1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.06.00.00 Божхона иши / 10.06.03.00 Божхона режимлари / 10.06.03.16 Бошқа божхона режимлари]
[ТСЗ:
1.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуна ва синамаларини тасарруф этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Божхона хизмати органларида божхона экспертизасини ўтказиш тартибини жаҳон стандартларига мослаштириш, намуна ва синама олиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратиш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
а) товарлар намуналарини ёки синамаларини олиш мазкур товарларни идентификациялаш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига биноан товар кодини аниқлаш мақсадларида амалга оширилади;
б) товарлар намуналари ёки синамаларни тасарруф этиш ҳамда божхона экспертизасини ўтказиш учун зарур сарфлаш материаллари давлат божхона хизмати органларининг ҳар йилги истеъмолидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда харид қилинади;
в) товарлар намуналари ёки синамалари товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаши ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, шунингдек, маълумотлар ишончлилиги учун қуйидагилар шахсан жавобгар ҳисобланади:
товарлар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда — божхона органи мансабдор шахси;
товар жисмоний шахс ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилганда — жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари;
намуналар ёки синамаларни олиш суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида амалга оширилганда — ушбу қарорларда масъул этиб тайинланган шахслар.
2. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказилаётган товарлардан намуналар ёки синамалар танлаб олиш, уларни божхона лабораторияларига тақдим этиш, тасарруф этиш, сақлаш ҳамда йўқ қилиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 март,
145-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 мартдаги 145-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказилаётган товарлардан намуналар ёки синамаларни танлаб олиш, божхона лабораторияларига тақдим этиш, тасарруф этиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
божхона лабораторияси — божхона органлари тизимидаги божхона экспертизасини амалга оширишга мўлжалланган махсус лаборатория;
ваколатли орган — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тадқиқот (экспертиза) тайинлаш ваколатига эга бўлган суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари;
йўлланма хати — божхона органи, ваколатли органлар, жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тадқиқот (экспертиза) тайинлаш тўғрисидаги ёзма ёки электрон мурожаати;
намуна — божхона мақсадлари учун тақдим этилган ёки терговга қадар текширув, суриштирув ҳаракатлари, тергов ва суд жараёнларидаги товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодаловчи товар;
намуналарни ёки синамаларни йўқ қилиш — намуналар ёки синамаларни товар сифатида белгиланган мақсадларда ишлатишга яроқсиз ҳолатга келтириш (ёқиб юбориш, кўмиб ташлаш ва бошқалар);
синама — божхона мақсадлари учун тақдим этилган ёки терговга қадар текширув, суриштирув ҳаракатлари, тергов ва суд жараёнларидаги товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодаловчи товарнинг минимал қисми;
тадқиқот (экспертиза) — божхона лабораторияси эксперти томонидан фан, техника ва бошқа соҳалардаги махсус билимлар асосида намуналар ёки синамаларни ўрганиш.
3. Намуналар ёки синамалар товарларни идентификациялаш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига (кейинги ўринларда — ТИФ ТН) биноан товар кодини аниқлаш мақсадларида олинади.
Намуналар ёки синамаларни божхона лабораторияларида тасарруф этиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
4. Товарлардан намуналар ёки синамаларни олиш усули товар туридан келиб чиққан ҳолда халқаро стандартлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда улар асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги матнларда — Давлат божхона қўмитаси) томонидан ишлаб чиқилган услубга мувофиқ амалга оширилади.
5. Товар намуналари ёки синамаларини тасарруф этиш ҳамда божхона экспертизасини ўтказиш учун зарур сарфлаш материаллари мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ божхона органларининг ҳар йилги истеъмолидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда харид қилинади.
2-боб. Намуналар ёки синамаларни олиш
1-§. Товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда намуналар ёки синамалар олиш тартиби
6. Тадқиқот (экспертиза) мақсадлари учун эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётган товарлардан намуналар ёки синамалар олиш божхона органи бошлиғи томонидан масъул этиб тайинланган божхона органи мансабдор шахси томонидан товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс, шунингдек, заруратга кўра (заҳарли, токсик, кучли таъсир қилувчи товарлар), мутахассис иштирокида амалга оширилади.
Бунда божхона органи мансабдор шахси намуналар ёки синамалар товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаш ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, шунингдек, маълумотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
7. Намуналар ёки синамалар уч нусхада олинади ва мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича божхона органи мансабдор шахси томонидан учта нусхада намуналар ёки синамалар олиш далолатномаси тузилади. Бунда далолатноманинг:
биринчи нусхаси намуналар ёки синамалар билан биргаликда божхона лабораториясига шу куннинг ўзида юборилади;
иккинчи нусхаси товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахсга берилади;
учинчи нусхаси тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органида қолдирилади.
8. Намуналар ёки синамаларнинг ҳар бир нусхаси мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ қадоқланади ва махсус қадоқ устидаги жадвал товар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ҳамда божхона органи мансабдор шахсининг рақамланган шахсий муҳри билан пакетнинг белгиланган қисмига муҳр босилади.
9. Намуналар ёки синамаларни олишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича жавобгарлик тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органи бошлиғи ёки ваколатли органнинг масъул ходими ҳамда намуналар ва синамаларни олган шахснинг заммасига юкланади.
2-§. Товар жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилаётганда намуналар ёки синамалар олиш
10. Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тадқиқот (экспертиза) мақсадларида товарлардан намуналар ёки синамалар олиш жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари томонидан, зарурат юзасидан (заҳарли, токсик, кучли таъсир қилувчи товарлар) эса, мутахассис иштирокида олинади.
Бунда жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари намуналар ёки синамалар товар партиясининг таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалаш ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, шунингдек, маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
11. Намуналар ёки синамалар уч нусхада олиниб, йўлланма хати орқали намуналар ёки синамалар билан божхона лабораториясига жисмоний ёки юридик шахс томонидан танланган куни юборилади.
Товар миқдори уч нусхада намуналар ёки синамалар олиш имкониятини бермаса, у ҳолда товардан бир нусхада намуна ёки синама олиниб, йўлланма хати орқали лабораторияга юборилади.
12. Намуналар ёки синамаларнинг ҳар бир нусхаси мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ қадоқланиб, махсус қадоқ устидаги жадвал товар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ҳамда жисмоний ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари томонидан имзоланади ва пакетнинг белгиланган қисмига муҳр босилади.
13. Намуналар ёки синамаларни олишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича жавобгарлик тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул этиб тайинлаган ходимлари зиммасига юкланади.
3-§. Суриштирув, тергов, прокуратура, суд органлари қарорлари асосида намуналар ёки синамалар олиш
14. Суриштирув, тергов, прокуратура, суд органлари қарорлари асосида товарлардан намуналар ёки синамалар олиш, ушбу қарорларда масъул этиб тайинланган шахс томонидан холислар, заруратга кўра, мутахассис иштирокида амалга оширилади.
Бунда намуналарни (синамаларни) олган шахс намуналар ёки синамалар товар партияси таркиби ва хусусиятларини тўлиқ ифодалашини таъминлаши шарт ҳамда олинган намуналар ёки синамалар, маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
15. Намуналар ёки синамалар уч нусхада олиниб, ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ икки нусхада тузиладиган намуналар ёки синамалар олиш далолатномасини қарорда масъул этиб тайинланган шахс расмийлаштиради ҳамда қарорда масъул этиб тайинланган шахс, холислар, шунингдек, заруратга кўра эса, мутахассис томонидан имзоланади.
Бунда далолатноманинг биринчи нусхаси намуналар ёки синамалар билан бирга божхона лабораториясига шу куннинг ўзида юборилади, иккинчи нусхаси қарорда масъул этиб тайинланган шахсга берилади.
16. Намуналар ёки синамаларнинг ҳар бир нусхаси мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ қадоқланади ва махсус қадоқ устидаги жадвал товар тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ҳамда қарорда масъул этиб тайинланган шахс, холислар, шунингдек, заруратга кўра, мутахассис томонидан пакетнинг белгиланган қисми имзоланади ва қарорда масъул этиб тайинланган шахснинг муҳри босилади.
17. Намуналар ёки синамаларни олишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши бўйича жавобгарлик тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган қарорда масъул этиб тайинланган шахсга юклатилади.
3-боб. Намуналар ёки синамаларни қабул қилиш
1-§. Товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилаётганда намуналар ёки синамаларни қабул қилиш
18. Тадқиқот (экспертиза) божхона постининг божхона лабораторияси эксперти томонидан амалга оширилаётган бўлса, намуналар ёки синамалар ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги намуналар ёки синамалар олиш далолатномаси билан бирга намуналар ёки синамаларни олган божхона органи мансабдор шахси томонидан божхона постининг божхона лабораторияси экспертига етказилади.
Тадқиқот (экспертиза) Давлат божхона қўмитасининг ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг божхона лабораторияси экспертлари томонидан амалга оширилаётган бўлса, тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органининг йўлланма хати, намуналар ёки синамалар ва ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги намуналар ёки синамалар олиш далолатномаси билан бирга Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг божхона лабораторияси экспертларига етказилади.
Тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органи ушбу тадқиқот (экспертиза) қайси лабораторияда ўтказилишини кўрсатиб ўтади.
19. Йўлланма хатида қуйидаги маълумотлар:
божхона лабораториясига ҳал қилиш учун қўйилган саволлар;
миқдори кўрсатилган намуналар ёки синамалар рўйхати;
намуналар ёки синамалар қадоқланган махсус қадоқ идентификация рақами;
ҳар бир ҳужжатнинг рақами;
божхона юк декларациясининг 7-графасидаги рақами акс эттирилади.
Йўлланма хати тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органининг бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
20. Намуналар ёки синамалар божхона пости божхона лабораториясига келиб тушганда, божхона лабораторияси эксперти тақдим этилган намуналар ёки синамалар ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ қадоқланганлигини текширади.
Йўлланма хати, намуналар ёки синамалар ва ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги намуналар ёки синамалар олиш далолатномаси Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг божхона лабораторияси экспертларига келиб тушганда, материалларни қабул қилиш ва экспертиза материаллари жавобларининг жўнатилишига масъул бўлган шахс томонидан ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ экспертизага юборилган ва тақдим этилган материаллар қадоқланганлигини ва мазкур Низомнинг 19-бандида назарда тутилган маълумотларни текшириб чиқади.
Ушбу Низом талабларини бузган ҳолда расмийлаштирилган намуналар ёки синамалар тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органига камчиликларни бартараф этиш учун камчиликлар аниқланган куннинг ўзида қайтарилади.
Тақдим этилган материаллар ушбу Низом талабларига мувофиқ келса, йўлланма хатининг иккинчи нусхасига қабул қилиб олганлик тўғрисида белги қўйилади ҳамда у тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органига қайтарилади.
21. Намуналар ёки синамалар декларация қилинган товарга тегишли бўлмаса, қадоқда товарга нисбатан ваколатли шахс имзоси бўлмаса, божхона лабораторияси экспертлари қайтадан намуналар ёки синамалар олишни тайинлаш ҳуқуқига эга, қайтадан намуналар ёки синамалар олиш ушбу Низом билан белгиланган тартибда, мажбурий равишда мутахассис сифатида божхона лабораторияси эксперти иштирок этган ҳолда ўтказилади.
2-§. Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилган товар намуналарини (синамаларини) қабул қилиш тартиби
22. Тадқиқот (экспертиза) жисмоний ёки юридик шахслар мурожаатига асосан амалга оширилаётганда, йўлланма хати ва намуналар ёки синамалар Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг божхона лабораторияси экспертларига етказилади.
23. Йўлланма хатида қуйидаги маълумотлар:
божхона лабораториясига ҳал қилиш учун қўйилган саволлар;
миқдори кўрсатилган намуналар ёки синамалар рўйхати;
намуналар ёки синамалар қадоқланган махсус қадоқнинг идентификация рақами;
намуналар ёки синамалар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилиш учун тақдим этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 371-моддасида белгиланган маълумотлар мажбурий тарзда акс эттирилиши керак.
Йўлланма хати тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган жисмоний шахс ёки юридик шахснинг масъул раҳбари томонидан имзоланади.
Йўлланма хати намуналар ёки синамалар билан бирга Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг божхона лабораторияси экспертларига келиб тушганда, материалларни қабул қилиш ва экспертиза материаллари жавобларининг жўнатилишига масъул бўлган шахс томонидан экспертизага юборилган ва тақдим этилган материаллар мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ қадоқланганлигини ва ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган маълумотларнинг тўлиқлигини текшириб чиқади.
Ушбу Низом талабларини бузган ҳолда расмийлаштирилган намуналар ёки синамалар тадқиқотни (экспертиза) тайинлаган жисмоний ёки юридик шахсларга камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.
Тақдим этилган материаллар ушбу Низом талабларига мувофиқ келган ҳолатларда йўлланма хати белгиланган тартибда қабул қилиб олинади.
3-§. Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида юборилган товар намуналарини (синамаларини) қабул қилиш тартиби
24. Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органларининг қарорлари асосида тайинланган тадқиқотни (экспертизани) Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари экспертлари амалга ошираётган бўлса, тадқиқотни (экспертиза) тайинлаган органнинг қарори йўлланма хати билан бирга Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари экспертларига етказилади.
25. Йўлланма хати тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган ваколатли орган раҳбарияти томонидан имзоланади.
26. Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органларининг қарорларида белгиланган шахс томонидан намуналар ёки синамалар тадқиқот (экспертиза) учун Давлат божхона қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармалари божхона лабораторияси экспертларига келиб тушганда, намуналар ёки синамалар белгиланган тартибга мувофиқ қадоқланганлиги текшириб чиқилади.
Ушбу Низом талабларини бузган ҳолда расмийлаштирилган намуналар ёки синамаларни юборган шахсга камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.
4-боб. Намуналар ёки синамаларни тасарруф этиш
1-§. «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилаётган товарлар намуналари ёки синамаларини тасарруф этиш
27. Тадқиқот (экспертиза) натижасида товарнинг божхона лабораторияси эксперти томонидан аниқланган ТИФ ТН коди божхона юк декларациясида кўрсатилган кодга мос келса — ижобий экспертиза хулосаси ёки товарнинг божхона лабораторияси эксперти томонидан аниқланган ТИФ ТН коди божхона юк декларациясида кўрсатилган кодга мос келмаса — салбий экспертиза хулосаси берилади. Божхона экспертизаси йигирма иш кунигача бўлган вақтда ўтказилади.
28. Намуналар ёки синамалар, шунингдек, уларнинг физик-кимёвий тадқиқотлар ўтказилгандан сўнг қолган қисмлари (шундай тадқиқот ўтказилган ҳолатда) қуйидаги тартибда тасарруф этилади:
салбий эксперт хулосаси қабул қилинганда — тадқиқ қилиш учун тақдим этилган намуналар ёки синамаларнинг ва уларнинг қолдиқларининг барча нусхалари божхона лабораториясида қолдирилади;
ижобий эксперт хулосаси қабул қилинганда — тадқиқ қилиш учун тақдим этилган намуналар ёки синамалар ва уларнинг қолдиқлари товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахсга қайтарилади.
29. Қайтарилиши лозим бўлган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органи ходимига қадоқланган (муҳрланган) ҳолда экспертиза хулосаси берилган кунинг ўзида қайтарилади ҳамда ушбу мансабдор шахс томонидан йўлланма хатининг иккинчи нусхасига қабул қилиб олганлик ва миқдори тўғрисида белги қўйилади. Белги қўйилган йўлланма хатининг иккинчи нусхаси божхона лабораториясида қолади.
Божхона лабораториясидан олинган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органи ходими томонидан товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахсга қайтарилади.
Агар қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқларига тааллуқли тадқиқот (экспертиза) юзасидан такрорий, қўшимча ёки комплекс тадқиқот (экспертиза) ўтказишга эҳтиёж туғилган тақдирда, қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари сақлаш қоидаларига риоя қилинган (қадоқланган, муҳрланган) ҳолда экспертизага юборилиши шарт.
Қўшимча божхона экспертизаси биринчи (аввалги) божхона экспертизаси хулосасида мавжуд бўлган камчиликларни тўлдириш учун тайинланади ва ўша экспертнинг ўзи ёки бошқа эксперт ёхуд экспертлар комиссияси томонидан ўтказилади.
Хулоса асосланмаганда ёхуд унинг асосидаги далиллар ҳақиқий эмас деб топилганда, такрорий божхона экспертизаси тайинланади.
Божхона экспертизасини экспертлар комиссияси томонидан ўтказиш божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан белгиланади.
30. Божхона лабораториясида қолдирилган намуналар ёки синамалар тегишли божхона органи ёки ваколатли органлар томонидан тайинланган қайта тадқиқот (экспертиза) ўтказишда ишлатилиши мумкин.
2-§. Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан тақдим этилган товарлар намуналари ёки синамаларини тасарруф этиш
31. Намуналар ёки синамалар, шунингдек, уларнинг физик-кимёвий тадқиқотлар ўтказилгандан кейин қолган қисмлари жисмоний ёки юридик шахсларга қайтарилади. Божхона экспертизаси йигирма иш кунигача бўлган вақтда ўтказилади.
32. Қайтарилиши лозим бўлган намуналар ёки синамалар ва уларнинг қолдиқлари жисмоний ёки юридик шахснинг масъул ходимига қадоқланган (муҳрланган) ҳолда экспертиза хулосаси берилган кунинг ўзида қайтарилади ва ушбу ходим томонидан йўлланма хатининг иккинчи нусхасига қабул қилиб олганлик ва миқдори тўғрисида белги қўйилади. Белги қўйилган йўлланма хатининг иккинчи нусхаси божхона лабораториясида қолади.
Агар қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқларига тааллуқли тадқиқот (экспертиза) юзасидан такрорий, қўшимча ёки комплекс тадқиқотга (экспертизага) эҳтиёж туғилган тақдирда, қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари сақлаш қоидаларига риоя қилинган ҳолда экспертизага юборилиши шарт.
Қўшимча божхона экспертизаси биринчи (аввалги) божхона экспертизаси хулосасида мавжуд бўлган камчиликларни тўлдириш учун тайинланади ва ўша экспертнинг ўзи ёки бошқа эксперт ёхуд экспертлар комиссияси томонидан ўтказилади.
Хулоса асосланмаганда ёхуд унинг асосидаги далиллар ҳақиқий эмас деб топилганда, такрорий божхона экспертизаси тайинланади.
Божхона экспертизасини экспертлар комиссияси томонидан ўтказиш божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан белгиланади.
33. Бир нусхада олинган (товар миқдоридан келиб чиққан ҳолда имконияти мавжуд бўлмаган) намуналар ёки синамаларнинг тадқиқот ўтказилгандан сўнг қолдиқлари жисмоний ва юридик шахсларга ушбу Низомнинг 32-бандига мувофиқ қайтарилади.
3-§. Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида юборилган товарлар намуналари ёки синамаларини тасарруф этиш
34. Намуналар ёки синамалар, шунингдек, уларнинг физик-кимёвий тадқиқотлар ўтказилгандан кейин қолган қисмлари суриштирув, тергов, прокуратура, суд органлари қарорларида намуналарни тақдим қилишга масъул этиб тайинланган шахсга, яъни намуналарни божхона лабораториясига юборган шахсга қайтарилади. Божхона экспертизаси суриштирув, тергов, прокуратура, суд органлари қарорлари асосида ўттиз иш кунигача бўлган вақтда ўтказилади.
35. Қайтарилиши лозим бўлган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари намуна учун масъул этиб тайинланган шахсга қадоқланган (муҳрланган) ҳолда экспертиза хулосаси берилган кунинг ўзида қайтарилади ва ушбу шахс томонидан йўлланма хатининг иккинчи нусхасига қабул қилиб олганлик ва миқдори тўғрисида белги қўйилади. Белги қўйилган йўлланма хатининг иккинчи нусхаси божхона лабораториясида қолади.
Агар қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқларига тааллуқли тадқиқот (экспертиза) юзасидан такрорий, қўшимча ёки комплекс тадқиқотга (экспертизага) эҳтиёж туғилган тақдирда, қайтариб юборилган намуналар ёки синамалар ва (ёки) уларнинг қолдиқлари сақлаш қоидаларига риоя қилинган ҳолда экспертизага юборилиши шарт.
Қўшимча божхона экспертизаси биринчи (аввалги) божхона экспертизаси хулосасида мавжуд бўлган камчиликларни тўлдириш учун тайинланади ва ўша экспертнинг ўзи ёки бошқа эксперт ёхуд экспертлар комиссияси томонидан ўтказилади.
Хулоса асосланмаганда ёхуд унинг асосидаги далиллар ҳақиқий эмас деб топилганда такрорий божхона экспертизаси тайинланади.
Божхона экспертизасини экспертлар комиссияси томонидан ўтказиш божхона экспертизасини тайинлаган орган томонидан белгиланади.
5-боб. Намуналар ёки синамаларни сақлаш
36. Божхона лабораториясида қолдирилган намуналар ёки синамалар товарнинг истеъмол идишида кўрсатилган сақлаш (яроқлилик) муддатларига мувофиқ сақланади. Бундай маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, уларнинг сақлаш муддатлари товарга тегишли бўлган халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси стандартлари билан белгиланган муддатларни аниқлаган ҳолда, қуйидаги муддатлардан ошиб кетмаган ҳолда сақланади:
божхона лабораториясида салбий эксперт хулосаси қабул қилинса, хулоса берилган санадан бошлаб — 3 йил давомида;
тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг намуналарини (синамаларини) сақлаш муддати — улар божхона лабораториясига тақдим қилинган вақтдан бошлаб 1 ой давомида;
агар намуналар ёки синамаларнинг яроқлилик муддати божхона лабораториясига топширилгандан бошлаб, ушбу бандда белгиланган сақлаш муддати оралиғида тугаса ва божхона экспертизасида уларнинг қадоқларидаги, ёрлиқларидаги маълумотлардан фойдаланилган бўлса, у ҳолда ушбу қадоқлар ва ёрлиқлар қолган белгиланган муддатгача сақланади.
37. Ҳудудий божхона бошқарма ва божхона постида намуналар ёки синамаларни сақлаш ҳудудий божхона бошқармалари ва «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплекси бошлиғининг топшириғига асосан белгиланган моддий жавобгар шахс жавобгарлиги остида амалга оширилади.
38. Давлат божхона қўмитасида намуналар ёки синамаларни сақлаш масъул бошқарма моддий жавобгар шахсининг жавобгарлиги остида амалга оширилади.
39. Намуналар ёки синамалар товарнинг ТИФ ТН коди бўйича таснифланишига таъсир қилувчи кўрсаткичлар ўзгармаслигини таъминловчи, ёнғин хавфсизлигига жавоб берувчи, намликдан ва ташқи муҳитнинг ноқулай омилларидан ҳимояланган шароитларда сақланиши керак.
6-боб. Намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш
40. Намуналар ёки синамаларни сақлаш муддати тугагач, улар йўқ қилинади.
41. Масъул бошқарма ҳудудий божхона бошқармаси ва божхона постининг масъул шахси ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан, сақлаш муддати ўтиб кетган (агар шундай ҳолатлар бўлса) намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш тўғрисида ушбу масъул бошқарма бошлиғи (пост бошлиғи) номига билдирги беради.
42. Намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш учун масъул бошқарма бошлиғининг (пост бошлиғининг) ёзма кўрсатмасига кўра таркибида камида учта божхона ходимларидан иборат бўлган комиссия тузилади.
43. Намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш усули намуналар ёки синамалар йўқ қилинаётганда вужудга келувчи моддаларнинг атроф-муҳитга таъсири, шунингдек, иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда тегишли комиссия аъзолари томонидан танланади.
Намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш учун намуналар ва синамаларни ёқиш, парчалаш, майдалаш каби усуллардан фойдаланилади.
44. Комиссия намуналар ёки синамаларни йўқ қилгач, бу тўғрисида ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш тўғрисида далолатнома тузади. Далолатномада ҳар бир намунани (синамани) йўқ қилиш усули акс эттирилиши керак.
45. Сақлаш муддати ўтиб кетган алоҳида намуналар ёки синамалар божхона лабораторияси бошлиғининг кўрсатмасига биноан кўргазмали ўқув қуроллари ёки лаборатория музейининг экспонати сифатида қолдирилиши мумкин.
7-боб Якунловчи қоида
46. Ушбу Низом талабларининг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ёки синамаларини тасарруф этиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Божхона органлари
Ушбу низомнинг 2-боби талабларига асосан намуналар ёки синамалар олиниб, махсус қадоқларда божхона лабораториясига юборилади.
Намуналар ёки синамалар олинган куни
2-босқич
Божхона органлари
Божхона лабораторияси намуналар ёки синамаларни ушбу Низомнинг 3-боби талаблари асосида қабул қилади ва экспертиза ўтказади.
Йигирма иш кунигача
3-босқич
Божхона органлари
Намуналар ёки синамалар ва уларнинг қолдиқлари божхона экспертизасини тайинлаган божхона органига ушбу Низомнинг 4-боби талаблари асосида қадоқланган ҳолда қайтарилади.
Экспертиза натижалари асосида хулоса қабул қилинган куни
1-босқич
Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан
Ушбу Низомнинг 2-боби талабларига асосан намуналар ёки синамалар олиниб, махсус қадоқларда божхона лабораториясига юборилади.
Жисмоний ёки юридик шахслар хоҳишига кўра
2-босқич
Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан
Божхона лабораторияси намуналар ёки синамаларни ушбу Низомнинг 3-боби талаблари асосида қабул қилади ва экспертиза ўтказади.
Йигирма иш кунигача
3-босқич
Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан
Намуналар ёки синамалар ва уларнинг қолдиқлари жисмоний ёки юридик шахсга ушбу Низомнинг 4-боби талаблари асосида қадоқланган ҳолда қайтарилади.
Экспертиза натижалари асосида хулоса қабул қилинган куни
1-босқич
Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида
Ушбу Низомнинг 2-боби талабларига асосан намуналар ёки синамалар олиниб, махсус қадоқларда божхона лабораториясига юборилади.
Намуналар ёки синамалар олинган куни
2-босқич
Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида
Божхона лабораторияси намуналар ёки синамаларни ушбу Низомнинг 3-боби талаблари асосида қабул қилади ва экспертиза ўтказади.
Ўттиз иш кунигача
3-босқич
Суриштирув, тергов, прокуратура ва суд органлари қарорлари асосида
Намуналар ёки синамалар ва уларнинг қолдиқлари намуналар ёки синамаларни тақдим этган органга ушбу Низомнинг 4-боби талаблари асосида қадоқланган ҳолда қайтарилади.
Экспертиза натижалари асосида хулоса қабул қилинган куни
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Намуналар ва синамаларни тасарруф этиш ва божхона экспертизасини ўтказиш мақсадида зарур сарфлаш материаллари
РЎЙХАТИ
Т/р
Номи
1.
Махсус полимер пакет
2.
Оғиз қисми бураб ёпиладиган шаффоф полимер идиш ва қопқоқ
3.
Оғиз қисми кенг, бураб ёпиладиган полимер идиш ва қопқоқ
4.
Оғиз қисми бураб ёпиладиган шиша идиш ва қопқоқ
5.
Оғиз қисми кенг, бураб ёпиладиган шиша идиш ва қопқоқ
Изоҳ. Сарфлаш материалларини келтириш ҳар йилги истеъмолдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИ
Намуналар ёки синамаларни олиш далолатномаси Махсус қадоқнинг идентификация рақами __________________
(юкни олувчи хўжалик субъектининг номи, манзили, импорт қилувчи мамлакат)
ва божхона расмийлаштирувига 20___ йил «___» ______________да тақдим этилган.
Намуналар ёки синамалар олинишидан олдин юқорида кўрсатилган шахсларга божхона постининг мансабдор шахси томонидан намуналар олинаётганда амалга ошириладиган барча ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи, далолатномага киритиладиган аризаларни, тушунтиришларни бериши мумкинлиги тушунтирилди.
Илова: Намуналар ёки синамаларни олиш далолатномаси божхона органи муҳри билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Намуналар ёки синамаларни қадоқлаш усуллари
Намуналар ёки синамаларни қадоқлаш олинган намуналар ёки синамаларни алмаштириб қўйишга йўл қўймайдиган, ёрлиқ ёки ўрамни бутунлигини таъминлайдиган усулда амалга оширилиши керак.
Шунингдек, намуналар ёки синамаларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур илованинг биринчи хатбоши талабларига жавоб берувчи махсус қадоқлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак.
Махсус қадоқ — герметик полимер пакет бўлиб, уч томондан ёпилган, фақат бир томонидан намуналар ёки синамаларни қадоқ ичига солиш имкониятига эга. Ушбу пакетнинг оғиз қисми бир марталик ўзи ёпишадиган лента билан таъминланган бўлиб, ушбу лента пакет оғзи ёпилгандан сўнг қайта очиш имкониятини бермасликка мўлжалланган. Пакетнинг устки юқори қисмида махсус қадоқнинг идентификация рақами, марказ қисмида намуналар ёки синамалар тўғрисида маълумотлар (номи, миқдори, кўриниши, огоҳлантирувчи белгилар), товар «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилаётганда божхона пости коди ва номи, намуналар ёки синамалар олинганда қатнашган шахсларнинг исми, фамилияси, имзоси ва намуналар ёки синамалар олинган санани ёзишга мўлжалланган жадвал кўринишидаги катакчалар ва муҳр ўрни мавжуд. Махсус қадоқларнинг ҳисоботи электрон тарзда юритилади.
Пакетнинг намуналар ёки синамалар солинадиган оғиз қисмидан намуналар (синамалар) пакет ичига жойлаштиргандан сўнг оғиз қисмидаги ўзи ёпишадиган лента ёрдамида пакет оғзи ёпилади. Пакетнинг устки томонида намуналар ёки синамалар тўғрисида маълумотлар (номи, миқдори, кўриниши, огоҳлантирувчи белгилар), товар «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилаётганда божхона пости коди ва номи, намуналар ёки синамалар олинган сана, намуналар ёки синамалар олинганда қатнашган шахсларнинг исми, фамилияси ёзилади ва намуналар ёки синамалар олинганда қатнашган шахслар ўз исми, фамилияси тўғрисига имзо қўяди. Маълумотлар қўлёзма шаклида пакетга ёзилади.
Тайёр товарлардан олинган намуналар ёки синамалар ишлаб чиқарувчининг қадоқлари билан бирга, ишлаб чиқарувчининг қадоқлари очилмаган ҳолда махсус қадоқларга жойлаштирилиши керак.
Юқорида келтирилган махсус қадоқларда, намуналар ёки синамаларни хусусиятлари ва шаклидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ўраш усулларидан фойдаланилади:
1) намуналар ёки синамаларнинг қаттиқ шакллари (газламаларнинг бўлаклари, брусоклар, листлар, плиталар ва бошқалар) ва сочиладиган турлари (кукунлар, гранулалар, қаламчалар ва бошқалар) махсус қадоқларга тўғридан-тўғри солинади ва мазкур илованинг тўртинчи хатбоши талаблари асосида қадоқланади;
2) намуналар ёки синамаларнинг суюқ турлари (эритмалар, суюқликлар, эмульсиялар, суспензиялар ва бошқалар) тоза ва қуруқ идишга (ёрлиқ ёпиштирилмаган шиша, пластик бутилкаларга ва флакончаларга) солинади ва қопқоқ билан беркитилади (тиқин, қопқоқ). Агар олинган нусха учиб кетувчи моддалардан иборат бўлса, олинган нусханинг парланиб (буғланиб) кетишининг олдини олиш мақсадида идишнинг юқори қисми тоза полимер пленка билан ўралади ва мустаҳкам ип билан боғланади. Сўнгра ушбу намуналар ёки синамалар солинган идиш махсус қадоқларга солинади ва мазкур илованинг тўртинчи хатбоши талаблари асосида қадоқланади.
Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
«Тасдиқлайман»
________________________________
(раҳбарнинг лавозими)
________________________________
________________________________
(Ф.И.О., имзо)
20___ йил «___» ____________
Намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш ДАЛОЛАТНОМАСИ
_______________ шаҳри
20__ йил «____»_____________
Биз, намуналар ёки синамаларни йўқ қилиш бўйича қуйидаги таркибда тасдиқланган комиссия аъзолари: ________________________