Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.04.2025
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 10 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1026-2]
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 26 декабрдаги 33-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3594, 27.12.2024 й.) асосан 2025 йил 1 апрелдан давлат реестридан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ҳамда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шунингдек Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқишни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2001 йил 5 апрелдаги 2 ва 33-сон қарори (рўйхат рақами 1026, 2001 йил 13 апрель) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив ҳужжатлари бюллетени, 2001 йил, 7-сон) билан тасдиқланган Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. ХУСАНОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 октябрь,
31-2022/ҚҚ-сон
Молия вазири Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 октябрь,
57-сон
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2022 йил 20 октябрдаги 31-2022/ҚҚ-сон ва Молия вазирлигининг 2022 йил 20 октябрдаги 57-сон қарорига
ИЛОВА
Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасининг бюджет ташкилотлари ва муассасалари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«31. Мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотдан Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотларига ишга кирганда, иш стажи сақланиб қолинади.
Бунда, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотдаги (Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 январдаги 5-Ф-сон фармойишига асосан «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси тизимидан Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилган мактабгача таълим ташкилотларидан ташқари) иш стажи, бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўланиши ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилмайди.».
2. 4-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида автоматик тарзда шакллантириладиган, QR-код билан тасдиқланган электрон меҳнат дафтари ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2022 й., 10/22/1026-2/1009-сон)