Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Дастурий таъминот воситалари экспорти ва импорти тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 4 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2549-2]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сон «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сон «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 670-сон «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот маҳсулотларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш ҳамда расмийлаштиришнинг божхона расмийлаштируви (декларациялаш) ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки Бошқаруви қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг 2013 йил 25 ноябрдаги 61-мҳ, 17, 01-02/21-30, 330 В-сон қарори (рўйхат рақами 2549, 2014 йил 8 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 2-сон, 25-модда) билан тасдиқланган Дастурий таъминот воситалари экспорти ва импорти тўғрисида низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. САДИКОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 январь,
мҳ-186-сон
Ташқи савдо вазири Ж. ХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 январь,
1-п-сон
Давлат божхона қўмитаси раиси М. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 январь,
01-02/15-79-сон
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 10 январь,
330-В-2-сон
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 10 январдаги мҳ-186, 1-п, 01-02/15-79 ва 330-В-2-сон қарорига
ИЛОВА
Дастурий таъминот воситалари экспорти ва импорти тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси томонидан Интернет тармоғидаги онлайн дўконлар орқали 5 минг АҚШ долларигача бўлган дастурий таъминот воситаларини экспорт шартномасисиз хорижий валютага сотиш, Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига маълумот киритмасдан амалга оширилади.
Дастурий таъминот воситаларининг экспорти 5 минг АҚШ долларидан ошган тақдирда, дастурий таъминот воситаларининг экспорт шартномаси бўйича маълумотлар электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига киритилади.».
2. 7-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тушумларнинг тушиш муддатлари хорижий онлайн-савдо майдончаси қоидаларига мувофиқ белгиланади.».
3. 8-банддаги «ваколатли» деган сўз «тижорат» деган сўз билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.02.2019 й., 10/19/2549-2/2570-сон)