Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларини такомиллаштириш, бу жараёнга жамоатчиликни жалб қилиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Коррупцияга қарши курашиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликни таъминлашга оид материалларни тайёрлаш учун буюртмалар бериш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларини ҳамда бу борада ўтказиладиган тадқиқотларини ва ижтимоий сўровларини молиялаштириш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.
2. Агентликда унга юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашувчи, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;
бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳамда маблағлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агентлик ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган материаллар асосида Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича давлат фойдасига ундирилган моддий зарар ва жарималар суммасининг 5 фоизи;
Агентлик томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида суд тартибида ундириладиган маъмурий жарималарнинг 95 фоизи;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сонли Фармонига асосан олтинчи ва еттинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 06/25/270/1252-сон)
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
3. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб:
а) Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга доир маълумотларни олиш;
тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиш;
оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага нисбатан ҳиссий муносабатига сабаб бўлган, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар бўйича ишни кўриб чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда матбуот анжуманлари ўтказиш;
б) Агентлик томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда коррупциявий жиноятлар борасида жамоатчиликни хабардор қилинишининг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага нисбатан ҳиссий муносабатига сабаб бўлган, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар бўйича — ўн кун муддатда;
бошқа коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида — ҳамкор органлар билан келишувга кўра ҳар чорак ёки ярим йиллик якунлари бўйича;
коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида — йил якуни бўйича.
5. Молия вазирлиги:
Жамғармага Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2021 йил учун 1,8 млрд сўм ажратилишини таъминласин;
2022 йилдан бошлаб ҳар йили Агентликнинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджети параметрларида алоҳида модда билан Жамғарма маблағларини шакллантириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Агентлик 2022 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи туну кун фаолият юритадиган «Call-марказ»ни ишга туширсин.
8. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар қилиб Агентлик директори А.Э. Бурханов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 7 декабрь,
ПҚ-34-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 декабрдаги ПҚ-34-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма маблағлари Коррупцияга қарши курашиш Агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Молия вазирлиги Ғазначилигида белгиланган тартибда очиладиган миллий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
ҳар йили Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар;
бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ҳамда маблағлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агентлик ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган материаллар асосида Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича давлат фойдасига ундирилган моддий зарар ва жарималар суммасининг 5 фоизи;
Агентлик томонидан тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар асосида суд тартибида ундириладиган маъмурий жарималарнинг 95 фоизи;
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сонли Фармонига асосан бешинчи-олтинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 06/25/270/1252-сон)
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
5. Жамғарма маблағларидан ҳар йили Агентлик томонидан тасдиқланадиган, Молия вазирлиги билан келишилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ равишда фойдаланилади.
6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқликни таъминлашга оид материалларни тайёрлаш учун буюртмалар бериш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларини ҳамда бу борада ўтказиладиган тадқиқотларини ва ижтимоий сўровларини молиялаштириш;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги мавзусида конференция, семинар, симпозиум, тренинглар ўтказиш ҳамда брошюра, буклет, китоб, тўплам ва бошқа ахборот-маърифий материалларни тайёрлаш ва нашр этиш;
кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини, шу жумладан хорижда ошириш;
фуқароларга коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи туну кун фаолият юритадиган Агентликнинг «Call-марказ» фаолиятини молиялаштириш;
Агентликнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
Агентликнинг ходимларини моддий рағбатлантириш;
Агентликка юкланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш.
7. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси келгуси йилда келиб тушиши кутилаётган маблағлар доирасида ва бажарилиши лозим бўлган тадбирлардан келиб чиқиб тузилади.
8. Агентлик директори Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ҳисоби, ҳисоботи ва назорати
9. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳисоби Агентлик томонидан алоҳида юритилади, ҳар чорак ва йил якуни бўйича ҳисоботлар тузилади.
10. Бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар келиб тушиши ва унинг сарфланиши ҳақидаги ҳар чорак ва йил якуни бўйича тузиладиган ҳисоботларни тайёрлаш ҳамда уларни Молия вазирлигига ўз вақтида тақдим қилишга Агентликнинг бухгалтерияси жавобгар ҳисобланади.
11. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 декабрдаги ПҚ-34-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро идоралараро муносабатларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом доирасидаги ўзаро алоқалар тегишли индивидуал ва тизимли ишлар бўйича маълумот алмашиш, электрон маълумотлар базаларига кириш, қўшма ишчи гуруҳларини тузиш, биргаликда ўқув ва илмий-тадқиқот ҳамда бошқа тадбирларни ўтказишни ўз ичига олади.
Ушбу Низом Агентликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўз вақтидалик, самарадорлик ва натижадорликни таъминлашга ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, ушбу соҳада кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишга қаратилган.
2. Ушбу Низом доирасида Агентлик қуйидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади:
Бош прокуратура;
Давлат хавфсизлик хизмати;
Давлат божхона қўмитаси;
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;
Ички ишлар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш ва текшириш вазифаси юклатилган, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга ваколатли бўлган бошқа органлар.
3. Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилади:
мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш самарадорлигини таъминлаш;
бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ахборот тарқатиш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш;
коррупциянинг ҳолати, ривожланиши ва сабабларини аниқлаш мақсадида социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.
4. Ушбу Низом доирасида ўзаро ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот алмашиш;
коррупция фактлари бўйича жиноят ишлари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар, шунингдек, коррупция фактларига муносабат билдириш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида маълумот алмашиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан Агентликнинг ваколатли ходимлари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларни олиши учун шароит яратиш;
тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш;
статистик маълумотлар алмашиш;
жамоатчилик эътиборини тортган коррупция тўғрисидаги фактларга оид мавжуд маълумотларни биргаликда ўрганиш ва нашр этиш.
5. Агентлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўзаро ҳамкорлик жараёнида давлат сирларини, тижорат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилмаслиги шарт.
2-боб. Коррупциянинг олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсати борасидаги ўзаро ҳамкорлик
6. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Агентлик томонидан юборилган жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун ўзларига юборилган коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни кўриб чиқиб, унинг натижалари бўйича Агентликка хабар беради.
Агентлик оммавий резонанс ва муҳокамалар, яъни жамиятнинг маълум бир ҳодисага нисбатан ҳиссий муносабатига сабаб бўлган, жамоатчилик эътиборини тортган ва турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган коррупцияга оид фактлар акс этган хабарлар (кейинги ўринларда — муҳокамага сабаб бўлган ҳуқуқбузарликлар) ҳақидаги масалаларнинг кўриб чиқилиши билан боғлиқ маълумотларни сўраб олиши мумкин.
7. Агентлик ишни кўриб чиқаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда муҳокамага сабаб бўлган ҳуқуқбузарликлар юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида, процессуал қонунчилик талабларига риоя қилган ва тергов сирларини ошкор қилмаган ҳолда, матбуот анжуманлари ўтказиши мумкин.
8. Агентлик ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган органлар билан ҳамкорликда муҳокамага сабаб бўлган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 10 кунда, қолган коррупциявий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ҳамкор органларнинг келишувига асосан муайян муддатда (чорак ва ярим йиллик якунлари) ёхуд ҳар йили процессуал қонунчиликка мувофиқ тергов сирлари, шунингдек, давлат сири ёки қонун ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган бошқа маълумотларни ошкор қилмаган ҳолда, коррупцияга оид жиноятчилик ҳолати, тенденциялари, содир бўлиш сабаб ва шарт-шароитлари, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида йил якуни юзасидан жамоатчиликни хабардор қилади.
3-боб. Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар юзасидан ҳамкорлик
9. Агентликка жисмоний ва юридик шахслардан коррупциявий жиноят аломатлари мавжудлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган тақдирда, ушбу мурожаат жиноят ва ҳуқуқбузарлик аломатларини тасдиқловчи ҳолатлар, яъни хизмат хати ёки тасдиқланган телефонограмма, телеграмма ёхуд радиограмма илова қилинган ҳолда Бош прокуратурага ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун йўналтирилади.
Бош прокуратура ва Агентлик ўртасида мурожаатлар бўйича ҳамкорлик ҳамда улар юзасидан масъул шахслар белгиланади.
4-боб. Бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари бўйича қонунбузарликлар тўғрисидаги хабарларни ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик
10. Бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари бўйича қонунбузарликлар тўғрисидаги хабарларни ўрганиш жараёнида Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўрганиш предметига оид маълумотларни сўраб олиш;
аниқ фактлар бўйича текширув ўтказиш ҳақида сўров юбориш ва текширув натижалари тўғрисидаги ахборотни олиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг очиқ электрон маълумотлар базаларидан фойдаланиш.
11. Агентлик ўз ваколатлари доирасида ўтказган ўрганиш материаллари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳақида таклифларни киритади:
жиноят ишини қўзғатиш;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш;
интизомий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатиш ёки бошқа тегишли чораларни кўриш.
12. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари бўйича қонунбузарликлар доирасида жиноий ёки маъмурий иш қўзғатган тақдирда, электрон маълумотлар базаларидан Агентликнинг ваколатли ходимларига ушбу ахборотларни олиш имкониятини яратади.
Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кўриб чиқилган, бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасидаги қонунбузарликларга оид ишлар бўйича мустақил равишда маъмурий суриштирув ўтказиш ҳамда ўрганиш натижалари ҳақидаги маълумотларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш ҳуқуқига эга.
5-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик
13. Агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ўрганиш асосида, шунингдек, ўз ташаббуси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этишга ҳақлидир.
Агентликнинг сўровига биноан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сўров келиб тушган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси юзасидан коррупцияга қарши экспертиза ўтказади ва коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг мавжудлиги тўғрисида ўз хулосасини тақдим қилади.
14. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг лойиҳалари бўйича коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш учун Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларини жалб қилган ҳолда, ишчи гуруҳи тузишга ҳақли.
Агентликнинг сўровига биноан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уч кун муддатда ўз вакилларини коррупцияга қарши экспертиза бўйича ишчи гуруҳида иштирок этиш учун юборади.
15. Адлия вазирлиги бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси натижалари бўйича коррупция билан боғлиқ фактларни аниқлаган тақдирда, Агентликни бу ҳақда хабардор қилади ҳамда ҳуқуқий хулоса нусхасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали юборади.
6-боб. Якуний қоидалар
16. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Агентлик маълумот алмашиш жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиши мумкин.
17. Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик доирасида олган маълумотларни тўплайди, сақлайди, қайта ишлайди ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида ушбу маълумотлардан фойдаланади.
18. Агентлик мазкур Низом ижросини ҳар йили таҳлил қилиб боради ва заруратга қараб алоқаларни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.12.2021 й., 07/21/34/1140-сон; 30.12.2025 й., 06/25/270/1252-сон)