Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу соҳада ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтларга айлантириш лозимлигини тақозо этмоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда медиация институти, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ролини тубдан ошириш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;
ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланади.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида:
Давлат божхона қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашларини (кейинги ўринларда — Апелляция кенгаши) ташкил этиш тўғрисидаги;
жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Апелляция кенгаши томонидан кўриб чиқилиши тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Белгилансинки, мазкур тартиб жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай ишлар юзасидан тўғридан-тўғри бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
3. Қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органи ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал этиш чораларини кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.
4. Белгилансинки:
Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади;
Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин;
Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади. Бунда, давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим;
Апелляция кенгаши унда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий тусга эга бўлган хулоса қабул қилади. Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулоса уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш учун, бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади;
Апелляция кенгашининг хулосасини қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.
5. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов):
Апелляция кенгаши ташкил этилаётган давлат органларининг бу борадаги фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиб борсин ҳамда тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида уларга амалий ва услубий жиҳатдан кўмаклашсин;
2021 йил 1 июлга қадар мазкур қарорнинг 2-бандига асосан жорий этилаётган эксперимент натижаларини кенг қамровли таҳлил қилган ҳолда, уни кейинчалик бошқа давлат органларида ҳам жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.
7. Белгилансинки, қуйидагилар:
низоларни муқобил усулда ҳал этиш билан шуғулланувчи профессионал медиаторларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Медиация маркази;
профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражларнинг ўзаро бирлашувига асосланган Низоларни муқобил усулда ҳал этиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилиши ва фаолият юритиши мумкин.
8. Медиация маркази ва Низоларни муқобил усулда ҳал этиш марказининг (кейинги ўринларда — Марказлар) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж фаолиятига низоларни муқобил усулда ҳал этиш тартиб-таомилини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш;
медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж ишларини кўриш билан боғлиқ фаолиятга аралашмаслик принципи асосида иш юритиш;
медиация, ҳакамлик судлари ҳамда халқаро арбитраж соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш учун ўқув курсларини ташкил этиш. Бунда, медиаторларни тайёрлаш 72 соатдан кўп бўлмаган ўқув курслари бўйича амалга оширилади ва уларни муваффақиятли якунлаган тингловчиларга сертификат берилади;
медиация ва низоларни муқобил ҳал этишнинг бошқа усуллари ривожланиши ва кенг оммалашувига кўмаклашиш, бу соҳада семинарлар, тренинглар ва конференциялар ташкил этиш.
9. Белгилансинки, Марказлар:
а) тингловчиларга таълим беришни ташкиллаштириш учун:
шартнома асосида олий таълим муассасаларининг малакали педагогларини, шунингдек, миллий ва хорижий медиатор, ҳакамлик судьялари ва арбитрларни ҳамда вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб этиши мумкин;
етакчи хорижий медиация ва арбитраж марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, низоларни муқобил усулда ҳал этиш соҳасида тажриба алмашиши, шунингдек, низоларни ҳал этишга хорижий медиаторлар ва арбитрларни жалб этиши мумкин;
б) медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж фаолияти юзасидан адлия органларига ҳисоботлар топширишдан озод этилади;
в) олий маълумотга эга раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида беш нафар ходимга эга бўлишлари керак.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов):
а) профессионал медиаторлар, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитражлар ўртасида доимий равишда Марказлар ташкил этилишининг ижобий тарафлари ҳақидаги тарғибот ишларини ва бу борадаги фаолиятни мониторинг қилиб борсин ҳамда ҳар чоракда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин;
б) икки ой муддатда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб:
медиаторларни тайёрлаш бўйича ўқув курсларининг намунавий дастурини ишлаб чиқсин;
Бош прокуратура билан биргаликда медиация институтининг жиноят процессига татбиқ этилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш марказининг улар муассислигида Ўзбекистон низоларни ҳал этиш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2025 й., 06/25/117/0653-сон)
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов) Тошкент давлат юридик университети ва Юристлар малакасини ошириш маркази билан биргаликда Тошкент медиация маркази фаолиятини ташкиллаштириш ҳамда 2021 йил 1 январга қадар Тошкент медиация марказини жаҳоннинг медиация институти ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, тайёрланган бино ва жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Тошкент шаҳрида:
2020 йил 1 июлдан бошлаб, эксперимент тариқасида, давлат хизматлари марказлари биноларида низолашувчи фуқароларга медиатор хизматидан фойдаланиш учун алоҳида хоналар ажратсин;
экспериментнинг ижобий натижалари асосида 2021 йил 1 апрелга қадар ушбу амалиётни барча давлат хизматлари марказлари биноларида татбиқ этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда профессионал медиаторликни касб сифатида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига киритсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суди Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда профессионал медиаторлар ва ҳакамлик судлари реестрларига киритилган профессионал медиаторлар ҳамда ҳакамлик суди судьялари тўғрисидаги маълумотларнинг барча суд биноларида жойлаштирилишини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р. Давлетов, М. Икрамов) доимий равишда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда профессионал медиаторлар, ҳакамлик судьяларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга масъул ходимлар учун низоларни судгача ҳал этиш бўйича илғор тажрибани ривожланган хорижий давлатларда ўрганишни ташкил этсин;
(16-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 ноябрдаги ПФ-3-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида низоларни ҳал этишда медиация, ҳакамлик судлари ва халқаро арбитраж институтининг афзалликларига бағишланган ижтимоий роликлар, кўрсатув ва эшиттиришларни эфирга узатиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эътиборига етказиш чораларини кўрсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тегишли олий таълим муассасаларида илғор хорижий тажрибалар асосида медиация, ҳакамлик суди ва халқаро арбитраж соҳалари учун низоларни ҳал этишнинг муқобил йўналишларига оид бўлган магистратура мутахассисликларини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари У.Ш. Ташходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 17 июнь,
ПҚ-4754-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 июндаги ПҚ-4754-сон қарорига
ИЛОВА
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашининг (кейинги ўринларда — Апелляция кенгаши) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Апелляция кенгаши тегишли давлат органи ҳузурида низоларни судгача ҳал қилиш мақсадида тузиладиган коллегиал-маслаҳат органи ҳисобланади.
Апелляция кенгаши аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
3. Апелляция кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Апелляция кенгаши давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролардан мустақил равишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ва улар бўйича хулосалар тузади.
2-боб. Апелляция кенгашининг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар Апелляция кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасида юзага келадиган низоларни судгача кўриб чиқиш ва хулоса қабул қилиш орқали уларни ҳал қилиш чораларини кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда қонун ҳужжатида турлича талқин этилиши мумкин бўлган нормалар аниқланган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда, уларни белгиланган тартибда расмий шарҳлашни ташкиллаштириш бўйича чораларни кўриш;
мурожаатни кўриб чиқишда аниқланган қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.
6. Апелляция кенгаши мурожаатларни кўриб чиқишда:
тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бирхиллигини таъминлаш;
мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни мурожаат этувчининг фойдасига талқин қилиш принципларига асосланади.
3-боб. Апелляция кенгашининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
7. Апелляция кенгаши мурожаатни кўриб чиқишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мурожаат этувчилар, шунингдек, бошқа манфаатдор шахслардан мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва маълумотларни сўраб олиш;
давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан Апелляция кенгаши ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича маълумотномалар, ахборот-таҳлилий материалларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш;
қўшимча экспертиза тайинлаш, уни ўтказиш учун мустақил эксперт ва маслаҳатчиларни жалб этиш;
мураккаб масалаларни ўз ичига олган мурожаатларни кўриб чиқиш учун Апелляция кенгаши аъзоларидан ишчи ва эксперт гуруҳлари ташкил этиш;
зарурат бўлганда, мурожаатларни кўриб чиқишда қатнашиш учун давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларидан мутахассислар ва экспертларни таклиф қилиш.
Апелляция кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Апелляция кенгаши мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида қуйидагиларга мажбур:
қонун ҳужжатларига ва мазкур Низом талабларига қатъий риоя қилиш;
фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашувга йўл қўймаслиги;
мурожаатни кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган хулосалар ҳаққонийлигини ва асосланганлигини таъминлаши;
давлат органи фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;
давлат органи ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;
давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;
мурожаатни кўриб чиқиш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, сир сақланишига риоя қилиши.
Апелляция кенгашига мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Апелляция кенгаши фаолиятини ташкил этиш тартиби
9. Апелляция кенгашининг таркиби тегишли давлат органи раҳбарининг қарори билан икки ярим йил муддатга тасдиқланади.
Апелляция кенгаши 7 нафардан 11 нафаргача аъзолардан иборат таркибда тузилиши мумкин.
Апелляция кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари киради.
Апелляция кенгаши аъзолигига амалий тажрибага ва обрў-эътиборга эга давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек соҳада катта амалий тажриба ёки илмий салоҳиятга эга бўлган обрўли фуқаролар қабул қилинади.
Бунда, давлат органининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки ходимлари ҳисобланмаган Апелляция кенгаши аъзолари жами Кенгаш аъзоларининг бешдан бир қисмидан ошиб кетмаслиги лозим.
Апелляция кенгаши раиси ва ўринбосари унинг аъзолари томонидан Апелляция кенгаши аъзолари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
10. Қуйидаги ҳолатларда Апелляция кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:
улар томонидан Апелляция кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;
улар ишлаётган ташкилот билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинганда;
Апелляция кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда;
мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда;
вафот этганда.
11. Қуйидаги ҳолларда Апелляция кенгаши аъзоси Кенгаш кун тартибига киритилган масалалар юзасидан мажлисда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:
ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса.
12. Апелляция кенгашининг раиси:
Апелляция кенгаши фаолиятига раҳбарлик қилади ва Кенгаш зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Апелляция кенгашининг мажлисларини чақиради ва унда раислик қилади;
Апелляция кенгаши ваколатига тааллуқли масалаларни унинг кўриб чиқиши учун киритади;
давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларда Апелляция кенгаши номидан иш кўради;
Апелляция кенгаши аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Апелляция кенгаши номидан хулосаларни, мажлислар баённомаларини ва бошқа ҳужжатларни имзолайди;
Апелляция кенгаши мажлислари кун тартибини белгилайди, Апелляция кенгаши ва тарафларни чақиради;
Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулосаларнинг ижросини мониторинг қилади;
юкланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича Апелляция кенгаши аъзолари ишини мувофиқлаштиради;
давлат органининг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Апелляция кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар мазмуни бўйича таклифлар киритади ва уни давлат органи раҳбари билан келишади;
Апелляция кенгаши томонидан қабул қилинган хулосалар низоларни ҳал қилишда инобатга олиниши юзасидан тегишли давлат органи раҳбари билан ҳамкорлик қилади;
Апелляция кенгаши ишининг самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.
13. Апелляция кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари бажаради.
14. Апелляция кенгашининг котиби:
мурожаатларни қабул қилади ва рўйхатдан ўтказади;
Апелляция кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, давлат органи ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ Апелляция кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Апелляция кенгаши мажлиси ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Апелляция кенгашининг раиси билан келишади;
Апелляция кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Апелляция кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;
кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш учун зарур бўлган материалларни Апелляция кенгаши аъзоларига тарқатади;
Апелляция кенгаши хулосаларининг давлат органи томонидан инобатга олиниши ёки рад этилиши ҳолати устидан мониторинг олиб боради ҳамда унинг натижаларини Апелляция кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;
Апелляция кенгаши мажлисининг хулосасини ва баённомасини расмийлаштиради ҳамда хулосанинг Апелляция кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;
Апелляция кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
Апелляция кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
15. Апелляция кенгашида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) ёхуд ҳаракатсизлиги натижасида ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ кўриб чиқилади.
Жисмоний ва юридик шахслар низоли масалани Апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун ушбу Кенгаш тузилган давлат органига ёзма (электрон) тарзда мурожаат қилади.
Давлат органининг раҳбари (ёки унинг ўринбосарлари) томонидан мурожаат унинг муаллифини хабардор этган ҳолда у келиб тушган кундан бошлаб бир кун ичида кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига юборади.
Давлат органига келиб тушган такрорий мурожаатларда Апелляция кенгаши ваколатига кирадиган масалалар келтирилган бўлса, давлат органи раҳбари мазкур мурожаатни кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига ўз ташаббусига кўра ҳам жўнатиши мумкин.
Давлат органига келиб тушган такрорий мурожаат кўриб чиқиш учун Апелляция кенгашига жўнатилганҳолларда, бу ҳақда мурожаат этувчига дарҳол ёзма ёки электрон хабар юборилади.
16. Мурожаат Апелляция кенгашига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Юзага келган низоли ҳолатни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари Апелляция кенгашининг раиси томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига дарҳол ёзма ёки электрон хабар юборилади.
17. Апелляция кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Апелляция кенгашининг аъзолари:
ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун давлат органи томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;
Апелляция кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;
давлат органи фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;
Апелляция кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;
Апелляция кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;
Апелляция кенгашининг зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
18. Апелляция кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Апелляция кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Апелляция кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
19. Апелляция кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.
Апелляция кенгашининг мажлисида давлат органи раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.
Апелляция кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳамда мурожаат этувчи ёки унинг вакили таклиф этилиши мумкин.
20. Апелляция кенгашининг мажлиси, агар унда Апелляция кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Апелляция кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.
21. Апелляция кенгашининг хулосаси мажлисда иштирок этаётган Апелляция кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Апелляция кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
22. Апелляция кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор хулоса шаклида расмийлаштирилади. Апелляция кенгаши хулосаси мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.
Хулосага қўшилмаган Апелляция кенгаши аъзоси хулосани имзолаб, ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда тақдим қилади. Алоҳида фикр иш материалларига қўшиб қўйилади.
23. Апелляция кенгашининг мажлис баённомаси котиб томонидан имзоланади ва мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади.
24. Апелляция кенгашининг хулосаси уч кун муддатда давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш ва бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборилади.
Апелляция кенгашининг хулосаси тавсиявий тусга эга бўлиб, хулосани қабул қилиб олган давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари уни инобатга олиши ёки ёзма асослантирилган тарзда рад этиши мумкин. Бунда, давлат органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қабул қилинган қарор тўғрисида уч кун муддатда Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма ёки электрон тарзда хабардор қилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25. Апелляция кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш у ташкил этилган тегишли давлат органининг ўз маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
26. Апелляция кенгашининг фаолияти мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги у ташкил этилган тегишли давлат органининг раҳбари томонидан назорат қилинади.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгаши тўғрисида низомга
ИЛОВА
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашида мурожаатларни кўриб чиқиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Муддат

1-босқич

Жисмоний ва юридик шахс (мурожаат этувчи)

Низоли масалани Апелляция кенгашида кўриб чиқиш учун ушбу Кенгаш тузилган давлат органига ёзма (электрон) тарзда мурожаат қилади.

Ўз хоҳишига кўра


2-босқич

Ҳузурида Апелляция кенгаши тузилган давлат органи

Давлат органининг раҳбари (ёки унинг ўринбосарлари) томонидан мурожаат унинг муаллифини хабардор этган ҳолда Апелляция кенгашига кўриб чиқиш учун юборилади.

Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб
1 кун ичида


3-босқич

Апелляция кенгаши

1. Келиб тушган мурожаатни ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқади.

2. Ўрганиш натижаларини ўз мажлисларида муҳокама қилади.

3. Ўрганиш ва муҳокамалар натижасида тузилган хулоса мажлисда иштирок этаётган Апелляция кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб
15 кун ичида

(заруратга қараб,

1 ойгача муддатда)


4-босқич

Апелляция кенгаши

Апелляция кенгаши хулосасини давлат органи раҳбарига кўриб чиқиш ва бошқа манфаатдор тарафларга маълумот учун юборади.

Хулоса қабул қилинган кундан бошлаб
3 кун ичида


5-босқич

Давлат органи

1. Келиб тушган Апелляция хулосаси ва тегишли мурожаатни кўриб чиқади ҳамда мурожаат бўйича якуний қарорни қабул қилади.

2. Қабул қилинган қарор тўғрисида Апелляция кенгаши ва тарафларни ёзма (электрон) тарзда хабардор қилади.

Хулоса

келиб тушган кундан бошлаб
3 кун ичида

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.06.2020 й., 07/20/4754/0771-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2021 й., 06/21/3/1037-сон; 28.07.2025 й., 06/25/117/0653-сон)