Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Зарарли организмлардан холи ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш тартиби тўғрисидаги ҳамда Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг ««Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2018 йил 9 июлдаги ЎРҚ-484-сон Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш, экспорт қилувчи мамлакатнинг зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлари ҳамда зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларидан карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда фитосанитария хавфини бошқариш тартибини назарда тутувчи Зарарли организмлардан холи ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
муайян ҳудудга кейинчалик зарарли организмлардан холи бўлган ҳудуд ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудуд мақомини белгилаш мақсадида ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартибини назарда тутувчи Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсади ҳамда мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин;
аҳоли, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари орасида мунтазам равишда ўсимликлар карантини тартиби билан таништириш ва уларни тушунтириш юзасидан тизимли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-хуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари буйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И.К. Эргашев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 6 ноябрь,
695-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 695-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Зарарли организмлардан холи ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни белгилаш, шунингдек, экспорт қилувчи мамлакатнинг зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлари ҳамда зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларидан карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда фитосанитария хавфини бошқариш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буфер ҳудуд — зарарланган ҳудудни ёки ишлаб чиқариш жойини, тоза ҳудудни ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудни қамраб олувчи зарарли организм мавжуд бўлмаган ёки кам миқдорда мавжуд бўлган, унинг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида унга қарши махсус кураш олиб бориладиган ҳудуд;
зарарли организм — ўсимликлар ёки ўсимлик маҳсулотлари учун зарарли бўлган ҳар қандай ўсимлик, ҳайвон ёхуд касаллик қўзғатувчи агент турлари ёки биотиплари.
зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудуд — зарарли организмлар миқдори кам бўлган ва уларни самарали назорат қилиш, уларга қарши курашиш ҳамда самарали назорат олиб бориш бўйича чоралар олиб борилаётган, ваколатли орган томонидан белгиланган ҳудуд (мамлакат, унинг бир қисми, бир нечта мамлакат ёки уларнинг бир қисми);
зарарли организмлардан холи бўлган ҳудуд — зарарли организмларнинг мавжуд эмаслиги илмий исботланган, шунингдек, зарур ҳолларда расмий қўллаб-қувватланган маълум бир мамлакат, унинг бир қисми ёки бир нечта мамлакатлар ва уларнинг бир қисми;
зарарли организмлардан холи бўлган ишлаб чиқариш ҳудуди — зарарли организмнинг мавжуд эмаслиги илмий асосланган ва зарур бўлганда маълум бир давр ичида расмий равишда қўллаб-қувватланган ишлаб чиқариш ҳудуди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
кузатув-назорат — маълум бир ҳудудда мавжуд бўлган зараркунандалар популяциясининг хусусиятлари ёки унинг турлари ва таркибини аниқлаш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати томонидан белгиланган даврда амалга ошириладиган расмий тадбир;
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
хўжайин ўсимликлар — зарарли организм учун озуқа, яшаш жойи ва ривожланиш манбаи сифатида хизмат қиладиган ўсимлик;
ўсимликлар карантини соҳасидаги мониторинг — ўсимликлар карантини объектларини аниқлаш, кузатиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларнинг тарқалишини прогноз қилиш.
2-боб. Ўзбекистон Республикасида зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлар ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни аниқлаш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикасида зарарли организмлардан холи бўлган ҳудудлар (кейинги ўринларда — тоза ҳудудлар) ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларни (кейинги ўринларда — кам зарарланган ҳудудлар) белгилаш, шунингдек, ушбу ҳудудларни хорижий мамлакатларда ҳам тан олиниши Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июлдаги 453-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2024 й., 09/24/453/0558-сон)
4. Ўзбекистон Республикасида тоза ҳудудлар, хусусан, ишлаб чиқаришдаги тоза ҳудудлар ҳамда кам зарарланган ҳудудлар қуйидаги тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида белгиланади:
кузатув-назоратни олиб бориш, шу жумладан, зарарли организмларни аниқлаш мақсадида кузатув-назоратни олиб бориш ва ҳудуднинг чегараларини белгилаш;
зарарли организм билан зарарланишнинг олдини олиш ва огоҳлантириш мақсадида фитосанитария чораларини кўриш;
ўсимликлар карантини соҳасида доимий мониторинг олиб бориш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Агентлик кузатув-назорат ишларини олиб бориш учун шартнома асосида ўсимликлар карантини соҳасидаги маҳаллий ва хорижий илмий муассасалардан мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқига эга.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Кузатув-назорат ишларини олиб бориш жараёнида Агентлик мутахассислари томонидан лаборатория текширувлари олиб бориш мақсадида текширилаётган ҳудуддаги аниқланган ўсимлик ва ўсимликлар маҳсулотларидан ҳамда зарур ҳолларда тупроқдан намуналар олинади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
7. Хавфни таҳлил қилиш асосида экспорт ва импорт қилувчи мамлакатларнинг ўсимликлар карантини бўйича ваколатли органларининг идоралараро келишувларига мувофиқ зарарли организмларнинг рухсат этилган миқдори белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Танланган намуналарда зарарли организмлар йўқлиги аниқланган тақдирда, ўсимликлар карантини лабораториялари текширувлари натижалари ва мутахассисларнинг ижобий хулосаларига асосан кузатув-назорат олиб борилаётган ҳудудни ёки унинг бир қисмини тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудуд сифатида белгилаш тўғрисидаги қарор Агентлик томонидан қабул қилинади.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Танланган намуналарда зарарли организмлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, уларни йўқ қилиш ва ўчоғини бартараф этиш чоралари кўрилади.
9. Тоза ҳудудларнинг чегаралари зарарли организмларнинг мавжуд эмаслигидан келиб чиқиб, кам зарарланган ҳудудларнинг чегаралари эса зарарли организмларнинг биологиясидан келиб чиқиб белгиланади.
Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудлар, мавжуд бўлган зараркунандаларнинг биологик, маъмурий ва географик чегаралари билан чекланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудларни белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг ушбу мақомни сақлаб туриш мақсадида Агентлик томонидан қуйидаги фитосанитария чоралари қўлланилади:
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
норматив чоралар:
мазкур ҳудудга хос бўлган зарарли организмларни Ўзбекистон Республикаси учун карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхатига киритиш, мамлакат ёки ҳудуднинг импорт талабларини аниқлаш, маълум бир ҳудуд ичида, шу жумладан, буфер ҳудудда ҳам, ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланган айрим юкларнинг ҳаракатланишини чеклаш;
ўсимликлар карантини соҳасида доимий мониторинг олиб бориш:
ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишига, тарқалишига ҳамда биоэкологик хусусиятларга таъсир кўрсатишига кўмаклашувчи омилларни аниқлаш ва баҳолаш;
ўсимликлар карантини объектларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиши йўлларини ва тарқалган ҳудудларни аниқлаш;
ўсимликлар карантини объектлари ўчоқларини аниқлаш;
ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
фитосанитария хавфини аниқлаш ва таҳлил қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларга ўсимликлар карантин соҳасига доир тавсиялар бериш.
11. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудлар мақомининг тасдиқланиши зарарли организмларни аниқлашда назорат текшируви ва зарарланган ҳудудлар масштабини белгилашни назарда тутувчи ўсимликлар карантини соҳасида олиб борилган мониторинг натижаларига асосланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ўсимликлар карантини соҳасида мониторинг олиб бориш Агентлик томонидан тасдиқланган ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олган кузатув-назорат режаси асосида амалга оширилади:
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
амал қилиниши лозим бўлган фитосанитария чоралари мақсадини аниқлаш (тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудлар мақомини сақлаб туриш мақсадида);
кузатув-назорат ишлари олиб борилаётган ҳудудда зарарли организмларни аниқлаш;
қўллаш доирасини аниқлаш (географик ҳудудлар, ишлаб чиқариш тизимлари, фитосанитария чоралари кўриладиган мавсум);
вақтини аниқлаш (сана, частотаси, давомийлиги);
статистик асосларини кўрсатиш (ҳаққонийлик даражаси, намуналарнинг миқдори, ҳудудлар миқдори ва уларни танлаш частотаси, прогнозлаштириш);
зарарли организмнинг биологиясига кўра намуналар олиш жараёнини, кузатув-назорат мақсади ва диагностика ҳамда ҳисобот юритишдан иборат бўлган кузатув-назорат методикасини ёритиб бориш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудларда зарарли организм аниқланган тақдирда, Агентлик уларнинг мақомини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудларнинг мақомини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор Агентлик томонидан Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш билан бир вақтда тасдиқланади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
15. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудлар сифатида кейинчалик такроран белгилаш ёки тан олиш ушбу Низом асосида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Тоза ҳудудлар ва кам зарарланган ҳудудларнинг реестри Агентлик томонидан юритилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
3-боб. Хорижий мамлакатларнинг тоза ҳудудларини ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудудларини тан олиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Хорижий мамлакатлардаги тоза ҳудудлар ҳамда кам зарарланган ҳудудлар Агентлик томонидан қуйидаги тартиб-таомиллар ўтказилгандан кейин тан олинади:
(17-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
а) экспорт қилувчи томоннинг ўсимликлар карантини ҳамда ҳимояси бўйича миллий ташкилотининг тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудудларни тан олиш тўғрисидаги сўровини юбориш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) Агентлик томонидан сўровнома ва зарур бўлган маълумотлар олинганлигини тасдиқлаш;
(17-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
в) баҳолаш жараёнини тавсифлаш;
г) техник маълумотларни баҳолаш;
д) баҳолаш натижалари ҳақида маълум қилиш;
е) расмий тан олиш;
ж) тан олинишининг давомийлиги.
18. Экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилоти тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудудни тан олиш тўғрисидаги сўров билан биргаликда қуйидагиларни ўз ичига олган техник маълумотларни юборади:
сўралаётган ҳудуднинг тан олиниши тури (тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудуд);
тан олинаётган ҳудуд ҳақида маълумот ва унинг жойлашуви;
кўриб чиқилаётган ҳудуд учун аҳамиятга эга бўлган зарарли организм, унинг биологияси ва тарқалганлиги;
экспорт учун мўлжалланган карантин остидаги маҳсулот;
тоза ҳудудлар ёки кам зарарланган ҳудудларни белгилаш мақсадида қўлланиладиган фитосанитария чоралари ва жараёнлари ҳамда уларни қўллаш натижалари;
тоза ҳудудлар ёки кам зарарланган ҳудудларга тегишли бўлган фитосанитария регламентацияси;
ҳудудга оид бўлган маълумотларни сақлаш чоралари;
экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилотига доир, унинг тузилмаси ва ресурсларига оид маълумотларни ўз ичига олган ахборот;
назорат остида бўлган хавфли организм аниқланган тақдирда, бартараф этишга қаратилган тадбирлар режасини тавсифлаш;
сўровномани кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Агентлик экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилоти томонидан юборилган тан олиш тўғрисидаги сўровнома ҳамда унга илова қилинган техник маълумотлар қабул қилганлигини зудлик билан маълум қилади ва сўровнома бўйича масъул ходим ҳақида хабардор қилади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Агентлик тан олиш тўғрисидаги сўровномани ва унга илова қилинган техник маълумотларни олган кундан бошлаб ўн кун муддатда ичида маълумотларни баҳолаш ҳамда ҳудудни тан олиш жараёнини тугатиш муддатларини белгилаган ҳолда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Техник маълумотларни баҳолаш Агентлик томонидан халқаро стандартлар қоидаларини қўллаган ҳолда фитосанитария чоралари, тоза ҳудудлар ёки кам зарарланган ҳудудларни белгилашда фойдаланиладиган тизимлар, ҳудуднинг ҳолатини тан олиш мақсадида текширишда қўлланиладиган фитосанитария чоралари, шунингдек, иккала мамлакатнинг ҳудудларидаги зарарли организмларнинг ҳолатлари бўйича амалга оширилади.
Зарур ҳолларда, Агентлик томонидан хорижий мамлакатларда жойлашган карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ёки ишлаб чиқариш жойларига чиққан ҳолда кузатув-назорат ишлари ва ўрганишлар олиб борилиши мумкин.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Маълумотларни баҳолаш натижалари асосида Агентлик томонидан хорижий мамлакат ҳудудининг фитосанитария ҳолати белгиланади, уни тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудуд сифатида тан олиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва мазкур ҳудуддаги карантин остидаги маҳсулотларга нисбатан фитосанитария чоралари белгиланади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Агентлик қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун муддатда экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича миллий ташкилотини, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи субъектларини хабардор қилади ҳамда бу ҳақидаги қарорни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Агентлик томонидан қуйидаги ҳолатлар аниқлангунга қадар тоза ёки кам зарарланган ҳудудлар тан олиниши муддати белгиланмаган даврда амал қилади:
(24-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
кўриб чиқилаётган ҳудудда зарарли организм мақомининг ўзгариши, шунингдек, ушбу ҳудуд тоза ҳудуд ёки кам зарарланган ҳудуд ҳисобланмаслиги;
карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитария талабларига мос келмаслиги, зарарли организмнинг аниқланиши, фитосанитария сертификатларининг мавжуд эмаслиги ёки белгиланган тартибда расмийлаштирмаслик ҳолатларининг аниқланиши.
4-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 695-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом муайян ҳудудга кейинчалик зарарли организмлардан холи бўлган ҳудуд (кейинги ўринларда — тоза ҳудудлар) ва зарарли организмлар миқдори кам бўлган ҳудуд (кейинги ўринларда — кам зарарланган ҳудудлар) мақомини белгилаш мақсадида Ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳудуд — мамлакат ва унинг бир қисми ёки бир нечта мамлакатлар ҳамда уларнинг бир қисми;
ўсимликлар карантини объекти — дунё миқёсида карантин аҳамиятига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжуд бўлмаган ёки чекланган тарзда тарқалган зарарли организмлар;
ўчоқ — муайян ҳудудда аниқланган ва яқин келажакда омон қолиши мумкин бўлган зарарли организмлар;
карантин ҳудуди — ўсимликлар карантини объекти аниқланиши муносабати билан белгиланган тартибда ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинган ҳудуд.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш дастурини жорий қилиш зарурати тўғрисидаги қарор ўсимликлар карантини объектининг биологик ва географик хусусиятлари, унинг аниқланиши ҳолатлари ҳамда иқлим омилларига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан қабул қилинади.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июлдаги 453-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2024 й., 09/24/453/0558-сон)
Дастурлар:
туманлар ва шаҳарлар миқёсида ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
4. Кириб келган ва маҳаллий иқлим шароитларига мослашган ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш, шунингдек, уларнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича фавқулодда чораларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш Дастурнинг мақсади ҳисобланади.
2-боб. Дастурни ишлаб чиқиш тартиби
5. Дастур мавжуд бўлган ва потенциал тарқалган ўсимликлар карантини объектини аниқлаш, баҳолаш ҳамда йўқ қилиш орқали амалга оширилади.
6. Дастур карантин назоратини амалга оширишда ёки тоза ва кам зарарланган ҳудудни белгилашда янги зарарли организм аниқлангандан сўнг тасдиқланади.
7. Зарарли организмни идентификациялаш ва аниқлаш жараёни унинг морфологик хусусиятлари, биологик тадқиқотлар, кимёвий генетик таҳлиллар ҳамда бошқа усуллар асосида зарарли организмни йўқ қилишнинг тегишли воситаларини танлаш мақсадида амалга оширилади.
8. Ўсимликлар карантини объектининг мавжудлигини ва потенциал тарқалганлигини баҳолаш қуйидаги маълумотлар асосида амалга оширилади:
географик жойлашуви;
хўжайин ўсимликлар билан зарарланганлиги;
етказилган зарарнинг ҳажми ва аҳамияти, шунингдек, ўсимлик карантини объектининг сон даражаси;
ўсимликлар карантини объектини аниқлаш ва идентификациялашнинг усули;
ўсимлик ёки ўсимлик маҳсулотларининг ўтган яқин вақтдаги импорти;
мазкур ҳудуд ёки хўжаликдаги зарарли организмлар ҳақида аввал олинган хабарлар;
жисмоний шахслар, маҳсулотлар, ускуналар ва транспорт воситаларининг ҳаракати;
ҳудуд ичида зарарли организмнинг тарқалиши механизми;
иқлим ва тупроқ шароитлари;
зарарланган ўсимликларнинг ҳолати;
қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш фаолияти давомида ўсимликлар карантини объектлари ташувчиси бўлмиш буюмлар ва ўсимликлар карантини объектларининг тарқалиши йўллари тўғрисидаги маълумот.
Ўтган яқин вақтда импорт қилинган ўсимлик ёки ўсимлик маҳсулотлари билан алоқаси мавжудлиги эҳтимоли бўлса, ўхшаш материаллар аниқланиши ва текширилиши керак.
9. Дастурни амалга ошириш зарарни баҳолаш ва зараркунандалар тарқалиши жараёнини, ўсимликлар карантини объекти тарқалишининг тахминий тезлиги ҳамда потенциалини ўз ичига олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Потенциал иқтисодий ва экологик хавф даражасига кўра ўсимликлар карантини объектини йўқ қилишнинг зарурлиги Агентликнинг ташаббуси билан аниқланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
11. Дастур қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
карантин ҳудудининг чегаралари тўғрисидаги маълумотлар;
ўсимликларнинг карантин режими ўрнатилишига асос бўлган ўсимликлар карантини объектининг номи;
карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, сотиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга оширишда фитосанитария талаблари рўйхати;
ўсимликлар карантини объектини йўқ қилиш ва унинг ўчоғини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар рўйхати;
карантин ҳудудининг чегараларида текширишлар ўтказиш режаси, шу жумладан, уларни ўтказиш санаси ва муддати;
ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш ва ўсимликларнинг карантин режимини бекор қилиш мезонлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Дастурни ишлаб чиқиш ва жорий этиш жараёнида Агентлик масъул вазирликлар ва идораларни жалб қилиши мумкин.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Дастур жорий этилишидан олдин Агентлик томонидан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Дастурнинг амалга оширилиши зарурати ва хабардорлик даражасини кучайтириш бўйича тарғибот ишлари олиб борилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
3-боб. Дастурни амалга ошириш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Дастурни ижро этиш учун Агентлик томонидан карантин ҳудудидаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда манфаатдор вазирликлар ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
15. Ишчи гуруҳ:
йўқ қилиш чоралари муваффақиятли якунланиши учун Дастурнинг келишилган мезонларга мувофиқлигини таъминлайди;
Дастурга ўзгартиришлар киритади, зарур ҳолларда қўшимча дастурлар ишлаб чиқади;
Дастур ижрочилари ўз вазифаларини бажаришлари учун етарлича тайёрланишини таъминлайди;
молиявий ва бошқа ресурсларни бошқаради;
Дастур ижросини ҳужжатлаштириш ва ҳужжатларни архивлашни ўз ичига олган ахборот бошқарув тизимини жорий этади;
Дастурни кунлик бошқаради;
хавф туғдириши мумкин бўлган элементларнинг доимий мониторингини олиб боради ва баҳолайди;
белгиланган чора-тадбирларнинг самарадорлиги жиҳатидан Дастурни мунтазам қайта кўриб чиқади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Агентлик Ишчи гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда унинг ишини мувофиқлаштиради.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Агентлик Дастурни амалга оширишда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият юритади:
(17-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
янги зарарли организмни аниқлаш ва/ёки зарарланган ҳудуднинг чегарасини белгилаш учун ўсимлик карантини соҳасида мониторинг олиб бориш;
яқин орада аниқланган ўчоқларни йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
ўсимликлар карантини объекти янада тарқалишининг олдини олишга қаратилган ўчоқни бартараф этиш чораларини кўриш;
йўқ қилиш бўйича кўрилган чоралар самарадорлигини назорат қилиш.
18. Дастурнинг устувор йуналишлари:
назорат;
зарарли организм тарқалишининг барвақт олдини олиш мақсадида ўчоқни бартараф этиш;
зарарли организм аниқланганда уни йўқ қилиш мақсадида ишлов бериш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Назорат Агентлик томонидан амалга оширилади ва зарарли организмнинг манбаини идентификация қилиш ҳамда тарқалиши эҳтимолини аниқлаш мақсадида тарқалиш йўлларини таҳлил қилишни, клонлаштирилган ва/ёки жисмоний тарзда зарарли материал билан боғлиқ бўлган маҳсулотни кўздан кечиришни, текшириш, тутқичлар орқали ушлаш ва юқоридан кузатишни, ишлаб чиқарувчиларга, бўш жойларни ҳамда ишлатилаётган техникани сақлашга масъул бўлган шахсларга ва аҳолига мақсадли сўровномалар юборишни ўз ичига олади.
Ўсимликлар карантини объектининг тарқалишини текшириш ва йўқ қилиш дастурининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида Агентлик томонидан ушбу Дастурга мувофиқ мониторинг амалга оширилади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
20. Кузатув-назорат учун мос жойларни танлаш жараёни қуйидагилар билан белгиланади:
ўсимликлар карантини объектининг илгари мавжуд бўлганлиги ва тарқалганлиги ҳолатлари;
ўсимликлар карантини объектининг биологияси;
ўсимликлар карантини объектининг етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказувчи турлари, айниқса, уларнинг тижорат ишлаб чиқариш ҳудудларида тарқалиши;
жойнинг иқлим шароитлари ўсимликлар карантини объекти учун қулайлиги.
21. Кузатув-назорат жараёнини ўтказиш вақти қуйидагиларга асосан белгиланиши мумкин:
ўсимликлар карантини объектининг ривожланиш цикли;
ўсимликлар карантини объекти ва унинг қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказувчи турларининг фенологияси;
ўсимликлар карантини объектини бошқариш дастурларини амалга ошириш вақтлари;
маданий ўсимликларда ўсимликлар карантини объектларини топиш ва аниқлаш вақти;
вегетация вақти ёки ҳосил йиғиб олиш даври.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Назорат давомида олинган маълумотларга асосан Агентлик карантин ҳудудини аниқлайди ва киритилган тақдимномага кўра маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари билан фермер ва деҳқон хўжаликларининг, ўрмон хўжаликларининг ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкалари, темир йўл станциялари, ташқи иқтисодий фаолият чегара масканлари, аэропортлар, дарё портлари, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, уларга туташ ҳудудлар ўсимликлар карантини остида деб эълон қилинади ва уларда зарур карантин чекловлари ўрнатилади.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Туманлар ва шаҳарларни ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловларини ўрнатиш тегишли ўсимликлар карантини бош давлат инспекторларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан амалга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларини ўсимликлар карантини остида деб эълон қилиш ёки карантин чекловини ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бош давлат инспекторининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.
23. Ўсимликлар карантини ҳудуди деб эълон қилинган ҳудудда ва унга туташ ҳудудларда (буфер ҳудудларда) ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Ўсимликлар карантини объектларини йўқ қилиш усуллари қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
хўжайин ўсимликларни йўқ қилиш;
ҳудуд ва ускуналарни зарарсизлантириш;
кимёвий ва биопестицид ишлов бериш;
тупроқни стерилизациялаш;
ерни буғ остида сақлаш;
зарарли организмни йўқ қилишга ва миқдорини камайтиришга олиб келиши мумкин бўлган ўсимликлар турларидан фойдаланиш;
экинларнинг кейинчалик етиштирилишини чеклаш;
тутқичлардан, тузоқлардан ва бошқа механик курашиш чораларидан фойдаланиш;
биологик курашиш агентларини чиқариш;
стерил ҳашаротлардан фойдаланиш;
зарарланган ҳосилни қайта ишлаш ёки истеъмол қилиш учун ишлатиш.
24. Карантин чекловлари ўсимликлар карантини бўйича зарур бўлган чора-тадбирлар амалга оширилгандан ва ўсимликлар карантини объектлари тўлиқ йўқ қилингандан сўнг ўсимликлар карантини бўйича бош инспекторларнинг тақдимномасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини бўйича бош давлат инспекторининг тақдимномасига асосан ушбу чекловлар тегишлича Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан бекор қилинади.
25. Карантин остидаги маҳсулотни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш билан шуғулланувчи давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, жисмоний ва юридик шахслар ўсимликлар карантини бўйича давлат инспекторларнинг назорати остида текширишга (кўздан кечиришга) ҳамда ўсимликлар карантини объектларига қарши курашишга доир ишларни амалга ошириши шарт.
26. Қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, доривор ўсимликлар, дарахт ва буталар етиштириш, ўсимликларнинг янги навлари селекцияси билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар ўсимликлар карантини объектларини ўз вақтида аниқлаш мақсадида экинлар ва дарахтларни тизимли равишда кузатиб бориши, улар аниқланган тақдирда бу ҳақида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматини дарҳол хабардор қилиши, шунингдек, аниқланган ўсимликлар карантини объектларини бартараф этиш чораларини кўриши шарт.
4-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2020 й., 09/20/695/1480-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 26.07.2024 й., 09/24/453/0558-сон)