Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 14 январдаги ПҚ-4949-сон қарорига мувофиқ Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори билан ташкил этилган Ташқи савдо шартномалари юзасидан дебитор ва кредитор қарздорлигини камайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи республика ишчи гуруҳининг вазифа ва ваколатлари юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар;
қарздорликларни ҳисобдан чиқаришда экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси ҳамда ҳудудий комиссияларнинг ўрни ва ваколатлари;
экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш тартиби;
ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича ҳисобдорлик механизми.
3. Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 июндаги 464-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:
Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда мазкур қарордан келиб чиқадиган тегишли дастурий-техник ўзгартиришларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 14 апрель,
216-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо шартномалари бўйича муддати ўтган умидсиз дебитор ҳамда кредитор қарздорликларини (кейинги ўринларда — қарздорликлар) Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан (кейинги ўринларда — ТСОЯЭАТ) ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
умидсиз қарздорлик — ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонларининг мажбуриятлари суд қарорига асосан бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарздорлик, шунингдек, ТСОЯЭАТда шаклланган, бироқ ташқи савдо шартномалари томонлари ўртасида ҳақиқатда мавжуд бўлмаган, томонларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида яроқсиз бўлиб қолган, «йўқ қилиш» ва «давлат фойдасига воз кечиш» божхона режимларига расмийлаштирилган ёхуд давлат органи томонидан мусодара ёки йўқ қилинган, шу жумладан, кредит-нота асосида тақдим этилган чегирма натижасида юзага келган қарздорлик;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
асосланган дебитор қарздорлик — чет эл корхонасидан ундирилиши муаммо бўлаётганлиги тегишли ҳужжатлар билан ҳуқуқий жиҳатдан асосланган экспорт шартномалари доирасидаги қарздорлик;
кредит-нота — ташқи савдо шартномаларида кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасининг маълум бир миқдори бўйича чегирма бериш тўғрисидаги ҳисоб ҳужжати.
2-боб. Қарздорликларни аниқлаш ва уларни асослантирувчи ҳужжатлар
3. Ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар ТСОЯЭАТда шакллантирилади ва ҳисобдан чиқарилади.
4. Қарздорликлар ТСОЯЭАТда хўжалик юритувчи субъектлар, давлат божхона хизмати органлари, товар-хом ашё биржаси ва кўргазма-ярмаркалар ҳамда тижорат банкларининг маълумотлари асосида шакллантирилади.
5. ТСОЯЭАТда умидсиз қарздорликлар сифатида қуйидагилар эътироф этилади:
хўжалик юритувчи субъектларнинг суд қарорига мувофиқ мажбуриятларининг тугатилганлиги;
якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги;
умумий даъво қилиш муддатининг ўтганлиги;
Ҳукумат қарори асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликлари ҳисобдан чиқарилиши;
қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги, шунингдек, муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қарздорлик техник сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги;
(5-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келганлиги;
норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки норезидентнинг томонлар ўртасидаги мавжуд дастлабки мажбурияти худди ўша шахслар ўртасидаги бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ҳамда «йўқ қилиш» божхона режимига расмийлаштирилиши, давлат органлари томонидан йўқ қилиниши ёки мусодара қилиниши натижасида юзага келганлиги;
(5-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта қопламаси келиб тушганда, суғурта компаниясининг комиссияси эвазига қарздорликнинг қопланган қисми.
Олдинги таҳрирга қаранг.
товарлар «давлат фойдасига воз кечиш» божхона режимига расмийлаштирилиши натижасида юзага келганлиги.
(5-банднинг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
6. Умидсиз қарздорлик қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:
хўжалик юритувчи субъект мажбуриятларининг тугатилганлиги, банкротлик ишларининг якунланганлиги ва мажбуриятларни қаноатлантириш имконияти йўқлиги ҳақидаги суд қарори;
якка тартибдаги тадбиркорнинг вафот этганлиги ҳақидаги ўлим гувоҳномаси;
якка тартибдаги тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиб, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганлиги ҳақидаги ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг маълумотномаси;
қарздорликнинг умумий даъво муддати ўтганлиги натижасида даромад (харажат)га олинганлиги ҳақида хўжалик юритувчи субъектнинг маълумотномаси;
хўжалик юритувчи субъектларнинг қарздорликларини ҳисобдан чиқариш юзасидан Ҳукумат қарори;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қарздорлик ҳақиқатда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлиги ёки техник сабабларга кўра нотўғри шаклланганлиги юзасидан тақдим этилган хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;
(6-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан шартнома бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун қўлланилган барча жарималар тўлиқ ундирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
шартномада кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) суммасини 5 фоизгача камайтириш бўйича чегирма бериш тўғрисидаги кредит-нотаси;
(6-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
норезидентнинг мажбурияти бир турдаги қарши талабларни ҳисобга олиш йўли билан тугатилганлиги ёки бошқа предметни ёки бажариш усулини назарда тутувчи ўзга мажбурият билан алмаштирилганлигини тасдиқловчи хўжалик юритувчи субъектнинг расмий хати ва маълумотномаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
товарларни транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида шартнома томонларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолганлигини, «йўқ қилиш» божхона режимига расмийлаштирилганлигини ёхуд тегишли давлат органи томонидан йўқ қилинганлигини ёки мусодара қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
(6-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
мажбуриятлар бажарилмаганлиги сабабли суғурта компаниясидан суғурта қопламаси келиб тушганлигини асословчи ҳужжат;
Олдинги таҳрирга қаранг.
товарларнинг давлат фойдасига воз кечилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Бунда Адлия вазирлиги томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг банкротлиги ёки тугатилиши натижасида реестрдан чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотлар онлайн режимда ТСОЯЭАТга тақдим этиб борилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 августдаги 513-сонли қарорига асосан ўн учинчи ва ўн тўртинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)
3-боб. Қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби
7. Қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар ойнинг 10-санасига қадар Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) ва Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларга (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.
9. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 20-санасига қадар:
а) қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта ва манзилли ўрганиб чиқади, жумладан, уларнинг асослилигини текширади, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилади.
Бунда асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар билан бирга Ташқи ишлар вазирлигига киритади;
б) хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.
10. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ойнинг 1-санасига қадар:
а) асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказади ва амалий ёрдам бериш чораларини кўради;
б) чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашади;
в) амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб боради.
11. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойнинг 5-санасига қадар Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.
12. Давлат солиқ қўмитаси ҳар ойнинг 10-санасига қадар ТСОЯЭАТдан қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабул қилиш учун тақдим этади.
13. Ҳукумат комиссияси ҳар ойда бир марта:
а) Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.
б) қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юборади.
14. Қарор қабул қилингандан кейин 5 календарь кун давомида Давлат солиқ қўмитаси Ҳукумат комиссиясининг қарорини тегишли тижорат банкларига етказади. Тижорат банклари Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқаради.
4-боб. Якунловчи қоида
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимидан умидсиз қарздорликларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Экспорт ва импорт шартномалари бўйича умидсиз муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликларни ҳисобдан чиқаришни ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Марказий банк

Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссияларга экспорт ва импорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор ва кредитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш.

Ҳар ойнинг 10-санасига қадар

2-босқич

Ҳудудий комиссиялар

1. Қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида пухта
ва манзилли ўрганиб чиқиш, жумладан, уларнинг асослилигини текшириш, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилиш.

Бунда асосланган дебитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ҳолда тегишли ҳужжатлар* билан биргаликда Ташқи ишлар вазирлигига киритилади.

2. Хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган қарздорликларини (Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўрганилаётган маълумотлардан ташқари) ТСОЯЭАТдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш.

Ҳар ойнинг

20-санасига қадар

Ташқи ишлар вазирлиги

1. Асосланган дебитор қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистоннинг хориждаги тегишли дипломатик ваколатхоналари (элчихоналар ва консуллик муассасалари) орқали хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига етказиш ва амалий ёрдам бериш чораларини кўриш.

2. Чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки импорт қилувчи давлат органи томонидан мусодара қилинган ёхуд божхона назорати остида йўқ қилинган товарларга хориждаги тегишли ваколатли органлар томонидан зарур ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилишида кўмаклашиш.

3. Амалга оширилган ишлар ҳақида тегишли ҳудудий комиссияга маълумотларни тақдим этиб бориш.

Ҳар ойнинг

1-санасига қадар

Ҳудудий комиссиялар

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар юзасидан қабул қилинган хулосаларни Давлат солиқ қўмитасига тақдим этиш.

Ҳар ойнинг

5-санасига қадар

3-босқич

Давлат солиқ қўмитаси

ТСОЯЭАТдан қарздорликларни чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабл қилиш учун киритиш.

Ҳар ойнинг

10-санасига қадар

4-босқич

Ҳукумат комиссияси

1. Давлат солиқ қўмитаси таклифлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш.

2. Қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш учун Давлат солиқ қўмитасига юбориш.

Ҳар ойда

бир марта

5-босқич

Давлат солиқ қўмитаси

Ҳукумат комиссияси қарорини тегишли тижорат банкларига етказиш.

Қарор қабул қилинганидан кейин

5 календарь кун давомида

6-босқич

Тижорат банклари

Ҳукумат комиссиясининг қарорлари асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш.

Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни давомида

* — тасдиқланган солиштирма далолатнома;
хўжалик юритувчи субъект томонидан қарздорлик мавжудлиги юзасидан имзоланган тасдиқнома;
хорижий ҳамкорга шартнома шартлари бажарилмаганлиги юзасидан эътирознома ва даъво аризаси;
шартнома нусхаси;
маҳаллий ва хорижий ҳамкорнинг алоқа манзиллари;
суд қарорлари;
солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
ташқи савдо шартномасининг идентификация рақами;
юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликлар санаси ва миқдори;
дебитор қарздорликлар билан ишлаш бўйича компанияда қабул қилинган қоидалар;
дебитор қарздорликлар билан ишлаш учун масъул шахсни тайинлаш тўғрисида экспорт қилувчининг буйруғи;
экспорт шартномаси ва халқаро шартномаларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект томонидан кўриладиган чоралар;
дебитор қарздорликларни ундириш бўйича кўрилган чоралар (судгача ва суд ишларини бажариш тартиби ижро ишлари, банкротлик);
экспорт шартномаси тарафлари томонидан имзоланган яраштириш далолатномаси (акти).
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига
2-ИЛОВА
Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар
НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Тошкент шаҳар, вилоят ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, Ҳудудий комиссия раиси

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят прокурорининг ўринбосари, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг, Тошкент шаҳар, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Ҳудудий комиссия раисининг ўринбосари

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг, Тошкент шаҳар, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, Тошкент шаҳар, вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири, Тошкент шаҳар, вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари

Лавозими бўйича

Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар, вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи

Лавозими бўйича

«Ўзмиллийбанк» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси

Лавозими бўйича

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси

Лавозими бўйича

«Асакабанк» АЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоят филиали бошқарувчиси

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири, Тошкент шаҳар, вилоятлар ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг котибияти мудири, Ҳудудий комиссия котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги 216-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Белгилансинки, икки йўлакли тизим қуйидагиларда:
Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида;
халқаро темир йўл қатновлари бошланиш ёки сўнгги нуқтасида божхона назорати амалга ошириладиган темир йўл вокзалларида;
Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автотранспорт воситалари ҳамда фуқаролар ҳаракатининг интенсивлиги юқори бўлган (бир йил давомида ўртача бир суткада икки минг нафар ёки ундан ортиқ фуқаролар ҳаракатланганда) ва инфратузилмаси икки йўлакли тизим жорий этиш талабларига жавоб берадиган автомобиль ўтказиш пунктларида жорий этилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 майдаги 379-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базаси орқали фақат қарздорлик текширилгандан кейин содир этиладиган йирик битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхатининг 21-позицияси чиқариб ташлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандида «2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом» сўзлари «2020 йил 14 майдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низом» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 14 майдаги 283-сон қарорига 1-иловада:
23-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«23. Товарларни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш, шунингдек, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш ёхуд улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича ёки контрактлар Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган тақдирда, шунингдек, асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт контрактлари шартларида асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 календарь кундан ортиқ белгиланганда — импорт контрактларида белгиланган муддатлардан ошмаслиги лозим»;
24-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари оқибатида ташқи савдо операциялари бўйича мажбуриятларни бажариш имконияти бўлмаганда, форс-мажор ҳолатлари юз берган давлатнинг ваколатли органи тасдиғига мувофиқ, ушбу ҳолатларнинг амал қилиш муддати мобайнида мажбуриятларнинг қисман ёки тўлиқ бажарилмаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди»;
қуйидаги таҳрирдаги ўнинчи хатбоши қўшилсин:
«экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликнинг умумий суммаси муддати ўтган дебитор қарздорлик юзага келган санадан олдинги 36 ой давомида таъминланган валюта тушумининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолатларда»;
ўнинчи хатбоши ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин.
қуйидаги таҳрирдаги ўн тўққизинчи хатбоши қўшилсин:
«Хўжалик юритувчи субъект томонидан талабномага асосан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланган кундан 90 кун ичида ташқи савдо контрактлари бўйича валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда, тўланган жарима суммаси қисқартирилиши таъминланган қарздорлик миқдорига мутаносиб равишда қайтариб берилади»;
йигирма иккинчи — йигирма олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда:
жарима қўллаш масаласи судда кўриб чиқилаётган пайтда — аризани қаноатлантириш қисқартирилиши таъминланган қарздорлик миқдорига мутаносиб равишда рад этилади;
суд ҳужжати қонуний кучга кирмаган вақтда — ижрога қаратилмайди.
Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 90 календарь кун ичида ва уни шу муддат ичида ижро этиш пайтида аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда — иш юритиш тугатилади ва мажбурий ундириш бўйича кўрилган барча чоралар бекор қилинади (давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан), шунингдек, ундирилган жарималар хўжалик юритувчи субъектнинг аризаси асосида банк ҳисобварағига қайтариб берилади. Бунда ундирилган маблағлар:»;
йигирма тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Талабномага асосан жарима ихтиёрий равишда тўланган ёки молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг 90 календарь кун ичида тушган валюта маблағлари ёки республикага олиб кирилган ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилган товар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар суммаси талабномада кўрсатилган валюта курси бўйича сўмда ҳисоб-китоб қилинади»;
ўн тўққизинчи — йигирма олтинчи хатбошилар тегишлича йигирманчи — йигирма олтинчи деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.04.2021 й., 09/21/216/0337-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2025 й., 09/25/513/0731-сон)