Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сон Фармонини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сон Фармонига мувофиқ илгари берилган имтиёзларни бекор қилиш бўйича қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб киришда, шунингдек, ишлар (хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғи тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланилиши белгилаганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш жараёнининг автоматлаштирилишини таъминласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 10 февраль,
76-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 76-сон қарорига
ИЛОВА
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда ҚҚС деб аталади) тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш (120 кун муддатгача) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга (кейинги ўринларда солиқ тўловчилар деб аталади) нисбатан татбиқ этилади.
3. Солиқ тўловчилар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси (кейинги ўринларда Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция) ҳисобида турувчи солиқ тўловчиларнинг реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
4. Товарларни импорт қилишда, солиқ тўловчиларга ҚҚС тўлаш муддатини узайтириш имконияти ушбу Низом талабларига риоя қилинган тақдирда давлат божхона хизмати органлари томонидан берилади.
5. Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда ҚҚСни тўлаш бўйича мажбурият юзага келган тақдирда, ҚҚС тўлаш муддатини узайтириш имконияти ушбу Низом талабларига риоя қилинган холда давлат солиқ хизмати органлари томонидан берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Товарларни импорт қилишда ҚҚС суммаси божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда эса — солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
7. Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Товарларни импорт қилишда тўлов муддатини узайтириш
8. Товарларни импорт қилишда солиқ тўловчиларга ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имконияти давлат божхона хизмати органининг қарори билан берилади.
9. ҚҚСни тўлаш муддатининг узайтирилиши божхона декларацияси расмийлаштирилган кундан бошлаб 120 кундан ошмаслиги керак.
10. ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун солиқ тўловчи давлат божхона хизмати органига қуйидагиларни тақдим этади:
ҚҚС суммасини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ ариза;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ ҚҚС тўланишининг таъминланишини тасдиқловчи ҳужжат, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспексиясида ҳисобда турувчи солиқ тўловчилар, шунингдек, охирги ўн икки ой давомида қиймати 1 миллион AҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган, асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни олиб кираётган корхоналар бундан мустасно.
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
11. Давлат божхона хизмати органи томонидан ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарор ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида қабул қилинади.
Давлат божхона хизмати органининг қарорида ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имконияти берилаётган муддат, узайтириш имконияти берилиши рад этилган тақдирда эса — бир иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида солиқ тўловчини ёзма равишда хабардор қилади.
12. Қуйидагилар ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имкониятини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган талабларга риоя қилмаслик;
ҚҚСни тўлаш бўйича олдин тақдим этилган узайтирилган тўлов муддатини бузиш ҳолатлари мавжудлиги.
13. ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятининг берилган ҳар бир куни учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган, қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг эллик фоизи миқдорида фоизлар ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Охирги ўн икки ой давомида қиймати 1 миллион AҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариш учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳолда тўловни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
Бунда 120 кун ичида тўлов муддати узайтирилган ҚҚС суммаси тўланмаган тақдирда, ушбу бандга мувофиқ фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.
14. ҚҚСни тўлаш бўйича тақдим этилган узайтирилган тўлов муддати даврида ҚҚС тўлови солиқ тўловчи томонидан тўлов муддатини узайтириш имкониятининг охирги кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тўлов муддатини узайтириш имконияти берилган солиқ тўловчи томонидан ҚҚС суммаси ўз вақтида тўланмаган тақдирда, божхона органлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҚҚС тўлови бўйича қарздорликнинг тўлиқ миқдорини ундириш чораларини кўрадилар.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
15. Берилган тўлов муддатини узайтириш даврида ҚҚС суммасининг (ёки унинг бир қисмининг) тўланиши солиқ тўловчига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўланадиган ҚҚСни ҳисоблашда ушбу суммани Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҳисобга олиш ҳуқуқини беради.
Тўлов муддати узайтирилган даврда сумма қуйидагилар мавжуд бўлганда тўланган ҳисобланади ва божхона органи томонидан ҳисобдан чиқарилади:
товарлар амалда экспорт қилинганда;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имконияти берилган солиқ тўловчида товарлар экспорти муносабати билан ҚҚСнинг салбий қолдиғи мавжудлиги тўғрисида маълумотлар бўлганда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Солиқ тўловчи томонидан тўлов муддати узайтирилган даврда ҚҚС суммаси ўз вақтида тўланмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органлари тўлов муддати узайтирилган ҚҚС суммаси бўйича қарзларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш чораларини кўрадилар.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
3-боб. Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда тўлов муддатини узайтириш
17. Солиқ тўловчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан ишлар (хизматлар)ни сотиб олишда ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш учун давлат солиқ хизмати органига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклда ариза тақдим этади.
ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш тўғрисидаги аризага ҚҚС суммаси тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекцияда ҳисобда турувчи солиқ тўловчилар бундан мустасно.
Тўланиши таъминланганини тасдиқловчи ҳужжатларга ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятлар суммасидан кам бўлмаган гаров билан таъминланган мол-мулк ва банк кафолати киради.
18. Давлат солиқ хизмати органи ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган зарур ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида тўлов муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
19. Қуйидагилар ҚҚС тўлов муддатини узайтириш имкониятини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:
ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган талабларга риоя қилмаслик;
Олдинги таҳрирга қаранг.
солиқ ва молиявий ҳисоботларни тақдим қилиш ҳамда солиқлар ва йиғимларни тўлаш муддатларининг ариза берилган санадан олдинги 12 ой мобайнида бузилганлиги.
(19-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 майдаги 255-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон)
20. Тўлов муддатини узайтириш имконияти беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи бир иш куни мобайнида солиқ тўловчини рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
21. Норезидентлардан олинган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, солиқ тўловчи ҚҚС суммасини ушбу сумма ҳақиқатда тўланган ҳисобот давригача ҳисобга олишга ҳақли эмас.
Тўлов муддати узайтирилган сумма солиқ ҳисоботида алоҳида кўрсатилади.
22. Норезидентлардан олинган ишлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ни тўлаш муддатини узайтириш имконияти 120 кун муддатгача берилади.
23. ҚҚСни тўлаш муддатини узайтириш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланадиган ҚҚС суммасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг бир кун учун қайта ҳисобланган фоизининг эллик фоизи миқдорида фоизлар ундирилади.
Бунда 120 кун ичида тўлов муддати узайтирилган ҚҚС суммаси тўланмаган тақдирда, ушбу бандга мувофиқ фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.
24. ҚҚСни тўлаш бўйича тақдим этилган узайтирилган тўлов муддати даврида ҚҚС тўлови солиқ тўловчи томонидан муддатни узайтириш имконияти берилган охирги куни тугашидан кечиктирмай тўланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тўлов муддатини узайтириш имконияти берилган солиқ тўловчи томонидан ҚҚС суммаси ўз вақтида тўланмаган тақдирда, солиқ хизмати органлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҚҚС тўлови бўйича қарздорликни тўлиқ миқдорини ундириш чораларини кўрадилар.
(24-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
4-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Солиқ тўловчилар ушбу Низом талабларига риоя қилиниши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда кўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1 -босқич

Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар

Товарларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун давлат божхона хизмати органларига ариза (қоғоз ёки электрон шаклда) ҳамда ҚҚС тўланиши таъминланишини тасдиқловчи ҳужжатни топширадилар.

Норезидентлардан иш (хизмат)ларни сотиб олганда қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлиш учун давлат солиқ хизмати органларига ариза (қоғоз ёки электрон шаклда) топширадилар.

Зарур бўлганда

2-босқич

Божхона ва солиқ

хизмати органлари

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Низом талабларига мувофиқлигини кўриб чиқадилар.

Беш иш куни

мобайнида

3-босқич

Божхона ва (ёки) солиқ хизмати органлари

1. Тақдим этилган ҳужжатлар Низом талабларига мувофиқ бўлганда давлат божхона (товарларни импорт қилишда) ёки солиқ (норезидентлардан ишлар, хизматларни сотиб олишда) хизмати органлари томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш имкониятини бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Беш иш куни

мобайнида

2. Тўлов муддатини узайтириш имкониятининг берилиши рад этилгап тақдирда, ариза берувчига рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабар берадилар.

3. Тўлов муддатинй узайтириш имконияти берилган такдирда, унинг суммаси ва тугаш муддати кўрсатилади.

Бир иш куни

мобайнида

Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинган товарлар учун тўланишн лозим бўлган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатнни кечиктириш тўғрисида
‎АРИЗА

_______________________________________________________________________________________________________

(вилоят. шаҳар, туман),

____________________________________________________________________________________манзилда жойлашган

кўчанинг номи ва уй (хонадон)нинг рақами

______________________________________________________________________________________амалга оширадиган

(асосий фаолият (ихтисослиги) тури)

_______________________________________________________________________________________________________

(солиқ тўловчининг тўлиқ номи)

Сиздан импорт қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғининг тўлов муддатини _____________________дан ________________________гача (120 кундан ортиқ бўлмаган) муддатга кечиктиришга рухсат беришингизни сўрайди.

Импорт қилинган товарлар бўйича импорт шартномаси тўғрисидаги маълумотлар
‎Шартнома санаси ва рақами _______________________ йил __________________-сон
‎Хорижий ҳамкор________________________________________________________
‎давлати ___________________________________
‎Товарнинг тури ______________________________________________ шартнома бўйича
‎қиймати _______________________
‎эквиватентда (сўмда) ____________________________сўм
‎Товарлар импорт қилинган сана _______________________ йил
‎Қўшилган қиймат солиғининг ҳисобланган суммаси
‎_____________________________________сўм

Ташкилот раҳбари

________________

____________________________________________

(М.Ў.)

(имзо)

(Ф.И.О.)

Сана

(кк/оо/йй)
Изоҳ. Ушбу ариза хориждан шторт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий божхона бошқармасига ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Товарлар (ишлар, хизматлар)ни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан олинган ишлар, хизматлар бўйича бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғини тўлов муддатини кечиктириш тўғрисида
АРИЗА
Изоҳ: Ушбу ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ёзма ёки электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети, шу жумладан, ахборот тизими орқали тақдим этилиши мумкин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.02.2020 й., 09/20/76/0149-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон)