Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5938-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони:
99 штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
336 штат бирлигидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
1 624 штат бирлигидан иборат туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирига (кейинги ўринларда — вазир):
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда — Вазирлик) марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига бошқарув ходимларининг белгиланган умумий штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
Вазирлик фаолиятини самарали ташкил этиш, унга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хорижий ихтисослаштирилган институтлар ва компаниялар ҳамда хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосари — вазирга ҳамда Вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари биринчи ўринбосарлари — Вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларига тенглаштирилади.
4. Вазирлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
фаолият йўналиши бўйича амалга ошириладиган ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия ҳомийлик маблағлари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 майдаги 291-сон «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги ПФ-243-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.12.2025 й., 06/25/243/1128-сон)
7. Вазирлик икки ой муддатда:
марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларнинг Вазирликка юкланган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир бўлган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;
таркибий ва бўйсунувидаги бўлинмалар тўғрисидаги низомлар, шунингдек, ходимларнинг лавозим йўриқномалари тасдиқланишини таъминласин.
8. Белгилансинки, Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзларига юклатилган функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Вазирликка тегишли вазифаларни амалга ошириш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб қилиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотлардан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб судларга ариза (шикоят) ва даъволарни киритиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир ташаббуслар билан чиқиш ҳамда таклифлар киритиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Марказий банки, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:
(9-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларни (кейинги ўринларда — инвесторлар) фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини (кейинги ўринларда — комплекс) давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури, «Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури» асосида имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги ПҚ-92-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2022 й., 07/22/92/0046-сон)
10. Қуйидагилар комплексларни қуриш учун давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартлари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
инвесторларга маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ комплексларни барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади;
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 октябрдаги ПФ-6320-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2021 й., 06/21/6320/0940-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
комплекслар биноларини қуриш учун зарур ер участкалари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма) маъқуллагандан сўнг танлаб олинади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади;
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (келишув бўйича ёки комплекслар билан бир бинода ёхуд бошқа жойда) жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келадиган, қурилиш учун ажратилган комплекслардан кичик бўлмаган майдонга эга бўлган комплексларга туташ қўшимча шунга ўхшаш объектлар ҳам ажратилади. Бунда мазкур объектларнинг фаолият кўрсатиши фуқаролар йиғинларининг иши учун ноқулайликлар яратмаслиги керак;
Олдинги таҳрирга қаранг.
инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, комплекслар биноларига инвесторнинг ўзига тегишли туташ объектларда (хоналарда) амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турлари ва йўналишлари, шунингдек, давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шартлари Уюшма томонидан ишлаб чиқиладиган намунавий шакллар бўйича инвестор, давлат шериги ҳамда тегишли маҳалла фуқаролар йиғини ўртасида тузиладиган уч томонлама келишувда акс эттирилади. Комплексларни қуриш учун берилган ер майдонларида кўп қаватли уй-жойлар қуриш тақиқланади;
(10-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
комплекслар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда қатъий белгиланган муддатларда ва тартибда маъқулланган лойиҳалар асосида, туташ ҳудуд обод қилинишини назарда тутган ҳолда қурилади;
қурилиши тугалланган комплекслардан кейинчалик фойдаланиш тартиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув билан белгиланади;
инвестор томонидан ушбу банднинг тўртинчи хатбошисига мувофиқ қурилган қўшимча объектлар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил муддатга тегишли равишда ушбу қарор доирасида тақдим этиладиган ер участкасига ва унда қурилган кўчмас мулкка нисбатан ер солиғи ва мол-мулк солиғининг, шунингдек, мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки тушумларга нисбатан фойда солиғи ҳамда айланмадан олинадиган солиқнинг белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимларига комплекслардаги фойдаланилмаётган хоналарни «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали ижарага беришдан тушаётган маблағларни Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига ўтказган ҳолда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантиришга йўналтириш учун сарфлаш ҳуқуқи берилсин.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июндаги ПФ-116-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)
12. Белгилаб қўйилсинки:
инвесторларни танлаб олишнинг асосий мезонлари комплексларни қуриш муддати, таклиф этиладиган капитал қўйилмалар ва инвестициялар ҳисобланади;
инвесторнинг ташаббуси бўйича келишув бекор қилинганда, унинг комплекслар қурилишига сарфлаган харажатлари қопланмайди, қурилиши тугалланмаган объект давлат мулкига ўтказилади ва ушбу қарорга мувофиқ инвесторларни қидириб топиш қайтадан ўтказилади;
қурилаётган комплексларнинг зарур ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини олиб келиш комплекслар қурилиши учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда белгиланган муддатларни ҳисобга олган ҳолда электр таъминоти, газ таъминоти ва алоқа қисми бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзбектелеком» АК маблағлари ҳисобидан, автомобиль йўллари қуриш қисми бўйича, сув таъминоти ва канализация Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади;
комплексларни мебель, техника, бошқа ускуна ва инвентарь билан жиҳозлаш Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари, грантлар, кредитлар, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар, шунингдек, инвесторлар рози бўлган тақдирда, уларнинг ўз қўйилмалари ҳисобидан амалга оширилади.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
а) уч ой муддатда потенциал инвесторларни танлаб олишни ҳамда улар билан комплексларни ушбу қарорда ва намунавий келишувда белгиланган давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш тўғрисидаги келишувлар тузилишини таъминласин;
б) инвесторлар бўлмаган тақдирда, ҳар бир маҳаллада комплекслар қурилишини Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ташкил этсин;
в) Вазирлик, Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси билан жиҳозлаш;
«Маҳалла маркази» мажмуаларида Вазирликнинг ҳамда Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш ишларини якунласин.
14. Вазирлик:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда комплексларнинг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиши тўғрисидаги намунавий келишув лойиҳаси ишлаб чиқилишини;
б) икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 — 2022 йилларга мўлжалланган ҳар бир маҳаллада комплексларни ташкил этиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан биргаликда:
2020 йил 1 июнга қадар Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун зарур ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва интеграция қилиш концепцияси, техник-иқтисодий ҳисоб-китоби ва техник топшириғи тайёрланишини ҳамда тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритилишини;
тасдиқланган концепция, техник-иқтисодий ҳисоб-китоб ва техник топшириқ асосида 2021 йил 1 январга қадар — Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, 2022 йил 1 январга қадар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун ахборот тизимлари ва электрон маълумотлар базалари ишлаб чиқилиши ҳамда жорий этилишини;
2020 йил 1 июлга қадар — Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмаларини, шунингдек, 2021 йил 1 июлга қадар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини ҳамда зарур алоқа, жумладан Вазирликни ҳукумат алоқаси билан таъминласин;
г) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар «Маҳалла» электрон маълумотлар базасини янада такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ўзаро маълумот алмашинувини жорий этиш чораларини кўрсин.
15. Вазирлик бошқарув ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти марказий аппаратда — 2 бараварга, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларида — 1,5 бараварга, туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида — 1,3 бараварга оширилган миқдорда қўлланилиши белгилансин.
Мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
16. Вазирлик Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Истиқлол кўчаси, 51-уй манзили бўйича оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2020 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Вазирликнинг харажатлари учун Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунга қадар Вазирлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар учун маблағ ажратиш чораларини кўрсин;
2021 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни кўзда тутсин.
18. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Мазкур қарор ижросини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири — ушбу қарорда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда масъул ташкилотларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатсин, чора-тадбирлар ижроси бўйича юзага келадиган жорий масалалар тезкорлик билан ҳал этилишини таъминласин ҳамда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарорнинг амалга оширилиши жараёни ҳақида батафсил маълумот тақдим этсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари — ҳар бир маҳаллада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида комплекслар қурилишини, инвесторлар танлаб олинишини, инвесторлар бўлмаган тақдирда, комплекслар Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилишини таъминласин;
масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари — ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан барча зарур чораларни амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К. Кўчимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи А.Д. Хаджаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори — ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини мунтазам ёритиб борсин.
20. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 18 февраль,
ПҚ-4602-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш бошқармалари

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари

«Маҳалла» газетаси, «Маҳалла кўзгуси» журнали, «Оила ва жамият» газетаси. «Саодат» журнали, «Нуроний» газетаси, «Кексалик гашти» журнали, «Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила» халқаро илмий журнали

Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари

 

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги ПФ-61-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2022 й., 06/22/61/0084-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
МАРКАЗИЙ АППАРАТИНИНГ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони – 99 штат бирлиги.
* Марказий аппаратнинг умумий штат бирлигига кирмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига
3-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони — 21 — 27 штат бирлиги, жами — 336 штат бирлиги.
* Вазирликнинг (бошқарманинг) умумий штат бирлигига кирмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПҚ-4602-сон қарорига
4-ИЛОВА
Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони — 7 — 9 штат бирлиги, жами — 1 624 штат бирлиги.
* Бўлимнинг умумий штат бирлигига кирмайди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.02.2020 й., 07/20/4602/0186-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2021 й., 06/21/6320/0940-сон; 20.01.2022 й., 07/22/92/0046-сон, 29.01.2022 й., 06/22/61/0084-сон; 09.12.2025 й., 06/25/243/1128-сон; 24.06.2026 й., 06/26/116/0620-сон)