1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.07.00 Спорт иншоотлари ва жиҳозлари]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Жисмоний тарбия ва спорт]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 356-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда олимпия спорт турларидан бири бўлган спорт курашини янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни эркин ва юнон-рум кураши билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ҳамда шу асосда мамлакатимиз терма жамоалари учун ишончли захирани шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини ташкил этиш тўғрисида» 2012 йил 24 сентябрдаги ПҚ-1822-сон қарорига асосан Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузурида спорт-соғломлаштириш муассасаси сифатида ташкил қилинганлиги ҳамда унинг асосий вазифалари ва молиялаштириш манбалари белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 ноябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига берилганлиги ва спорт мактаби Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мустақиллик шоҳ кўчаси, «Динамо» стадионида жойлаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ходимларининг чекланган умумий сони 115 нафар (шу жумладан 60 нафар спортчи штати)дан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ўқувчи-спортчилари учун зарур анжомлар, спорт экипировкаси ва формали кийим-бош билан таъминлаш нормативлари 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини жиҳозлаш учун зарур спорт ўқув-машқ ва тиббиёт анжомлари, шунингдек, техника ва транспорт воситалари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби (кейинги ўринларда спорт мактаби деб аталади) тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
спорт мактаби ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг «Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарори асосида ташкил этади;
спорт мактабида ўқувчи-спортчиларнинг контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат этиб белгиланади ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон Республикаси терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади;
спортчи лавозимига спорт мактаби ўқувчи-спортчиларининг контингенти орасидан қабул қилинади;
спорт мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш умумий контингентдан келиб чиққан ҳолда йил давомида амалга ошириб борилади;
спорт мактабида ўқув-машқ жараёнининг давомийлиги ва даврийлиги спорт мусобақалари тақвими ва ўқувчи-спортчиларнинг ҳар бир гуруҳи учун якка тартибда спорт тайёргарлиги даврлари ҳисобга олинган ҳолда спорт мактаби раҳбарияти томонидан белгиланади;
спорт мактаби ўқувчи-спортчиларини озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларининг ҳар кунлик нормаси амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан фоизларда, лекин Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси «Динамо» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Республика кенгаши ҳузуридаги турғун овқатланиш шохобчасининг қўшимча харажатларини қоплашни ҳисобга олган ҳолда 30 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.
(3-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 88-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.02.2022 й., 09/22/88/0165-сон — 2022 йил 1 мартдан кучга киради)
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси билан биргаликда:
спорт мактаби белгиланган контингентининг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда номзодларни танлаб олиш ва ўқувчи-спортчилар сафига қабул қилишни;
спорт мактабининг турли даражадаги мусобақалар ва ўқув-машқ йиғинлари спорт тадбирлари тақвим режасини белгиланган муддатларда тасдиқлашни;
спорт мактабининг ўқув-машқ жараёнида спорт курашлари бўйича юқори малакали кадрлардан ҳамда уларнинг илмий-методик салоҳиятидан унумли фойдаланишни;
тренерлар таркиби ва ўқувчи-спортчиларнинг спорт курашлари бўйича етакчи хорижий марказлар ва мактабларда стажировкадан ўтишини тизимли асосда ташкил этишни;
эркин ва юнон-рум кураши бўйича ёш курашчиларни тайёрлашда илғор халқаро тажрибаларнинг ҳисобга олинишини;
ўқув-машқ жараёнини зарур даражада ташкил этиш мақсадида спорт мактабини малакали мутахассислар билан тўлдириш, ўқув хоналарини зарур ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлаш чора-тадбирлари кўрилишини;
спорт мактаби ўқувчи-спортчилари тайёргарлигининг сифати мунтазам равишда мониторинг қилиб борилишини ва зарур ҳолатларда тайёргарлик жараёнига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
5. Спорт мактабига белгиланган тартибда тасдиқланадиган спорт мактаби спорт тадбирларининг тақвим режаси ҳамда ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида ўқувчи-спортчилар ва тренерларни халқаро мусобақаларда ва хорижда ўтказиладиган ўқув-машқ йиғинларида қатнашиш учун юбориш ҳуқуқи берилсин.
[ОКОЗ:
1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.03.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари]
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 январь,
38-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 38-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган умумий сони — 115 нафар, шу жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчилари — 60 нафар, бошқарув ходимлари — 9 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 38-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига (кейинги ўринларда спорт мактаби деб аталади) ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартибини белгилайди.
2. Спорт мактабида ўқувчи-спортчиларнинг контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат бўлади ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон Республикаси терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади.
3. Спорт мактабига 18 ёш ва ундан катта бўлган спортчилар қабул қилинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига номзодларни танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Ўқувчи-спортчиларни сифатли танлаб олишни таъминлаш мақсадида спорт мактаби Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси билан биргаликда спорт мактабида қабул ўринлари бўшаган кундан бошлаб бир ой муддат давомида танлов ва уни ўтказиш шартлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали эълон беради.
2-боб. Номзодлардан ҳужжатларни қабул қилиш
6. Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш спорт мактабида қабул ўринлари бўшаган муддатдан бошлаб амалга оширилади.
7. Спорт мактабига кириш учун номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
спорт мактабига қабул қилиш тўғрисида директор номига номзоднинг аризаси;
паспортнинг нусхаси (асл нусхалари қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни қабул қилишда тақдим этилади);
Ф-086-у шаклидаги тиббий маълумотнома;
номзоднинг 3,5 х 4,5 см ўлчамли 6 та фотосурати;
номзоднинг спорт тоифасини (унвонини) тасдиқлайдиган спортчининг классификация дафтарчаси (гувоҳномаси);
умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел қисмларининг икки проекциядаги рентген расми ва травматолог хулосаси;
кўкрак қафаси флюрографияси расми ва шифокор (врач) хулосаси.
Мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
8. Спорт мактабига кирувчи номзодларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:
спорт усталигига номзоддан паст бўлмаган спорт тоифасининг мавжудлиги;
курашнинг тегишли ёш гуруҳлари ва услублари бўйича спортчилар ўртасида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида эгалланган совринли ўринларнинг (1 — 3-ўринлар) мавжудлиги.
3-боб. Танловни ўтказиш ва ўқишга қабул қилиш
9. Спорт мактабига ўқувчи-спортчиларни танловдан ўтказиш ва қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи билан тасдиқланган, етти кишидан иборат (комиссия раиси, котиби ва аъзолари) таркибдаги доимий фаолият кўрсатувчи қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.
Қабул комиссиясининг раиси ва котиби номзодларни қабул қилиш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва сақлаш юзасидан масъул шахслар ҳисобланади.
10. Спорт мактаби директори комиссиянинг раиси ҳисобланади. Комиссия раиси этиб, спорт мактабининг тажрибали, малакали мутахассисларидан бири ҳам тайинланиши мумкин.
11. Комиссия таркибига психолог, тиббиёт ходими, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, шунингдек бошқа манфаатдор спорт ташкилотлари вакиллари киритилади.
12. Қабул комиссияси:
спорт мактабида ўқишга номзодлар, номзодларнинг ота-оналари ҳамда жамоатчилик ўртасида спорт мактабига қабул қилиш тартиби, шунингдек, спорт мактабининг фаолияти тўғрисида тушунтириш ишларини амалга оширади;
номзодлар ва ота-оналар учун маслаҳатлар берилишини ташкил этади;
номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади ва расмийлаштиради;
танловни ташкил этади;
қабул жараёни якунларини умумлаштиради.
13. Спорт мактабига кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича танловлар номзодларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг 10 кун мобайнида ўтказилади.
14. Спорт мактабига ўқишга киришга номзодларнинг кўникмалари, лаёқати, билимлари 100 баллик тизим (энг юқори балл) бўйича баҳоланади, шундан 30 балл умумий жисмоний тайёргарликка ва 70 балл махсус жисмоний тайёргарликка ажратилади.
15. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича танлов синовлари мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида, махсус жисмоний тайёргарлик бўйича танлов синовлари эса мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикаси асосида ўтказилади ҳамда баҳоланади.
16. Спорт мактабидаги бўш ўринларга танловлардан муваффақиятли ўтган ва энг юқори балл тўплаган номзодлар қабул комиссияси баённомаси асосида қабул қилинади.
Қабул комиссиясининг баённомасини котиб расмийлаштиради ва комиссия раиси ҳамда аъзолари томонидан имзоланади.
17. Танлов натижалари қабул комиссияси томонидан баённома расмийлаштирилганидан сўнг бир кун мобайнида эълон қилинади.
18. Спорт мактаби директорининг номзодларни ўқувчи-спортчилар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи баённома расмийлаштирилганидан сўнг уч кун ичида чиқарилади.
19. Танлов натижаларига кўра номзодларнинг ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, спорт мусобақаларида эришган натижалари юқори бўлган номзодлар спорт мактабига ўқишга қабул қилинади.
20. Танлов натижалари бўйича берилган мурожаатларни кўриб чиқиш учун спорт мактаби директорининг буйруғи билан апелляция комиссияси ташкил этилади ва камида 3 кишидан иборат таркибда тасдиқланади.
Апелляция комиссияси қабул комиссияси таркибида бўлмаган спорт мактаби мутахассисларидан шакллантирилади.
21. Мурожаатлар келиб тушган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Мурожаатни кўриб чиқиш вақтида мурожаат қилган шахс апелляция комиссияси ишида ўзининг илтимосига асосан иштирок этиши мумкин.
22. Қабул қилинган қарор натижаси бўйича мурожаат қилган шахсга бир иш куни ичида апелляция комиссияси томонидан ёзма равишда маълум қилинади.
23. Апелляция комиссияси мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра танлов натижасини бекор қилиши ёки унга тегишли ўзгартириш киритиши мумкин.
24. Апелляция комиссиясининг мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиниши мумкин.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
5-боб. Якуний қоидалар
25. Спорт мактабининг барча ўқувчи-спортчилари ўқув йили мобайнида ҳар ойда ихтисоси бўйича, шунингдек, умумий ва жисмоний тайёргарлик бўйича назорат синовлари топширадилар.
26. Йил мобайнида ихтисоси бўйича ўқув дастурлари талабларини бажармаган ва назорат синовларидан ўтмаган, ички тартиб-қоидаларни бузган, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга нолойиқ бўлган ўқувчи-спортчилар спорт мактаби ўқувчи-спортчилари сафидан четлатилади.
27. Спорт мактабидан турли сабабларга кўра ўқувчи-спортчилар сафидан четлатилганлар ўрни мазкур Низомда белгиланган тартибда йил давомида тўлдирилиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига номзодларни танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш
МЕТОДИКАСИ
1. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича синовга қўйиладиган энг юқори балл — 30 баллни ташкил қилади.
2. Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича синовларда номзод мазкур Методиканинг иловасида кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:
100 метрга югуриш — машқ паст стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан бажарилади. Машқ «старт»дан «марра» чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;
1500 метрга югуриш — машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан бажарилади. Машқ «старт»дан «марра» чизиғигача бўлган масофа бўйлаб югуриш орқали бажарилади. Ушбу машқ бир уринишда бажарилади ва натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;
«мокисимон» югуриш (3 x 10 метр) — машқ юқори стартда белгиланган чизиқдан «Стартга!», «Диққат!», «Югур!» буйруқлари билан оралиғи 120 см бўлган икки томонидан чизилган, 10 метр масофали йўлакча ичида югуриш орқали бажарилади. Югуриш жараёнида бурилишларда оёқ учлари чизиқдан ташқарига чиқмаган ҳолда бажарилган машқ ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ уч уринишда бажарилади ва энг яхши натижа ҳисобга олинади. Натижа 0,1 сониягача аниқланади;
турникда тортилиш — машқ турникка икки қўлда тўғри осилиб турган ҳамда оёқлар ерга тегмаган ҳолатда, ияк турник поясидан ўтгунга қадар қўлларни букиш орқали бажарилади. Машқ бажариш жараёнида оёқларни кериш ёки букиш, танани ҳаракатсиз ҳолатда эгиш, оёқлар билан силтанма ҳаракатлар қилиш ҳамда ияк турник поясидан ўтмагунга қадар тортилиш орқали бажарилган ҳаракатлар ҳисобга олинмайди;
арқонга тирмашиб чиқиш — машқ арқонга тирмашиб, оёқлар ёрдамисиз қўлларда юқорига чиқиб бажарилади. Машқ жараёнида оёқ ёрдамида бажарилган чиқиш ҳисобга олинмайди. Ушбу машқ беш марта бажарилади ва тўғри бажарилган машқ ҳисобга олинади. Машқ бажариб бўлингандан сўнг ерга (дастлабки ҳолат)га тушилади ва яна бажарилади.
ўз вазнига тенг оғирликдаги штанга билан ўтириб туриш — машқ «Бошла!» буйруғи билан бажарилади. Дастлабки ҳолат: Оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда. «Бошла!» буйруғидан сўнг, белгиланган оғирликдаги штанга елкага олинади ва шу ҳолатда штанга билан ўтириб турилади. Машқ бажарилгандан сўнг дастлабки ҳолатга қайтилади.
Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикасига ИЛОВА
Умумий жисмоний тайёргарлик бўйича
НОРМАТИВЛАР
Т/р
Нормативлар
Баҳолаш
5 балл
4 балл
3 балл
2 балл
0 балл
1.
100 метрга югуриш
12,5 сония
12,7 сония
12,9 сония
13,1 сония
13,3 сония ва ундан юқори
2.
1500 метрга югуриш
5,22 дақиқа
5,32 дақиқа
5,42 дақиқа
5,52 дақиқа
6,02 сония ва ундан юқори
3.
«Мокисимон» югуриш (3 x 10 метр)
6,4 сония
6,5 сония
6,6 сония
6,7 сония
6,8 сония ва ундан юқори
4.
Турникда тортилиш
18 марта
14 марта
12 марта
10 марта
10 мартадан кам
5.
Арқонга тирмашиб чиқиш
5 марта
4 марта
3 марта
2 марта
2 мартадан кам
6.
Ўз вазнига тенг оғирликдаги штанга билан ўтириб туриш
5 марта
4 марта
3 марта
2 марта
2 мартадан кам
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низомга 3-ИЛОВА
Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш
МЕТОДИКАСИ
1. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовга қўйиладиган энг юқори балл — 70 баллни ташкил қилади.
2. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовда номзод мазкур методиканинг иловасида кўрсатилган нормативларни бажаради. Бунда:
а) бошни гиламга тираб айлана югуриш — машқ «кўприк» ҳолатида бошни кураш гиламига қўйиб, бир нуқта бўйлаб айланиш орқали бажарилади. Бош кураш гиламига қўйилиб, қўллар ёрдамисиз нуқта бўйлаб ўнг ёки чап томонга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш номзоднинг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;
б) «кўприк» ҳолатида қўлда айланиш — машқ «кўприк» ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, ўнг ва чап томонга оёқ ҳаракатлари билан айланиш орқали бажарилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, тананинг қўлдан бошқа аъзолари кураш гиламига тегмаган ҳолда доирасимон шаклда ўнг ва чап томонларга айланилади. Ўнг ёки чап томонга айланиш номзоднинг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;
в) «кўприк» ҳолатида тик туриш — машқ «кўприк» ҳолатида қўллар билан кураш гиламига таяниб, мувозанатни сақлаган ҳолда қайта тик туриш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. 2-3 сония мувозанат ушлаб турилгандан сўнг қайта тик туриш ҳолатига қайтилади. Натижа машқ ҳаракатларининг сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;
г) «кўприк» ҳолатида оёқларни олд ва орқага ташлаш — машқ «кўприк» ҳолатида қўлларга таяниб, оёқларни олд ва орқа томонга ташлаш орқали бажарилади. Машқни бажариш учун қўллар тепага кўтарилган, оёқлар елка кенглигида тик турган ҳолатда оёқлар тиззадан букилиб, товонлар кураш гиламига таянади ҳамда бош орқага ташланади. Белдан орқа томонга эгилган ҳолда қўллар кураш гиламига таяниб, «кўприк» ҳолатига тушилади. Қўллар кураш гиламига қўйилиб, олд ва орқа томонга тананинг қўлдан бошқа аъзолари гиламга тегмаган ҳолда умбалоқ ошилади. Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;
д) «белдан ошириб ташлаш» усулини бажариш — машқ тик турган ҳолда рақибни ўнг ёки чап ён томондан (ёки бошидан) ушлаган ҳолда рақибга орқаси билан бурилади ва кейин олдинга эгилиш ёки олдинга йиқилиш ҳисобига рақибини гиламга йиқитиш орқали бажарилади. Машқни ўнг ёки чап томондан бошлаб бажариш номзоднинг хоҳишига кўра танланади. Натижа машқ ҳаракатларининг 30 сония давомидаги сони ва сифат кўрсаткичлари асосида баҳоланади;
3. Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича синовда номзод ўз вазн тоифасидаги «рақиб» билан ўзаро беллашади.
Беллашув — номзоднинг спорт тури (эркин, юнон-рум, аёллар кураши) бўйича мусобақа қоидаларига биноан икки рақиб ўртасида 3 дақиқа давомида ўтказилади. Белгиланган вақт мобайнида кўпроқ балл тўплаган ёки огоҳлантириш олмаган ёхуд нисбатан кам огоҳлантириш олган номзод ғолиб ҳисобланади.
Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича нормативларни бажариш методикасига ИЛОВА
Махсус жисмоний тайёргарлик бўйича
НОРМАТИВЛАР
Т/р
Нормативлар
Баҳолаш
1.
Машқларни бажариш
25 балл
20 балл
15 балл
0 балл
Бошни гиламга тираб айлана югуриш (30 сония давомида)
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 38-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби ўқувчи-спортчилари учун зарур анжомлар, спорт экипировкаси ва формали кийим-бош билан таъминлаш
* Яшаш учун анжомлар, спорт экипировкаси ва формали кийим-бош уларнинг ҳақиқий ҳолати ва фойдаланишга яроқлилиги ҳисобга олинган ҳолда алмаштирилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 38-сон қарорига 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабини жиҳозлаш учун зарур спорт ўқув-машқ ва тиббиёт анжомлари, шунингдек, техника ва транспорт воситалари
* Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси маблағлари ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига сотиб олинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги 38-сон қарорига 5-ИЛОВА
[ОКОЗ:
1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.03.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 19 ноябрдаги 323-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 11-сон, 81-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2015 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-394-сон Қонуни)» 2016 йил 20 октябрдаги 355-сон қарорига илованинг 9-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 10-сон, 95-модда).
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган тасдиқловчи ҳужжатлар турларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 октябрдаги 789-сон қарорига илованинг 10-банди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2019 й., 09/19/38/2491-сон; 06.04.2021 й., 09/21/183/0283-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.06.2021 й., 09/21/363/0549-сон; 26.02.2022 й., 09/22/88/0165-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)