Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини тартибга солиш ҳамда диншунослик экспертизасидан ўтказишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилиши;
диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
юридик ёки жисмоний шахслар томонидан диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, ушбу материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга қўйиладиган талаблар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга мурожаат қилиш тартиби;
диншунослик экспертизасини ўтказиш шартлари, муддатлари ва диншунослик экспертизаси хулосасини расмийлаштириш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Д. Тошбоев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 14 апрель,
180-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига
1-ИЛОВА
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 майдаги 193-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон)
голограмма — белгиланган диний мазмундаги материалларни тарқатиш учун рухсат берилганлигини билдирувчи махсус эмблема;
диний мазмундаги китоб — таркибида диний мазмундаги материалларнинг ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, босма ёки электрон кўринишдаги нодаврий нашр;
диний мазмундаги материаллар (кейинги ўринларда — материаллар) — диний таълимотнинг ақидавий асосларини, тарихини, диний таълимот мафкурасини ва шарҳларни, турли диний таълимотларнинг маросимлар ўтказиш амалиётини, шунингдек, алоҳида шахсларнинг, тарихий фактлар ва ҳодисаларнинг диний нуқтаи назардан баҳосини акс эттирувчи китоблар, рисолалар, журналлар, газеталар, варақалар, бошқа босма нашрлар, белгилар, предметлар, рамзлар, аудиовизуал асарлар (теле, кино ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзувлари, мультфильмлар ва бошқалар), электрон ахборот ташувчилар (дискетлар, CD, DVD дисклари, ўрнатилган ва ечиб олинадиган хотира карталари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган материаллар ва бошқалар);
диншунослик экспертизаси (кейинги ўринларда — экспертиза) — ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказиш;
олиб кириш — хорижда тайёрланган материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб беришнинг ҳар қандай шакли;
тайёрлаш — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни нашр этиш, қайта нашр этиш ва нусха кўчириш;
тарқатиш — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари орқали материалларни сотиш, етказиб бериш, тарқатиш, юбориш ва уларга обуна бўлиш;
экспертиза хулосаси (кейинги ўринларда — хулоса) — ваколатли орган томонидан материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга рухсат бериш (рухсат бермаслик) масаласини ҳал этиш учун уларда амалдаги қонунчиликка зид элементлар, диний қонун-қоидалардан оғишганлик ёки бузиб кўрсатишнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигига оид тадқиқотлар ўтказилганлигини расман тасдиқловчи ёзма ҳужжат.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олингандан кейин амалга оширилади.
4. Материалларни қуйидаги мақсадларда тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга йўл қўйилмайди:
жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёхуд бошқа ҳолатларга кўра фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш ёки ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга даъват қилиш;
уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, экстремизм, сепаратизм, диний ақидапарастлик ёки мутаассиблик билан йўғрилган ғояларни тарғиб қилиш;
миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
динга эътиқод қилувчиларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш;
гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаш.
2-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш
5. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.
6. Тайёрлашга мўлжалланган материалларнинг назорат нусхаси ва мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган маълумотлар экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга етказиб берилиши лозим.
7. Юридик ёки жисмоний шахслар томонидан тайёрланадиган материаллар экспертиза ўтказилгандан кейин материалнинг муаллифи ва номи, ношир манзили, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборотга эга бўлиши лозим.
Материаллар матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши, уларни турлича шарҳлаш ва талқин қилинишига олиб келмаслиги керак. Материалнинг жумлалари расмий тил услубидан фойдаланилган ҳолда умумэътироф этилган имло қоидалари асосида тузилиши, хорижий тиллардан таржима қилинган сўзлар, унда фойдаланиладиган тушунча ва атамалар мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган ҳолда, бир хилда баён этилиши лозим.
8. Материалларни тайёрлашга ижобий хулоса олингандан кейин йўл қўйилади.
3-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш
9. Диний ташкилотлар ва жисмоний шахслар материалларни ўз эҳтиёжлари учун тижорат мақсадларини кўзламаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириши мумкин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари давлат чегарасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материалларни экспертизадан ўтказиш учун дарҳол ваколатли органга юборади.
11. Жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳамда илмий-тадқиқот ўтказиш мақсадларида ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, ижобий хулоса олингандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади.
Диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланиши лозим.
Ижобий хулоса олинмаган ва голограмма билан тамғаланмаган материаллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланади.
Мазкур тартибга амал қилмаган ҳолда олиб кирилган материаллар учун олиб кирувчи шахс жавобгар ҳисобланади.
12. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида оммавий зиёрат тадбирлари ўтказиладиган вақтда экспертизанинг бевосита божхона назорати пунктларида ўтказилишини таъминлайди.
4-боб. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш
13. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш юридик ва жисмоний шахслар томонидан турғун савдо шохобчалари орқали фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса, тўлов терминалларини қўллаш ва пул тушумларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиш (банкларга топшириш) йўли билан ёхуд онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/21-сонли қарори билан тасдиқланган Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома (рўйхат рақами 3028, 29.06.2018 й.).
14. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари кутубхоналари, шунингдек, бошқа кутубхоналар, веб-сайтлар таҳририятлари ва жисмоний шахслар томонидан ижобий хулоса олмасдан, хорижда тайёрланган материалларни аҳолига умумий фойдаланиш учун тақдим этиш тақиқланади.
15. Ваколатли орган материалларни ноқонуний тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида доимий равишда назорат тадбирларини ўтказади ва натижаси бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилади.
5-боб. Экспертизани ўтказиш тартиби
16. Диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида ўтказилади.
17. Экспертиза, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қуйидаги асосларга кўра ўтказилади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари;
Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари мурожаатлари. Бунда ушбу органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар экспертизадан ўтказиш учун юборилади;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорлари.
18. Экспертизадан ўтказиш учун юборилган материаллар ваколатли орган томонидан 10 иш куни мобайнида (зарур ҳолларда, 20 иш кунигача) экспертизадан ўтказилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисида қарорларида белгиланган муддат бундан мустасно.
19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга мўлжалланган материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар қоғоз шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали тақдим этилади:
а) материалларни тайёрлаш учун:
нашр этилиши режалаштирилган материал ҳақидаги маълумот, жумладан, материалнинг нашрдан чиқариладиган адади, фойдаланилган манбаларнинг рўйхати (адабиётни тайёрлашда бир нечта манбалардан фойдаланилганда), материал таржима қилинган тақдирда, унинг қайси адабиётдан таржима қилингани, қаерда чоп қилингани ва тўлиқ номи;
нашрга тайёрлашга мўлжалланган (дунё динларининг муқаддас китоблари бундан мустасно) материал муаллифининг диний профессионал маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (бундай ҳужжатга эга бўлмаган тақдирда, диний маълумотга эга бўлган мутахассиснинг тақризи);
муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга эгалиги ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини олганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
б) материалларни олиб кириш учун:
мулк эгаси ёки муайян материални Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етказиб бериш мажбуриятини олувчи ҳуқуқ эгаси бўлган шахс билан тузилган шартнома нусхаси (агарда материалларни олиб кириш шартномага мувофиқ амалга ошириладиган бўлса);
олиб кирилиши режалаштирилган материаллар ҳақида маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот);
в) материалларни тарқатиш учун:
тарқатилиши режалаштирилган материаллар ҳақидаги маълумот (материалнинг муаллифи ва номланиши, адади (тиражи), материалнинг қисқа мазмуни ва шарҳи ҳамда тайёрланган санаси кўрсатилган ахборот).
Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ваколатли органга тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда, материаллар кўриб чиқилмасдан мурожаат этувчига қайтарилади.
20. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган бир турдаги (номдаги) диний мазмундаги китобларни экспертизадан ўтказиш учун ҳар бир босма табоқ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.
Тўловлар ваколатли орган томонидан экспертиза ўтказилгандан кейин диний мазмундаги китобнинг якуний шакли асосидаги ҳисоб-китоблари бўйича амалга оширилади.
21. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорларига асосан ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг илмий фаолияти билан боғлиқ мақсадларда тайёрланган ёки олиб кирилган материаллар бўйича ўтказилган экспертизалар бепул амалга оширилади.
22. Ваколатли орган ҳузурида мураккаб, турли соҳаларга оид материалларни тадқиқ қилишга кўмаклашиш, тавсиялар бериш мақсадида жамоатчилик асосида диншунослик ҳамда бошқа соҳадаги мутахассислардан иборат маслаҳат гуруҳи тузилиши мумкин.
6-боб. Хулосани расмийлаштириш тартиби
23. Ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш, тарқатишга мўлжалланган материаллар экспертизадан ўтказилади ва унинг якунлари хулоса шаклида расмийлаштирилади.
24. Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
экспертиза ўтказилган жой ва сана;
экспертизани ўтказиш учун асос;
эксперт тўғрисидаги маълумотлар;
экспертиза объекти;
тадқиқот жараёни баёни;
эксперт текширувлари натижалари ва якуний хулоса (ижобий ёки салбий);
экспертнинг шахсий имзоси.
Хулосада қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
25. Ваколатли орган хулосани тайёрлашда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат ва диний ташкилотлардан ўз юритувидаги масалалар бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда зарур ҳужжатлар ва ахборотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.
26. Хулоса расмийлаштирилгандан сўнг бир иш кунида ваколатли органга тақдим этилган материаллар билан биргаликда тегишли юридик ва жисмоний шахслар ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборилади.
27. Ижобий хулоса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш учун асос ҳисобланади.
28. Ваколатли орган томонидан экспертиза хулосаларининг ягона реестри юритилади.
29. Ижобий хулосага кўра олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатишга тақдим этилган материаллар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ваколатли органнинг махсус голограммаси билан тамғаланади.
Электрон кўринишдаги материаллар ваколатли орган томонидан берилган ижобий хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқланади.
30. Материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш улар бўйича ваколатли органнинг ижобий хулосаси олингандан сўнг бир йил муддат ичида амалга оширилиши лозим.
Ушбу муддат ўтгандан кейин материаллар қайтадан экспертизадан ўтказилади.
31. Экспертизанинг бир неча ижобий хулосалари асосида бир турдаги материалларнинг тайёрланишига йўл қўйилмайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
32. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ҳал этилади.
33. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Юридик ёки жисмоний шахслар

Диний мазмундаги материалларни (кейинги ўринларда — материаллар) тайёрлаш ва олиб киришда унинг назорат нусхасини талаб этиладиган маълумотлар билан биргаликда экспертизани амалга ошириш учун ваколатли органга қоғоз (электрон) шаклида бевосита ёки почта алоқаси орқали етказади (юборади).

Ўз хоҳишига кўра

Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари

Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган материаллар аниқланганда экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади.

Материаллар олиб кирилган вақтдан бошлаб

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш юритувидаги терговга қадар текшириш, маъмурий ёки жиноят ишлари бўйича чиқарган экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор асосида материалларни экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органга юборади.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор чиқарилгандан кейин

2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси(Ваколатли орган)

1. Экспертизага юборилган материалларни қабул қилади.

1. Материаллар келиб тушгандан кейин дарҳол

2. Материалларни экспертизадан ўтказади.

2. 10 иш кунида

(зарур ҳолларда 20 иш кунигача ёки экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатларда)

3. Ўтказилган экспертиза натижасини хулоса шаклида расмийлаштиради.

3. 1 иш куни

4. Экспертиза хулосасини тақдим этилган материаллар билан биргаликда уни тақдим қилган юридик ва жисмоний шахсларга ва (ёки) манфаатдор органларга почта алоқаси орқали юборади.

4. 1 иш куни

3-босқич

Ваколатли орган

Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишда бўлмаганматериалларни махсус голограмма билан тамғалайди.

1 иш куни

Юридик ёки жисмоний шахслар

Ижобий хулосага кўра тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатишга рухсат берилган электрон кўринишдаги материалларни ваколатли орган томонидан берилган хулосанинг санаси ва рақами ҳамда материалнинг муаллифи ва номланиши (агар мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган QR-код билан тасдиқлайди.

1 иш куни

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 майдаги 193-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон)
Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан рухсат этилган диний мазмундаги материалларга бериладиган
ГОЛОГРАММА
(2-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 8 майдаги 193-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон)
(Айлана бўйлаб: «*O‘ZBEKISTON* DIN ISНLARI BO‘YICНA QO‘MITA * COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS»)
(Ичида: «DIN ISНLARI BO‘YICНA QO‘MITA* COMMITTEE OF RELIGIOUS AFFAIRS» ёзуви туширилган китоб эмблемаси)
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 21 декабрдаги 377-сон қарорига илованинг 48-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 14 мартдаги ПФ-5379-сон Фармони)» 2018 йил 29 майдаги 396-сон қарорига илованинг 69-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида» 2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-458-сон ва «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ЎРҚ-471-сон қонунлари)» 2018 йил 20 сентябрдаги 748-сон қарорига илованинг 32-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 15 январдаги 34-сон қарорига илованинг 4-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 19 апрелдаги 335-сон қарори.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига 5-илованинг 11-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 218-банди.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 4 сентябрдаги 539-сон қарорига 3-илованинг 4-банди.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат хизматлари кўрсатишнинг инфратузилмаси такомиллаштирилганлиги ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2021 йил 28 октябрдаги 661-сон қарорига илованинг 15-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.04.2022 й., 09/22/180/0307-сон; 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон)