Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Иқтисодиёт тармоқларида фуқаро авиациясининг учувчисиз учиш аппаратларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Кейинги йиллар амалиёти фуқаро авиациясининг учувчисиз учиш аппаратларидан мақсадли фойдаланиш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари олдида турган вазифалар самарали бажарилишига, шу жумладан, ер фондининг оператив мониторингини олиб бориш ва ердан, узоққа чўзилган объектлардан (темир йўллар, қувурлар ва шу кабилардан) нооқилона фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш соҳаларида, қурилиш ишларини ва бошқа ишларни бажаришда хавфсизлик талабларини таъминлашда сезиларли даражада кўмаклашишини кўрсатди, шаҳарсозликда ишларни ва геоахборот хариталарини яратишни оптималлаштиради. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишда учувчисиз учиш аппаратлари катта аҳамият касб этади.
Шу билан бирга учувчисиз учиш аппаратларининг кенг кўламли турларини ишлаб чиқариш, қўйилган вазифаларга мувофиқ фойдаланилаётган моделлар ва ихтисослаштирилган функцияларнинг хилма-хиллиги учувчисиз учиш аппаратларининг нархига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Учувчисиз учиш аппаратлари нархлари шаклланишини таҳлил қилиш нархнинг асосий улуши конструктив элементларга эмас, балки интеллектуал қисмга (дастурий таъминотга) тўғри келишини кўрсатмоқда. Учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш уларнинг қийматини пасайтириш имконини берибгина қолмай, балки валюта маблағларини тежаш имкониятини ҳам беради.
Бугунги кунда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тартибга солувчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудида учувчисиз учиш аппаратларидан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли ва «Ўзбекистон Республикаси фуқаро ва давлат авиациясининг учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2016 йил 31 августдаги 287-сонли қарорлари қабул қилинган. Айрим ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги ва шаҳарсозлик мақсадлари учун учувчисиз учиш аппаратлари олиб келинган ва улардан самарали фойдаланилмоқда.
Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини янада ривожлантириш, конструктив элементларни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш ва фуқаро авиациясига тегишли бўлган учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш учун дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларидаги мақсадли вазифаларни ҳал этиш учун уларни тизимли қўллаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда «Геоинновация маркази» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифи;
«Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси ижро этувчи аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган умумий сони 40 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раисига, зарур ҳолларда, Марказнинг ижро этувчи аппарати тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штат сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
учувчисиз учиш аппаратларининг функционал ва техник имкониятларини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш;
иқтисодиёт тармоқларида учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
фазовий маълумотларни стандартлаш бўйича ишларни ташкил этиш;
кадастр соҳасида илмий даражали кадрларни тайёрлаш бўйича таянч докторантура фаолиятини юритиш;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 октябрдаги ПҚ-405-сонли қарорига асосан тўртинчи-бешинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2022 й., 07/22/405/0947-сон)
учувчисиз учиш аппаратларини қўллаш орқали олинган маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўплаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш;
учувчисиз учиш аппаратлари учун конструктив элементлар ишлаб чиқаришни ва дастурий таъминотни ишлаб чиқишни босқичма-босқич маҳаллийлаштириш;
учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришда ва улардан фойдаланишда энг янги технологияларни ва хорижий тажрибани жорий этиш;
учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш соҳасида мутахассислар тайёрлашга кўмаклашиш;
учувчисиз учиш аппаратларини манфаатдор ташкилотларга ижарага бериш;
учувчисиз учиш аппаратларини таъмирлаш хизматлари ва техник хизмат кўрсатиш.
3. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
учувчисиз учиш аппаратларини белгиланган тартибда ижарага беришдан ҳамда учувчисиз учиш аппаратларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
учувчисиз учиш аппаратларини харид қилиш юзасидан — Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ер муносабатлари ва давлат кадастрини ривожлантириш жамғармасининг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тузилмасига раис ўринбосари — замонавий геоинновацион технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган «Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси директори лавозими киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Марказни маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари билан таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:
«Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси уставини тасдиқласин ва унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Тошкент механика заводи» АЖ, «Ўзэлтехсаноат» АК билан биргаликда бир ой муддатда учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ўзлаштириш, улардан фойдаланишни ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларида қўллаш бўйича Комплекс тадбирлар режаси — «Йўл харитаси»ни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сонли қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Х. Абдуллаев ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 март,
ПҚ-3639-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3639-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Геоинновация маркази» давлат унитар корхонаси ижро этувчи аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ

Директор

Директор ўринбосари

Директор ўринбосари

Илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими

3

Бухгалтерия

2

Эксплуатацион-техник бошқарма

Фазовий маълумотлар соҳасида стандартлаштириш бошқармаси

4

Юрисконсульт

Эксплуатация бўлими

4

Стратегик режалаштириш ва маркетинг бўлими

3

Таҳлил-ишлаб чиқариш бошқармаси

Ишлар бошқарувчиси

Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими

2

Иш юритувчи

Топография бўлими

4

Техник хизмат кўрсатиш бўлими

4

Махсус бўлим

Фотограмметрия бўлими

4

Кадрлар масалалари бўйича мутахассис

Учувчисиз учиш аппаратлари операторлари*

Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 40 нафар.
* Кадастр агентлиги тизими ходимлари.
(1-илова матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 октябрдаги ПҚ-405-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2022 й., 07/22/405/0947-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.06.2020 й., 07/20/3639/0863-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.10.2022 й., 07/22/405/0947-сон)