1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.03.00 Спорт ташкилотлари. Жисмоний соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Жисмоний тарбия ва спорт]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармонига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканлигини тарғиб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади;
танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари «Спорт» махсус ҳисоб рақами маблағлари ҳисобидан қопланади.
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 481-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.08.2020 й., 09/20/481/1169-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига бир ой муддатда:
танловнинг ўтказилишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилаш;
танлов ғолибларига топшириладиган сертификат намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифалари юклансин.
5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига танловнинг мазмун ва моҳияти, шунингдек, уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 7 январь,
6-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 январдаги 6-сон қарорига ИЛОВА
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) ходимларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ташкилотларнинг ходимларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун рағбатлантириш танлов ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
3. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун танлов ўтказиш мазкур Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Танлов ҳар йили ташкилотларнинг ходимларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилганлиги ва соғлом турмуш тарзини яхшилашга қўшган ҳиссасини рағбатлантириш мақсадида ўтказилади.
5. Танловнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва оммавий спорт ишларини ташкил этиш;
ташкилотларда ишловчи ходимлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини олиб боришга кўмаклашиш;
ташкилотларда жисмоний тарбия ва спортнинг нуфузини янада ошириш ва кенг тарғиб қилиш;
ташкилотларда оммавий спортни тарғиб қилиш ва ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш.
2-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш
6. Танлов иштирокчиларининг амалга оширган ишларини баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) 5 кишидан иборат бўлган ташкилот раҳбарларининг ўз жамоасини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилгани учун рағбатлантириш танловини баҳолаш ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) тузилади.
7. Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш;
танловга оид масалалар бўйича хулосаларни тайёрлаш ва ваколат доирасида танлов билан боғлиқ тегишли ҳужжатларга изоҳ бериш;
танловга оид бўлган масалалар бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва услубий ёрдам кўрсатиш;
танлов шартлари ва уни ўтказиш тартибига оид масалалар бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
8. Ишчи гуруҳ қарори баённома билан расмийлаштирилади.
9. Танловда иштирок этиш истагини билдирган ташкилотлар ҳар йили 1 августгача Вазирликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
танлов иштирокчилари томонидан охирги йилнинг ҳар чорак якуни бўйича ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ амалга оширилган ишлар бўйича тақдимнома орқали маълумот, видео- ва фотолавҳалар;
ҳар бир танлов иштирокчилари томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича амалга оширилган ишлар (амалга оширилган ишларнинг бошланиш муддати, давомийлиги, эришилган натижалар ва бошқалар) юзасидан иштирокчининг ёзма ахбороти.
10. Вазирлик ҳар йили 20 августга қадар танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни умумлаштиради ва Ишчи гуруҳга тақдим этади.
11. Ишчи гуруҳ:
тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ҳар бир номинацияда ҳар йили 10 сентябрга қадар ғолибларни аниқлайди;
ғолибларга сертификат, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар ҳамда «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонини ҳар йили 20 сентябрга қадар топширади.
12. Ишчи гуруҳ тақдим этилган ҳужжатларни ҳар йили 10 сентябрга қадар ўрганиб чиқади ва ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ «100» баллик мезон асосида баҳолаб, танлов ғолибларини аниқлайди.
3-боб. Танлов ғолибини аниқлаш ва баҳолаш мезонлари
13. Танлов қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун;
аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун.
14. Танлов ғолибларини аниқлаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
а) «Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги» номинациясида:
ходимларнинг иш вақти давомида 3 маҳал ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланиши — 30 баллгача;
ташкилотлар тизимидаги муассасалар ўртасида оммавий спорт мусобақалари ташкил этилганлиги — 30 баллгача;
аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этганлиги — 20 баллгача;
ташкилотларда оммавий спортни тарғиб қилиш ва ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш мақсадида тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилганлиги — 10 баллгача;
ташкилотларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи роликлар жойлаштирилганлиги — 20 баллгача;
ташкилотларда ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун махсус спорт комплексларини (тренажёр, фитнес заллар ва бошқалар) ташкил этилганлиги — 10 баллгача;
б) «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинациясида:
аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий спорт ишларини ташкил этганлиги — 25 баллгача;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этганлиги — 15 баллгача;
ҳаваскорлик жисмоний тарбия ва спорт ҳаракатини ривожлантириш учун фуқароларнинг иш жойи, яшаш жойи ҳамда дам олиш жойида шарт-шароитлар яратилганлиги — 20 баллгача;
ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва тизимли йўлга қуйганлиги — 15 баллгача.
Шунингдек, танлов ғолибларини аниқлашда ташкилот раҳбарларининг мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш йўлидаги амалга оширилган ишлари ҳам инобатга олинади.
4-боб. Танлов ғолибини рағбатлантириш тартиби
15. Танлов якунлари Ишчи гуруҳ баённомаси билан тасдиқланади.
16. Ҳар йили 20 сентябрга қадар Вазирлик томонидан танлов ғолиблари (2 нафар) номинациялар бўйича сертификат ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдоридаги пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар, шунингдек, «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
17. Танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари «Спорт» махсус ҳисоб рақами маблағлари ҳисобидан қопланади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 481-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.08.2020 й., 09/20/481/1169-сон)
18. Мазкур Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун ушбу ташкилотлар раҳбарларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун танлов ўтказиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Масъуллар
Тадбирлар номи
Бажариш муддатлари
1-босқич
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари
Танловда иштирок этиш истагини билдирган ташкилотлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига маълумотларни илова қилган ҳолда киритади
ҳар йили 1 августга қадар
2-босқич
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ҳужжатларни умумлаштиради ва танловни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга тақдим этади
ҳар йили 20 августга қадар
3-босқич
Танловни ўтказиш
бўйича ишчи гуруҳ
Тақдим этилган ҳужжатларини кўриб чиқади ва ҳар бир номинацияда ғолибларни аниқлайди
ҳар йили
10 сентябрга қадар
4-босқич
Танловни ўтказиш
бўйича ишчи гуруҳ
Ғолибларга сертификат, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни ҳамда «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишонини топширади
ҳар йили
20 сентябрга қадар
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.01.2019 й., 09/19/6/2429-сон, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 13.08.2020 й., 09/20/481/1169-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)