Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Раис М. АБДУСАЛОМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 19 сентябрь,
938-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8 ва 33-моддалари, шунингдек сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар фаолияти тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
1. Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчиларнинг (бундан буён матнда хорижий (халқаро) кузатувчилар деб юритилади) фаолияти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда МСК деб юритилади) қарорлари ҳамда ушбу Низом билан тартибга солинади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
2. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий (халқаро) кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
II. Хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этиш ва уларни аккредитация қилиш тартиби
3. Сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан сўнг МСК хорижий давлатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотларга Ташқи ишлар вазирлиги орқали таклифнома юборади.
Ташқи ишлар вазирлиги ўз ташаббусига кўра ёки давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, бошқа ташкилот ва муассасалар таклифларига кўра сайловларга хорижий (халқаро) кузатувчиларни таклиф этади.
Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам сайловларда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини изҳор этиб, Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши мумкин.
4. Сайловда хорижий (халқаро) кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилган, шунингдек бундай истакни изҳор этган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ўз кузатувчиларининг рўйхати, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари нусхалари, электрон фотосуратлари (оқ фонда, 3х4 см ўлчамда, jpeg форматда, камида 100 КВ ҳажмда, пиксел зичлиги 600dрi) ҳамда ушбу Низомнинг 1 ва 1а-иловаларига мувофиқ анкета ва декларацияларни тўлдирилган ҳолда Ташқи ишлар вазирлигига тақдим қилади.
Тақдим этилган маълумотларнинг бутлиги (тўлиқлиги) ва тўғрилигига тақдим этувчининг ўзи масъул ҳисобланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
5. Хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар тегишли ҳужжатларни овоз бериш кунидан камида ўн кун олдин тақдим этиши лозим.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1076-сонли қарори таҳририда)
6. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг ҳужжатларини илова қилган ҳолда МСКга тақдимнома киритади. МСК беш кунлик муддатда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
7. Қуйидаги ҳолларда хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш рад этилиши мумкин:
аккредитация учун тақдим этилган ҳужжатлар ушбу Низом талабларига жавоб бермаса;
ҳужжатлар ушбу Низомда белгиланган муддатдан кеч тақдим қилинса;
хорижий (халқаро) кузатувчининг ёки унинг номзодини кўрсатган ташкилотнинг фаолияти миллий қонунчиликка зид бўлса ёки Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва миллий манфаатларига хавф солса.
8. МСК аккредитация қилинган хорижий (халқаро) кузатувчига ушбу Низомнинг 2-иловасидагинамунага мувофиқ мандат беради.
Мандат хорижий (халқаро) кузатувчи сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун асос ҳисобланади.
81. Хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитациядан ўтказиш жараёнлари «E-saylov» ахборот тизими орқали амалга оширилиши мумкин.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларга мандатлар электрон шаклда «E-saylov» ахборот тизими орқали берилганда мандат МСК раиси томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
(81-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарорига асосан киритилган)
III. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби
9. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;
(9-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
сайлов куни овоз бериш жараёнини кузатиш;
муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлиш ҳамда ушбу жараённи кузатиш;
сайловчининг турган жойида унинг рухсати билан овоз бериши жараёнини кузатиш;
овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;
сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;
кузатув олиб бориш давомида ўзи ёллаган таржимон ҳамроҳлигида бўлиш;
сайлов жараёни ва овоз беришнинг яширинлигини бузмасдан фото, видео, аудио ёзувларни амалга ошириш (қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари, ҳарбий қисмлар, даволаш муассасалари бундан мустасно);
кузатув натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиш;
сайловолди ташвиқоти белгилари бўлмаган, фамилияси, исми ва отасининг исми, ўзи вакиллик қилаётган ташкилотнинг номи кўрсатилган кўкрак нишонлари тақиш;
ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси (бундан буён матнда округ сайлов комиссиялари деб юритилади) томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда ҳудуд (округ) бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида ҳозир бўлиш;
(9-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларига бориши ҳақида камида уч кун олдин тегишли участка сайлов комиссиясини белгиланган тартибда хабардор қилиш;
(9-банднинг ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 2 июлдаги 1076-сонли қарори таҳририда)
агар сайлов участкасида сайловга оид қонунчилик ва халқаро нормалар талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига уларнинг ишига аралашмаган ҳолда маълум қилиш, шунингдек юқори турувчи сайлов комиссияларига хабар бериш;
сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳақида ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказилиши бўйича ўз фикрини баён қилиш.
Хорижий (халқаро) кузатувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, жумладан Ўзбекистонда бўлиш қоидаларига, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасидаги халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига амал қилиш;
сайлов устидан халқаро кузатувни амалга ошириш борасидаги ўз вазифаларини холислик, сиёсий бетарафлик принципларига амал қилган ҳолда бажариш, сайлов комиссиялари, давлат органлари, мансабдор шахслар, сайлов жараёни иштирокчиларига нисбатан қандай бўлмасин бирон-бир тарзда афзаллик билдиришдан воз кечиш;
барча даражадаги сайлов комиссияларига, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга кирганида МСК томонидан берилган мандатни шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан биргаликда кўрсатиш;
ўз хулосаларини ўтказилган кузатув ва ҳақиқий материаллар билан асослантириш.
сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бўлиш;
фуқароларга таъсир ўтказиш, бирон бир ташвиқот материалини ёки адабиётини тарқатиш;
сайловчилардан улар қандай овоз берганлигини суриштириш ёки сайловчиларга сайлов бюллетенига белги қўйишда бирон бир тарзда ёрдам кўрсатиш;
сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлаш, уларни очиш, овозларни санаб чиқиш жараёнига аралашиш;
бирон бир партия ёки номзодга тегишли рамзий тусдаги белгиларни тақиб ёки олиб юриш;
сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш.
Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган тадбирларда иштирок этиши МСК томонидан олдиндан келишилган ҳолда амалга оширилади.
12. Хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ваколат муддати уларга мандат берилган кундан бошланади ва сайлов якунлари расман эълон қилинган куни тугайди.
МСК томонидан такрорий овоз бериш ёки такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда хорижий (халқаро) кузатувчилар мандати тегишли муддатга узайтирилади.
IV. Хорижий (халқаро) кузатувчилар фаолиятининг кафолатлари
13. Хорижий (халқаро) кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши вақтида Ўзбекистон Республикаси ҳимояси остида бўладилар ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланади.
14. Ташқи ишлар вазирлиги, МСК, ҳудудий, туман, шаҳар, округ, участка сайлов комиссиялари ўз ваколатлари доирасида хорижий (халқаро) кузатувчилар фаолиятига кўмаклашади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
15. Сайлов комиссиялари хорижий (халқаро) кузатувчини мандати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатга олгандан кейин унга ўз ваколатларини тўлақонли ҳамда тўсқинликсиз амалга ошириши учун шароит яратиб беради.
16. Хорижий (халқаро) кузатувчилар ўз фаолиятларини мустақил равишда амалга оширадилар.
V. Сайлов қонунчилигини ва хорижий (халқаро) кузатувчиларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик
17. Хорижий (халқаро) кузатувчилар мазкур Низомда белгиланган ўз ваколатлари доирасидан четга чиқувчи фаолиятни амалга оширишга, шунингдек сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва сайлов кампаниясининг боришини кузатиш билан боғлиқ бўлмаган фаолият билан шуғулланишда ўз мақомидан фойдаланишга ҳақли эмас.
18. Агар хорижий (халқаро) кузатувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларини, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва нормаларини бузса, МСК хорижий (халқаро) кузатувчи ваколатларини муддатидан илгари тугатиши мумкин.
Experience from election observation, including in Uzbekistan (country, year, mission)
Ўзбекистон Республикасига келиш санаси
Date of Arrival in the Republic of Uzbekistan
If available
Ўзбекистон Республикасидан кетиш санаси
Date of Departure from the Republic of Uzbekistan
If available
By submitting this application, I hereby consent to the collection, processing, recording and use of my personal information for the purpose and duration of the Parliamentary Elections in Uzbekistan
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги Низомга
2-ИЛОВА
Хорижий (халқаро) кузатувчи мандатининг
НАМУНАСИ ВА ТАВСИФИ
Хорижий (халқаро) кузатувчининг мандати унинг мақомини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Мандат намунада реквизитлари келтирилган 140 х 100 мм. ўлчамдаги икки тарафли (ўзбек ва рус ёки ўзбек ва инглиз тилларида) намунавий бланкда расмийлаштирилади.
Мандатни тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари, Марказий сайлов комиссиясининг расмий рамзи, шунингдек турли безак ва ранглардан фойдаланилиши мумкин.
Мандатда унинг тартиб рақами, хорижий (халқаро) кузатувчининг фамилияси, исми, уни вакил сифатида юборган мамлакат (хорижий давлатларнинг кузатувчилари учун) ва (ёки) ташкилот (халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари учун) номи бўлади ва Марказий сайлов комиссияси раисининг имзоси қўйилиб, комиссиянинг гербли думалоқ муҳри билан тасдиқланади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг ўз кучини йўқотган деб топилаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилари ҳақида Низом» тўғрисида» 1999 йил 9 октябрдаги 35-сон қарори.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида хорижий кузатувчиларнинг гувоҳномаси тўғрисида» 1999 йил 9 ноябрдаги 57/1-сон қарори.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари тўғрисида» 2004 йил 18 сентябрдаги 198-сон қарори 1-банди ва 1-иловаси.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сайловини ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўғрисида» 2009 йил 17 сентябрдаги 417-сон қарори 1-банди ва 1-иловаси.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 11 сентябрдаги 618-сон қарори 1-бандининг олтинчи хатбошиси ва 5-иловаси.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашадиган халқаро ва хорижий кузатувчилар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2016 йил 15 сентябрдаги 734-сон қарори.