1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.72.00 (Кучини йукотган) Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида изчил чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида хотин-қизларнинг таълим олишлари учун кенг шарт-шароитларни яратиш ҳамда уларни илм-фанга фаол жалб этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони ҳамда «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 15 июндаги ПҚ-279-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони 3-бандининг «б» кичик банди биринчи хатбошисига мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 15 июндаги ПҚ-279-сон қарори 3-бандининг «б» кичик банди иккинчи хатбошисига мувофиқ 2021/2022 ўқув йилида давлат олий таълим муассасалари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг 2022/2023 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
давлат олий таълим муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланади;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 апрелдаги 143-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.04.2023 й., 09/23/143/0199-сон)
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ушбу банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган талаба хотин-қизларнинг ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси (табақалаштирилган тўлов-контракт суммаси тўловлари бундан мустасно) тегишли олий таълим муассасаларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатини шакллантириш;
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларга тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини (табақалаштирилган тўлов-контракт суммаси тўловлари бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган сўровномаларига мувофиқ ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг тўлов-контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплашнинг янги тартиби мазмун-моҳияти ва унинг аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошқулов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 15 август,
447-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарорига ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом давлат олий таълим ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Банк-молия академиясининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар (кейинги ўринларда — талабгорлар)га нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Низом Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчилари учун мақсадли равишда ташкил этилган магистратура талабаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 322-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 09/26/322/0622-сон)
3. Талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси (табақалаштирилган тўлов-контракт тўловлари бундан мустасно) тегишли олий таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қайтариш шартисиз қопланади.
4. Талабгорлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг шахсий ғазна ҳисобварақларида бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича 48 21 190 «Бошқа харажатлар» харажатлар моддасида бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари бўйича режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.
2023 йилдан бошлаб мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида олий таълим муассасасининг идоравий мансублигига кўра тегишли вазирликлар ва идораларга ажратилади.
2-боб. Талабгорларни аниқлаш ва рўйхатини шакллантириш
5. Талабгорлар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) номига ўқув йилининг 15 сентябрига қадар ариза билан мурожаат этадилар. Ушбу муддатдан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.
6. Тақдим этилган аризалар олий таълим муассасаси томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилади ҳамда умумлаштирилади.
7. 2022 йилда умумлаштирилган талабгорлар рўйхати беш иш кунида тўлов-контрактларни қоплаб бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилади.
2023 йилдан бошлаб талабгорлар рўйхати беш иш кунида олий таълим муассасасининг идоравий мансублигига кўра тегишли вазирликлар ва идораларга юборилади.
3-боб. Талабгорларга тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш
8. Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини қоплаб бериш мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
9. Тақдим этилган талабгорлар рўйхатига асосан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги уч иш куни ичида тегишли маблағларни олий таълим муассасаларининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Молия вазирлигига сўровнома тақдим этади ҳамда Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда маблағлар ҳар йили 20 майга қадар тегишли олий таълим муассасаларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.
2023 йилдан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларининг бюджет маблағлари уларнинг харажатлар сметасида режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.
10. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисида жорий ўқув йилининг 15 октябрига қадар тегишли олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғи қабул қилинади.
11. Талабгорлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажми бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича 48 21 190 «Бошқа харажатлар» харажатлар моддасида бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари бўйича режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.
12. Талабгорлар учун ажратилган маблағлар олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-контракт) маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва белгиланган тартибда сарфланади.
13. Талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини қоплаш учун олий таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, улар белгиланган тартибда идоравий мансублигига кўра тегишли вазирликлар ва идораларга қўшимча бюджет маблағлари ажратилиши юзасидан мурожаат қиладилар.
14. Талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таълим йўналишлари бўйича белгиланган базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) қийматига эквивалент ҳисобида қопланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) талабгорларга 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили учун таълим йўналишлари бўйича белгиланган тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда қоплаб бериш учун масъул ҳисобланади.
16. Талабгорларга тўлов-контрактни тўлиқ тўлаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумот ҳар чорак якуни билан янгиланиб борилади ҳамда йиллар бўйича акс эттирилади.
17. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат қилиш Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
18. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг тўлов-контракт суммасини қоплаб бериш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Талабгорлар (Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган талаба хотин-қизлар)
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) номига ариза билан мурожаат этадилар.
Ўқув йилининг 15 сентябрига қадар
2-босқич
Давлат олий таълим муассасалари
Тақдим этилган аризаларни кўриб чиқади ва рўйхат шакллантиради.
3 иш кунида
3-босқич
Давлат олий таълим муассасалари
Тўлов-контрактлар суммаларини қоплаб бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига шакллантирилган рўйхатни юборади.
2023 йилдан бошлаб талабгорлар рўйхати олий таълим муассасасининг идоравий мансублигига кўра тегишли вазирликлар ва идораларга юборилади.
5 иш кунида
4-босқич
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Тақдим этилган талабгорлар рўйхатига асосан тегишли маблағларни олий таълим муассасаларининг бюджет маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиш юзасидан Молия вазирлигига сўровнома тақдим этади.
2023 йилдан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларининг бюджет харажатлар сметасида режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.
3 иш кунида
5-босқич
Молия вазирлиги
Белгиланган тартибда маблағларни тегишли олий таълим муассасаларининг бюджет шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.
Ҳар йили 20 майга қадар
6-босқич
Давлат олий таълим муассасалари
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисида тегишли олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғи қабул қилинади.