддалар аниқланган тақдирда, бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилмасдан, авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғини хабардор қилади. Хавфли нарса ёки моддаларга шахсларнинг тегиш имкониятининг олдини олиш мақсадида қўл юки, багаж ҳамда шахсий буюмлар рентген-телевизион ускунаси (интроскоп) ичида қолдирилади.
24. Назорат ўтказиш пунктларида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарини авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқловчи детекторлар ёрдамида қуйидаги тартибда текширувдан ўтказади:
портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун текшириш амалга оширилади;
текширув жараёнида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида хавфли нарсалар ёки моддалар аниқланган тақдирда, бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилмасдан авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғи хабардор қилинади.
25. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналарида портловчи мосламалар ёки моддаларнинг белгилари аниқланганда, ушбу назорат ўтказиш пунктида текширувлар зудлик билан тўхтатилади ва авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг смена бошлиғига хабар берилади. Бундай ҳолатларда атрофдаги барча шахслар хавфсиз масофага узоқлаштирилади ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тегишли мутахассислари келгунига қадар ушбу хавфли жой назоратга олинади.
26. Текширув жараёнида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажи ҳамда шахсий буюмлари ичида аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар белгиланган тартибга мувофиқ олиб қўйилади, сақланади ҳамда йўқ қилинади.
27. Давлатнинг яққол кўринадиган ташқи идентификация белгиларига эга бўлган дипломатик вализлар (консуллик почтаси), агар улар муҳрланган бўлса ва дипломатик вализга эга бўлган шахс унинг шахсини тасдиқловчи тегишли гувоҳномани (дипломатик ёки хизмат паспорти) ва дипломатик вализни ташиш учун рухсатномани (расмий хат) тақдим этса, текширувдан ўтказилмайди. Ушбу талаблар бузилган ҳолларда, дипломатик вализлар (консуллик почтаси) махсус техник воситалар ёрдамида, очилмасдан текширилади. Дипломатик вализаларни (консуллик почтасини) ташиётган шахснинг қўл юки, багажи, шахсий буюмлари ва электрон ускуналари умумий асосларда текширувдан ўтказилади.
28. Шахсий текширув ноқонуний аралашув ҳаракатларини амалга ошириш учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол, портловчи моддалар ёки бошқа хавфли мосламаларни аниқлаш мақсадида йўловчилар ва ташриф буюрувчилар аэровокзал мажмуалари биносига киришидан олдин бегона шахслар бўлмаган махсус хонада амалга оширилади.
Шахсий текширув аэровокзал мажмуалари биносида жойлашган махсус хонада текширилаётган йўловчи ва бошқа шахслар билан фақат бир жинсли авиация хавфсизлиги хизмати назоратчилари томонидан амалга оширилади. Бир вақтнинг ўзида бир неча шахсларни текширувдан ўтказиш қатъиян ман этилади.
Шахсий текширув авиация хавфсизлиги хизмати назоратчиларининг камида икки нафар ходимидан иборат бўлган таркибда амалга оширилади. Шахсий текширувни якка тартибда амалга ошириш қатъиян ман этилади.
29. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажи назорат ўтказиш пунктида текширувдан ўтказилгандан сўнг авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчиси уларга аэровокзал мажмуаси биносига кириш учун рухсат беради.
5-боб. Аэропортлар олдидаги майдонларда хавфсизлик чораларини қўллаш
30. Аэровокзал мажмуалари биноларига кириш жойларига яқин келиб тўхташ учун фақат йўналишсиз ва йўналишли таксиларга рухсат этилади, шахсий автомобиллар ва жамоат транспорти йўловчиларни ва ташриф буюрувчиларни олиб кетиш ва олиб келиш учун мўлжалланган автомобиль тураргоҳи ва тўхташ жойларига йўналтирилади.
31. Эстакададан фойдаланиш учун йўловчи ташиш автотранспорт воситаларига рухсат берилади. Бунда енгил автотранспорт воситаларига эстакадада 5 дақиқагача ҳамда автобус ва микроавтобус автотранспорт воситаларига 10 дақиқагача тўхтаб туришга рухсат берилади.
32. Барча турдаги автотранспорт воситалари аэровокзаллар мажмуалари чегарасидан 30 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилади, эстакада ҳудуди бундан мустасно.
Эстакадада автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини назорат қилиш учун шлагбаум ва видеокузатув мосламалари ўрнатилади.
33. Хавфсизлик чораларини самарали таъминлаш мақсадида аэровокзаллар олдидаги майдонларда қуйидагилар амалга оширилади:
аэровокзаллар олдидаги ҳудудларда Ички ишлар вазирлиги ходимларининг махсус ўргатилган хизмат итлари билан катта ўлчамдаги предметларни қолдириш ёки яшириш мумкин бўлган заиф жойлар мунтазам равишда текширилади;
шубҳали хатти-ҳаракатларни аниқлаш, аэровокзаллар олдидаги майдонларга, кириш йўлларига тасвирлаш имконияти юқори бўлган шахсни аниқловчи видеокузатув воситалари ўрнатилади;
аэровокзал олдидаги майдонларда фавқулодда вазият юзага келган ҳолатларда автотранспорт йўллари тўсиб қўйилади;
автотранспорт воситаларининг тўпланишига йўл қўймаслик учун эстакада ва аэровокзал олдидаги майдонларда транспорт воситаларининг вақтинча тўхтаб туриш тартиби белгиланади.
6-боб. Якунловчи қоида
34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар
РЎЙХАТИ
Қуйидагилар аэровокзал мажмуалари биносига олиб кириш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:
а) портловчи моддалар, портлатиш мосламалари ва улар билан тўлдирилган нарсалар:
ҳар қандай ўрамда ва ҳар қандай миқдордаги ҳар хил порох моддалари;
ҳар қанақа ўқ-дорилар, жанговар патронлар (жумладан, кичик калибрли), газли қуролга патронлар, ов капсула (пистон)лари ва детонатор-капсулалар;
пиротехника воситалари: сигнал берувчи ва ёритувчи ракеталар, сигнал берувчи патронлар, ўтқазиладиган шашкалар, тутун ҳосил қилувчи патронлар (шашкалар), фейерверклар, портлатиш гугуртлари, бенгал мушаклари, темир йўл петардалари;
термо-гугуртлар ва овчи гугуртлари;
ҳар қандай турдаги ёндиргичлар учун ёнилғи қуйиш элементлари;
миналар, гранаталар ва бошқа ҳарбий портловчи мосламалар;
тротил, динамит, тол, аммонал ва бошқа портловчи моддалар;
капсулалар, детонаторлар, электрдетонаторлар ва электр аланга олдирувчилар, тез портлатадиган ва олов ўтказувчи шнур, қора порох ва пластикли портловчи моддалар;
б) сиқилган ва суюлтирилган газлар:
маиший фойдаланиш учун газлар (бутан-пропан) ва бошқа газлар, асабни фалаж қиладиган ва кўзни ёшлантирувчи таъсирга эга бўлган газ баллончиклари;
в) енгил алангаланувчи суюқликлар:
ацетон, бензин, енгил алангаланадиган нефть маҳсулотлари намуналари, метанол, метилацетат (метил эфири), сероуглерод, эфирлар, бошқа барча енгил алангаланувчи суюқликлар;
г) ёнувчи қаттиқ моддалар:
сув таъсирида иссиқлик ва ёнувчан газлар чиқарадиган моддалар, бунда ўз-ўзидан ёниш ва ёнғин вужудга келиши мумкин бўлган: калий, натрий, металл кальций ва уларнинг қотишмалари, фосфоритли кальций ва бошқалар, шунингдек, оқ, сариқ ва қизил фосфор ва алангаланадиган қаттиқ моддалар тоифасига кирадиган барча бошқа моддалар, органик пероксидлар;
доналанган (гранулаларда) ёки парчаланган, қуруқ ёки нам, таркибида 25 фоиздан кам сув ёки эритувчи бўлган коллоид нитроцеллюлоза;
таркибида 30 фоиздан кам эритувчи ёки сув бўлган қуруқ ёки нам нитроцеллюлоза;
бўлакларда, ҳўл, 25 фоиздан кам бўлган спиртни ўз ичига олган коллоид нитроцеллюлоза;
30 фоиздан кам бўлган эритувчи ёки 20 фоиз сувдан иборат қуруқ ёки нам нитроцеллюлоза;
д) заҳарли, радиоактив ва заҳарловчи моддалар:
ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ёки қаттиқ ҳолдаги кучли таъсир қиладиган ҳар қандай заҳарли, радиоактив ва заҳарловчи моддалар: бруцин, никотин, стрихнин, тетрагидрофурфурил спирти, антифриз, тормоз суюқлиги, этиленгликоль, симоб, синил кислотаси барча тузлари ва цианид препаратлари;
циклон, цианплав, маргимушли ангидрид ва бошқа барча кучли таъсир этувчи заҳарли ёки заҳарловчи моддалар;
кимёвий моддалар, газлар ва аэрозоллар, одамни ишдан чиқарадиган ва меҳнатга лаёқатсизликка олиб келадиган аэрозоллар, мейс, қалампир гази ёки қалампир аэрозоли, кўз ёши келтирувчи газ, кислотали аэрозоллар ва ҳайвонларни қўрқитиш учун аэрозоллар;
е) ўювчи ва коррозиялантирувчи моддалар:
кучли ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот ва бошқа кислоталар, шунингдек, фторист-водородли (шишани ўйиш кучига эга бўлган) кислота ва бошқа кучли кислоталар ва коррозиялантирувчи моддалар;
ж) барча турдаги ўқотар, газ, пневматик, совуқ ва механик қуроллар:
тўппончалар, револьверлар, милтиқлар, карабинлар ва бошқа ўқ отувчи газли, пневматик қурол, ўқ отувчи қурол эҳтиёт қисимлари, сиқилган ҳавода ёки карбонат ангидрид газида (СО 2) ишловчи пневматик қурол, шу жумладан, тўппончалар, пулкалар билан отиш учун тўппончалар, шариклар билан отувчи тўппончалар ва милтиқлар, электр шок мосламалари, арбалетлар, сув ости овлари учун милтиқлар, найзалар, найза-пичоқлар;
з) вақтинча ишдан чиқариш ёки иммобилизация қилиш учун махсус мўлжалланган воситалар, шу жумладан:
фалаж ҳолатга олиб келадиган тўппончалар (масалан, тазер) ва зарба берувчи полиция таёқчалари;
и) тан жароҳати етказиш мумкин бўлган асбоб-ускуналар:
тан жароҳати етказиши мумкин бўлган ўткир тиғли ёки қиррали буюмлар, болталар, чопқилар ва гўшт кесадиган пичоқлар, муз тешиш учун музўяр болталар ва дасталар, пичоқлар, қайчилар, якка шарқ жанг санъати курашларида ишлатиладиган ўткир тиғли ва қиррали қилич ва шамширлар;
жиддий тан жароҳати етказиш учун ишлатиладиган асбоблар, ломлар, дреллар ва бурғулар, қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган асбоблар, отверка, стамеска, арра ва мих қоқадиган тўппончалар;
к) зарба вақтида жиддий жисмоний шикаст етказиш учун ишлатилиши мумкин бўлган тўмтоқ учли бўлган буюмлар:
бейсбол ва софтбол ўйини биталари, қисқа, узун ва тунги (ёритишли) ҳар хил турдаги полиция таёқчалари, якка шарқ жанг санъатида ишлатиладиган буюмлар.
Юқорида номлари келтирилган моддалар ва нарсалар белгилари остига тушадиган куйдириш, портлатиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган ёки аэровокзал мажмуалари биноси ичидаги шахслар ҳаётига хавф солувчи бошқа барча моддалар ва нарсалар.
Ҳаво кемаси бортида олиб кетиш мумкин бўлган, юқорида номлари келтирилган моддалар ва нарсалар, истисно тариқасида, фақат учиб кетувчи йўловчиларга, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўқотар қуролларни олиб юриш ва олиб кетишга тегишли рухсати бор шахсларга аэровокзал мажмуалари биносига ушбу модда ва нарсаларни олиб кириш учун рухсат этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарорига
2-ИЛОВА
Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни қўл юки ва багажни кўздан кечириш ҳамда уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом билан белгиланган тартиб чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган чегара олди темир йўл вокзалларига (станцияларига) нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
багаж — йўловчига тегишли бўлган, багаж вагонида ташиш учун йўл ҳужжати (чипта) бўйича қабул қилинадиган буюмлар;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
йўловчи — темир йўл транспортида сафар қилиш учун йўл ҳужжати (чипта)га эга бўлган жисмоний шахс;
йўловчилар платформаси (перрони) — станцияларда ёки тўхташ шохобчаларида йўловчиларнинг вагонларга қулай ва хавфсиз ўтиши, уларнинг вагонларга чиқиши ва тушиши учун қулайлаштирилган майдонча;
йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар — ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар ва юклар;
кўздан кечириш — махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, ташриф буюрувчилар ҳамда йўловчилар учун йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган, ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашга қаратилган тадбирлар мажмуаси;
кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар — Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти, Миллий гвардия ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари;
махсус техник воситалар — кўздан кечириш ва назоратни амалга ошириш учун мўлжалланган махсус-техник қурилмалар ва мосламалар (интроскоплар, турғун ва қўл металл детекторлари, портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар, видеокузатув, шу жумладан, қидирувдаги шахсни ва автотранспорт воситасини аниқловчи видеокузатув тизимлари ва бошқалар);
назорат қилинадиган ҳудуд — кўздан кечириш амалга оширилгандан кейинги темир йўл вокзали (станцияси) ҳудуди;
ноқонуний аралашиш ҳаракати — темир йўл транспортининг хавфсиз фаолиятига таҳдид соладиган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, моддий зарар етказадиган ёхуд бундай оқибатлар юзага келиш хавфини келтириб чиқарадиган ҳуқуққа зид ҳаракат (ҳаракатсизлик);
ташриф буюрувчилар — йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчи, вокзал маъмурияти қабулига келган шахслар;
темир йўл вокзали — йўловчиларга хизмат кўрсатиш, поездлар ҳаракатини бошқариш ва хизмат ходимларини жойлаштириш учун мўлжалланган темир йўл станцияси инфратузилмаси;
шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатлар (фақат ушбу Низом мақсадлари учун) — паспорт ёки шахсни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат, яъни шахсни идентификацияловчи ID-карта, ҳарбий гувоҳнома, туғилганлик ҳақида гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет эл фуқаросининг яшаш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилуви органлар ходимларининг хизмат гувоҳномалари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қўл юки — йўловчининг вазн ва ўлчовлар бўйича чекловлар мавжуд бўлган, ўзи билан йўловчилар вагонида тўловсиз олиб юрадиган шахсий буюмлари.
(2-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
2-боб. Темир йўл вокзалларида (станцияларида) ҳамда вокзал олдидаги ҳудудларда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалар
3. Қуйидагилар темир йўл вокзаллари (станциялари) ҳамда вокзал олдидаги ҳудудларда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалар ҳисобланади:
а) ахборот хизматларини кўрсатиш;
б) йўловчилар ва расмий делегациялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) узоқ муддат дам олиш хоналарига ҳамда оналар ва болалар хоналарига жойлаштиришни ташкил этиш, шу жумладан темир йўлнинг айби билан ва бошқа фавқулодда вазиятда йўловчи поездлари ҳаракатида узилишлар юз берган ҳолларда йўловчиларни кутиш залларига жойлаштириш, уларнинг овқатланишини ва уларга ахборот берилишини ташкил этиш;
(3-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
г) юк ташувчилар томонидан аравачаларда пулли ва бепул арава хизматлари кўрсатилишини ташкил этиш;
д) юк сақлаш хоналари мавжуд вокзалларда юк сақлаш хизматларини кўрсатиш;
е) багаж ва қўл юкини ташишнинг белгиланган қоидаларига риоя этишни назорат қилиш;
ж) йўловчилар учун поездларга ўтишнинг хавфсиз йўналишларини таъминлаш;
з) йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездларига хавфсиз чиқиб-тушишини таъминлаш;
и) темир йўл вокзали (станцияси)да сервис хизматларини яхшилаш ва кенгайтириш;
к) имконияти чекланган йўловчилар, уюшган гуруҳлар, шу жумладан, болалар гуруҳлари, спорт, ҳарбий командаларнинг вагонларга чиқиши-тушиши ва темир йўл вокзалида бўлиши учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитларни таъминлаш;
л) транспорт ҳодисалари, ёнғинлар ва ҳалокатлар, атроф муҳитга зарарли биологик таъсирнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудида бўлиш даврида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳамда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ишларини ташкил этиш;
м) вокзал мажмуаси объектларини, темир йўл вокзали (станцияси) ходимларини, йўловчилар, ташриф буюрувчилар ва бошқа шахсларни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилишни таъминлаш.
3-боб. Кўздан кечиришнинг умумий қоидалари
4. Кўздан кечиришнинг умумий қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:
а) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни кўздан кечиришнинг мақсад ва қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва вазифалари, йўловчиларга мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ рўйхат бўйича йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида хабардор қилиш. Қўл юки ва багажни ташишда йўловчиларга қўйиладиган талаблар баланд овозли алоқа воситалари орқали, шунингдек, темир йўл кассаларида йўл ҳужжатларини (чипталарни) сотишда эълон қилинади. Кўзга кўринарли жойларда йўловчиларга темир йўл поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисидаги ахборот осиб қўйилади;
б) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш жараёнида махсус техник воситаларни самарали қўллаш, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланиш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш;
в) йўловчиларга йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ноқонуний ташилишини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш;
г) кўздан кечирилган ва назорат ҳудудига қўйилган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кўздан кечиришдан ўтмаган учинчи шахслар билан муомала қилишини чеклаш;
д) темир йўл вокзалларига (станцияларига) ташриф буюрувчиларнинг соддалаштирилган ҳолда (шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз) фақат вокзал биносига кириб-чиқишини таъминлаш. Йўловчилар платформасига (перронга) фақат йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳамда ҳаракатланиши чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан ўтишларини таъминлаш, йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, йўл ҳужжатида (чиптада) кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлмаган шахсларнинг йўловчилар платформасига (перронга) ва йўловчи ташиш вагонларига киришига йўл қўймаслик.
Бунда ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни бевосита кузатувчи шахслар йўловчилар платформасига (перронга) ўтишлари учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари лозим.
Ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кутиб олувчи шахслар йўловчилар платформасига (перронга) ўтишлари учун вокзалга (станцияга) кириб келаётган йўловчи ташиш поездининг поезд бошлиғи томонидан берилган, поездда ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчи борлиги ва унинг тўлиқ маълумотлари (фамилияси, исми, отасининг исмини, вагон тартиб рақами ва вагондаги жойлашган жойи рақами) кутиб олувчи берган маълумотлар билан тўғри келган тақдирда, киришлари мумкин бўлади.
Поезд бошлиғи йўловчи ташиш поездининг ҳаракати давомида, йўловчилар орасидан ҳар бир ҳаракатланиши чекланган, бемор ёки кекса ёшдаги йўловчилар тўғрисидаги маълумотларни йиғиб, йўловчиларнинг бориш манзилларига қараб энг қулай алоқа воситалари ёрдамида олдиндан жойига бериб бориши лозим бўлади;
е) фавқулодда вазиятни бартараф этиш (тугатиш) бўйича хизмат бурчларини бажариши билан боғлиқ вазифаларни ҳал этаётганда уларга кўмаклашиш.
5. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан кўздан кечиришдан ўтиш ёки қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этиш рад этилган тақдирда, ушбу шахслар назорат ҳудудига қўйилмайди.
4-боб. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар:
а) назорат қилинадиган ҳудудга кирган йўловчилар ва ташриф буюрувчилардан ушбу Низом талабларини сўзсиз бажаришни талаб қилиш;
б) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида улар тўғрисидаги маълумотларни верификация қилиш имконини берадиган ускуналардан фойдаланиш;
в) назорат ҳудудига кирган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни кўздан кечириш жараёнида аниқланган, йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездларида ташиш тақиқланган қўл юки ва багаж шаклидаги хавфли моддалар ва буюмларни Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари томонидан олиб қўйиш баённомасини тузиб, нусхасини йўловчининг қўлига берган ҳолда белгиланган тартибда олиб қўйиш;
г) ноқонуний аралашиш ҳаракатини ёки бошқа жиноий ҳаракатларни содир этиш ниятидаги шахсларга хос бўлган бир қанча ўзини тутиш белгилари бўйича потенциал хавфли шахсларни аниқлаш мақсадида кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар билан психологик сўров шаклида (қисқа саволлар ёрдамида) суҳбат ўтказиш;
д) Ички ишлар вазирлигининг ахборот-излаш маълумотлар базалари ҳамда вокзаллардаги (станциялардаги) мавжуд интеллектуал видеокузатув тизимлари ёрдамида шубҳали шахсларни қидириш;
е) фуқаровий ва хизмат қуролини ташувчи шахслар томонидан қурол-яроғ, ўқ-дориларни ташишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилиш;
ж) зарурат бўлганда, назорат қилинадиган ҳудуднинг ҳамма жойида Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш ҳуқуқига эга.
7. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар:
а) ушбу Низом, темир йўлда йўловчилар ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг бошқа норматив талабларига риоя қилишга;
б) кўздан кечирилаётган шахсларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймасликка;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) кўздан кечирилаётган шахсларга ўзларида бўлиши мумкин бўлган йўловчи поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни ихтиёрий равишда кўрсатишни таклиф этишга;
(7-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
г) кўздан кечириш сабабли йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг асоссиз равишда ушланиб қолинишига йўл қўймасликка;
д) қоида бузилишига барҳам бериш чораларини кўришга;
е) кўздан кечиришдан бош тортган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни назорат қилинадиган ҳудудга қўймасликка;
ж) йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашнинг зарур кўникмаларига эга бўлишга;
з) табиий ва техноген тусдаги авариялар, ҳалокатлар, ёнғин ёки табиий офатлар юз берган тақдирда, жабрланганларни қутқариш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, махсус қутқарувчи хизматларни чақириш чораларини кўришга;
и) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузишга мажбурдирлар.
8. Кўздан кечириш жараёнида назорат қилинадиган ҳудудга йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли модда ва буюмларни олиб ўтиш эҳтимоли бўлган ёки олиб ўтилишига йўл қўйган, хизмат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган, шунингдек, кўздан кечирилаётган шахсларнинг хизмат ваколатлари оширилганлиги учун шаъни ва қадр-қимматини камситишга олиб келган айбдор, кўздан кечириш бўйича ваколатли ходимлар, йўл қўйилган қоида бузилишининг оғирлигига қараб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
5-боб. Кўздан кечириш тартиби
9. Назорат қилинадиган ҳудудга киришдан олдин ҳар бир йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажларини кўздан кечириш (зарурат бўлганда шахсий кўздан кечирилиши) вокзал олдидаги майдонда махсус жиҳозланган назорат ўтказиш пунктларида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ва Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари томонидан амалга оширилади.
10. Назорат ўтказиш пункти:
йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни ҳамда уларнинг қўл юкини, багажларни кўздан кечириш учун махсус техник воситалар, хусусан:
қўл юки ва багажни кўздан кечириш учун рентген-телевизион ускуналар (интроскоплар);
турғун металл детекторлар;
қўл металл детекторлари;
портловчи моддаларнинг буғ қолдиқлари зарраларини аниқлаш учун детекторлар;
тезкор алоқа воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
11. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажи эгасининг иштирокида кўздан кечирилади.
12. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар назорат ўтказиш пунктида махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланилади.
Шахсларни ва уларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:
а) темир йўл вокзали (станцияси) назорат ҳудудига кирувчи йўловчилар ва ташриф буюрувчилар вокзал олдидаги ҳудудларда ташкил этилган, махсус техник воситалар билан жиҳозланган умумлаштирилган назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтадилар, бу ерда уларга мавжуд металл буюмлар, йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар томонидан ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар, шунингдек, ўзга шахсларнинг ташиш учун берилган ашёлари (жўнатмалар, бандероллар, тугунлар, пакетлар ва шу кабилар) тўғрисида маълумот бериш таклиф этилади;
б) кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кийимидаги мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фольгали пачкалардаги сигаретлар, тангалар ва шу кабиларни) белгиланган идишга қўйиш ва йўловчиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймай, уларга навбати билан турғун металл детектор орқали ўтиш таклиф этилади, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детектор қўлланилади, у бўлмаганда эса — белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилади. Сиртга туртиб чиққан, бироқ кўз билан йўловчининг кийимида кўринмайдиган ва металл детекторнинг ишлаб кетишига олиб келадиган буюмлар кўздан кечириш ваколати берилган ходимнинг талаби бўйича кўрикдан ўтказиш учун чиқарилиши талаб этилади. Багаж ва қўл юки интроскопдан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказилади. Зарур ҳолларда, қўл юки ва багаж махсус қўшимча ускунадан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади;
в) кўздан кечириш жараёнида йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар томонидан ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, интроскоп оператори тегишли чоралар кўриш учун дарҳол Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимини хабардор қилади;
г) ногабарит буюмлар, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўлидаги устки кийимлар ва ичида нималар борлигини интроскоп экранидаги сояли тасвир бўйича аниқлаб бўлмайдиган қўл юки шахсан кўздан кечирилади;
д) қидирувдаги шахсларни излаш ва ушлаш темир йўл вокзалларидаги (станциялардаги) мавжуд интеллектуал видеокузатув тизимлари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахсларни ахборот-излаш маълумотлар базалари ёрдамида амалга оширилади.
Қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечиришдан ўтказиш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахсларни аниқлик киритиш мақсадида паспортга оид маълумотлари ҳам текширилади ва шахсий кўздан кечириш кўригидан ўтказилади;
е) техник сабабларга кўра интроскопдан ёки турғун металл детектордан фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳолатларда шахсларни, шунингдек, уларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш шахсан кўздан кечириб чиқиш йўли билан қўлда ишлатиладиган металл детектор ёрдамида амалга оширилади.
13. Қўл юки сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радиоэлектрон аппаратлар, дурбинлар умумий асосларда кўздан кечирилади.
14. Радио, теле, аудио ва видео-техника, шахсий компьютерлар, планшетлар ва бошқа электрон воситалар рентген-телевизион ускуна (интроскоп) орқали текширилади.
15. Яширин тарзда ташиш учун буюмлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ашёларни кўздан кечиришда:
а) уяли телефонлар ва шу каби электрон асбоб-ускуналарнинг ишлаш қобилияти текширилиши;
б) ғилофлар, жилдлар кўздан кечирилиши, қувватлантириш блоклари, кассета ғилофлари, шунингдек, плёнкали камералар очилиши ва текширилиши (аппаратларни ўчириш, қувватлантириш блоки қопқоғини ва кассета ғилофларини очишни буюмнинг эгаси амалга оширади);
в) суюқликлар солинган идишлар ва термослар кўздан кечирилиши;
г) габаритига кўра махсус техник воситалар ёрдамида текшириб бўлмайдиган мусиқа ва бошқа асбоблар текширилганда, уларнинг ғилофлари олиб ташланиши, жилдлари очилиши ва улар силкитиб кўрилиши зарур.
16. Юрак фаолиятини таъминловчи имплант аппаратларига эга бўлган шахслар махсус техник воситалар қўлланилмасдан қўлда ёки шахсан кўздан кечирилади.
17. Тиббиёт пунктидаги йўловчилар, уларга ҳамроҳлик қилувчи ҳамда бошқа шахслар кўздан кечириш учун масъул бўлган махсус ажратилган ходимлар томонидан кўздан кечирилади. Бундай шахсларни кўздан кечириш ва уларнинг ўзга шахслар билан алоқасини чеклаш масъулияти тиббиёт пункти ходимларига юкланади ва бу ҳақда улардан тилхат олиб эълон қилинади.
18. VIP-мақомга эга бўлган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар ушбу залларнинг назорат ўтказиш пунктларида кўздан кечиришдан ўтади.
19. Йўловчи ташиш вагонларида уй ҳайвонлари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни ташийдиган йўловчилар тегишли ветеринария маълумотномаларига, шунингдек, улар ташиладиган қафаслар ёки бошқа мосламаларга эга бўлиши керак.
20. Кўздан кечириш назоратидан ўтилгандан кейин йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга уларнинг қўл юки, багажи қайтарилади.
Йўловчида қурол билан, уни сақлаш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномаси (фақат фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) мавжуд бўлган тақдирда, йўл ҳужжатига (чиптага) «Қурол» деган қўшимча белги (штамп) қўйилади. Мавжуд қурол, унинг ўқ-дорилари ва уларнинг сони ёзма равишда белгининг (штампнинг) ичига ёзиб қўйилади.
Йўл чипталарини электрон шаклда веб-сайт ёки мобил илова орқали харид қилиб олган йўловчиларда қуроли борлиги тўғрисидаги белги (штамп) лента шаклидаги махсус елимлагичга (стикер) қўйилади.
21. Йўловчилар платформасига (перронга) ва йўловчи ташиш поездига йўловчи бўлмаган, йўл ҳужжатида (чиптада) кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлмаган шахсларнинг чиқиши қатъиян тақиқланади (шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда, ҳаракатланиши чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахслар бундан мустасно).
22. Кўздан кечиришдан ўтиш вақти йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездига чиқишга кечикиши учун шарт-шароитлар яратмаслиги зарур.
Бунда кўздан кечириш вақтини қисқартириш мақсадида кўздан кечириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга йўл қўйилмайди.
6-боб. Шахсий кўздан кечириш
23. Қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечириш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахслар махсус жиҳозланган хоналарда иккита холис иштирокида қуйидаги ҳолларда шахсий кўздан кечирилади:
а) тайёрланаётган ноқонуний аралашиш ҳаракати тўғрисида хабар келганда;
б) кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларда йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги тўғрисида хабар олинганда;
в) кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланганда;
г) кўздан кечириш ваколатига эга бўлган ходимлар томонидан шахсан кузатиш йўли билан кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг ўзини шубҳали тутиши ва хатти-ҳаракатлари белгилари, унинг ғаразли ниятларидан далолат берувчи ёки йўловчи ташиш поездларида йўловчилар томонидан қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи белгилар аниқланганда;
д) интеллектуал видеокузатув тизимлари орқали Ички ишлар вазирлигининг қидирувдаги шахсларни ахборот-излаш маълумотлар базалари ёрдамида қидирувдаги шахс аниқланганда.
24. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289-моддасига мувофиқ ва йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш учун зарур бўлган доирада шахсий кўздан кечирилади.
7-боб. Махсус юкларга, махсус почтага ва соқчилар назорати остидаги шахсларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларни, ҳарбий хизматчилар, мерган спортчилар, овчилар, геологлар ва қурол сақлаш ва ташиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа йўловчиларни кўздан кечириш тартиби
25. Темир йўл транспортида ташиладиган махсус юклар, махсус почта ва расмий хат-хабарлар ҳамда уларни кузатиб борувчи вазирлик ва идораларининг қуролланган ходимлари, шунингдек, ички ишлар органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларнинг уларни кузатиб борувчи ходимлари, фельдегерлик ва махсус алоқа ходимлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида уларга тенглаштирилган, дипломатик мақомга эга бўлган йўловчилар томонидан кузатиб бориладиган хорижий ва халқаро ташкилотларнинг бошқа расмий хат-хабарлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин кўздан кечирилмайди ва ушлаб турилмайди.
26. Қуролланган ходимлар томонидан кузатиб бориладиган махсус юклар ва почтани ортиш, шунингдек, қуролланган ходимларни ва соқчилар назорати остидаги шахслар поездга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чиқарилади.
27. Махсус юклар ва махсус почтада йўловчи ташиш поездларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлмаслиги керак. Ушбу қоидалар бузилганлиги учун белгиланган тартибда жўнатувчи жавобгар бўлади.
28. Тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, қурол сақлаш ва ташиш ҳуқуқига эга бўлган мерган спортчилар, овчилар, геологлар ва бошқа йўловчиларга тегишли бўлган фуқаро қуроли ва аслаҳалари сафар даврида йўловчининг ёнида, бегона шахсларнинг кўриши ва уларни эркин олиши имкониятини истисно этиш мақсадида қурол ташиш жилдларида, қинларда ёки махсус ғилофларда ўқсизлантирилган ҳолатда ўқ-дориларидан алоҳида ташиш талаб этилади.
29. Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчиларга хизмат кўрсатишга жалб этилган ходимлар, прокуратура, ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва назорат органлари ходимлари ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда кўздан кечирилади.
8-боб. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартиби
30. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар фақат белгиланган тартибда амалга оширилган кўздан кечиришдан ўтганларидан кейин темир йўл вокзалининг (станциясининг) назорат қилинадиган ҳудудига ўтадилар.
VIP тоифали вагонларга йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилади.
Йўловчилар платформасига (перронига) ва йўловчи ташиш поездига йўл ҳужжатларига (чипталарига) эга бўлган йўловчилар ҳамда ҳаракати чекланган бемор ёки кекса ёшдаги йўловчиларни кузатувчи ва кутиб олувчи шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этган ҳолда ўтадилар.
31. Кўздан кечириш тартиботларидан ўтгандан кейин йўловчилар ва ташриф буюрувчилар темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудида кўрсатиладиган барча хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Назорат қилинадиган ҳудудга кириш жойида ва ҳар бир қабул қилиш-жўнатиш йўллари платформаларида йўловчиларга қулай бўлиши учун темир йўл вокзали (станцияси) маъмурияти томонидан темир йўл вокзали ва вокзал олдидаги ҳудудда (шу жумладан, автотураргоҳи ҳудудида) бепул асосда фойдаланишга аравачалар билан таъминланади ёки юк ташувчи ёрдамида пулли хизмат кўрсатиш ташкил этилади.
32. Йўловчи бўлмаган ташриф буюрувчилар кўздан кечиришдан ўтгандан кейин темир йўл вокзалининг (станциясининг) назорат қилинадиган ҳудудига (йўловчилар платформаси/перрондан ташқари) ўтадилар.
33. Хизмат зарурати бўйича келган тегишли ташкилот ходимлари кўздан кечиришдан ўтгандан кейин назорат қилинадиган ҳудудга ўтиш ҳуқуқига эга.
9-боб. Йўловчилар ва бошқа шахсларнинг темир йўлдан ўтишда, вагонга чиқиш ва ундан тушишдаги ҳаракати тартиби
34. Темир йўл вокзалида (станциясида) бўлган йўловчи, ташриф буюрувчи ва бошқа шахслар темир йўлдан фақат бунинг учун белгиланган ва жиҳозланган жойларда ўтишади.
35. Ногиронлик аравачасидаги йўловчилар ва бошқа шахсларнинг темир йўлдан ўтиши учун фақат пиёдалар ўтиш йўллари орқали ва кузатувчи билан йўл қўйилади.
36. Темир йўлда ва йўловчилар платформаларида бўлиш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва саломатликни сақлаш мақсадида қуйидагилар тақиқланади:
а) йўловчилар платформаси ва темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби тагига кириш, вагонлар ўртасидаги автоматик улагичлардан ошиб ўтиш;
б) темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан ўтиш, поездлар ҳаракатини бузишга олиб келиши мумкин бўлган буюмларни темир йўлга қўйиш;
в) йўловчилар платформаси четидаги чегараловчи линияларга ўтиш, келаётган ёки жўнаётган поездларнинг ёнида йўловчилар платформасида югуриш;
г) турли ҳаракатли ўйинлар ўйнаш, болаларни қаровсиз қолдириш (болали шахслар учун);
д) темир йўл транспорти тўлиқ тўхтагунга қадар вагонларга яқинлашиш, поезд юриб бораётганда вагонга чиқиш ва (ёки) тушиш, вагонлар деразалари ва тамбурлар эшикларидан бош чиқариш, йўловчилар платформасидан темир йўлга сакраш;
е) белгилар, кўрсаткичлар ёки бошқа ахборот манбалари бор бўлган жисмларга шикаст етказиш, ифлос қилиш, тўсиб қўйиш, уларни олиб ташлаш, мустақил равишда ўрнатиш, темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларига, шу жумладан, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркибига зиён етказиш;
ж) турган вагонга суяниш, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби томига чиқиш, вагонлар эшикларининг автоматик очилиши ва ёпилишини тўхтатиб туриш, темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби ҳаракатига халақит бериш;
з) зинапояларда ва ўтиш майдончаларида туриш, тиргакларга ҳамда боғловчи тармоқларнинг махсус конструкцияларига, ҳаво линияларига ва сунъий қурилмаларга чиқиш, тиргаклардан ҳамда боғловчи тармоқларнинг махсус конструкцияларидан ва электр узатиш ҳаво линияларидан ўтадиган симларга қўл теккизиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
и) чекиш учун мўлжалланмаган жойларда чекиш, вокзал ҳудудида ва платформаларда (перрон), йўловчи поездларида алкоголли ичимликлар, токсик ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб маст ҳолатда бўлиш;
(36-банднинг «и» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
к) экилган ҳимоя дарахтларига, қордан ҳимоя қилувчи тўсиқларга ва бошқа йўл объектларига, сигнал берувчи қурилмалар ва алоқа иншоотларига шикаст етказиш;
л) санитария нормалари, гигиена қоидалари ва нормативларини бузиш, поездлар вагонларидан ахлатлар ва бошқа буюмларни ташқарига ташлаш;
м) назорат қилинадиган ҳудудда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, жамоат тартиби қоидаларини бузиш;
н) тегишли ўрамаларсиз ёки ғилофларсиз фуқароларни жароҳатлаш мумкин бўлган моддалар ва буюмларни ўзи билан олиб юриш.
37. Йўловчилар ва бошқа шахслар темир йўлда ва йўловчилар платформаларида бўлганда:
а) темир йўл вокзали (станцияси) маъмурияти, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимларини темир йўлдаги мавжуд халақит берувчи тўсиқлар ва бошқа шубҳали буюмлар, шунингдек, темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудидаги бегона ва (ёки) унутиб қолдирилган буюмлар тўғрисида хабар беришлари;
б) темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркиби яқинлашаётганда вужудга келадиган ҳаво оқимининг таъсири бўлмайдиган масофага бориб туришлари;
в) темир йўлнинг ҳаракатланувчи таркибини шошилинч тўхтатиш талаб қилинадиган вазиятлар юзага келган ҳолларда, мумкин бўлган усул билан сигнал беришлари;
г) перронга чиқишда, вагонга кириш ва вагондан тушишда (болали шахслар учун) болаларнинг қўлидан ушлаш ёки қўлда кўтариб олишлари;
д) вагонларга фақат поезд тўлиқ тўхтаганда бошқа фуқароларга халақит бермасдан, фақат йўловчилар платформаси томонидан (темир йўл станцияларида махсус ажратилган ва мослаштирилган жойларда) киришлари ва (ёки) тушишлари керак.
10-боб. Якунловчи қоида
38. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Йўловчи поездларида ташиш тақиқланган ва чекланган хавфли моддалар ва буюмлар
РЎЙХАТИ
(илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қуйидагилар йўловчи поездларида қўл юки ва багаж сифатида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:
(биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 июндаги 317-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)
а) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги ўқ-отар ва тиғли қуроллар:
тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар, бошқа ўқ-отар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари;
арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар;
б) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги портловчи моддалар ва улар билан тўлдирилган буюмлар, портлатиш воситалари:
ҳар қандай ўрамдаги барча ов порохлари;
ов капсулалари (пистонлари) ва капсула-детонаторлар;
пиротехника воситалари: сигналли ва ёритувчи ракеталар, посадкали шашкалар, тутун чиқарувчи патронлар;
динамит, тол, аммонал, тротил ва бошқа портловчи моддалар;
в) сиқилган ва суюлтирилган газлар;
г) тез ёнувчан қаттиқ моддалар:
сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газ чиқарадиган, натижада ўзидан ўзи ёнадиган ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар: калий, натрий, металли кальций ва уларнинг қотишмалари, кальций, фосфорит ва бошқалар;
оқ, сариқ ва қизил фосфор ҳамда тез ёнувчан қаттиқ моддалар тоифасига тегишли бўлган бошқа барча моддалар;
органик пероксидлар;
донадор ёки парча-парча, қуруқ ёки нам, таркибида камида 25 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган коллоид нитроцеллюлоза;
қуруқ ва нам, таркибида камида 30 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган нитроцеллюлоза;
д) тегишли рухсатнома берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар:
ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ва қаттиқ ҳолатдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қиладиган ва заҳарловчи моддалар;
бруцин;
никотин;
стрихнин;
тетрагидрофурфурил спирти;
этиленгликоль;
симоб;
цианид кислотанинг барча тузлари ва цианид препаратлар;
циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қиладиган, заҳарли, заҳарловчи моддалар;
е) герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар:
кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот кислоталари ва бошқа кислоталар;
фторли-водород (шишани ўйиш қобилиятига эга бўлган) кислотаси ва бошқа кучли кислоталар ва емирувчи моддалар;
ж) божхона қоидаларига ва бошқа қоидаларга кўра ташишга йўл қўйилмайдиган буюмлар.
Қуйидаги чекланган миқдорлардаги маиший мақсадда фойдаланиладиган моддалар ва буюмларни эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда, қўл юки ва багажда йўловчи ташиш поездларида ташишга рухсат берилади ва улар кўздан кечиришда олиб қўйилмайди:
сирка (битта йўловчига 0,5 литрдан кўп эмас);
алкоголли ичимликлар;
хизмат мақсадларида ташиладиган спирт тамға рақами кўрсатилган ҳолда, корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган, герметик ёпилган ва тамғаланган идишларда икки литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташилади;
герметик идишда ва ўрамда ташиладиган тез алангаланадиган суюқликлар;
ацетон;
нефть маҳсулотлари намуналари;
металацетат (метил эфири);
углерод сульфид;
эфирлар;
пардоз-андоз воситалари, шу жумладан, тирноқ учун лаклар, лакларни кўчириш учун суюқликлар, соч учун суюқликлар, шунингдек, спирт-лак асосидаги ҳавони тозаловчи суюқликлар;
газли зажигалкалар ва зажигалкалар учун газли баллончалар (битта йўловчига 2 та баллончадан ортиқ эмас);
буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қайирма пичоқлар;
симобли тиббиёт термометрлари (градусниклар) (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);
стандарт ғилофдаги симобли тонометрлар (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);
жўнатувчининг тамғаси билан махсус герметик контейнерларда жойлаштирилган симобли барометрлар ва манометрлар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарорига
3-ИЛОВА
Автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни, қўл юки ва багажни кўздан кечириш ҳамда уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиши тартибини белгилайди.
2. Автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудига йўловчилар ва бошқа шахслар назоратдан ўтказиш орқали киритилади.
3. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар мазкур Низомга иловада назарда тутилган хавфли моддалар ва буюмларни автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудига олиб кириши ва уларни автотранспорт воситаларида ташишлари тақиқланади.
4. Мазкур Низом автовокзалларнинг тоифалари ва автостанцияларнинг классларини аниқлаш мезонларига нисбатан татбиқ этилади.
5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
автовокзал (автостанция) — транспорт-экспедиция, ташиш фаолиятини амалга оширувчи ва йўловчиларга бошқа хизматлар кўрсатувчи ташкилот;
багаж — жўнатиш учун идишга жойланган ва йўловчи томонидан автобусда олиб кетиладиган буюмлар;
йўловчи — тузилган ташиш шартномасига мувофиқ ташиш хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;
йўловчилар платформаси (перрон) — автовокзал (автостанция)ларда ёки бекатларда йўловчиларнинг автобусларга қулай ва хавфсиз ўтиши, чиқиши ва тушиши учун мўлжалланган майдонча;
автовокзал (автостанция)лар орқали автобусларда ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар — ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар ва юклар;
махсус техник воситалар — кўздан кечириш ва назоратни амалга ошириш учун мўлжалланган махсус техник қурилмалар ва мосламалар (турғун ва қўл металл детекторлари, видеокузатув, шу жумладан, қидирувдаги шахсни ва автотранспорт воситасини аниқловчи видеокузатув тизимлари ва шу кабилар);
назоратдан ўтказиш — махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, йўловчилар йўловчи ташиш транспорт воситаларида қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган, ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашга мўлжалланган тадбирлар мажмуаси;
назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар — автовокзал (автостанциялар) раҳбарияти томонидан назоратдан ўтказиш ваколати берилган назоратчилар ёки ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимлари;
назорат қилинадиган ҳудуд — назорат амалга оширилгандан кейинги автовокзал (автостанция) ҳудуди;
ноқонуний аралашиш ҳаракати — автомобиль транспортининг хавфсиз фаолиятига таҳдид соладиган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, моддий зарар етказадиган ёхуд бундай оқибатлар келиб чиқиши хавфини яратган ҳуқуққа зид ҳаракат (ҳаракатсизлик), шу жумладан, террорчилик ҳаракати;
ташриф буюрувчилар — йўловчиларни кутиб олувчи ва кузатувчи, автовокзал (автостанция) маъмурияти қабулига келган шахслар;
шахсни тасдиқловчи ҳужжат — паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд шахсни тасдиқлайдиган бошқа «QR» кодли ҳужжат;
қўл юки — йўловчи томонидан бепул ташиладиган ва ташиш учун идишга жойланган буюмлар.
2-боб. Автовокзаллар (автостанциялар) ҳудудида йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалари
6. Қуйидагилар автовокзал (автостанция) ҳудудидаги йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатишга доир асосий вазифалар ҳисобланади:
ахборот хизматлари кўрсатиш;
йўловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
узоқ муддат дам олиш хоналарига ҳамда оналар ва болалар хоналарига жойлаштиришни ташкил этиш, шу жумладан, автовокзал (автостанция)нинг айби билан ва бошқа фавқулодда ҳолатларда йўловчи ташиш автобуслари ҳаракатида узилишлар юз берган ҳолларда йўловчиларни кутиш залларига жойлаштириш ва уларга ахборот берилишини ташкил этиш;
багаж ва қўл юкини ташишнинг белгиланган меъёрларига риоя этилишини назорат қилиш;
йўловчилар томонидан автобусларга ўтишнинг хавфсиз йўналишларини таъминлаш;
йўловчиларни узоқ манзилга ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусга чиқишини (ундан тушишини) таъминлаш;
автовокзал (автостанция)да сервис хизматларини яхшилаш ва кенгайтириш;
ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, болалар гуруҳлари, ҳарбий командаларнинг автобусларга чиқиши-тушиши, автовокзал (автостанция)да бўлиши учун хавфсиз ҳамда қулай шарт-шароитларни таъминлаш;
транспорт ҳодисалари, ёнғинлар ва ҳалокатлар, атроф муҳитга зарарли биологик таъсирнинг оқибатларини бартараф этиш чоғида автовокзал (автостанция) ҳудудида бўлиш даврида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилиш ҳамда фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ишларини ташкил этиш.
3-боб. Йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни назоратдан ўтказишнинг умумий қоидалари
7. Назоратдан ўтказишнинг умумий қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:
автовокзал (автостанция)ларда йўловчилар ва ташриф буюрувчилар назоратдан ўтиш пунктида зарурат бўлганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат, йўловчиларнинг йўл ҳужжатлари, багаж, қўл юки ҳамда улар томонидан олиб ўтиладиган буюм ва моддаларни кўздан кечириш;
йўловчилар ва ташриф буюрувчиларда мавжуд металл буюмлари, автобусларда қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар тўғрисида маълумот бериш;
йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга мазкур Низомга иловага мувофиқ рўйхат бўйича йўловчи ташиш автотранспорт воситаларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида тушунтириш бериш;
йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки, багажини назоратдан ўтказиш, кўздан кечириш жараёнида махсус техник воситаларни самарали қўллаш, зарурат бўлганда хизмат итларидан фойдаланиш ҳамда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш;
назоратдан ўтказилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг металл буюмлари мавжуд бўлса, уларни махсус идишга солиш ва турғун металл детектор рамкаси орқали ўтишга таклиф этиш, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детекторни қўллаш, у бўлмаган тақдирда, белгиланган тартибда шахсий кўздан кечириш;
ногабарит буюмлар, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг кийимларида нималар борлигини металл детектор билан аниқлаб бўлмайдиган ҳолатда заруратга кўра шахсий кўздан кечириш;
қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш мақсадида назоратдан ўтказилаётганларнинг паспортга оид маълумотларини танлаб текшириш, шунингдек, шубҳали шахсларни шахсан назоратдан ўтказиш.
8. Автовокзал (автостанция)ларга йўловчилар ва ташриф буюрувчилар кириб-чиқишлари мумкин. Автобусларга чиптасиз чиқиш тақиқланади.
9. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар томонидан назоратдан ўтиш ёки қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этиш рад этилган тақдирда, ушбу шахслар назорат ҳудудига қўйилмайди.
10. Йўловчилар автобусга ушбу йўналиш учун чипта бўлган тақдирдагина чиқарилади.
11. Автовокзал (автостанция)лар ҳудудлари, бино ва иншоотлари ҳамда бошқа мақсадли фойдаланиш учун белгилаб берилган хоналарда ташриф буюрувчиларнинг ётиши, тунаб қолиши ҳамда бошқа манфаатларда фойдаланилиши қатъий тақиқланади (меҳмонхона ҳамда ҳайдовчилар дам олиш хоналари бундан мустасно).
4-боб. Назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
12. Назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар хизматни ўташ вақтида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
автовокзал (автостанция) ҳудудида жамоат тартибига риоя этилишини талаб қилиш;
автовокзал (автостанция) ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг шахсини аниқлаш, хизмат хонасига келтириш ҳамда ушлаб туриш (бундай ваколатлар бўлмаган тақдирда, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш ва хавфсизликни таъминлашга жалб қилиш);
мазкур Низомга иловадаги рўйхатга мувофиқ йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бор деб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёлари, қўл юки, багажини кўздан кечириш ҳамда уларни олиб юриш ва сақлаш учун асослар бўлмаган тақдирда, мазкур ашёлар, воситалар ҳамда моддаларни олиб қўйиш, шунингдек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларини чақириш;
муҳим стратегик аҳамиятга эга халқаро йўналишларда хизмат кўрсатиш мақомидаги «йирик» тоифали автовокзал ҳудудига енгил ва юк автотранспорт воситаларини киритмаслик (ногиронлиги бўлган фуқароларни автобусгача олиб кириш, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда махсус (кўк ва қизил) маёқчалик ҳамда автовокзал биносидан 50 метр узоқликда жойлаштириш шарти билан автовокзалнинг хизмат ва ишчи ходимларининг автотранспорт воситалари бундан мустасно);
ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш ниятидаги шахсларга хос бўлган бир қанча ўзини тутиш белгилари бўйича потенциал хавфли шахсларни аниқлаш мақсадида кўздан кечирилаётган йўловчилар ва ташриф буюрувчилар билан сўров шаклида (қисқа психологик саволлар ёрдамида) суҳбат ўтказиш;
Ички ишлар вазирлигининг ахборот-излаш маълумотлар базалари ҳамда автовокзал (автостанция)лардаги мавжуд видеокузатув тизимлари бўйича шубҳали шахсларни қидириш;
фуқаровий ва хизмат қуролини ташувчи шахслар томонидан қурол-яроғ, патронлар ва ўқларни ташишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш;
зарурият бўлганда, автовокзал (автостанция) ҳудудида Ички ишлар вазирлиги ҳамда автовокзал (автостанция) ходимлари, йўловчилар ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш.
13. Назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар хизматни ўташ вақтида қуйидагиларга мажбур:
ушбу Низом автобусларда йўловчи ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг бошқа меъёр-талабларига риоя қилишга;
йўловчи ва ташриф буюрувчиларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймасликка;
йўловчи ва ташриф буюрувчида бўлиши мумкин бўлган йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни ихтиёрий равишда кўрсатишни таклиф этилиши;
йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг асоссиз равишда ушланиб қолишига йўл қўймаслик;
заруриятга кўра, назоратдан ўтишни бош тортган йўловчи ва ташриф буюрувчиларни назорат қилинадиган ҳудудига қўймасликка;
йўловчи ва ташриф буюрувчилар томонидан йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида ташилиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашнинг зарур кўникмаларига эга бўлишга;
табиий ва техноген тусдаги авариялар, ҳалокатлар, ёнғин ёки табиий офатлар юз берган тақдирда, жабрланганларни қутқариш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, махсус қутқарувчи хизматларни чақириш чораларини кўришга.
5-боб. Назоратдан ўтиш тартиби
14. Назорат қилинадиган ҳудудга киришдан олдин заруриятга кўра йўловчи ва ташриф буюрувчилар ҳамда уларнинг қўл юки, багажларини кўздан кечириш автовокзал (автостанция) олди майдонида махсус жиҳозланган назорат ўтказиш пунктларида назоратни ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлари томонидан амалга оширилади.
15. Назорат ўтказиш пункти:
йўловчилар ва ташриф буюрувчилар қўл юкини, багажини ҳамда улар ўзи билан олиб ўтадиган нарсалар ва моддаларни кўздан кечиришдан ўтказиш учун махсус техник воситалар;
турғун металл детекторлар;
қўл металл детекторлари;
видеокузатув камералари;
тезкор алоқа воситалари билан жиҳозланади.
16. Йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажи эгасининг иштирокида кўздан кечирилади.
17. Назоратни ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар назорат ўтказиш пунктида махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, шахсларни ва уларнинг қўл юки, багажини кўздан кечириш қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:
автовокзал (автостанция) назорат ҳудудига кирувчи йўловчи ва ташриф буюрувчилар автовокзал (автостанция) олди ҳудудларида ташкил этилган, махсус техник воситалар билан жиҳозланган умумлаштирилган назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтадилар, бу ерда уларга мавжуд металл буюмлар, йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар тўғрисида маълумот берилади;
кўздан кечирилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг кийимидаги мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фолгали пачкалардаги сигаретлар, тангалар ва шу кабилар) белгиланган идишга қўйиш ва йўловчиларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймай уларга навбати билан турғун металл детектор орқали ўтиш таклиф этилади, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детектор қўлланилади, у бўлмаганда эса белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказилади;
сиртга туртиб чиққан, бироқ кўз билан йўловчининг кийимида кўринмайдиган ва металл детекторнинг ишлаб кетишига олиб келадиган буюмлар назоратни амалга ошириш ваколати берилган ходимнинг талаби бўйича кўрикдан ўтказиш учун чиқарилиши талаб этилади. Зарур ҳолларда қўл юки ва багаж махсус қўшимча ускунадан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади;
назоратдан ўтиш жараёнида йўловчи ташиш автобусларида қўл юки ва багаж шаклида йўловчилар ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўриш учун дарҳол Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларини хабардор қилади;
техник сабабларга кўра турғун металл детектордан фойдаланиш имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда шахсларни, шунингдек уларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш шахсий кўздан кечириб чиқиш йўли билан қўлда ишлатиладиган металл детектор ёрдамида амалга оширилади.
18. Қўл юки сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радиоэлектрон аппаратлар, бинокллар умумий асосларда кўздан кечирилади.
19. Кинофото аппаратлар махсус техник воситалар қўлланмасдан кўздан кечирилади.
20. Яширин тарзда ташиш учун буюмлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ашёларни кўздан кечиришда:
ғилофлар, жилдлар кўздан кечирилиши, қувватлантириш блоклари, кассета ғилофлари, шунингдек плёнкали камералар очилиши ва текширилиши (аппаратларни ўчириш, қувватлантириш блоки қопқоғини ва кассета ғилофларини очишни буюмнинг эгаси амалга оширади);
габаритига кўра махсус техник воситалар ёрдамида текшириб бўлмайдиган мусиқа ва бошқа асбоблар текширилганда, уларнинг ғилофлари олиб ташланиши, жилдлари очилиши ва улар силкитиб кўрилиши зарур.
21. Йўловчи ташиш автобус салонларида уй ҳайвонлари, паррандалар ва бошқа вакилларини ташийдиган йўловчилар тегишли ветеринария маълумотномаларига, шунингдек улар ташиладиган қафаслар ёки бошқа мосламаларга эга бўлиши керак.
22. Назоратдан ўтилгандан кейин йўловчи ва ташриф буюрувчиларга уларнинг қўл юки, багажи қайтарилади.
Йўл чипталарини электрон тарзда харид қилиб олган йўловчиларнинг ҳамда уларнинг қўл юки, багажи кўрикдан ўтказилганлигини тасдиқлаш учун қўл юки ва багажнинг кўринадиган жойига лента шаклидаги махсус елимлагич (стикер) ёпиштириб қўйилади.
Йўловчида қуроли билан, уни сақлаш, мақсадли фойдаланиш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномаси (фақатгина фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) мавжуд бўлган тақдирда, йўл ҳужжатига (чиптага) «Қурол» деган қўшимча белги (штамп) қўйилади. Мавжуд қурол, унга ўқ-дорилар ва уларнинг сони ёзма равишда белгининг (штампнинг) ичига ёзиб қўйилади.
6-боб. Шахсий кўздан кечириш
23. Қидирувдаги шахсларга гумон қилинган ёки назоратдан ўтиш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахсларни шахсий кўздан кечириш, махсус жиҳозланган хоналарда иккита холис киши иштирокида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
тайёрланаётган ноқонуний аралашиш ҳаракати тўғрисида хабар келганда;
назоратдан ўтказилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларда йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги тўғрисида хабар олинганда;
назоратдан ўтказилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юкида, багажида йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланганда;
назоратдан ўтказиш ваколатига эга бўлган ходимлар томонидан шахсан кузатиш йўли билан кўздан кечирилаётган йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг ўзини шубҳали тутиши ва хатти-ҳаракатлари белгилари, унинг ғаразли ниятларидан далолат берувчи ёки йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи белгилар аниқланганда.
24. Йўловчи ва ташриф буюрувчиларни шахсий кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289-моддасига мувофиқ ва йўловчи ташиш автобусларида йўловчилар қўл юки ва багаж шаклида ташиши тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш учун зарур бўлган доирада амалга оширилади.
25. Йўловчилар ва ташриф буюрувчилар заруриятга кўра белгиланган тартибда назоратдан ўтганларидан кейин автовокзал (автостанция)нинг ҳудудига ўтадилар.
26. Хизмат зарурати бўйича келган тегишли ташкилот ходимлари кўздан кечиришдан ўтгандан кейин назорат қилинадиган ҳудудга ўтиш ҳуқуқига эга.
27. Назорат ўтказиш пункти навбатчилигига қўйиладиган ходимлар «видеокузатув» «стационар» ва «қўл металл детектор» аппаратларидан фойдаланишни ва улар билан ишлаш ҳамда ишлатиш юзасидан махсус ўқувга (сертификатга) эга бўлишлари шарт.
Бундан ташқари, йўловчида қуроли билан, уни сақлаш, мақсадли фойдаланиш ҳамда олиб юриш учун белгиланган тартибда берилган рухсатномасининг (фақатгина фуқаровий қурол тоифасига кирувчи қурол-аслаҳалар) кўринишлари ҳамда уларнинг асл нусхаларини танишлари, амал қилиш муддатлари ва шунга ўхшаш бошқа кимёвий, (кукун, суюқлик) гиёҳвандлик моддалар (наркотик) кўринишлари ҳамда ташиш, олиб юриш ва сақлаш рухсат этилмаган буюмлар рўйхати билан доимий равишда танишиб боришлари ва малака оширишлари шарт.
7-боб. Якунловчи қоидалар
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчи ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларни автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Йўловчилар ташиш автобусларида ташиш тақиқланган ва чекланган хавфли моддалар ва буюмлар
РЎЙХАТИ
Қуйидагилар йўловчилар ташиш автобусларида қўл юки ва багаж сифатида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:
а) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги ўқ-отар ва тиғли қуроллар:
тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар, бошқа ўқ-отар қуроллар ва уларга ўқ-дорилар;
арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар;
б) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги портловчи моддалар ва улар билан тўлдирилган буюмлар, портлатиш воситалари:
ҳар қандай ўрамдаги барча ов порохлари;
ов капсулалари (пистонлари) ва капсула-детонаторлар;
пиротехника воситалари: сигналли ва ёритувчи ракеталар, посадкали шашкалар, тутун чиқарувчи патронлар;
динамит, тол, аммонал, тротил ва бошқа портловчи моддалар;
в) сиқилган ва суюлтирилган газлар;
г) тез ёнувчан қаттиқ моддалар:
сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газ чиқарадиган, натижада ўзидан ўзи ёнадиган ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар: калий, натрий, металли кальций ва уларнинг қотишмалари, кальций, фосфорит ва бошқалар;
оқ, сариқ ва қизил фосфор ҳамда тез ёнувчан қаттиқ моддалар тоифасига тегишли бўлган бошқа барча моддалар;
органик пероксидлар;
донадор ёки парча-парча, қуруқ ёки нам, таркибида камида 25 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган коллоид нитроцеллюлоза;
қуруқ ва нам, таркибида камида 30 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган нитроцеллюлоза;
д) тегишли рухсатнома берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар:
ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ва қаттиқ ҳолатдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қиладиган ва заҳарловчи моддалар;
бруцин;
никотин;
стрихнин;
тетрагидрофурфурил спирти;
этиленгликоль;
симоб;
цианид кислотанинг барча тузлари ва цианид препаратлар;
циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қиладиган, заҳарли, заҳарловчи моддалар;
е) герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар:
кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот кислоталар ва бошқа кислоталар;
фторли-водород (шишани ўйиш қобилиятига эга бўлган) кислотаси ва бошқа кучли кислоталар ва емирувчи моддалар;
ж) божхона қоидаларига ва бошқа қоидаларга кўра ташишга йўл қўйилмайдиган буюмлар.
Қуйидаги чекланган миқдорлардаги маиший мақсадда фойдаланиладиган моддалар ва буюмларни эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда қўл юки ва багажда йўловчилар ташиш автобусларида ташишга рухсат берилади ва улар кўздан кечиришда олиб қўйилмайди:
сирка (битта йўловчига 0,5 литрдан кўп эмас);
алкоголли ичимликлар;
хизмат мақсадларида ташиладиган спирт, тамға рақами кўрсатилган ҳолда корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган, герметик ёпилган ва тамғаланган идишларда икки литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташилади;
герметик идишда ва ўрамда ташиладиган тез алангаланадиган суюқликлар;
ацетон;
нефть маҳсулотлари намуналари;
металацетат (метил эфири);
углерод сульфид;
эфирлар;
пардоз-андоз воситалари, шу жумладан тирноқ учун лаклар, лакларни кўчириш учун суюқликлар, соч учун суюқликлар, шунингдек спирт-лак асосидаги ҳавони тозаловчи суюқликлар;
газли зажигалкалар ва зажигалкалар учун газли баллончалар (битта йўловчига 2 та баллончадан ортиқ эмас);
буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қайирма пичоқлар;
симобли тиббиёт термометрлари (градусниклар) (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);
стандарт ғилофдаги симобли тонометрлар (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);
жўнатувчининг тамғаси билан махсус герметик контейнерларда жойлаштирилган симобли барометрлар ва манометрлар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2011 йил 30 ноябрдаги 314-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони)» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига илованинг 57-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2023 й., 09/23/159/0215-сон; 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)