Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.07.1997
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАРХЛАРНИ БОШҚАРИШ ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 1997 йил 22 июлдаги 368-сон «Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда бюджетдан ташқари «Нархларни бошқариш жамғармаси» махсус счётига маблағлар ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин;
Нархларни бошқариш жамғармаси маблағларидан белгиланган мақсадга қатъий мувофиқ ҳолда фойдаланилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 14 июнь,
284-сон

Вазирлар Маҳкамасининг
1993 йил 14 июндаги 284-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН

Нархларни бошқариш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига монополияга қарши сиёсатни олиб бориш бўйича вазифаларни юклаш тўғрисида» 1993 йил 6 февралдаги 63-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 30 мартдаги 160-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бозор муносабатларига ўтиши муносабати билан ишлаб чиқилган.
Низом Нархларни бошқариш жамғармасининг мақсади ва вазифаларини белгилайди, уни шакллантириш, ундан фойдаланиш тартибини назарда тутади. Низомни бажариш барча корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар (кимга бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳсулотлар, товарлар тайёрлайдиган ва сотадиган иш ва хизматларни амалга оширадиган (юридик шахс сифатида шаклланмаган) тадбиркорлар учун мажбурийдир.
Нархларни бошқариш жамғармаси аҳолини хўжалик юритувчи субъектлар — монополистлар маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошишидан ижтимоий ҳимоя қилиш ва пулнинг қадрсизланиши жараёнларини юмшатиш мақсадида ташкил этилади.
II. Нархларни бошқариш жамғармасининг мақсади ва вазифалари
Аҳолини нархларнинг ошишидан, пулнинг қадрсизланиши жараёнларидан қуйидаги воситалар билан зарурий равишда ҳимоя қилишни таъминлаш Нархларни бошқариш жамғармасининг асосий мақсади ва вазифалари ҳисобланади:
маҳсулотлар, товарлар, ишлар ва хизматлар улгуржи, сотиш нархлари ва тарифларининг ўсишини тўхтатиб туриш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва бир қанча энг зарур товарларнинг чакана нархларини тартибга солиш;
монополист корхоналар маҳсулотлари нархларининг узлуксиз ошишини тўхтатувчи ва маҳсулот тайёрловчиларнинг монополистик хатти-ҳаракатларидан истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи чора-тадбирларни амалга ошириш;
Нархларни бошқариш жамғармаси счётида республика олдида турган ижтимоий ва ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этиш учун етарли бўлган маблағларни шакллантириш;
нарсаларни пасайтириш учун иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, давлат бюджети билан бир қаторда, халқ хўжалигининг кўп сармоя талаб қиладиган тармоқларига инвестицияларни ошириш, шунингдек, сотиладиган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш.
Нархларни бошқариш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилади.
III. Нархларни бошқариш жамғармасини шакллантириш тартиби
Нархларни бошқариш жамғармаси монополияга қарши ва нарх сиёсати бўйича республикада амалда бўлган қонунчилик ва норматив ҳужжатларга мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларга иқтисодий санкциялар қўллаш ва жарималар солишдан тушадиган маблағлардан шаклланади. Шу жумладан:
«Монополистик фаолиятни чеклаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига риоя қилмаганлиги учун;
белгилаб қўйилган ва бошқариладиган нарх ва тарифлар даражасини кўтарганлик, шунингдек, рентабелликнинг белгиланган даражасини оширганлик учун;
ишлаб чиқариш-техника мақсадларидаги маҳсулотлар, халқ истеъмол моллари ва хизматларнинг шартномавий (эркин) нархлари ва тарифларини шакллантириш ҳамда уларни қўлланиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига риоя қилмаганлик учун;
умумий овқатланиш, аҳолига маиший, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг хизмат кўрсатиш даражаси ушбу нархлар ва тарифлар белгиланган вақтда қабул қилинган тавсифномаларга мувофиқ келмайдиган бошқариладиган нархларни, устама нархларни, тарифларни қўллаганлиги учун;
хизматлар қийматига амалда бажарилмаган ишларни ёки ушбу хизматлар нархида ҳисобга олинган ҳажмда тўлиқ бажарилмаган ишларни қўшганлик, шунингдек, тўлиқ бутланмаган маҳсулотни етказиб берганлик учун;
маҳсулот етказиб берувчи корхона томонидан истеъмолчилардан сотилган (кўрсатилган) маҳсулотлар (хизматлар) қийматидан ортиқча маблағлар олинганлиги учун;
конструктив ёки технологик камчиликлари туфайли ўзаро келишилган вақтда қабул қилинган истеъмол хоссалари таъминланмаган (стандартлаш органларининг хулосаси мавжуд бўлганда) маҳсулотлар нархини оширганлик учун;
озиқ-овқат моллари ишлаб чиқарадиган озиқ-овқат саноати, умумий овқатланиш тармоқлари корхоналари томонидан Нархларни бошқариш жамғармасининг бюджетдан ташқари махсус счётига хом ашёни (компонентларни) алмаштирган ҳолда, шунингдек, стандартлардан, техникавий шартлардан ва рецептуралардан чекинилган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаришдан олинган тежам суммасини ўтказмаганлик учун иқтисодий санкциялар қўллаш ва жарималар солишдан тушадиган маблағлардан шаклланади.
Нарх интизомини ва монополияга қарши қонунчиликни бузиш натижасида ноқонуний олинган тушум (даромад) суммасининг ҳаммаси Нархларни бошқариш жамғармасига йўналтирилади (Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 23 ноябрдаги 553-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ижтимоий ривожланиш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтириладиган 15 фоиз бундан мустасно).
Нархларни бошқариш жамғармасига тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари махсус счётида жамланади.
Маблағларнинг Нархларни бошқариш жамғармасига тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида ўтказилганлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси молия органлари томонидан амалга оширилади.
IV. Нархларни бошқариш жамғармасидан фойдаланиш
Нархларни бошқариш жамғармасидан дотация орқали уй-жой-коммунал хўжалигида, давлат томонидан бошқариладиган нархлар бўйича аҳолига кўрсатиладиган транспорт хизматларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг, асосий турларини етиштиришда, ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган халқ истеъмол моллари ва ишлаб чиқаришда ва хизматлар кўрсатишда (Ҳукумат улар бўйича нарх ва тарифларни нисбатан паст даражада тутиб туради), маблағларнинг тўпланишига қараб — кўп сармоя талаб қиладиган тармоқлардаги инвестицияларда ҳамда республика Ҳукумати томонидан белгиланадиган бошқа мақсадларда фойдаланилади.
Кўрсатилган мақсадларга маблағлар ажратиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади.
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 1993 й., 6-сон, 23-модда)