Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Етим болалар ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 11 февралдаги ПҚ-4185-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вояга етмаган болалари (кейинги ўринларда хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар деб аталади) Ўзбекистон Республикасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан қайтарилади;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшгача бўлган болаларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ташкил этилади;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
хорижий давлатлар ҳудудида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда, уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини тасдиқлаш, шунингдек, бола шахсини тасдиқловчи ҳамда унга Ўзбекистон Республикасига кириш (қайтиб келиш) ҳуқуқини берувчи вақтинчалик ҳужжатни расмийлаштириш ва бериш Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари, таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни Ўзбекистонга қайтаришда иштирок этувчилар ҳисобланади;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 июлдаги 363-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2022 й., 09/22/363/0600-сон)
барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича ички ишлар органларининг сўровномаларини ўрганиб чиқиб, тегишли маълумотлар ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги билдиришномаларни мазкур шартномалар депозитарийларига юборилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 7 январь,
6-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 январдаги 6-сон қарорига
ИЛОВА
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вояга етмаган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш (кейинги ўринларда хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш деб аталади) ишларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш борасидаги фаолият Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ҳукумат қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга, шунингдек, ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш бўйича ваколатли органлар ҳисобланади.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш борасидаги фаолият Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси (кейинги ўринларда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси деб аталади) томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.
4. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш борасидаги тадбирлар мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш борасида ўзаро ахборот алмашиш тартиби
5. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича маълумотлар ушбу давлатларнинг ваколатли органларидан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига келиб тушганда ёхуд уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлик ва ҳомийлик органлари ёки бошқа яқин қариндошларининг мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига келиб тушган куни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментига (кейинги ўринларда Консуллик-ҳуқуқий департаменти деб аталади) юборилади.
6. Ваколатли органлар хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича маълумотларни Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларда белгиланган тартибда ўзаро ахборот алмашиш йўли билан ҳам олиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича олган маълумотларни бир иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)га юборади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
3-боб. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Бошқа давлатлардаги ваколатли органлар томонидан хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тўғрисида юборилган маълумот Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига келиб тушган вақтдан бошлаб, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда болага оид барча маълумотлар ўн беш кун ичида жамланади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда қайтарилиши лозим бўлган бола тўғрисида фуқаролар йиғинидан, доимий ёки вақтинча яшаганлиги, яқин қариндошлари, ота-онаси тўғрисида, ФҲДЁ органларидан туғилганлик гувоҳномаси, халқ таълими бўлимидан ўқиган таълим муассасаси тўғрисидаги маълумотлар олинишини таъминлайди.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
10. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари зарурат туғилганда, олиб келиниши лозим бўлган бола тўғрисида давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотлар, бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг учун уларга сўров хати билан мурожаат қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Барча маълумотлар тўплангандан сўнг:
3 ёшдан катта болаларни олиб келиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Агентлик раҳбариятининг тегишли кўрсатмасига асосан ички ишлар органлари ва Агентлик ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларига;
3 ёшга тўлмаган болаларни олиб келиш бўйича Ички ишлар вазирлиги, Агентлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг тегишли кўрсатмасига асосан ички ишлар, Агентлик ҳудудий бўлинмалари ва соғлиқни сақлаш органлари масъул ходимларига шу куннинг ўзида хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштирилади ҳамда болаларни қайтариш учун ушбу болалар ушлаб турилган давлатга хизмат сафарига юборилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшга тўлмаган болаларни қайтариш борасидаги тадбирлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ва Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан соғлиқни сақлаш органлари (болалар уйлари)нинг тиббиёт ходимлари кузатувида амалга оширилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтаришда ички ишлар, Агентлик ва соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари қуйидагича ажратилади:
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
1-2 нафар вояга етмаганни олиб келиш учун 1 нафардан;
3-4 нафар вояга етмаганни олиб келиш учун 2 нафардан;
5 нафар ва ундан кўп вояга етмаганни олиб келиш учун 3 нафардан.
14. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтаришда икки ёки ундан ортиқ ходим иштирок этаётган бўлса, ваколатли органлар раҳбарияти томонидан гуруҳ раҳбари тайинланади.
15. Ваколатли органлар раҳбарияти хизмат сафарига юборилаётган ходимлар билан болаларни қайтариш юзасидан белгиланган тартибда йўриқнома ўтказади.
4-боб. Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган болалар билан профилактик тадбирларни ташкил этиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар олиб келингандан сўнг доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари Агентлик ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда уларни ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, муқобил жойлаштириш шаклларига ёхуд Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига (кейинги ўринларда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази деб аталади) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жойлаштириш чораларини кўради.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшдан катта болалар билан ушбу марказнинг психологи ҳамда ижтимоий ходими томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ профилактик тадбирлар амалга оширилади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшга тўлмаган болалар олиб келингандан сўнг шу куннинг ўзида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ болалар уйларига жойлаштирилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Қайтарилган болаларнинг ота-онаси (ота-оналарнинг ўрнини босувчи шахслар) ёхуд улардан бири Ўзбекистон Республикасида бўлган ҳолларда, олиб келинган болалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шу куннинг ўзида ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 20 – 22-боблари.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20. Мазкур Низом бандлари ва Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларнинг бандлари ўртасида зиддият юзага келганда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари амал қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Болаларни қайтариш борасидаги сарф-харажатлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъект

Бажариш механизми

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари

Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум болаларнинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар. васийлик ва ҳомийлик органлари ёки бошқа яқин қариндоши

1. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болалари бўйича олинган маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборади.

Маълумот олинган кулга

2. Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича маълумотларни тўғридан-тўғри Ташқи ишлар вазирлигига (Консуллик-ҳуқуқий департаментига) тақдим этади.

2-босқич

Ташқи ишлар вазирлигининг

Консуллик-ҳуқуқий департаменти

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларидан хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўйича олинган маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик)га юборади.

1 иш кунида

3-босқич

Ички ишлар вазирлигининг

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қайтариш тўғрисидаги маълумот келиб тушган вақтдан бошлаб болага оид барча маълумотларни жамлайди.

15 кун ичида

4-босқич

Ички ишлар вазирлиги, Агентлик,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

1. Барча маълумотлар тўплангандан сўнг Ички ишлар вазирлиги, Агентлик ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти тегишли кўрсатмасига асосан хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштиради.

Шу куннинг ўзида

2. Болаларни қайтариш учун масъул ходимлар ушбу болалар ушлаб турилган давлатга хизмат сафарига юборилади.

Белгиланган муддатда

5-босқич

Ички ишлар органлари, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болалар олиб келингандан сўнг доимий яшаш жойи бўйича уларни ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, муқобил жойлаштириш шаклларига ёхуд Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жойлаштириш чораларини кўради.

Шу куннинг ўзида

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.01.2020 й., 09/20/6/0026-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 07.07.2022 й., 09/22/363/0600-сон; 14.07.2025 й., 09/25/440/0656-сон)