Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair-2020» биринчи халқаро кўргазма-савдосини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 18 майдаги ПФ-5721-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, маҳаллий ва етакчи хорижий ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилаётган юқори самарали илғор технология ва ускуналар билан танишиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш учун халқаро ва минтақавий майдон яратилишига кўмаклашиш, миллий заргарлик буюмларини сотиш, заргарлик саноати буюмларининг ишлаб чиқарувчилари, етказиб берувчилари ва истеъмолчилари билан ўзаро технология ва маълумотлар алмашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг:
2020 йил май ойининг 8 — 10 кунлари Тошкент шаҳрида «Ёшлар ижод саройи» кўргазмалар майдони базасида Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair-2020» биринчи халқаро кўргазма-савдосини (кейинги ўринларда кўргазма деб аталади) ўтказиш;
2020 йилдан бошлаб доимий равишда ҳар йили май ойи биринчи ҳафтасининг жума кунидан якшанба кунигача Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш;
туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари орасида Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдосини тарғиб қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
кўргазмани ташкил қилиш бўйича харажатларни «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси қошидаги Заргарлик соҳасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қоплаш бўйича таклифларига розилик берилсин.
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага мувофиқ;
Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини кўргазмаларда, кўргазма-савдоларда, ярмаркаларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан сотишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда туристик ахборот марказларида, аэропортларда, автобус ҳамда темир йўл вокзалларида маҳаллий технология ва ускуналар, айниқса, заргарлик соҳаси буюмлари каталоглари тарқатилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда замонавий ускуна ҳамда технологиялар, шунингдек, заргарлик саноати буюмларининг етакчи жаҳон ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини ўтказиладиган кўргазмаларда қатнашишга жалб этиш бўйича фаол реклама-ахборот кампаниялари ва ташкилий ишларни амалга оширсин;
хорижий давлатларнинг заргарлик тармоғида ўтказиладиган халқаро тадбирларнинг ҳар йилги жадвалига Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдосини киритиш чораларини кўрсин.
5. «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
кўргазма доирасида республика ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг рўйхати шакллантирилишини ва ушбу рўйхатда уларнинг номи, ўлчов бирлиги, қиймати, ТИФ ТН коди ҳамда олиб кирувчининг реквизитлари кўрсатилишини;
рўйхатда кўрсатилган товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишда идентификация қилинишини;
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги ПҚ-452-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.01.2023 й., 07/23/452/0015-сон)
кўргазма иштирокчилари ўртасида шартнома асосида тарқатиш мақсадида, замонавий технология ва ускуналарни, шунингдек, заргарлик саноати буюмларининг батафсил каталоги чоп этилишини;
кўргазмага ташриф буюрувчилар учун ахборот-маълумот буклетлари ва бошқа тарқатма материаллари тайёрланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси кўргазма товарларининг белгиланган тартибда тезкор расмийлаштирилишини таъминласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 246-моддаси.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair» халқаро кўргазма-савдосини ташкил этиш ва ўтказиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик тангаларини сотиш нуқталарини ташкил этиш тавсия этилсин.
8. Кўргазма иштирокчиларига ташриф буюрувчилар ўртасида ўз маҳсулотларини сотишга рухсат берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг буюртманомалари бўйича кўргазманинг хорижий иштирокчиларига кириш визалари консуллик ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасининг буюртманомасига биноан кўргазманинг хорижий иштирокчиларига, давлат божи ундирмасдан, кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтиришни, шунингдек, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ва унинг муддатини узайтиришни;
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон)
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан биргаликда кўргазма ўтказиладиган жойларда жамоат тартиби сақланишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўргазма ўтказиладиган жойларда ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирмасдан таъминласин.
12. «Uzbekistan Airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ тўлов ундирмасдан:
кўргазма иштирокчиларини И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олиш ва кузатиб қўйишни ташкил этиш штаби фаолиятини мувофиқлаштириш, бунда штабни зарур миқдорда ташкилий техника ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш, шунингдек, аэропортда кўргазма иштирокчиларига транспорт хизмати кўрсатишни назарда тутишни;
кўргазмалар юкларини И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида белгиланган тартибда ташиш, ишлаш ва сақлашни;
И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти биноси хоналарини кўргазмага бағишланган стендлар билан жиҳозлашни таъминласинлар.
13. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси буюртманомасига биноан, кўргазмага олиб келинаётган юкларни ташиш, белгиланган манзилга етказиб бериш ҳамда вагонларнинг йиғимлар ундирмасдан ўз вақтида берилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига кўргазмага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Хўжаев ва «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси Д.Н. Саматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 10 январь,
17-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 17-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси заргарлик саноатининг замонавий ускуна, технологиялари ва заргарлик буюмлари «Uzbek Jewellery Fair-2020» халқаро кўргазма-савдосини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ

Б.А. Хўжаев

иқтисодиёт ва саноат вазири, Ташкилий қўмита раҳбари

Д.Н. Саматов

«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси, Ташкилий қўмита раҳбари ўринбосари

И.Т. Неъматов

ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

М.О. Салиев

Давлат божхона қўмитаси раисининг ўринбосари

Х.А. Шакиров

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари

А.Д. Хаджаев

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 17-сон қарорига
2-ИЛОВА
Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини кўргазмаларда, кўргазма-савдоларда, ярмаркаларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан сотишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказиладиган кўргазмаларда, кўргазма-савдоларда, ярмаркаларда (кейинги ўринларда кўргазма деб аталади) қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик ва бошқа буюмларини, шунингдек, буюмларга бириктирилмаган қирраланган қимматбаҳо тошларни (кейинги ўринларда заргарлик буюмлари деб аталади) сотиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилган:
кўргазма ташкилотчиси — кўргазмалар, кўргазма-савдолар, ярмаркаларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;
кўргазма иштирокчиси — кўргазмада иштирок этиш учун ариза берган ва кўргазма иштирокчилари таркибига киритилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари (шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмаган хорижий давлатлар фуқаролари ва хорижий компаниялар вакиллари).
3. Кўргазма стендларини қуриш ва қўшимча кўргазма ускуналари ҳамда шу билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш кўргазма ташкилотчиси томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар — тадбиркорлик субъектлари кўргазмаларда заргарлик буюмларини давлат солиқ хизмати идораларида рўйхатдан ўтган назорат-касса машиналари, тўлов терминалларини қўллаган ёки мажбурий равишда билет, талон, чек ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни берган ҳолда сотадилар.
Кўргазмаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмаган хорижий иштирокчилари заргарлик буюмларини кўргазма-савдода Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида нақдга, кейинчалик сотишдан тушган миллий валюта маблағларини кўргазмада сотилган заргарлик буюмлари савдосидан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, валюта айирбошлаш пунктларида нақд хорижий валютага конвертация қилиш имконияти билан сотадилар.
5. Ўзбекистон Республикаси резидентлари ёки норезидентлари томонидан кўргазмада сотиш учун хориждан олиб кириладиган заргарлик буюмлари, уларнинг пробасини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи давлатнинг асиллик даражаси тамғалари изларига эга бўлиши керак.
6. Кўргазма ташкилотчиси мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда кўргазма иштирокчиларининг реестрини юритиши зарур.
7. Кўргазма иштирокчиси кўргазмага ташриф буюрувчиларга қуйидаги маълумотларни давлат, инглиз ҳамда рус тилларида етказиши шарт:
юридик шахс — ўзининг номи (фирманинг номи), жойлашган жойи (почта манзили);
якка тартибдаги тадбиркор — фамилияси, исми, отасининг исми, давлат рўйхати ва уни рўйхатдан ўтказиш жойи (давлат)да рўйхатдан ўтказган идоранинг номи.
Қайд этилган маълумотлар кўргазма иштирокчисининг кўргазма стендига жойлаштирилади.
8. Кўргазмага қўйилган барча буюмлар ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг ёрлиғига, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда — кўргазма иштирокчиси ёрлиғига эга бўлиши керак. Ёрлиқларда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:
ишлаб чиқарувчи ташкилот номи ёки ишлаб чиқарувчи давлат номи (заргарлик буюмлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ёрлиқсиз олиб кирилганда);
буюмнинг номи;
металл номи, пробаси;
буюмнинг граммлардаги массаси (кумушдан ясалган шахсий тақинчоқлар бундан мустасно);
қўшимча номи (қўшимчага эга буюмлар учун);
тавсифлари (қимматбаҳо тошлардан тайёрланган қўшимчалар учун);
буюмнинг рақами (қимматбаҳо тошлардан тайёрланган қўшимчалар учун);
буюмнинг қиймати.
Ўзбекистон Республикасига ёрлиқсиз олиб кирилган, импорт қилинган заргарлик буюмлари, шунингдек, агар у ишлаб чиқарувчи ташкилот ёрлиғида кўрсатилмаган бўлса, артикули мавжуд бўлмаслигига йўл қўйилади.
Кумушдан ясалган буюмлар ёрлиғида ишлаб чиқарувчи ташкилот (ишлаб чиқарувчи давлат) пробаси номи кўрсатилган ҳолда маркировкалашга йўл қўйилади.
Ёрлиқдаги буюмнинг массаси олтиндан ясалган буюмлар учун — 0,01 g ҳамда кумушдан ясалган буюмлар учун — 0,1 g аниқликда тасвирланган бўлиши шарт.
9. Ишлов берилмаган кўринишдаги, шунингдек, буюмларга бириктирилган қимматбаҳо тошлар кўргазмада фақатгина экспонат сифатида тақдим этилиши мумкин.
10. Қимматбаҳо тошлар тегишли (сертификатлар, диагностик хулосалар ва бошқа) ҳужжатларга эга бўлиши шарт, бунда уларда геммологик тавсифлар кўрсатилиб, уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланиши зарур.
Қимматбаҳо тошларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи сертификатлар, диагностик хулосалар ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар кўргазмага ташриф буюрувчилар эътибори учун етказилиши шарт.
11. Қирраланган қимматбаҳо тошларни сотиш фақатгина ҳар бир тош ёки сотиладиган тошларнинг тўплами учун сертификат ва индивидуал қадоқ мавжуд бўлганда амалга оширилади.
12. Харидорга заргарлик буюмлари билан бирга товар ва сотувчининг номи, артикули, пробаси, оғирлиги, бир грамм учун қиймати, қимматбаҳо тошнинг тури ва тавсифи, товарнинг қиймати ва сотилган санаси, бевосита товарни сотган шахснинг имзоси кўрсатилган чек, харид қилинган қирраланган қимматбаҳо тошлар учун эса қўшимча равишда сертификат берилади.
13. Кўргазмаларда заргарлик буюмларини реализация қилиш фақатгина кўргазма иши якунлангандан сўнг қўриқлаш хизматига топшириладиган, кўчма объектларнинг хоналари (заллари)да амага оширилади. Кўргазма ташкилотчиси ва иштирокчиси буюмларнинг сақланиши учун кўргазма ташкилотчиси ва иштирокчиси ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ жавоб берадилар.
Кўргазма иштирокчилари заргарлик буюмларини транспортда ташишда уларнинг сақланиши учун шахсан жавоб берадилар.
Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик буюмларини кўргазмаларда, кўргазма-савдоларда, ярмаркаларда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан сотишнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Кўргазма иштирокчиларининг
РЕЕСТРИ

Т/р

Юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми

Юридик манзили ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойи

Давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида маълумотлар

Телефон рақами

Лицензия рақами ваберилган санаси, унинг амал қилиш муддати

Лицензия берган идоранинг номи

Лицензияланган фаолият тури

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг квитанция рақами ва санаси

1

2

3

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.01.2020 й., 09/20/17/0041-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 11.01.2023 й., 07/23/452/0015-сон)