Ҳужжат кучини йўқотган " " 09.10.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 октябрдаги 629-сонли «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 23 октябрдаги ПФ-5853-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш амалга оширилсин.
2. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш, якуний натижаларни эълон қилиш қуйидаги асосий вазифаларни назарда тутган ҳолда уч босқичда амалга оширилсин:
биринчи босқич (2022 — 2024 йиллар):
рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тамойиллари ҳамда методик асослари, рўйхатдан ўтказишга доир бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш;
автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
синов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш, натижаларини таҳлил қилиш;
рўйхатдан ўтказиш тадбирларида иштирок этувчи ходимларни ўқитиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга ошириш;
иккинчи босқич (2024 йил) — бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбирини амалга ошириш;
учинчи босқич (2024 — 2026 йиллар) — рўйхатдан ўтказишга доир маълумотларни қайта ишлаш, дастлабки ва якуний натижаларни олиш ҳамда эълон қилиш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш концепцияси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қишлоқ хўжалиги статистикаси кўрсаткичларининг сифати, ишончлилиги ва шаффофлигини янада ошириш;
қишлоқ хўжалигининг таркибий ҳолатини баҳолаш, соҳани халқаро тажрибаларда фойдаланиладиган статистик маълумотлар билан таққослаш имкониятини яратиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш даврлари оралиғида дастлабки синов тариқасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, танланма кузатувларни амалга ошириш учун статистик маълумотлар базасини яратиш.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг таркиби 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Давлат статистика қўмитаси оммавий ахборот воситаларида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил қилиб борсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.А. Бегалов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 26 февраль,
104-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 104-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш
концепцияси
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг мақсади, асосий вазифалари ва босқичларини белгилайди.
2. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, унинг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ статистик маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш жараёнларини ўз ичига олади.
Рўйхатдан ўтказишда мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳақиқий ҳолати баҳоланади.
3. Рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги фаолиятининг қуйидаги асосий кўрсаткичларини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади:
қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари;
меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик тавсифлари;
ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
қишлоқ хўжалиги экинлари майдони,
кўп йиллик дарахтзорлар ва токзорлар майдони;
иссиқхоналар майдони;
минерал ва органик ўғитлар солиш миқдори;
чорва моллари ва паррандалар бош сони;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ҳажми;
қишлоқ хўжалиги техникалари, машина ва ускуналари сони;
ишлаб чиқариш инфратузилмаси, техника воситалари ва технологиялар ҳолати;
махсус омборхоналар ва сақлаш жойларининг сони, сиғими;
мавжуд қайта ишлаш қувватлари ва улардан фойдаланиш ҳолати;
қишлоқ хўжалигида кўрсатилаётган хизматлар тури, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар.
Рўйхатдан ўтказишда якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулидан фойдаланган ҳолда расмий статистик маълумотларнинг шаффофлиги, ишончлилиги ва аниқлигини таъминлаш керак.
4. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш:
республика;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри;
туман ва шаҳарлар;
шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар;
маҳалла фуқаролар йиғинлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар (кластер ва бошқалар), боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари даражасида ташкил этилади.
2-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг мақсади ва асосий вазифалари
5. Рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яхлит ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда, қишлоқ хўжалиги фаолиятининг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққосланадиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик методлар асосида йиғиш мақсадида амалга оширилади.
6. Рўйхатдан ўтказишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қишлоқ хўжалиги статистикаси кўрсаткичларининг сифати, ишончлилиги ва шаффофлигини янада ошириш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг таркибий ҳолатини баҳолаш ва қишлоқ жойларни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишга кўмаклашиш мақсадида қуйи маъмурий-ҳудудий тавсифга эга аниқ статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш;
қишлоқ хўжалиги соҳасини халқаро тажрибаларда фойдаланиладиган статистик маълумотлар билан таққослаш имкониятига эга бўлиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасига хизмат қилувчи инфратузилмани ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурлар тайёрлаш ва индикатив режалаштириш;
миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиб бориш;
рўйхатдан ўтказиш даврлари оралиғида дастлабки синов тариқасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш, танланма кузатувларни амалга ошириш учун статистик маълумотлар базасини яратиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасининг муаммоли масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш.
3-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш босқичлари
7. Рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш ишлари уч босқичда ўтказилади. Улар доирасидаги тадбирлар босқичма-босқич ва бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин.
Биринчи босқичда (2022 — 2024 йиллар) қуйидагилар амалга оширилади:
Рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларнинг натижаларини олиш, қайта ишлаш ва эълон қилиш, вақтинча жалб этиладиган ходимларни ёллаш ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тамойиллари ҳамда методик асослари, молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва рўйхатдан ўтказишга оид бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш;
синов асосида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва шу асосда методик ҳужжатларни такомиллаштириш;
деҳқон, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар, боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари рўйхатини шакллантириш, хариталаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий режаларини тузиш;
замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш, унинг амалга оширилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва эълон қилишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;
ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
рўйхатдан ўтказиш сўровномалари ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш;
моддий-техник воситаларни тайёрлаш ёки харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатдан ўтказиш участкаларига етказиш;
рўйхатдан ўтказиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш;
рўйхатдан ўтказиш тадбирларида иштирок этувчи вақтинча ходимларни ўқитиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга ошириш.
Иккинчи босқичда (2024 йил) бевосита қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири амалга оширилади, яъни қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги бирламчи маълумотлар йиғилади.
Учинчи босқичда (2024 — 2026 йиллар) қуйидагилар амалга оширилади:
рўйхатдан ўтказишга доир бирламчи маълумотларни қайта ишлаш учун автоматлаштирилган ахборот тизимида қабул қилиб олиш;
маълумотларини автоматлаштирилган ахборот тизимида қайта ишлашга тайёрлаш;
бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаштириш, назорат ва таҳрир қилиш;
рўйхатдан ўтказиш бўйича дастлабки натижаларни олиш;
рўйхатдан ўтказиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш.
4-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга масъул бўлган ташкилотларнинг вазифалари
8. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) томонидан таъминланади.
Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш, уни ташкил этиш ва амалга ошириш, унинг натижаларини шакллантириш, чоп этиш, эълон қилиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш жараёнларини назоратга олиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишни молиялаштириш, бирламчи маълумотларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни эълон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этишни ташкил этиш.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда — ҳудудий комиссиялар) тузилади.
Қуйидагилар ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича ишларни аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда ташкил этиш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли орган ҳудудий бўлинмалари ва бу жараёнларга жалб қилинган бошқа ташкилотлар моддий-техник таъминланганлигини мустаҳкамлаш масалалари тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича комплекс ишлар бажарилишини назорат қилиш;
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга жисмоний ва юридик шахсларни жалб этиш ҳамда иштирок этганларни рағбатлантириш.
Ҳудудий комиссиялар норматив-ҳуқуқий ва методик ҳужжатлар асосида аниқ чора-тадбирлар ва масъул ижрочиларни кўрсатган ҳолда, тайёргарлик тадбирларини ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.
10. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси (кейинги ўринларда — Миллий статистика қўмитаси) Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
11. Миллий статистика қўмитаси:
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
илмий ва олий таълим муассасалари иштирокида рўйхатдан ўтказиш бўйича илмий-методик қўлланма ва материаллар тайёрлайди;
ҳар бир аҳоли пунктида рўйхатдан ўтказишни мувофиқлаштирувчи участка раҳбарлари, шунингдек, давлат статистика органлари ходимлари орасидан супервайзерлар (назоратчи инструкторлар) тайинланишини таъминлайди;
туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатдан ўтказувчи ходимларни ўқитади ва рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш бўйича амалий машғулотларни ташкил этади, ўқитиш жараёнида хатоликларни таҳлил қилади, юзага келган тушунмовчиликларни тушунтиради ва камчиликларни бартараф этади;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ҳақида аҳолини ва фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларни хабардор қилиш ишларини ((рўйхатдан ўтказишда фаол иштирок этиш бўйича тарғибот ишлари, SMS-хабарнома, реклама роликлари, шиорлар чиқариш ва бошқа шу каби тадбирлар) мувофиқлаштиради.
12. Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
моддий-техник воситаларни, жумладан, рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини автоматик тарзда қайта ишлаш учун моддий-техник воситаларни сотиб олиш, рўйхатдан ўтказиш натижаларини қайта ишлаш тузилмаларини, сервер ускуналари, сканерлар ва бошқа офис техникалари билан таъминлаш учун тендерлар ташкил этади;
рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини киритиш ва қайта ишлаш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими яратилишини таъминлайди;
автоматлаштирилган ахборот тизимида деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ҳақида маълумот (қишлоқ хўжалигига оид барча маълумотлар) олишни таъминлайди;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш натижаларини олиш бўйича дастурий воситалар тайёрланишини таъминлайди.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Миллий статистика қўмитасининг буюртманомалари асосида босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш учун зарур картографик материаллар (туман, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик хариталари, маъмурий туманлар хариталари) тайёрланишини таъминлайди.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш ишларини белгиланган тартибда мувофиқлаштиради, шунингдек, давлат архивлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг йиғма ҳужжатлари қайта ишланиб, тартибга келтирилгандан сўнг уларни доимий сақловга қабул қилишни ташкил этади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
15. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари вазифалари ҳисобланади:
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинча бинолар ажратиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш сўровнома бланкалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун зарур шарт-шароитга эга бўлган бино (хона) ажратиш;
зарур транспорт ва алоқа воситаларини тақдим этиш;
туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари билан биргаликда томорқа ер майдонлари мавжуд бўлган деҳқон хўжаликлари сонини кўрсатган ҳолда, фуқаролар йиғинларининг тўлиқ рўйхатини тузиш;
(15-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 августдаги 438-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон)
туман (шаҳар) статистика бўлимлари ва давлат хизматлари марказлари билан биргаликда мавжуд фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар, боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари сонини кўрсатиб, уларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантириш.
16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш жараёнида:
рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш даврида ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини, фуқаролар хавфсизлигини;
рўйхатдан ўтказишга жалб этилган шахсларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик;
зарур ҳолларда, рўйхатдан ўтказиш учун корхона ва ташкилотлар ҳудудига киришга тўсқинлик қилмаслик;
рўйхатдан ўтказиш даврида рўйхатдан ўтказиш материалларининг сақланишини ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказувчи органларнинг бинолари ва юклари қўриқланишини таъминлайди.
17. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича алоҳида ишлар жалб этилган пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилади ва уларга қуйидагилар киради:
аҳоли ва фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
картографик материалларни чоп этиш;
рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини чоп этиш;
моддий-техник таъминлаш;
рўйхатдан ўтказиш материалларини етказиш;
технологик-лойиҳа ишларини ўтказиш ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш;
рўйхатдан ўтказиш сўровномаларидаги маълумотларни киритиш ва автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш.
18. Зарур ҳолларда, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш доирасидаги айрим ишлар ва тадбирларни бажаришга кўмаклашиш учун бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, ўз ихтиёрига кўра қўшимча равишда жалб этилиши мумкин.
5-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига жалб этиладиган ходимлар тоифалари
19. Республика миқёсида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишда Миллий статистика қўмитаси марказий аппаратининг ходимлари иштирок этади.
(19-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
Ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.
20. Туман ва шаҳар миқёсида рўйхатдан ўтказиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкаларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун тўлов-шартнома асосида ходимлар жалб этилиши мумкин.
21. Регистраторлар (уй-жой рўйхатини тузувчилар), қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг тайёргарлик босқичида аввал тузилган рўйхатларни ва картографик материалларни аниқлаш (аниқ ҳудуддаги, деҳқон хўжаликларининг ҳақиқатда мавжудлигини хатловдан ўтказиш) учун тўлов-шартнома асосида жалб этилади.
Регистраторларни Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳудудий органлари ходимлари орасидан танлаб олиш мазкур вазирликлар ва идоралар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташкил этилади.
(21-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
22. Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳудудий органлари ходимлари орасидан рўйхатдан ўтказиш участкалари раҳбарлари, инструкторлар ва рўйхатдан ўтказувчиларни танлаб олиш масаласи мазкур вазирликлар ва идоралар ҳамда туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда ташкил этилади.
(22-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
Зарур ҳолларда, бошқа тоифадаги шахслар, жумладан, ўрта махсус (касб-ҳунар таълими) ёки олий маълумотга эга, аҳоли билан мулоқотга кириша оладиган, аниқ ва тушунарли ёза оладиган шахслар, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида иштирок этган рўйхатга олувчилар ҳам ўз розилигига кўра рўйхатдан ўтказиш ишларига шартнома асосида жалб қилиниши мумкин.
Вақтинча жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади.
Бунда ходимнинг яшаш жойи рўйхатдан ўтказиш амалга ошириладиган фуқаролар йиғинига қатнаш учун қулай бўлиши керак.
6-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш жараёнларини ахборот-коммуникация технологиялари асосида автоматлаштириш
23. Рўйхатдан ўтказиш сўровномаларидаги маълумотларни киритиш, уларни қайта ишлаш ва натижаларини эълон қилишни автоматлаштириш мақсадида автоматлаштирилган ахборот тизими яратилади.
24. Рўйхатдан ўтказиш сўровномаларидаги қишлоқ хўжалиги фаолияти тўғрисидаги шахсий маълумотлар фойдаланилиши чекланган махфий ахборот ҳисобланади, уларни тарқатишга йўл қўйилмайди ва фақат статистик мақсадларда қайта ишланади.
25. Қуйидагилар автоматлаштирилган ахборот тизимининг вазифалари ҳисобланади:
рўйхатдан ўтказиш сўровномалари маълумотларини киритиш, тўплаш ва сақлаш;
маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараёнларни методик қўллаб-қувватлаш мониторингини олиб бориш;
рўйхатдан ўтказиш бўйича шахсий маълумотларни автоматик қайта ишлаш;
шахсий маълумотларга рухсатсиз кириш, улардан фойдаланиш, уларни бузиш ёки йўқотишлардан ҳимоя қилиш;
маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш шарти билан қўшимча сўровларни шакллантириш учун шахсий бўлмаган маълумотлар базасига айрим тадқиқотчиларнинг белгиланган тартибда киришига имконият бериш;
рўйхатдан ўтказишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқариш.
7-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш харажатларини молиявий таъминлаш
26. Рўйхатдан ўтказиш тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси учун белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
27. Молиялаштириш учун зарур маблағлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва бошқа масъул идораларнинг асосланган ҳисоб-китоблари асосида, шунингдек, тендер савдоларини ўтказиш ва тендер ҳужжатларини расмийлаштириш натижалари бўйича аниқланади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
28. Рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга, унинг материалларини қайта ишлашга, натижаларини олиш ва эълон қилишга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади.
8-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш жараёни
29. Рўйхатдан ўтказиш сўровномаси рўйхатдан ўтказиш дастури асосида мулкчилик шаклидан келиб чиққан ҳолда, деҳқон, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар, боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатлари учун алоҳида ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
30. Деҳқон хўжаликлари, дала ҳовли участкалари эгалари тўғрисидаги маълумотлар улар яшайдиган хўжаликларга бориб, респондентлар билан сўров ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш орқали тўпланади. Рўйхатдан ўтказиш сўровномаси рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан сўров ўтказилаётган шахснинг оғзаки жавоблари асосида тўлдирилади.
Рўйхатдан ўтказиш вақтида хўжалик бошлиғи ўзи ҳозир бўлмаганда, хўжаликка доир маълумотлар ушбу хўжаликнинг вояга етган аъзоси томонидан маълум қилинади.
Агар респондент рўйхатдан ўтказиш сўровномасига жавоб беришдан бош тортса, сўровномалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
31. Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар хўжалик фаолият юритаётган ҳудудга бориб, респондентлар билан сўров ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш сўровномаларини тўлдириш орқали тўпланади. Рўйхатдан ўтказиш сўровномаси рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан сўров ўтказилаётган шахснинг оғзаки жавоблари асосида тўлдирилади.
9-боб. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш якунлари ва уларни эълон қилиш
32. Рўйхатдан ўтказиш якунлари босқичма-босқич шакллантирилади, жумладан:
туман ва шаҳарда рўйхатдан ўтказилган деҳқон, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар, боғдорчилик, полизчилик ва узумчилик ширкатларининг қишлоқ хўжалиги фаолияти бўйича дастлабки натижалар шаҳар ва туманга ажратилган ҳолда тузилади;
якуний натижалар қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш натижаларини эълон қилиш дастурига асосан махсус жадвал бўйича шакллантирилади;
сўровлар тушишига кўра қўшимча маълумотлар маълумотлар базаси асосида шакллантирилади.
33. Рўйхатдан ўтказиш натижалари расмий, босма, мавзули нашрлар кўринишида, шунингдек, электрон манбаларда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида), фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун оммабоп нашрларда (рисолалар, пресс-релизлар, атласлар, тақдимот материалларида) эълон қилинади.
34. Қайта ишланган ва тартибга келтирилган қоғоз кўринишидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш сўровномалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизимидаги тегишли давлат архивлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий сақланади.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 104-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга доир
чора-тадбирлар режаси

Т/р

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Бажариш муддати

Ижро учун масъуллар

I. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар

1.

Қишлоқ хўжалигида соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва амалга ошириш, уларнинг натижаларини олиш, қайта ишлаш ва эълон қилиш, жалб этиладиган вақтинчалик ходимларни ёллаш ва меҳнатига ҳақ тўлаш тамойиллари ҳамда услубий асослари ва рўйхатдан ўтказишга оид бошқа масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2022 йил январь

Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Молия вазирлиги,
Бандлик ва меҳнатмуносабатлари вазирлиги,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,
манфаатдор вазирлик ва идоралар

2.

Манфаатдор вазирликлар ва идоралар мутахассислари учун қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш юзасидан хорижий мамлакатларга, шу жумладан, ушбу масалалар юзасидан тажрибага эга бўлган МДҲ давлатларига хизмат сафарларини ташкил этиш.

Хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш мақсадида хизмат сафарларини ташкил этиш

2022 — 2024 йиллар

Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси,
халқаро ташкилотлар

3.

Маъмурий-ҳудудий бирликлар рўйхати ва чегараларини аниқлаштириш, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳамда кўчалар номлари, хонадон ва уйлар рақамлари кўрсатилган кўрсаткичларнинг мавжудлигини таъминлаш

Ташкилий тадбирлар, ижрочиларнинг қўшма ҳаракатлар режаси

2022 йил 1 февралгача

(синов)
 

2024 йил 1 февралгача

(асосий)

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
ҳудудий комиссиялар,
шаҳар ва туман ҳокимликлари

4.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш учун иштирокчиларни картографик материаллар (схематик харита) билан таъминлаш.

Схематик хариталар

2022 йил 1 февралгача

(синов)
 

2024 йил 1 февралгача

(асосий)

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
ҳудудий комиссиялар

5.

Қуйидагиларни таъминловчи «Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш:

рўйхатдан ўтказиш сўровномаларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлаш усули;

маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари мониторингини олиб бориш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг шахсий маълумотларини автоматлашган тарзда таҳлил қилиш;

шахсий маълумотларга рухсатсиз кириш, улардан фойдаланиш, уларни бузиш ёки йўқотишдан ҳимоя қилишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқариш.

Автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш

2022 йил 1 майгача

Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,
Давлат хизматлари агентлиги

6.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида (телевидение, радио, босма нашрларда) қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш, жамоат жойларида (вокз?ллар, аэропортлар, метрополитен ва бошқаларда) қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш.

SMS-хабарнома юбориш, видеороликлар, ижтимоий рекламалар, кўргазмали қуроллар тайёрлаш,бошқа ахборот-тарғибот ишлари

Рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш даврида

Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси,
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, ҳудудий комиссиялар,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

7.

Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларнинг рўйхатини шакллантириш.

Хўжалик юритувчи субъектлар рўйхати

2022 йил март

(синов)
 

2023 йил декабрь

(асосий)

Давлат статистика қўмитаси,
Давлат хизматлари агентлиги,
ҳудудий комиссиялар

8.

Аҳоли пунктлари, кўчалар номлари, уй ва хонадон рақамларининг мавжудлигига ҳамда фуқаролар йиғинларида мавжуд деҳқон хўжаликлари сонига аниқлик киритиш.

Ташкилий-амалий тадбирлар

2021 йил декабрь

(синов)
 

2023 йил декабрь

(асосий)

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,
Давлат статистика қўмитаси,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

9.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш учун вақтинчалик жалб этиладиган ходимларни танлаб олиш, рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш.

Рўйхатдан ўтказувчи ходимларнинг тасдиқланган рўйхати

2022 йил 1 майгача

(синов)
 

2024 йил 1 майгача

(асосий)

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
ҳудудий комиссиялар

10.

Қуйидаги ишлар учун алоқа воситалари билан жиҳозланган бинолар билан таъминлашни ташкил этиш:

қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш учун;

туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўлимлари, рўйхатдан ўтказиш инструкторлик ва стационар участкалари учун;

қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш материалларини қайта ишлаш учун;

қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган моддий-техник воситаларни сақлаш учун;

рўйхатдан ўтказиш ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш ва қўриқлаш учун.

Ташкилий-амалий тадбирлар

2022 — 2026 йилларда

Ҳудудий комиссиялар,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

11.

Туманлар (шаҳарлар) рўйхатдан ўтказиш бўлимлари, рўйхатдан ўтказиш ва инструкторлик участкаларини зарур ҳолларда транспорт воситалари билан таъминлаш.

Ташкилий-амалий тадбирлар

2022 — 2026 йилларда

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

12.

Ҳар бир аҳоли пункти ҳудудини рўйхатдан ўтказиш, инструкторлик ва ҳисоб участкаларига бўлиш, ҳар бир рўйхатдан ўтказувчилар учун иш ҳажмини аниқлаш.

Ташкилий-амалий тадбирлар

2022 йил 1 мартгача

(синов)
 

2023 йил 1 августгача

(асосий)

Ҳудудий комиссиялар,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари,
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари

13.

Рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини чоп этиш.

Рўйхатдан ўтказиш сўровномалари ва бошқа ҳужжатлар

2022 йил 1 майгача

(синов)
 

2024 йил 1 майгача

(асосий)

Давлат статистика қўмитаси,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

14.

Рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини туман (шаҳар) рўйхатдан ўтказиш бўлимлари, рўйхатдан ўтказиш ва инструкторлик участкаларига етказиб бериш.

Тадбирлар жадвали

2022 йил 1 июнгача

(синов)
 

2024 йил 1 июнгача

(асосий)

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
Давлат статистика қўмитаси

15.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга жалб этиладиган ходимларни рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича ўқитишни ташкил этиш.

Ўқув семинарлари

Тасдиқланган жадвалга асосан

Ҳудудий комиссиялар,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,
Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги

16.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири сифатли ўтказилишини таъминлаш.

Ижрочиларнинг ташкилий режаси

2022 йил белгиланган

муддатларда

(синов)
 

2024 йил белгиланган муддатларда

(асосий)

Республика комиссияси,
ҳудудий комиссиялар,
Давлат статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Ички ишлар вазирлиги,
Миллий гвардия,
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги,
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси,

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

III. Молиявий ва моддий-техника таъминот

17.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, якуний маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда эълон қилиш тадбирлари учун харажатлар сметасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Харажатлар сметаси

Бюджет кодексига мувофиқ белгиланган муддатларда

Миллий статистика қўмитаси,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Молия вазирлиги,

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

18.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари параметрларини шакллантириш бўйича қарорда кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, якуний маълумотларни таҳлил қилиш ва эълон қилиш тадбирларини молиялаштириш учун маблағ ажратиш.

Харажатлар сметаси

2022 — 2026 йилларда

Миллий статистика қўмитаси,

Молия вазирлиги,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

19.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш, якуний маълумотларни таҳлил қилиш ва эълон қилиш тадбирлари учун зарур товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олишни амалга ошириш.

Ижрочиларнинг қўшма ҳаракатлари режаси

2022 — 2026 йилларда

Миллий статистика қўмитаси,

Молия вазирлиги

IV. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини якунлаш

20.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг дастлабки маълумотларини тайёрлаш.

Таҳлилий жадваллар

2025 йил 1 январгача

Давлат статистика қўмитаси

21.

Маълумотларни автоматлаштирилган ҳолда таҳлил қилиш, маълумотлар киритишни кодлаштириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг дастлабки маълумотларини назорат қилиш ва таҳрир қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишда маълумотлар базасини шакллантириш.

Таҳлилий жадваллар

2025 йил 1 сентябргача

Давлат статистика қўмитаси

22.

Республика ва ҳудудлар бўйича қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг якуний натижаларини олиш, расмий нашр этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш ва белгиланган тартибда давлат томонидан сақлаш учун топширишни амалга ошириш.

Таҳлилий жадваллар

2026 йил 1 июлгача

Миллий статистика қўмитаси

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 104-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг
таркиби

Ш.М. Ғаниев

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Республика комиссияси раиси

Ж.А. Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири

Ж.А. Ходжаев

қишлоқ хўжалиги вазири, Республика комиссияси раисининг ўринбосари

Б.А. Бегалов

Миллий статистика қўмитаси раиси, Республика комиссияси раисининг ўринбосари

Т.А. Ишметов

молия вазири

П.Р. Бобожонов

ички ишлар вазири

Р.М. Джураев

Миллий гвардия қўмондони

Ш.М. Содиқов

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Н.Б. Хусанов

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

А.Х. Тошкулов

олий ва ўрта махсус таълим вазири

С. Турдиев

маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари

И.Р. Махкамов

транспорт вазири

Б.Т. Норқобилов

ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси

У.М. Юсупов

«Ўзархив» агентлиги директори

Ф.К. Умаров

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори

А.А. Хаитов

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

А.А. Ходжаев

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

А.К. Кўчимов

Миллий ахборот агентлиги бош директори

А.Ж. Хаджаев

Миллий телерадиокомпания раиси

Ш.А. Ғуломов

Давлат статистика қўмитаси Қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бошқармаси бошлиғи, комиссия котиби

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги 104-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг
намунавий таркиби
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, комиссия раиси.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари — Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармалари бошлиқлари, комиссия раисининг ўринбосари.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, комиссия раисининг ўринбосари.
4. Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиқлари.
5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари.
6. Қорақалпоғистон Республикаси молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари бошлиқлари.
7. Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари.
8. Миллий гвардиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқлари.
9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармалари бошлиқлари.
10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари бошлиқлари.
11. Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 августдаги 438-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон)
12. Қорақалпоғистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари бошлиқлари.
13. Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармалари бошлиқлари.
14. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари бошлиқлари.
15. Кадастр агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари.
16. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари раислари.
17. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат хизматлари агентлиги бошқармалари бошлиқлари.
18. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари Қишлоқ хўжалиги ва экология статистикаси бўлими бошлиқлари, комиссия котиби.
Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, комиссия таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.02.2021 й., 09/21/104/0160-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 10.08.2022 й., 09/22/438/0726-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)