1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.12.00 Транспорт хизматларига тариф, йиғим ва имтиёзлар]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Вазирлар Маҳкамасининг «Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарорига мувофиқ, шунингдек ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига нисбатан утилизация йиғимларини йиғиш, ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, шунингдек, утилизация йиғимининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш ва уларни ҳисобга олиш тартиби;
транспорт воситаларининг чиқиндилари билан ишлаш инфратузилмасини ташкил этиш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, транспорт воситалари чиқиндиларини йиғиш, ташиш, қайта ишлаш, зарарсизлантириш, улардан фойдаланиш ва утилизация қилиш харажатларини қоплаш тартиби;
транспорт воситаларининг утилизацияси билан шуғулланадиган ташкилотлар учун экологик ва техник талаблар ҳамда саноат хавфсизлиги талабларини белгилаш;
транспорт воситаларининг утилизация қилиниши муносабати билан уларни ички ишлар органларида тўловлар ундирмай ҳисобдан чиқариш тартиби.
2. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 9 июнь,
358-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 июндаги 358-сон қарорига
ИЛОВА
Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Асосий қоидалар
1. Ушбу Низом қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ утилизация йиғимини тўлаш талаб этиладиган ғилдиракли транспорт воситалар, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига нисбатан (кейинги ўринларда — транспорт воситалари) утилизация йиғимини ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш, шунингдек транспорт воситалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларни (кейинги ўринларда — транспорт воситалари чиқиндилари) йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ инфратузилмани ташкил этиш тартибини белгилайди.
2-боб. Утилизация йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби
2. Утилизация йиғимини ҳисоблаб чиқариш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарори билан тасдиқланган утилизация йиғимининг миқдорлари ва утилизация йигими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларининг турлари ва тоифалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.
Утилизация йигими транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳисоблаб чиқарилади.
3. Утилизация йиғимини тўлаш учун ҳисобварақлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириш йўли билан утилизация йигими тўловчиларига етказилади.
4. Транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда утилизация йигими транспорт воситалари учун божхона декларацияси қабул қилинишидан олдин ёки бир вақтнинг ўзида тўланади.
5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган транспорт воситалари учун утилизация йиғимини тўлаш мазкур низомнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
6. Транспорт воситаларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санадан кечиктирмай маҳаллий транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси жойлашган жойдаги солиқ органига, фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бўйича утилизация йигими ҳисоб-китобларини электрон шаклда тақдим этади.
7. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлайди.
Экспорт бозорларида сотиш учун ишлаб чиқарилган автомобиллар маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан ички бозорга сотилган тақдирда, транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай утилизация йиғимини тўлайди. Бунда сотилган автомобил харидор томонидан қайтариб берилган тақдирда ҳисоб-китобга тузатиш киритилади.
8. Агар маҳаллий ишлаб чиқарувчи утилизация йиғимини тўламаган ёки белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўламаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан белгиланган тартибда утилизация йиғимини ундириш амалга оширилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур қарор билан тасдиқланган Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-боби.
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар томонидан утилизация йиғимини тўлаш мазкур низомнинг 2-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
10. Утилизация йиғимининг тўланган ва қайта ҳисобланган суммалари ўртасида фарқ аниқланганда:
камчилик миқдори утилизация йиғимининг такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоби тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида утилизация йиғимининг тўловчиси томонидан тўланади;
ортиқча тўланган (ундирилган) утилизация йиғими суммаси, тўловчининг утилизация йиғими бўйича мавжуд қарзларини қоплашига ёхуд утилизация йиғими тўловчисига қайтариш учун ҳисобга олинади.
101. Илгари «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган транспорт воситалари учун тўланган утилизация йиғимини тўловчига қайтариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
божхона ҳудудига олиб кирилган товарга нисбатан утилизация йиғимини тўлаш бўйича имтиёз тикланган бўлса;
«реэкспорт» божхона режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилган бўлса.
(101-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 декабрдаги ПҚ-422-сон қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон — 2024 йил 1 январдан кучга киради)
11. Ортиқча тўланган утилизация тўловларини қайтарилиши, ортиқча тўланган сумма қайси бюджетга ёки жамғармаларга ўтказилган бўлса, ўша бюджет ёки ўтказилган жамғарма маблағларидан утилизация йиғими тўловчисининг ёзма аризаси ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилган аризаси асосида, тегишлича божхона ва солиқ органларига ариза берилган санадан эътиборан ўн иш куни ичида амалга оширилади.
12. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва (ёки) Давлат солиқ қўмитаси томонидан мос равишда божхона ва солиқ назорати амалга оширилган пайтда утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатда, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномасини юборади.
Утилизация йиғими тўловчиси тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабнома олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда аниқлаштирилган ҳисоботни ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолда аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт.
Утилизация йиғими тўловчисининг тақдим этган асосномаси тегишли ҳужжатлар (асосномалар) олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ ёки божхона органининг раҳбари (раҳбари ўринбосари) томонидан кўриб чиқилади.
Аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асосномаларига тўлиқ ёки қисман розилик берилган тақдирда, солиқ ёки божхона органи илгари юборилган талабнома бекор қилинганлиги тўғрисидаги билдириш хатини ёхуд утилизация йиғими ҳисоботига тузатишлар киритиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани утилизация йиғими тўловчисига юборади.
Утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларидаги тафовутлар ва (ёки) хатолар утилизация йиғимининг тўланмаслигига (ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда тўланмаслигига) олиб келган ҳолда, тўланмаган утилизация йиғимининг ундирилиши мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Утилизация йиғимини қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш ҳақидаги талабнома утилизация йиғими тўловчиси томонидан олинганидан сўнг белгиланган тартибда аниқлаштирилган ҳисобот ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномалар тақдим этилмаган ёхуд тақдим этилган асосномалар етарли эмас деб топилган тақдирда, тўланмаган утилизация йиғимининг ундирилиши мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Утилизация йиғими тўловчиси томонидан аниқлаштирилган ҳисоботни тақдим этилмаслиги, ёхуд аниқланган тафовутлар бўйича асосномаларни белгиланган муддатда тақдим этилмаслиги, унинг утилизация йиғимининг тўланмаган қисмини қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.
3-боб. Утилизация йиғимини ундириш ва қайтариш тартиби
13. Утилизация йиғими 100 фоиз миқдорида даромадлар бўйича ғазначилик шахсий ҳисобварағига келиб тушади.
14. Утилизация йиғими тўловчиси томонидан утилизация йиғими тўланмаган (ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда тўланган) тақдирда, ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган муддатларда утилизация йиғимини ундириш бўйича солиқ ва божхона органлари тегишлигига кўра утилизация йиғими тўловчисига мавжуд қарздорликни бартараф этиш тўғрисидаги талабномани юборади.
Утилизация йигими бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
талабнома қўйилиши асослари;
утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликнинг талабнома қўйилган пайтдаги суммаси;
талабномани бажариш учун белгиланган муддат;
тўловчи томонидан талабнома бажарилмаган тақдирда, утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни суд тартибида ундириш тўғрисида огоҳлантириш.
15. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабнома бундай қарздорлик юзага келганлиги факти аниқланган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай, тўловчи томонидан ушбу талабнома олинганлиги фактини ва олиш санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда тўловчига юборилиши керак.
Утилизация йиғими бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати талабнома тўловчига топширилган ёки у тўловчи томонидан олинган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунини ташкил этади.
16. Жисмоний шахслардан утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш суд тартибида амалга оширилади, якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно.
17. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг банк ҳисобварақларида турган пул маблағлари ҳисобидан ундириш божхона ёки солиқ органи томонидан банкка пул маблағларининг сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисидаги инкассо топшириқномасини юбориш орқали амалга оширилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 15 февралдаги 3/12-сон қарорига билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3229, 13.04.2020 й.).
Тўловчининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатаётган банк утилизация йиғимини ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида бажаради.
Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш ҳисобига ундирувни мол-мулкка қаратиш тегишли божхона ёки солиқ органининг даъво аризасига асосан суд тартибида амалга оширилади.
31-боб. Утилизация йиғимларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш, ушбу йиғимларни ундириш ҳамда уларга фоиз ва пеня ҳисоблаш тартиби
181. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ асослар мавжуд бўлган тақдирда, импорт товарларига ҳисобланган утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона органи қарорига асосан берилиши мумкин.
182. Божхона органининг қарорида утилизация йиғимларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса, рад этиш сабаблари кўрсатилади.
183. Утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун тўловчи божхона органига:
утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш тўғрисидаги ёзма аризаси;
утилизация йиғими тўланиши таъминланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.
184. Утилизация йиғими тўланиши маблағларни божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш, товарларни гаровга қўйиш, банк кафолатини тақдим этиш, утилизация йиғимини тўлаш мажбуриятини суғурталаш ҳамда кафиллик орқали таъминланади.
185. Утилизация йиғими тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган утилизация йиғимларнинг ва фоизларнинг суммаси йиғиндисига тенг ёки ундан кам бўлмаслиги лозим.
Бунда утилизация йиғими тўланишини таъминлаш товарларни гаровга қўйиш орқали амалга оширилган тақдирда, гаров нарсасининг бозор қиймати кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш суммасидан ўн беш фоиз қўшиб ҳисоблангандаги мажбуриятлар суммаларидан кам бўлмаслиги лозим.
186. Тўловчининг утилизация йиғимини тўлаш бўйича мажбурияти бажарилмаган тақдирда, уни таъминлаган суғурта ташкилоти, тижорат банки, кафил ёки гаровни тақдим этган бошқа шахслар божхона органлари олдида солидар жавобгар ҳисобланади.
187. Утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан фойдаланиш бўйича электрон ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар божхона органи томонидан улар қабул қилинган кундан эътиборан беш иш кунида кўриб чиқилади ҳамда тегишли қарор қабул қилинади.
188. Ариза тақдим этилган пайтда тўловчининг божхона органлари олдида божхона тўловлари ва утилизация йиғимлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш учун асос бўлади.
Утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризани бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
189. Утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, утилизация йиғимини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлашга имконият берилган охирги тўлаш куни утилизация йиғимини тўлаш муддати ҳисобланади.
1810. Утилизация йиғими кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда, тўловчи томонидан уларнинг суммаларини тўлаш:
бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда — божхона органи томонидан тўловчи билан биргаликда тасдиқланган жадвал бўйича бўлиб-бўлиб тўланадиган суммаларни киритишнинг келишиб олинган кунларидан кечиктирмай тўланади.
1811. Утилизация йиғимини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган утилизация йиғими суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдорида бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади.
1812. Фоизлар кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган утилизация йиғими суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади.
1813. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорлик уни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаган куннинг эртасидан қарздорлик юзага келган кун деб ҳисобланади.
1814. Утилизация йиғими кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаганидан кейин тўланмаган тақдирда, божхона органлари утилизация йиғимларини тўлаш бўйича қарздорликни тўлаш тўғрисида тўловчига талабнома юбормаган ҳолда сўзсиз тартибда ундирилади.
1815. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорлик ўз вақтида тўланмагани учун тўловчи томонидан пеня тўланади.
1816. Пенянинг фоиз ставкаси уни тўлаш бўйича мажбурият бажарилмаган ҳар бир календарь кун учун утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорлик суммасининг шу пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг миқдорида ҳисобланади.
1817. Пенянинг умумий суммаси утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликнинг миқдоридан ошмаслиги керак.
1818. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорлик тўловчининг банк ҳисобварақларида турган маблағлар ҳисобидан божхона органи томонидан банкка маблағларнинг сўзсиз тартибда ундирилиши тўғрисидаги инкассо топшириқномасини юбориш орқали ундирилади.
1819. Утилизация йиғимини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугаганидан сўнг у тўланмаган тақдирда, қарздорлик суммасини ундириш учун инкассо топшириқномаси божхона органи томонидан беш иш кунидан кечиктирмасдан қўйилади.
1820. Тўловчининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатаётган банк божхона органининг утилизация йиғимини ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси қонунчиликда белгиланган навбат тартибида бажаради.
1821. Утилизация йиғимини тўлаш бўйича қарздорликни тўловчининг мол-мулкини реализация қилишдан тушган маблағлар ҳисобидан ундириш унинг ҳисобварақларида божхона органининг инкассо топшириқномаси қўйилган пайтдан эътиборан бир ойдан кўпроқ муддатда пул маблағлари бўлмаган тақдирда қўлланади.
(31-боб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон)
4-боб. Транспорт воситалари чиқиндиларини йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ инфратузилмани ташкил этиш тартиби
19. Ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган барча турдаги транспорт воситалари уларнинг эгалари (мулкдорлари) томонидан утилизация қилувчиларга топширилганда, транспорт воситалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ транспорт воситаларини рўйхатга олиш (рўйхатдан чиқариш) ваколатига эга ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши лозим.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-боби.
20. Транспорт воситаларини утилизация қилиниши муносабати билан улар ички ишлар органларида тўлов ундирилмасдан ҳисобдан чиқарилади. Бунда ҳисобдан чиқариш ҳақидаги ариза ички ишлар органларида бир иш куни ичида кўриб чиқилади.
21. Транспорт воситалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бажариш бўйича инфратузилмани ташкил этиш утилизация қилувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
22. Транспорт воситасини утилизация қилиш учун топширилганда утилизация қилувчи ташкилот ва транспорт воситасининг мулкдори ўртасида шартнома тузилади ва бажарилган ишлар тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.
23. Утилизация йиғими тўланмаган транспорт воситаларининг утилизация қилиниши утилизация қилувчи томонидан транспорт воситаларини турлари ва тоифаларига кўра уларнинг утилизацияси учун сарфланган харажатлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда утилизация қилувчи ташкилот ва транспорт воситасининг мулкдори ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.
24. Транспорт воситаларини утилизация қилувчи ташкилот ҳосил бўладиган қора ва рангли металл парчалари, чиқиндиларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қора ва рангли металл парча ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига сотадилар.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 августдаги 456-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.08.2026 й., 09/26/456/0870-сон)
5-боб. Утилизация қилиш натижасида ҳосил бўлувчи иккиламчи хом ашё ёки бошқа чиқиндиларни тўплаш ва вақтинча сақлаш тартиби
25. Транспорт воситаларини утилизация қилишда улар биринчи навбатда қисмларга бўлиниши ва тури бўйича алоҳида тўпланиши лозим, шу жумладан:
транспорт воситаларининг барча суюқ компонентлари — ёқилғи, мойлар, техник суюқликлар (совутиш, тормоз суюқлиги, ойна ва чироқларни ювиш воситалари ва х.к.) ажратиб олиниши;
шиналар, аккумуляторлар, мой ва ҳаво фильтрлари, хавфсизлик ёстиқчалари, бамперлар, шиша ва металл бўлмаган бошқа қисмлар ечиб олиниши керак.
26. Утилизация қилиш натижасида ҳосил бўлувчи иккиламчи хом ашё ёки бошқа чиқиндиларни тўплаш ва сақлаш, уларнинг келиб чиқиши, агрегат ҳолати, хавфлилик даражаси ва фойдаланиш имкониятларига кўра, алоҳида сараланган (ажратилган) ҳолда амалга оширилади.
27. Транспорт воситалари чиқиндиларини тўплаш ва сақлаш жойлари қуйидаги талабларга:
тупроқ қатлами транспорт воситалари чиқиндилари билан ифлосланишининг олди олинишини таъминлайдиган қопламага (сув ўтказмайдиган, асфальт, бетон) эга бўлиши;
фуқаролар соғлиги ҳамда атроф-муҳитга зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминловчи, алоҳида сақланиши талаб этиладиган иккиламчи хом ашё ва чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун контейнерлар, чиқинди қутилари ва чиқиндиларни сақлашнинг бошқа идишлар (сиғимлар) билан таъминланган бўлиши;
тунги ташқи ёритиш тизимига эга бўлиши;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши шарт.
28. Транспорт воситалари чиқиндиларини утилизация қилиш жараёнида ҳосил бўлувчи чиқиндиларни вақтинча сақлаш уларнинг хавфлилик даражасига кўра:
хавфли чиқиндилар (компонентлар) мажбурий тартибда контейнерлар, чиқинди қутилари ва чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғи ҳамда атроф-муҳитга зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминловчи бошқа идишларда (сиғимларда) амалга оширилади;
хавфсиз чиқиндилар вақтинча сақлаш жойларининг очиқ майдончаларида сақланиши мумкин.
Хавфли чиқиндиларини вақтинча сақлаш жойларида мазкур чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жараёнларига алоқадор бўлмаган шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.
6-боб. Мазкур Низомга риоя этилишини назорат қилиш
29. Утилизация йиғими маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
30. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари транспорт воситалари чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилигига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини таъминлайдилар.
7-боб. Якунловчи қоидалар
31. Мазкур Низомнинг тўғри қўлланилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган транспорт воситалари учун утилизация йиғимини тўлаш
Утилизация йигими бўйича тафовут тўлаш ёки ортиқча тўланган маблағларни қайтариш
Импорт қилувчи ёки Молия вазирлиги
Утилизация йиғимининг такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоби тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида
Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар томонидан утилизация йиғимини тўлаш
СХЕМАСИ
Босқич
Тадбирлар
Масъуллар
Ижро муддати
I босқич
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи солиқ органига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғими ҳисоб-китобларини электрон шаклда тақдим этади
Ишлаб чиқарувчи, Давлат солиқ қўмитаси
Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санадан кечиктирмай
II босқич
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлаш
Ишлаб чиқарувчи
ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай
III босқич
Утилизация йиғимининг тақдим этилган ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатда, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномасини юбориш