Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг
Буйруғи
ҚМҚ 3.03.01-98 «Юк кўтарувчи ва тўсувчи конструкциялар» қурилиш нормалари ва қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 7 апрелда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 73]
(Техник хужжатлар)
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-32-сон Фармонига мувофиқ буюраман:
1. ҚМҚ 3.03.01-98 «Юк кўтарувчи ва тўсувчи конструкциялар» қурилиш меъёрлари ва қоидаларига иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 10 март,
34-сон
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг 2022 йил 10 мартдаги 34-сон буйруғига
ИЛОВА
ҚМҚ 3.03.01-98 «Юк кўтарувчи ва тўсувчи конструкциялар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига киритилаётган қўшимчалар
1. 1.1-бандда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«автоклавли силикатли газабетон блоклардан фойдаланган ҳолда конструкцияларни кўтаришда қурилиш ишларини олиб бориш;»;
иккинчи — еттинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. 2-боб қуйидаги мазмундаги параграф билан тўлдирилсин:
«Автоклавли силикатли газабетон
2.71. Конструкцияларни тайёрлаш учун ишлатиладиган конструктив ва иссиқлик изоляцион хусусиятли автоклавли ғовак бетон блоклар ГОСТ 31359 ҳамда ШНҚ 3.03.09 талабларига мувофиқ бўлиши керак.
2.72. Автоклавли ғовак бетоннинг зичлиги ГОСТ 27005 га мувофиқ аниқланадиган ва назорат қилинадиган ўртача зичлик бўйича маркаси билан тавсифланади.
2.73. Ўртача зичлик бўйича блокларнинг маркаси Д 600 дан юқори бўлмаслиги керак ва ГОСТ 31360 талабларига мувофиқ белгиланади.
2.74 .Автоклавли ғовак бетоннинг мустаҳкамлиги ГОСТ 18105 га мувофиқ аниқланган сиқилишга бўлган мустаҳкамлик бўйича синфлари (В1,5; В2; В2,5; В3,5; В5, В7,5) билан тавсифланади.
2.75. Аниқ ўзига хос хусусиятларга эга маълум бир ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқариладиган автоклавли ғовакли бетон маҳсулотларини эгилишга ишлайдиган конструкцияларга ҳисоблашда, бошланғич эластиклик модулини тадқиқотлар орқали аниқлаш тавсия этилади.
2.76 . Ғовакли бетонларни совуққа бардошлилиги маркасини кетма-кет музлатиш ва эритиш орқали аниқлаш ГОСТ 31359 га асосан амалга оширилади.
Ғовакли бетоннинг совуққа бардошлилиги у қўлланилган конструкциянинг эксплуатация шароитига ва лойиҳа қилинаётган ҳудуднинг ташқи ҳаво ҳароратига боғлиқ ҳолда тегишли ҚМҚлар ҳамда ташқи деворларда фойдаланиш учун мўлжалланганда F25 дан ҳамда бошқа мақсадлар учун F15 дан паст бўлмаслиги керак.
2.77. Автоклавли ғовакли бетондан барпо этилган деворнинг ҳисобий намлиги ва намлик режими, девор конструкциясидаги жойлашишига ва эксплуатация шароитига боғлиқ ҳолда аниқланади.
Бир қатламли ташқи девор ва девор қопламаларида, бетоннинг ҳисобий намлиги эксплуатация А-шароитда ҚМҚ 2.01.01га асосан оғирлигининг 4 %, Б-шароитда оғирлигининг 5% этиб қабул қилинади ва рухсат этилади.».
3. 6-боб қуйидаги мазмундаги параграф билан тўлдирилсин:
«Силикатли газабетонли блоклардан иборат деворлар
6.22. Намлик режими юқори бўлган хоналарнинг деворларида, ертўланинг ташқи деворларида, цоколь қаватларида, шунингдек бетоннинг намлиги юқори ёки агрессив таъсирлар мавжуд жойларда автоклавли ғовакли бетонларни қўллаш ва намдан ҳимоя қилишга ШНҚ 3.03.09 га асосан рухсат этилади.
6.23. Эксплуатациядаги деворлар намликнинг сорбцион зонасидан ШНҚ 3.0.3.09 талаблари бўйича ҳимояланиши керак.
6.24. Блоклардан ташкил топган девор элементларининг юк кўтариш қобилиятини ҳисоблаш ШНҚ 3.03.09 бўйича ва ёриқлар пайдо бўлишига деформацион ҳисоблар ҚМҚ 2.03.02 талабларига мувофиқ амалга оширилади.
6.25. Блоклар лойиҳа кўрсатмаси ва ГОСТ 31360 га мувофиқ қўлланилиши керак. Эксплуатациядан олдин пардозлаш қатламини текислаш талаб этилмайдиган деворларни барпо қилишда қўлланиладиган блокларнинг қирилиш, шикастланиш ва ёрилиш кўрсаткичлари ГОСТ 31360 га мувофиқ бўлиши керак.
6.26. Автоклавли ғовакли бетонлар орасидаги сувоқ қатламини юқа қилиб териш тавсия этилади. Сувоқ қатламининг ҳисобий қалинлиги горизонтал ва вертикал чокларда 2±1 mm қалинликда қўлланилади. Конструкциядаги юпқа сувоқ қатламининг амалдаги қалинлиги 0.5 mm дан кичик, 3 mm дан кўп бўлмаслиги керак.
Девор чокларининг қалинлиги 3 мм дан кўп бўлганда девор мустаҳкамлигини аниқлашда сувоқ мустаҳкамлиги ҳисобга олиниши керак.
6.27. Юк кўтарувчи конструкцияларни қуришда қўлланиладиган автоклавли ғовакли газабетонли блоклар иссиқлик ҳимоя конструкциялари сифатида қўлланилганда мустаҳкамлик синфи бўйича В1,5 дан кам бўлмаган ҳолда тайёрланиши керак.
Сувоқ маркаси чокининг ҳисобий қалинлиги 12 мм бўлганда ҳамда унинг маркаси эса М50 дан кам бўлганда, шунингдек бетоннинг сиқилишга мустаҳкамлик синфи В2,5дан паст бўлмаслиги, шу билан бирга В3,5 да М100 дан кам бўлмаслиги тавсия қилинади.
Сувоқнинг сиқилишга мустаҳкамлиги юпқа чокли теримларда тавсифланмайди.».
4. 7-боб қуйидаги мазмундаги 7.341-банд билан тўлдирилсин:
«7.341. Тарзларни фиброцементли панеллар билан қоплаш осиб қўйиш технологияси орқали амалга оширилади.
Цоколь тарновларини ўрнатишга бўлган талаблар қуйидагилардан иборат:
пойдеворни намликдан ҳимоялашда, цоколь тарновларини отмосткадан 5-10 sm баландликда ўрнатиш;
клаймерларнинг пастги қаторини тарнов остида панел билан асосни фиксация қилиб ўрнатиш;
клаймерларни вертикал йўналишда маҳкамлаш;
чокланган вертикал планка панелларнинг тўғри жойлашувини таъминлаган ҳолда вертикал сатхга мос равишда қотириш.».