|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.09.2020
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА ВАЛЮТАНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги 472-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-573-сон ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2019 йил 5 ноябрдаги ЎРҚ-580-сон қонунлари)»ги қарорига асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
«Валютани тартибга солиш тўғрисида» ва «Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 1993 йил 7 майдаги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ва халқаро тўловларни марказлашган тартибда амалга ошириш учун чет эл валютасида олинадиган барқарор молиявий манбаларни таъминлаш, Республика валюта фондини шакллантириш, аҳоли учун биринчи навбатда зарур бўлган буюмларни чет элдан харид қилишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 январдаги 1-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
2. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 январдаги 1-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
Республика валюта фонди тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ Бош бошқармаси билан биргаликда:
чет эл валютасида олинган тушумдан солиқни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани ўн кун муддатда ишлаб чиқсин ҳамда уни тегишли вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар ва бошқа солиқ тўловчиларга етказсин;
чет эл валютасида ундириладиган божлар, йиғимлар ва солиққа тегишли бўлмаган бошқа мажбурий тўловлар рўйхати тўғрисидаги таклифларни икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки ўн кун муддатда Республика валюта фонди маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига валюта сотиш тартиби бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Марказий банк Давлат солиқ Бош бошқармаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда валюта, экспорт-импорт операциялари бўйича статистика ҳисоботи шаклини ишлаб чиқсинлар ва уни жорий этиш юзасидан таклифлар киритсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ваколатли банклар билан биргаликда ҳар ойда киримларнинг манбаларини ва харажатлар моддаларини кўрсатган ҳолда амалга оширилган валюта операциялари бўйича ҳисоботларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этишни таъминласин.
7. Вазирликлар, идоралар, банклар ва бошқа ташкилотлар бир ой муддатда норматив ва йўриқнома ҳужжатларни мазкур қарорга ва илова қилинаётган Низомга мувофиқлаштирсинлар.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 6 сентябрдаги 200-7-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ўртоқ Ў.Т. Султонов зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 25 май,
251-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 январдаги 1-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
Республика валюта фонди тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Республика валюта фондининг вазифасини, шаклланишини ва ишлатилишини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
Республика валюта фонди (РВФ) — республика валюта бюджети республика валюта тушумларининг бир қисмини чет эл кредитларини тўлаш юзасидан мажбуриятларни бажариш, аҳоли эҳтиёжлари учун энг зарур бўлган буюмларни чет мамлакатлардан харид қилишни таъминлаш, халқаро тўловларни марказлаштирилган тартибда амалга ошириш, республиканинг валюта режасида белгиланган давлат ижтимоий ва иқтисодий дастурларини амалга ошириш манбаи сифатида жамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади.
РВФ маблағлари илова* қилинаётган Республика валюта фонди даромадлари ва харажатлари Классификациясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги махсус счётларда жамланади.
* Илова рус тилидаги матнида берилган.
II. Республика валюта фондини шакллантириш манбалари
1. Чет эл валютасидаги қуйидаги тушумлар РВФни шакллантириш манбалари ҳисобланади:
юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги тушумидан олинадиган солиқ;
чет эл инвесторининг хорижга ўтказиладиган даромадидан олинадиган солиқ;
жисмоний шахслардан чет эл валютасида олинадиган даромад солиғи;
божхона божлари;
божхона тартиби қоидаларини амалга оширганлик учун тўловлар;
мусодара қилинган мол-мулкни ва мусодара қилинган чет эл валютасини сотишдан тушумлар;
корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларни рўйхатга олганлик учун давлат божи;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан олинган чет эл кредитлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан чет мамлакатлар ҳукуматларига берилган кредитлар бўйича тушумлар;
қийматли қоғозлардан тушумлар;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан чет эл валютасида сотиб олинган маблағлар;
бошқа тушумлар.
2. РВФ счётлари бўйича банк операцияларини амалга оширганлик учун воситачилик ҳақи ундирилмайди. Маблағлар чет элга ўтказилган тақдирда банк ҳақи имтиёзли тариф бўйича ундирилади.
III. Ўзбекистон Республикаси ижро этувчи органларининг Республика валюта фонди маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлари
РВФ маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш РВФнинг чет эл валютасидаги тушумлари ва харажатлари Прогнози ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари асосида амалга оширилади.
РВФ нинг чет эл валютасидаги тушумлари ва харажатлари Прогнози ҳар йили кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Молия вазирлиги томонидан тақдим этилади.
Республика Молия вазирлигининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:
РВФнинг чет эл валютасидаги тушумлари ва харажатларининг тасдиқланган Прогнозига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларига биноан РВФ маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш;
Республика Вазирлар Маҳкамасига валюта маблағларини кўпайтириш йўллари ва манбалари тўғрисида, РВФ маблағларидан фойдаланиш йўналишлари ҳақида таклифлар киритиш;
РВФ дан ажратилган валюта маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилиш;
хизмат сафарлари ва бошқа жорий харажатлар учун валюта маблағлари ажратиш.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг ва бошқа ваколатли банкларнинг, шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат солиқ Бош бошқармасининг ҳуқуқ доирасига корхоналардан, бирлашмалардан ва ташкилотлардан РВФга, Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг валюта фондларига чет эл валютасидаги солиқлар ҳамда бошқа тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини таъминлаш киради.
IV. Республика валюта фонди маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари
РВФ маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасининг чет эл валютасидаги тушумлар ва харажатлар Прогнозида назарда тутилган мақсад ва чора-тадбирлар;
чет эл кредитларига хизмат кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикасининг инвестиция Дастурига кирган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дастурлар ва объектларни имтиёзли шартларда кредит билан таъминлаш;
республика Ҳукумати номидан жаҳон бозорларида қийматли қоғозлар операцияларини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа мақсадлар.
V. Республика валюта фондидан маблағлар ажратиш шакллари
Республика валюта фондидан чет эл валютасидаги маблағлар қуйидаги шаклларда ажратилади:
а) бюджетдаги давлат корхоналари ва ташкилотларига:
беғараз бериш;
фоизсиз кредит бериш;
имтиёзли кредит бериш;
б) мулкчилик шаклидан қатъи назар, хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан сотиладиган кунда белгиланадиган курс бўйича сўмга сотиш;
имтиёзли кредит бериш;
в) Марказий банкка:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан белгиланган тартибга мувофиқ сўмга сотиш.
Марказий банкка, корхоналарга, ташкилотларга ва муассасаларга чет эл валютасини сотишдан тушган сўмдаги эквивалент Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги махсус сўм счётига ўтказилади.
Мазкур счётдан олинадиган маблағлардан Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича:
чет эл валюталари сотиб олиш;
экспорт товарлар сотиб олиш учун сўмни қоплашни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.
VI. Республика валюта фонди маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисобот
РВФнинг чет эл валютасидаги тушумлар ва харажатлар Прогнозининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисобот йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.