Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги 588-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2025 й., 09/25/588/0834-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда саноат усулида қайта ишланишни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 138-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш питомниклари ва плантацияларини барпо этиш ва уларнинг давлат ҳисобини юритиш масалаларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги 588-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2025 й., 09/25/588/0834-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда уч ой муддатда амалда фаолият юритаётган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар, шу жумладан қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш бўйича питомниклар ва плантацияларни хатловдан ўтказсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 1-банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ушбу Низомнинг талаблари питомниклар, плантациялар, томорқа, хусусий боғлар ва дала ҳовлиларда етиштириладиган ўсимлик объектларига нисбатан татбиқ этилмайди».
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Кучкаровлар зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 25 май,
430-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 майдаги 430-сон қарорига
ИЛОВА
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Давлат хизмати Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ва Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.
3. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар — маданийлаштирилмаган ва табиий муҳитда ўсадиган дарахтлар, буталар, ўтсимонлар, қирққулоқсимонлар, йўсинсимонлар, сув ўтлари, лишайникалар ва замбуруғлар, шунингдек, уларнинг ноёб ҳамда йўқолиб бораётган турлари;
питомник — табиатни муҳофаза қилиш ёки фойда олиш мақсадида дарахт, бута ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўтсимон ўсимликларни сунъий яратилган шароитларда экиш, етиштириш ва кўпайтиришга мўлжалланган кичик ва ўрта ҳажмдаги ер участкаси;
плантация — саноат, ишлаб чиқариш ёки фойда олиш мақсадида дарахт, бута ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни сунъий яратилган шароитларда экиш, етиштириш ва маҳсулот олишга мўлжалланган катта ҳажмдаги ер участкаси;
экиш материали — питомник ва плантациялар ташкил этиш мақсадида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни экиб кўпайтириш ва етиштириш учун фойдаланиладиган уруғ, ниҳол, қаламча, кўчат, пиёз, тўганак, илдиз (қорабош), тўқима;
ўсимликларни етиштирувчи — дарахт, бута ёки ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материалларини экиб, питомник ва плантациялар барпо этиш фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний ёки юридик шахс ва унинг вакили.
4. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомник ва плантациялар ўсимликларни етиштирувчиларнинг ер участкаларида ташкил этилади.
Бунда сув муҳофазаси зоналарида плантациялар ташкил этилишига йўл қўйилмайди, шунингдек, сунъий равишда шароитлар яратилмаган табиий муҳитда инсон омилисиз ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар жойлашган ер участкалари питомник ва плантациялар ҳисобланмайди.
5. Питомник ва плантацияларни ташкил этиш учун ер участкалари ўсимлик етиштирувчиларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
6. Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турларининг уруғлари, кўчатлари ҳамда ниҳоллари питомникларда ва плантацияларда етиштирилиб, табиий муҳитга экилганидан кейин уч йил ўтмасдан аввал уларнинг уруғларини йиғиш ёки ҳосилини олиш тақиқланади.
7. Питомник ва плантацияларда етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар турлари ҳамда уларнинг маҳсулотлари ўсимликларни етиштирувчиларнинг мулки ҳисобланади.
8. Питомник ва плантацияларда етиштирилган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш (тайёрлаш) учун тўлов ундирилмайди ва рухсатнома олиш талаб этилмайди.
9. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, фақат электрон шаклда амалга оширилади.
10. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
11. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.
2-боб. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш тартиби
12. Ўсимлик етиштирувчи ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлашни сўраб, Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтади.
13. Ўсимлик етиштирувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома (кейинги ўринларда — сўровнома) Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ўсимлик етиштирувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар ўн дақиқа ичида ваколатли органга электрон шаклда юборилади, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
Сўровномага экиш материалининг келиб чиқиш асосини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари PDF, PNG ёки JPEG форматда илова қилинади:
Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома;
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ва уларнинг қисмларини олиб кириш ва олиб чиқишга рухсатнома;
экиш материали етказиб берилган тақдирда, питомник ёки плантациянинг Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомник ва плантациялар реестрида давлат ҳисобига олинганлиги тўғрисида хабарнома ҳамда экиш материалини етказиб бериш ҳақида шартнома.
Ер участкасининг ўсимлик етиштирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (мулк ёки ижара, текин фойдаланиш) ваколатли орган томонидан «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигидан олинади.
Ўсимлик етиштирувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Сўровномалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда сўровномалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
14. Сўровнома тўлдирилганидан сўнг ўсимлик етиштирувчи маълумотлар тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
Ўсимлик етиштирувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
15. Ваколатли орган сўровномани бир иш кунида кўриб чиқади ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш вақти кўрсатилган хабарномани Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ўсимлик етиштирувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
16. Ваколатли орган хабарномада кўрсатилган муддатда, бироқ сўровнома юборилган кундан бошлаб ўн беш иш кундан ортиқ бўлмаган муддат ичида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлиги ҳолатини ўсимлик етиштирувчи иштирокида ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича икки нусхада далолатнома тузади ҳамда унинг бир нусхасини ўсимлик етиштирувчига тақдим этади. Бунда далолатномага фото ва видео лавҳалар илова қилинади.
Далолатнома шакли ҳамда фото ва видео лавҳаларга қўйиладиган талаблар ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
17. Ваколатли орган тузилган далолатнома асосида шу куннинг ўзида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлайди ёки рад этади ва бу ҳақидаги хабарномани Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ўсимлик етиштирувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
18. Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлашни рад этади:
сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар нотўғри ёки ёлғон бўлганда;
ваколатли орган вакилининг далолатнома тузиш учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари экилган ҳудудга киришига қаршилик кўрсатилганда;
ўсимликларни етиштирувчи ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари экилган ҳудудда бўлмаганда;
ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилмаганда;
ўсимлик етиштирувчи далолатномани имзолашдан бош тортганда.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлашни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
3-боб. Питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш тартиби
19. Ўсимлик етиштирувчи ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар униб чиққандан ёки улар ҳосил беришни бошлагандан сўнг питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олишни сўраб Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтади.
20. Ўсимлик етиштирувчи Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этганда, сўровнома Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ўсимлик етиштирувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар ўн дақиқа ичида ваколатли органга электрон шаклда юборилади, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса, автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
21. Ваколатли орган сўровномани беш иш куни ичида кўриб чиқиб, питомник ва плантацияларни Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомник ва плантациялар реестрида давлат ҳисобига олади.
22. Ваколатли орган питомник ва плантациялар давлат ҳисобига олингани тўғрисидаги хабарномани шу куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ўсимлик етиштирувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
23. Ваколатли орган томонидан давлат хизматини кўрсатиш рад этилган тақдирда, ўсимлик етиштирувчига беш иш куни ичида камчиликларни бартараф этиш имконияти берилади.
24. Давлат хизматини кўрсатиш қуйидаги ҳолатларда рад этилади:
ушбу Регламентнинг 23-бандида белгиланган муддатда ўсимлик етиштирувчи томонидан камчиликлар бартараф этилмаганда;
ўсимлик етиштирувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар нотўғри ёки ёлғон бўлганда;
питомник ва плантацияларни мониторинг қилиш натижасида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар кўкармаганлиги аниқланганда.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.
25. Давлат хизматини кўрсатиш рад этилган ёки ўсимлик етиштирувчининг маълумотлари ўзгарган тақдирда, ўсимлик етиштирувчи давлат хизматидан фойдаланиш ёхуд питомник ва плантацияларни қайта давлат ҳисобига олиш учун ушбу бобда белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
26. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлардан фойдаланиш ҳажмларини назорат қилиш учун ваколатли органнинг сўровига мувофиқ ўсимлик етиштирувчилар ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар етиштириладиган питомник ва плантациянинг ер участкаси, тайёрланган ўсимликларнинг ҳажмлари ва турлари тўғрисида ҳисобот йили якуни бўйича ахборот тақдим этади.
27. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
схемаси

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

I. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

Ўсимлик етиштирувчи

 

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлашни сўраб Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали рўйхатдан ўтади.

 

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар униб чиққандан ёки улар ҳосил беришни бошлагандан сўнг

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Давлат хизматлари маркази

 

Сўровномани тўлдириб, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) электрон шаклда юборади.

 

Ўн дақиқа ичида

 

 

 

 

 

 

ЯИДХП

 

 

Автоматик равишда

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Сўровномани кўриб чиқади ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш вақти кўрсатилган хабарномани Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.

 

Бир иш куни ичида

 

 

2. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлиги ҳолатини ўсимлик етиштирувчи иштирокида ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича икки нусхада далолатнома тузади ҳамда унинг бир нусхасини ўсимлик етиштирувчига тақдим этади.

 

Хабарномада кўрсатилган муддатда, бироқ ўн беш иш кундан ортиқ бўлмаган муддат ичида

 

 

3. Далолатнома асосида ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлайди ёки рад этади ва бу ҳақидаги хабарномани Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ўсимлик етиштирувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.

 

Далолатнома тузилган куннинг ўзида

 

 

 

 

 

 

 

II. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Ўсимлик етиштирувчи

 

Питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олишни сўраб Давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтади.

 

Ўз хоҳишига кўра

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Давлат хизматлари маркази

 

Сўровномани тўлдириб, ваколатли органга электрон шаклда юборади.

 

Ўн дақиқа ичида

 

 

 

 

 

 

ЯИДХП

 

 

Автоматик равишда

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Ваколатли орган

 

1. Сўровномани кўриб чиқиб, питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олади ёки давлат ҳисобига олишни рад этади.

2. Питомник ва плантациялар давлат ҳисобига олингани тўғрисида хабарномани Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда ўсимлик етиштирувчига юборади.

 

Беш иш куни ичида

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш ҳамда уларни етиштирувчи питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш тўғрисида
СЎРОВНОМА

I. Ўсимлик етиштирувчи — жисмоний шахс ҳақида маълумотлар

1. Фамилияси, исми ва отасининг исми

2. ЖШШИР

3. Телефон рақами

4. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)

II. Ўсимлик етиштирувчи — юридик шахс ҳақида маълумотлар

1. Юридик шахснинг номи

2. СТИР

3. Жойлашган жойи

4. Телефон рақами

5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса)

III. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомниклар ва плантациялар ҳақида маълумотлар

1. Ер участкаси жойлашган жой

2. Ер участкаси жойлашган нуқтанинг геолокацияси

3. Ер участкаси тегишлилиги (мулк ёки ижара, текин фойдаланиш)

4. Умумий майдони

5. Етиштириладиган ўсимлик турлари

Давлат хизматидан фойдаланиш мақсади

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг экиш материаллари ҳақиқатда экилганлигини тасдиқлаш.

Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштириш бўйича питомник ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш.

(илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги 588-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.09.2025 й., 09/25/588/0834-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.05.2019 й., 09/19/430/3186-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон; 17.09.2025 й., 09/25/588/0834-сон)