Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4161-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) ҳузурида Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси (кейинги ўринларда Республика дегустация комиссияси) ташкил этилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Инспекция ҳузуридаги Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
3. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Республика дегустация комиссияси фаолиятига Инспекция раҳбари томонидан тайинланадиган раис раҳбарлик қилади;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
Республика дегустация комиссияси таркиби вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган номзодлардан шакллантирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарорнинг 2-банди 2020 йил 1 февралдан эътиборан кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 26 декабрь,
1039-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1039-сон қарорига
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
(илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Комиссия, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) томонидан ишлаб чиқариладиган истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг органолептик сифат кўрсаткичларини аниқлаш учун ташкил этилади.
3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
алкоголь маҳсулотлари — озиқ-овқат хомашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
органолептик баҳолаш — сифат ва миқдорий усуллар ёрдами билан аниқланадиган, инсон сезги аъзоларининг ўрганилаётган объект сифатидаги маҳсулот хусусиятларига бўлган жавоб реакцияси, бунда сифат усулида баҳолаш оғзаки тавсифлар (дескрипторлар) орқали ва миқдорий усулида баҳолаш эса сезги интенсивлигини тавсифловчи рақамларда ифодаланади;
органолептик хусусиятлар — маҳсулотларнинг ҳиди, таъми, ранги ҳамда органолептик кўрсаткичлари муайян маҳсулотга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган талабларига мувофиқлигини ифодалайди;
дегустация — озиқ-овқат маҳсулотларини оғиз бўшлиғида органолептик баҳолаш;
дегустатор — озиқ-овқат маҳсулотларини асосан оғиз бўшлиғида органолептик баҳолайдиган синовчи, танлаб олинган синовчи ёки мутахассис-эксперт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Комиссия таркиби Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) раҳбари билан келишилган ҳолда Комиссия раиси томонидан ҳар уч йилда вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган номзодлар орасидан мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ таркибда тасдиқланади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
6. Дегустаторларга бўлган талаблар:
Дегустатор соҳада уч йилдан кам бўлмаган касб фаолияти тажрибасига ва органолептик таҳлил йўналишида иш тажрибасига эга бўлиш керак.
У юқори сенсор сезгирликка ва маҳсулотнинг ранги, ҳиди, хушбўйлиги ва таъмидаги нозик фарқларни ажрата олиш қобилиятига эга бўлиш лозим.
Дегустатор унинг сезгирлигини такомиллаштиришга йўналтирилган умумий ва махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда маҳсулотнинг органолептик таҳлилини бажаришни ўзига хос хусусиятлари билан таниш бўлиши керак.
Дегустатор маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик хусусиятларини билиши, сифатини баҳолашнинг принциплари ва усулларини тушуниши, баҳо бериладиган маҳсулотнинг сифат даражасини фарқлашни билиш лозим.
Дегустатор органолептик таҳлилни муайян техникасини бажариш ва ўз сезгиларини объектив аниқлаш малакасига, ушбу сезгиларига балларда ифодалаб ўлчаш усулларига эга бўлиши ҳамда органолептик таҳлил усулларида қабул қилинадиган атамаларни чуқур билиши лозим.
7. Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкилотларида камида уч нафар аъзодан иборат бўлган дегустация гуруҳи тузилади.
8. Ташкилотларнинг дегустация гуруҳи аъзолари, Комиссиянинг камида бир нафар вакили иштирокида истеъмол этил спирти ва алкоголь ичимликлар намуналарини, уларни кейинчалик сифатини органолептик баҳолашга тақдим қилиш учун танлайдилар.
2-боб. Комиссиянинг вазифалари
9. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини органолептик хусусиятларига кўра маҳсулотнинг сифатини органолептик баҳолаш;
ташкилотлар томонидан тақдим этилган қайтадан ишлаб чиқаришга қўйилган маҳсулот ва технологик жараёнлар ҳамда таркиби ўзгартирилган маҳсулотларнинг сифатини органолептик баҳолаш;
Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларини назорат қилувчи органлар ва истеъмолчилар томонидан талаб бўлганда органолептик баҳолаш;
назорат қилувчи органлар ва истеъмолчилар томонидан тақдим этилган этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини, шунингдек, истеъмолчилар, назорат қилувчи органлар ва ташкилотлар ўртасида маҳсулот сифати бўйича келишмовчиликлар юзага келган тақдирда сифатини органолептик баҳолаш;
экспортга, республика ва халқаро кўргазма-ярмаркалар ва танловларга намойиш этиш учун етказиб бериладиган алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш;
асосий маҳсулотлар, хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни дегустация баҳоси бўйича ягона амалиётни шакллантириш;
ўрганиш ва илмий-тадқиқот мақсадларида маҳсулот сифатини баҳолаш бўйича йиғилишларга қатнашиш;
ташкилотларнинг дегустация гуруҳларига услубий ёрдам кўрсатиш;
экспертларни халқаро, минтақавий ва бошқа маҳсулот танловларида иштирок этишга тавсия қилиш;
маҳсулотлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқаришдаги технологик жараёнларга риоя этишга (технологик жараён бузилган ҳолларда) йўналтирилган дегустация натижалари тўғрисида таклифларни ишлаб чиқиш ва Комиссия раисига тасдиқлаш мақсадида тақдим этиш.
3-боб. Комиссиянинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилиб, дегустацияга тақдим қилинган алкоголь маҳсулотларини таҳлил қилиш;
хом ашё сифати, виночилик маҳсулотлари, истеъмол этил спирти ва алкоголь ичимликлар ишлаб чиқаришда купажнинг таркиби тўғрисида хулоса бериш;
тажрибавий экспериментал маҳсулотлар намуналарини ва янги номдаги тасдиқланган маҳсулотларни органолептик баҳолашни амалга ошириш ва тегишли қарорлар қабул қилиш.
11. Комиссия:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Инспекцияга истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш натижалари ҳақида хабар беришга;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
алкоголь маҳсулотлари истеъмолчиларини оммавий ахборот воситалари орқали ўз фаолияти натижалари тўғрисида хабардор қилишга;
ташкилотларга дегустация натижалари бўйича баённома нусхасини тақдим этишга мажбурдир.
4-боб. Комиссия фаолияти ташкил этиш
12. Комиссия фаолиятини ташкил этиш ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
13. Комиссияга раис раҳбарлик қилади, ишларни бошқаради, комиссия мажлисларини олиб боради, мажлислар баёнларини, иш режаларини ва комиссиянинг бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди.
14. Комиссия жами йигирма бир нафар мутахассислардан иборат таркибда фаолият юритади. Комиссия йиғилишлари, агар уларнинг ишида комиссия аъзолари умумий сонининг 50 фоизидан ортиғи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
Комиссия раиснинг қарорига мувофиқ йиғилишда виночилик, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги малакали мутахассислари овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этишлари мумкин.
15. Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолашда фақат Комиссия аъзолари томонидан берилган баҳолар ҳисобга олинади. Дегустацияга таклиф этилган шахслар маҳсулот сифатини баҳолаши ва дегустацияга тақдим қилинган маҳсулот намуналари муҳокамасида иштирок этиши мумкин. Уларнинг маҳсулот сифати бўйича берган органолептик баҳолари таклиф сифатида қабул қилиниши мумкин. Таклиф этилган шахслар дегустация натижалари ва Комиссия қарорини муҳокама қилишда қатнашмайди.
16. Комиссия мажлислари тасдиқланган иш режасига мувофиқ йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади. Комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.
Агар, Республика дегустация комиссиясининг йиғилиши комиссия аъзоларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли ўтказилмаган тақдирда, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан лицензия талаблари бузилмаган деб ҳисобланади.
17. Комиссиянинг қарорлари баённома шаклида расмийлаштирилади. Баённомада қуйидагилар акс эттирилади:
дегустация ўтказилган жой ва сана;
комиссия аъзолари тўғрисида маълумот (фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва лавозими);
дегустация мақсади, тури ва шакли;
истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулоти маҳсулот ҳамда уни ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг номи кўрсатилган дегустация қилиш учун тақдим этилган намуналар рўйхати;
балли баҳолаш ва намуналарнинг органолептик хусусиятлар;
муҳокама пайтида ифодаланган дегустаторларнинг таклифи ва изоҳлари;
намунанинг физик-кимёвий кўрсаткичлари ва балли баҳолаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ кўрсатилади;
зарурат бўлганда, маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилган тавсиялар ва тадбирлар кўрсатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Инспекция Комиссияга органолептик баҳолаш мақсадида тақдим қилинган истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини талабнома тақдим қилувчилар билан тузилган шартнома асосида органолептик баҳолаш ишларини ташкиллаштиради.
Инспекция Комиссия йиғилишини амалга ошириш учун ҳамда ишларини ташкиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда конкурс асосида акредитацияланган лабораторияларда амалга ошириши мумкин.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
19. Комиссияга тақдим этилган намуналар Комиссия томонидан етти иш куни ичида кўриб чиқилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Комиссия йиғилишида ҳар бир иштирокчига истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг намуналари сифатини органолептик баҳолаш учун 50 мл миқдоргача сарфланиш нормаси белгиланади. Барча сарфланишлар далолатномага мувофиқ ҳисобдан чиқарилади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
21. Тақдим этилган намуналарни баҳолаш натижалари бўйича Комиссия тақдим этилган маҳсулот Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 февралдаги 71-сон қарори билан тасдиқланган Алкоголли маҳсулотларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.
22. Комиссия қарори Комиссия аъзоларининг кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Комиссия раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмас. Комиссия раиси энг охирида овоз беради.
23. Комиссиянинг истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш юзасидан қарорлари мажбурий ҳисобланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
24. Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг сифатини органолептик балли баҳолаш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
25. Комиссия қарорлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
26. Комиссияни тугатиш ёки қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агентлик ҳузуридаги Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси вакиллари (беш нафар);
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2020 й., 09/20/753/1572-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари (икки нафар);
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари (икки нафар);
5. Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари (ўн нафар);
6. Тошкент кимё-технология институти вакиллари (икки нафар).
Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси фаолиятини ташкил этиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

I босқич

Комиссия раиси

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси раҳбари билан келишган ҳолда вазирлик ва идоралар тақдим этган номзодлар орасидан Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолаш бўйича республика дегустация комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) таркибини тасдиқлаш.

3 йилда бир маротаба

II босқич

Комиссия

Истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари сифатини органолептик баҳолашни (кейинги ўринларда — дегустация) ўтказиш бўйича режа ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Ҳар чоракда бир маротаба

III босқич

Комиссия, ташкилотлар

Дегустация ўтказиш учун истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан маҳсулот намуналарини йиғиш.

Ҳар чоракда бир маротаба

IV босқич

Комиссия, ташкилотлар

Дегустация ўтказиш жойи ва санаси тўғрисида истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ташкилотларни хабардор қилиш.

Тасдиқланган жадвалга мувофиқ

V босқич

Комиссия

Тасдиқланган жадвалга мувофиқ истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлар сифатини органолептик баҳолаш.

7 иш куни ичида

VI босқич

Комиссия

Дегустация натижалари бўйича Комиссия баённомасини расмийлаштириш ҳамда баҳолаш натижаларини истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ташкилотларга юбориш.

5 иш куни ичида

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 45-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.12.2019 й., 09/19/1039/4232-сон; 01.12.2020 й., 09/20/753/1572-сон; 30.01.2025 й., 09/25/45/0084-сон)