1.09.00.00.00 Тадбиркорлик ва хўжалик фаолияти / 09.15.00.00 Транспорт / 09.15.03.00 Темир йўл транспорти / 09.15.03.03 Темир йўл хўжалигини эксплуатация, реконструкция, модернизация қилиш]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Транспорт. Йўл хўжалиги. Ҳаракат ва парвозлар хавфсизлиги]
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини қуриш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Тошкент шаҳрига асосий айланма магистраль кириш йўллари билан туташтирилган ер усти ҳалқа метро линияси қурилишини самарали ташкил этиш ва шу асосда йўловчиларга транспорт хизматини яхшилаш, жамоат транспортида йўловчилар оқимини кўпайтириш, ер усти жамоат шаҳар транспорти ва шаҳар автомобиль йўлларидаги тирбандликни камайтириш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни яхшилашни таъминлаш мақсадида:
1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2017 — 2021 йиллар даврида Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини босқичма-босқич қуриш лойиҳасини (кейинги ўринларда — лойиҳа) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ҳисоб-китоб қиймати 422,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳани амалга оширишни молиялаштириш манбалари қуйидагича белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2017 йилда ажратиладиган 97,2 миллиард сўм (13,35 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги) маблағлари;
2018 — 2021 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг ҳар йили тасдиқланадиган Инвестиция дастури параметрларида кўзда тутиладиган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 208,45 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги марказлаштирилган инвестициялар;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 140,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштириладиган, импорт ускуналар, материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишни, шунингдек пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлаш учун махсус ускуналар ва техника сотиб олишни молиялаштириш учун ажратилади. Кредит 15 йил муддатга, шу жумладан 4 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 2,25 фоиз ставкада, қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,25 фоиз миқдоридаги маржасини ўз ичига олган ҳолда берилади;
ХХР Эксимбанкининг «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга 60,5 миллион АҚШ долларигача миқдордаги қарз маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қайта молиялаштириладиган, импорт ускуналар, хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилиш, зарурат туғилганда хорижий пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва лойиҳани амалга ошириш доирасидаги бошқа валюта харажатларини молиялаштириш, шунингдек пудрат қурилиш ташкилотларини жиҳозлаш учун махсус ускуналар ва техника сотиб олиш учун ажратилади. Қарз маблағлари 20 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 2,25 фоиз ставкада, қайта молиялаштирувчи банкнинг 0,25 фоиз миқдоридаги маржасини ўз ичига олган ҳолда берилади.
3. Белгилансинки:
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ лойиҳани самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳамда марказлаштирилган инвестициялардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган, шунингдек, ХХР Эксимбанкининг қарз маблағлари бўйича қарз олувчи ҳисобланади;
лойиҳани амалга ошириш лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш билан бир босқичли тартибда бажарилади;
Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини қуриш доирасида ХХР Эксимбанкининг қарз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредити бўйича асосий қарзни тўлаш, фоизлар ва воситачилик ҳақини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига ХХР Эксимбанкининг қайта молиялаштириладиган қарз маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг ХХР Эксимбанки олдидаги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки олдидаги тўлов мажбуриятлари юзасидан давлат кафолати берилганлиги учун ҳақ ундирилмасдан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатини бериш ваколати берилсин.
5. Лойиҳани амалга ошириш доирасида қуйидагилар белгилансин:
буюртмачи — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ;
бош лойиҳа ташкилоти — «Боштранслойиҳа» АЖ;
бош пудратчи ташкилот — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг таркибий бўлинмалари.
7. Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари бўйича ишчи гуруҳ иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
Ишчи гуруҳ (А.Ж. Раматов) зиммасига:
илғор энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллашни, шунингдек, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларда бажаришни ҳисобга олган ҳолда техник топшириқни ишлаб чиқиш сифатига алоҳида эътибор қаратиб, лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча масалалар мажмуасининг ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш мақсадида вазирликлар ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин;
2018 йил 1 октабргача бўлган муддатда, йўловчи транспортини ташкил этишнинг илғор хорижий тажрибасини таҳлил қилиш асосида, Тошкент шаҳрида истиқболда йўловчи ташиш транспорт тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Ушбу лойиҳада пойтахтни Тошкент вилоятининг айрим шаҳарлари билан боғлайдиган мунтазам йўналишларни жорий этиш, йўловчилар учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, метрополитен ҳалқа йўлининг бекатларини шаҳар атрофи ва шаҳар автобус йўналишлари учун ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб жойлашган охирги бекатлар ва автостанциялар билан боғлаш, шунингдек, шу асосда уларнинг ҳаракат схемаларини оптималлаштиришни назарда тутиш лозим.
8. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари лойиҳани амалга ошириш доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни таъминласинлар:
бир ой ичида — зарур объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратиш;
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг сўровларига кўра — қурилиш майдончаларини бўшатиш, зарур ҳолларда кўчаларни ёпиш, айланма автомобиль йўллари ва бошқа объектларни қуриш;
юридик ва жисмоний шахсларга, фермер хўжаликларига объектлар қуриш учун ер участкалари ажратилиши, бинолар бузилиши, дарахтлар кесилиши ва фуқаролар кўчирилиши муносабати билан етказилган зарарларни қонун ҳужжатларида тақиқланмаган молиялаштириш манбаларини жалб этган ҳолда қоплаш.
Метрополитеннинг ер усти ҳалқа йўли қурилиш майдончаларига туташ ҳудудларни суғориш сув қувурлари тизими, суғориш новлари ва ташқи ёритгичларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш.
9. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга, истисно тариқасида, қуйидагиларга рухсат берилсин:
2019 йил 1 январга қадар лойиҳани амалга оширишни лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда олиб бориш;
Лойиҳани амалга ошириш доирасида, зарурат туғилганда, ҳаракатланувчи таркиб турини ва лойиҳа ечимларини аниқлаш учун мустақил юқори малакали хорижий экспертларни ва хорижий муҳандислик компанияларини, шунингдек хорижий ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини танлов асосида жалб этиш. Бунда, ишончлилик ва хавфсиз фойдаланиш талаблари бажарилишини таъминлаш, лойиҳани амалга ошириш жараёнини кузатиб бориш ва техник назорат қилиш инобатга олиниши лозим;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда, лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби тасдиқлангунга қадар, ваколатли органларда экспертизадан ўтган импорт шартномалари, шунингдек лойиҳани амалга ошириш доирасида маҳаллий пудратчилари ва етказиб берувчилари билан тузилган шартномалар бўйича молиялаштиришни йўлга қўйиш;
Тендер савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида ишлаб чиқарувчи заводлар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибюторлари) билан ускуналар ва материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш, импорт шартномалари юзасидан ваколатли органларда экспертиза ўтказиш ва юклаб жўнатишдан олдин мажбурий текширувдан ўтказиш.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзбекенерго» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» МХК ўз маблағлари ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан лойиҳани амалга ошириш доирасида тегишлилик бўйича қурилиш ҳудудига тўғри келадиган мавжуд муҳандислик коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини кўчириш, шунингдек, муҳандислик коммуникацияларини улаш ва уларнинг узлуксиз ишлашини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ тегишли автомобиль йўлларини қуриш ишларини таъминласин.
11. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, технологиялар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг нарх кўрсаткичлари бўйича импорт шартномаларини белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.
12. Қурилиш вазирлиги белгиланган тартибда шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказишни ва лойиҳани амалга ошириш доирасида бажарилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати устидан тегишли давлат архитектура-қурилиш назоратини таъминласин.
13. Лойиҳани амалга ошириш доирасида унинг барча иштирокчилари 2022 йил 1 январгача қуйидагиларни тўлашдан озод этилсин:
кафолат хизмати кўрсатиш даврида зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материаллар, хом ашё, технологик ҳужжатлар, жиҳозлар, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, шу жумладан «вақтинча олиб кириш» режимида киритиладиган металл прокатига божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно);
товарлар, ишлар (хизматлар), шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан кўрсатилган ишлар (хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғи;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш доирасида олиб келинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материаллар, хом ашё, технологик ҳужжатлар, жиҳозлар, шунингдек, металл прокатидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорга мувофиқ олиб кириладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материаллар, хомашё, технологик ҳужжатлар, жиҳозлар, шунингдек, металл прокат мақсадсиз ишлатилган тақдирда, божхона имтиёзлари туфайли тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида кўзда тутилган молиявий жазолар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилади.
15. Белгилансинки, лойиҳани амалга ошириш доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, унинг таркибий бўлинмалари ва лойиҳа иштирокчилари ўртасида беғараз асосда бериладиган мол-мулк қўшилган қиймат солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, шунингдек, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекнефтгаз» МХК, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ буюртмачи томонидан иш ҳужжатлари параметрларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китоблар асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ва лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган миқдорда: цемент, металл прокат ва йўл битумини — тартибга солинадиган нархларда, ёнилғи-мойлаш материалларини эса — шартномавий нархларда ажратилишини ва етказиб берилишини таъминласин.
17. «Ўзбекенерго» АЖ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига ушбу лойиҳани амалга ошириш мақсадида метрополитеннинг ер усти ҳалқа линияси ташқи электр таъминоти иншоотлари ва тегишли инфратузилмани қуриш ҳамда фойдаланишга топширишни таъминласин.
18. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг мурожаатларига асосан лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда кириш визаларини расмийлаштириш ишларини таъминласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг мурожаатларига кўра лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визаларни узайтириш, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинчалик рўйхатга олиш ва унинг муддатини узайтиришни таъминласин.
20. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг мурожаатларига биноан лойиҳани амалга оширишда иштирок этиш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга белгиланган тартибда рухсатномалар бериш (муддатини узайтириш), шунингдек, мазкур хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни бериш (муддатини узайтириш) ишларини таъминласин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 19 май,
ПҚ-2979-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги ПҚ-2979-сон қарорига ИЛОВА
Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини лойиҳалаштириш ва қуриш масалалари бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
А.Ж. Раматов
—
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари
А.С. Шукуров
—
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари
С.Х. Бекенов
—
иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари
лавозимига кўра
—
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
Б.Й. Раимов
—
Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
Й.Э. Турсунов
—
молия вазирининг ўринбосари
Б.М. Низомов
—
меҳнат вазирининг ўринбосари
Ш.А. Вафаев
—
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори ўринбосари
Р.Ж. Усмонов
—
Тошкент шаҳар ҳокими
Ш.Х. Бобоев
—
Тошкент вилояти ҳокими
А.С. Султонов
—
«Ўзбекнефтгаз» МХК раиси
Р.Г. Муборакшин
—
«Ўзбекенерго» АЖ раисининг биринчи ўринбосари
Н.Р. Алимов
—
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раисининг ўринбосари
А.С. Нурутдинов
—
«Ўзметкомбинат» АЖ бош директори
Б.К. Зарипов
—
«Ўзқурилишматериаллари» АЖ раиси
Х.Н. Хасилов
—
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бош менежери — бош муҳандиси
лавозимига кўра
—
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси
О.Н. Худойқулов
—
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари — «Тошкент метрополитени» УК бошлиғи
Р.Х. Мирзаахмедов
—
«ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК директори
Ю.Д. Магрупов
—
«ЎзДАЛОЙИҲАЛИТИ» ДУК директори
Р.В. Рўзиев
—
«Боштранслойиҳа» АЖ директори
И.Р. Махкамов
—
Вазирлар Маҳкамасининг коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш саноати масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, Ишчи гуруҳ котиби
Изоҳ: Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.