Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликлар ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликлар ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
вазирликлар ва идораларнинг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи, мазкур бошқарув органи тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган ёки идоралараро тусдаги (умумий мажбурий тусдаги) ҳуқуқий ҳужжатлари (кейинги ўринларда «меъёрий ҳужжатлар» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак ва улар расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради, агар ҳужжатнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
давлат рўйхатидан ўтказилмаган меъёрий ҳужжатлар кучга кирмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди ҳамда тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, ундаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун фуқаролар, мансабдор шахслар, ташкилотларга бирор-бир жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлар масалаларини тартибга солувчи норматив ҳужжатлар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллаш тақиқланади;
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 июлдаги 183-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 28-сон, 341-модда)
меъёрий ҳужжатнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб рақами ва санаси кўрсатилмаган ҳолда тарқатилиши ва эълон қилиниши тақиқланади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидалар вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мазкур қарор қабул қилингунча Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган меъёрий ҳужжатларига татбиқ этилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат рўйхатидан ўтказилган меъёрий ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасида расман эълон қилиниши керак.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Кўрсатиб ўтилган Низомни қўллашга доир тушунтиришлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан берилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 197-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган)
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига:
Олдинги таҳрирга қаранг.
вазирликлар ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш ва қўллаш шунингдек, қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш бўйича ишини назорат қилиш;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
вазирликлар ва идораларга ўн кун муддатда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ёки давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, етказилган зарарларни қоплаш тўғрисидаги даъволар билан суд органларига мурожаат қилиш, шунингдек, айбдор мансабдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш масаласини Ҳукумат олдига қўйиш ҳуқуқи берилсин.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 июлдаги 439-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2024 й., 09/24/439/0543-сон)
Кўрсатиб ўтилган даъволар судга берилганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Адлия вазирлигига юкланган вазифаларни таъминлаш учун Адлия вазирлиги марказий аппаратининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг меъёрий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими негизида Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси ташкил этилсин.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 268-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 37-сон, 429-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 сентябрдаги 268-сонли қарорига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 37-сон, 429-модда)
Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида ташкил этилаётган Бошқарма учун зарур маблағлар ажратсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 7 декабрдаги 323-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 50-сон, 650-модда)
6. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1993 йил 17 июндаги 294-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1993 й., 6-сон, 25-модда);
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий-мажбурий тусдаги норматив ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва уларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1993 йил 17 июндаги 294-сон қарорига қўшимча киритиш тўғрисида» 1994 йил 15 июндаги 300-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 1994 йил., 6-сон, 29-модда).
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Вазирликлар юкланган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Вазирлик тўғрисидаги низомни ва марказий аппарат тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрласин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 9 октябрь,
469-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги 469-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини, шунингдек уларга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.
2. Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (кейинги ўринларда — идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) уларнинг амал қилиш муддатидан (доимий ёки вақтинча) ҳамда улардаги маълумотларнинг хусусияти, шу жумладан давлат сирини ташкил этувчи маълумотларга ёки махфий маълумотларга эга бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда — Адлия вазирлиги) ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказади.
Мазкур Низом мақсадлари учун идоралар деганда тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатлар берилган идоралар, шу жумладан вазирликлар ва идоралар бўйсунувидаги тегишли соҳада давлат сиёсатини юритиш ваколати берилган қўмита, агентлик ва инспекциялар ёхуд бошқа махсус ваколатли давлат органлари тушунилади.
3. Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинадиган умумий мажбурий тусдаги:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи;
идоралараро тусга эга бўлган;
қабул қилган вазирлик ёки идора тизимига кирмайдиган ташкилотлар учун мажбурий кучга эга бўлган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
4. Вазирликлар ва идоралар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга, башарти вазирликлар ва идораларда кўтарилаётган масалаларни ёки муаммоларни қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган механизмлар ва маъмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал этиш ваколатлари мавжуд бўлмаса, йўл қўйилади.
Ижтимоий муносабатларни ҳаддан зиёд ҳуқуқий тартибга солишга йўл қўймаслик мақсадида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилишидан олдин, ушбу ҳужжатни қабул қилишнинг яққол зарурати ва уни қабул қилмасдан бошқа муқобил ечимлар орқали муаммони ҳал қилишнинг имкониятлари ўрганилади.
5. Мазкур Низомга мувофиқ қуйидаги ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди:
шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;
энергетика соҳасидаги техник нормалар ва қоидалар;
фитосанитария талаблари;
санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари;
экологик нормалар ва қоидалар;
ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар.
Ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган ҳужжат деб топиш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормалари Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса берилган тақдирда ҳисобга олинади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиби Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
6. Вазирликлар ва идоралар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўн кун ичида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда — электрон тизим) орқали Адлия вазирлигига тақдим этадилар (бундан давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мустасно).
Давлат рўйхатидан ўтмаган норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган ҳужжатлар қўлланилгани аниқланган тақдирда, Адлия вазирлиги тегишли вазирлик ёки идорага ушбу ҳужжатни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритади. Вазирликлар ва идоралар ўн кун муддатда Адлия вазирлигининг талабини бажаришлари шарт. Адлия вазирлиги «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари ва бошқа оммавий ахборот воситаларида мазкур ҳужжатнинг ноқонунийлиги тўғрисидаги ахборотни эълон қилишга ҳақлидир.
7. Бир нечта вазирлик ва идоралар қўшма ҳолда қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этиш, қоида тариқасида, ҳужжатни тасдиқлаган вазирликлар ва идоралар орасида номи биринчи бўлиб кўрсатилган вазирлик ёки идорага юкланади.
2-боб. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўйиладиган талаблар
8. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатларига, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга:
коррупция кўринишлари ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган;
амалдаги тартиб-таомилларни асоссиз мураккаблаштирадиган;
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайдиган;
жисмоний ва юридик шахсларга янги имтиёз ва жавобгарлик чораларини ҳамда асосланмаган қўшимча харажат ва тўловларни белгилайдиган;
янги турдаги солиқ ва йиғимларни, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этадиган;
гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган;
хўжалик бирлашмалари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатларни тартибга соладиган;
ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутадиган ҳуқуқий нормалар киритилиши тақиқланади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидалари талабларига мувофиқ тайёрланиши ва қабул қилиниши керак.
9. Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни буйруқлар ва қарорлар шаклида қабул қилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ушбу ҳужжатларнинг таркибий қисми ҳисобланган низомлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.
Ҳуқуқий нормаларни ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларга (техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, хатлар, хусусий масалалар бўйича тушунтиришлар, якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар ва бошқалар) киритилишига йўл қўйилмайди ҳамда бундай ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатларига зид ёки номувофиқ бўлган нормаларни ўз ичига олмаслиги лозим.
Вазирликлар ва идоралар ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган масалалар пайдо бўлган тақдирда, агар ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш ўз ваколатларига кирса, тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилишлари керак. Адлия вазирлиги вазирликлар ва идораларга ишлаб чиқиш муддатини кўрсатган ҳолда тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини бажариш юзасидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш муддати, агар бундан кўп муддат белгиланмаган бўлса, икки ойдан ошмаслиги керак.
10. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда мазкур ҳужжат қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ёки қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини (уларнинг моддалари ёки бандлари) бажариш юзасидан ёхуд улар асосида қабул қилинаётганлиги мажбурий тартибда кўрсатилади.
11. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг таркибий тузилиши ҳуқуқий тартибга солиш предметининг изчил, мантиқан ривожланиб бориши ва ёритилишини, шунингдек, бўлажак ҳужжат бир хилда тушунилиши ва қўлланилишини таъминлаши керак.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз мазмунига мос ҳамда тартибга солиш предметини акс эттирувчи қисқа номга эга бўлиши лозим.
Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши мақсадлари ва сабаблари тушунтирилиши талаб этилса, унга кириш қисми — муқаддима киритилади. Ҳуқуқий норма бўлган қоида муқаддимага киритилмайди.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни лўнда, оддий ва равон тилда баён қилиниши керак. Фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонунчиликда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.
Зарур ҳолларда махсус атамалар ва тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умумий қабул қилинган қисқартмалар қўлланади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар ва киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.
Зарур ҳолларда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг айрим қоидалари мазкур ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда айнан такрорланади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, қоида тариқасида, бошқа идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий нормалар айнан қайта такрорланмайди.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнида қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар қилишга фақат истисно ҳолларда йўл қўйилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бошқа бандларига, шунингдек, вазирликлар ва идоралар томонидан илгари қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола қилишга уларнинг ўзаро алоқасини кўрсатиш ёки такрорлашларга йўл қўймаслик зарур бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир банди, қоида тариқасида, битта ҳуқуқий нормани ўз ичига олиши керак. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир банди тўлиқ ва тугалланган мазмунга эга бўлиши керак.
Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда рўйхатлар, жадваллар, графиклар, формулалар, методикалар, хариталар, схемалар, ҳужжатлар, услубиётлар, бланкалар намуналари келтирилса, улар, қоида тариқасида, иловаларда берилиши керак. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тегишли бандларида ушбу иловаларга ҳавола қилинади.
Амалдаги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ҳал этиш мумкин бўлган масалалар бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шаклидаги ҳужжатлар қабул қилинади.
12. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда қуйидаги реквизитлар бўлиши керак:
ҳужжатнинг тури;
ҳуқуқий тартибга солиш предметини акс эттирувчи ном;
ҳужжатнинг тартиб рақами, қабул қилинган санаси ва жойи;
вазирлик ёки идора раҳбарининг ёхуд унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг лавозими, электрон рақамли имзоси (давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тегишли вазирлик ёки идоранинг муҳри билан тасдиқланган имзоси), исмининг бош ҳарфи ва фамилияси.
13. Агар идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши уни қабул қилган вазирлик ва идора томонидан илгари қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз кучини йўқотган деб топилишини ёки уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб этса, ушбу қоидалар тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёхуд бошқа ҳужжатда акс эттирилиши керак.
14. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга:
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш учун асос (вазирлик ва идоранинг ваколати, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс этган масалаларни ҳал этишни топшириш ёки бундай ҳуқуқ бериш юзасидан юқори органнинг қарори, ҳужжат қабул қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилган бошқа ҳолатлар);
мазкур вазирлик ёки идора томонидан ушбу масала бўйича илгари қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
ушбу масала бўйича илгари бошқа вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишга тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан уларни ўзгартириш ёки ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш ҳақидаги маълумотлар;
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларида назарда тутилган бошқа ҳужжат ва маълумотлар илова қилинади.
15. Тайёрланган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси вазирлик ёки идоранинг раҳбари томонидан имзолангунга қадар ушбу вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши керак.
Тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ушбу вазирлик ёки идоранинг юридик хизмати раҳбари (юридик хизмат раҳбари лавозими мавжуд бўлмаган тақдирда — юрисконсульт) томонидан виза қўйилган ҳамда илова қилинган маълумотнома имзоланган бўлиши керак.
16. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ келишилиши мажбурий бўлган ҳолларда, шунингдек идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида бошқа вазирликлар ва идоралар манфаатларига ёки ваколатларига дахл қилувчи нормалар мавжуд бўлса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси электрон тизим орқали манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилиши лозим.
Вазирликлар ва идоралар бўйсунувидаги қўмита, агентлик ва инспекциялар, агар уларга тегишли соҳада давлат сиёсатини юритиш ваколати юклатилган бўлса, идоравий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин, бунда зарур ҳолларда ушбу ҳужжат юқори турувчи орган билан ҳам келишилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси вазирликлар ва идоралар томонидан у тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни ичида эътирозларсиз келишилиши ёки асослантирилган эътирозлар билан қайтарилиши керак.
17. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни келишиш давомида вазирлик ва идоралар ўртасида келишмовчиликлар юзага келганда, бундай ҳужжат келишмовчиликлар бартараф қилингунига қадар қабул қилиниши мумкин эмас.
Агар келишмовчиликларни бартараф қилишнинг имкони бўлмаса, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлашга масъул бўлган вазирлик ёки идора ушбу масалани ҳал қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига ёхуд бошқа юқори турувчи органга мурожаат қилиши лозим.
18. Барча идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади, бундан янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ҳамда давлат сирларига оид маълумотларни ўз ичига олган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мустасно.
3-боб. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби
19. Адлия вазирлиги тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат келиб тушган кундан бошлаб уни йигирма кун ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.
Агар ушбу ҳужжат, шу жумладан малакали мутахассисларни жалб этиш йўли билан қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолларда, уни кўриб чиқиш муддати ўн кунгача узайтирилиши мумкин.
20. Зарур ҳолларда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида Адлия вазирлиги қўшимча ҳужжат ва маълумотларни сўраб олиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича хулосалар бериш учун мутахассислар ва илмий ходимларни эксперт сифатида жалб қилиш ҳуқуқига эга.
21. Агар тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлган ва мазкур Низомнинг 2-бобида кўрсатилган талабларга жавоб берган тақдирда, Адлия вазирлиги мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказади.
Адлия вазирлиги идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қуйидаги ҳолларда қайта ишлаш (таҳрирлаш) орқали давлат рўйхатидан ўтказади:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш мақсадида;
қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлаштириш зарурати туғилганда;
ҳавола қилувчи нормалар қўлланишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги таъминланмаганда.
Қайта ишланган (таҳрирланган) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказишга ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирлик ёки идоранинг биринчи раҳбари томонидан ёзма ёки электрон тизим орқали розилик берилган тақдирда йўл қўйилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш унга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланадиган хулоса асосида уникал рақам берган ҳолда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига (кейинги ўринларда — Давлат реестри) киритиш орқали амалга оширилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар ҳужжатнинг ўзида янада кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.
22. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:
ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа қонунчилик ҳужжатларига, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар мақсадлари ва вазифаларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига зид бўлса;
мазкур Низомнинг 2-бобида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;
жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг асосли эътирозларига сабаб бўлса;
манфаатдор органлар билан келишиш мажбурий ҳисобланганда бундай органлар билан келишилмаган бўлса.
Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан тегишли хулоса билан уни тақдим этган вазирлик ёки идорага қайтарилади.
Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рад этилган вақтдан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади ҳамда вазирликлар ва идоралар томонидан уларни бекор қилиш учун алоҳида ҳужжат қабул қилиш талаб этилмайди.
Давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлигининг хулосаси ҳисобга олинган ҳолда пухта ишланган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказиш учун такроран тақдим этилиши мумкин ҳамда Адлия вазирлигига давлат рўйхатидан ўтказиш учун такрорий тақдим этиш муддати бир ойдан ошмаслиги керак.
23. Вазирликлар ва идоралар давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасидан электрон кўринишда юклаб олишлари мумкин.
4-боб. Қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қайта кўриб чиқиш тартиби
24. Қонунчилик ҳужжатлари ўзгарган тақдирда, вазирликлар ва идоралар давлат рўйхатидан ўтказилган ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлаштириши ҳамда ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатларни Адлия вазирлигига тақдим этишлари керак.
Адлия вазирлиги вазирликлар ва идоралардан уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтиришни талаб қилишга ҳақлидир.
Бунда вазирликлар ва идоралар ўн кун муддатда ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатларни Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдир. Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, Адлия вазирлиги юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни ҳисобга олган ҳолда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Давлат реестридан чиқаришга ҳақлидир.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни Давлат реестридан чиқариш ушбу ҳужжатни юридик кучга эга эмас деб ҳисоблаш учун асос бўлади ҳамда Давлат реестридан чиқариш натижасида юзага келадиган оқибатлар учун вазирликлар ва идоралар раҳбарлари жавобгар ҳисобланади.
Адлия вазирлиги Давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга айнан бир хил масалада ва техник кўринишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга ҳақли.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ушбу ҳужжатни қабул қилган орган ёки бунга ваколатли бошқа орган томонидан мазкур ҳужжат қабул қилинган тартибда амалга оширилади.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши низоли масалалар келиб чиққанда, шунингдек, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ бўлган янги ҳолатлар аниқланганда Адлия вазирлиги томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан тўхтатиб турилади ёки қайта тикланади.
25. Вазирликлар ва идоралар қайта ташкил этилган, тугатилган ёки номи ўзгартирилган тақдирда, улар томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.
26. Давлат рўйхатидан ўтказилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлиги томонидан расмий эълон қилингандан сўнг икки иш куни мобайнида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари ҳамда зарур ҳолларда уларга тегишли ахборот-таҳлилий материаллар электрон шаклда тегишлилигига кўра давлат органлари ва ташкилотларига юборилади.
Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари тегишлилигига кўра тарқатилишини таъминлаши шарт.
Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (зарур ҳолларда ахборот-таҳлилий материаллар билан бирга) улар расман эълон қилингандан кейин бир кундан кечиктирмай ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштиришга мажбурдир.
27. Адлия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идораларга улар қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш зарурлиги тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Расмий шарҳ бериш тўғрисидаги буйруқ ёки қарор фақат у Адлия вазирлиги билан келишилгандан кейин ижро этиш учун юборилади.
5-боб. Якунловчи қоида
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 ноябрдаги 629-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.11.2026 й., 09/26/629/1145-сон)