Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Экотуризмни ривожлантириш ва сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида
Сўнгги йилларда республиканинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, бу соҳага инвестицияларни фаол жалб этиш учун қулай шароитлар яратилди. Шу билан бирга, мамлакат сув омборларининг туризм намойиши объекти ва рекреация зоналари сифатидаги салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган, уларнинг ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шароитлар яратилмаган.
Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш, аҳоли ва хорижий меҳмонларнинг дам олишлари учун сув ресурсларидан фаол фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга аризада кўрсатилган, лекин эллик йилдан узоқ бўлмаган муддатга, «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали узоқ муддатли ижарага ер участкалари берилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2022 й., 09/22/18/0019-сон)
2. Қуйидагилар:
экотуризм ташкил этиш учун сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари бериладиган сув омборлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан чиқарилган)
2018 — 2020 йилларда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» 3-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Экотуризм ташкил этиш учун сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш учун материалларни тайёрлаш тартиби тўғрисида низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2022 й., 09/22/18/0019-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризм инфратузилмаси объектларидаги қурилиш ишлари юзасидан, уларни атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида қатъий назорат ўрнатсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда ўз расмий веб-сайтларида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризм инфратузилмаси объектларини жойлаштиришнинг тасдиқланган режаси чоп этилишини таъминласин.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 278-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, тегишли вилоятлар хокимликлари сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризм инфратузилмаси объектларининг жойлашув режаси тасдиқлангандан сўнг икки ой муддатда, ҳар бир сув омбори бўйича:
миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан биргаликда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида бизнесни ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларнинг тадбиркорлик субъектларига етказилишини;
тадбиркорлик субъектлари учун инвестициявий таклифлар ва лойиҳаларнинг ишлаб чиқилиши ва тегишли вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида материаллар жойлаштирилишини;
ишлаб чиқилган инвестициявий таклифлар якунларига кўра сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг жалб этилишини, улар билан тизимли иш олиб борилишини, шунингдек, уларнинг инвестициявий буюртманомаларининг сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминласинлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.12.2019 й., 09/19/981/4136-сон)
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 декабрь,
978-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 978-сон қарорига
1-ИЛОВА
Экотуризмни ташкил этиш учун сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкалари бериладиган сув омборлари
РЎЙХАТИ

Т/р

Туман/шаҳар

Сув омборининг номи

Экотуризм ташкил этиш ҳудуди (га)

Андижон вилояти

1.

Хонобод шаҳри

«Андижон»

1,5

Жиззах вилояти

2.

Ғаллаорол тумани

«Қоровултепа»

2,4

3.

Зомин тумани

«Зомин»

0,4

4.

Мирзачўл тумани

«Арнасой»

5

Қашқадарё вилояти

5.

Шаҳрисабз тумани

«Хисарак»

3

6.

Ғузор тумани

«Почкамар»

0,5

7.

Яккабоғ тумани

«Қизилсув»

1

Наманган вилояти

8.

Янгиқўрғон тумани

«Эскиер»

2

9.

Чуст тумани

«Резаксой»

3

10.

Чортоқ тумани

«Чортоқ»

2

Самарқанд вилояти

11.

Пайариқ тумани

«Қорасув»

7

12.

Ургут тумани

«Қоратепа»

2

13.

Каттақўрғон тумани

«Каттақўрғон»

1,5

Сурхондарё вилояти

14.

Қумқўрғон тумани

«Жанубий сурхон»

0,5

15.

Сариосиё тумани

«Тўпаланг»

1

16.

Термиз тумани

«Учқизил»

1

Тошкент вилояти

17.

Ўрта Чирчиқ тумани

«Тошкент»

8

Фарғона вилояти

18.

Қува тумани

«Каркидон»

5

Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 октябрдаги ПФ-168-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 978-сон қарорига
3-ИЛОВА
2018 — 2020 йилларда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш бўйича
«Йўл харитаси»

Т/р

Тадбирлар номи

Бажариш

муддати

Молиялаштириш

манбалари

Масъул ижрочилар

I. Йўл транспортини ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар

1.

Ҳар бир сув омбори бўйича ҳовузларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини, шу жумладан, уларнинг флора ва фаунасини сақлаб қолишни назарда тутадиган 2018 — 2020 йилларга мўлжалланган сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни амалга ошириш чоралари режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2018 йил 15 декабрь

Ишчи гуруҳ, вилоятлар ҳокимликлари

2.

Сув омборлари ҳудудида ободонлаштириш ишларини олиб бориш (сув омборларининг қирғоқбўйи чегара ва минтақаларини тозалаш ва санитария ишларини олиб бориш).

2019 йил март-апрель

ижрочилар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари

3.

Электр таъминотининг қўшимча линияларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш.

Ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида сув омборлари ҳудудларининг тунги вақтларда ёритилишини таъминлаш.

Электр жиҳозларини асоссиз ишлатишни камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаш орқали электр энергияси истеъмолини камайтириш чораларини кўриш.

2019 йил март-апрель


доимий

ташаббускорлар ва маҳаллий бюджет маблағлари

ижрочилар

маблағлари

«Ўзбекэнерго» АЖ,
вилоятлар ҳокимликлари

Сув хўжалиги вазирлиги,
вилоятлар ҳокимликлари

4.

Стационар санитар узелларнинг мавжудларини таъмирлаш ва янгиларини қуриш, мобиль санитария узеллари ўрнатиш.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни вақтинча йиғиш жойларини ва уларни қаттик маиший чиқиндилар полигонларига олиб чиқиб кетишни ташкиллаштириш.

чора-тадбирлар

режасига

кўра

ташаббускорлар ва ижрочилар маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вилоятлар ҳокимликлари

5.

Экскурсия, туризм автотранспортлари ва хусусий автотранспортлар учун автотураргоҳлар ташкил этиш.

чора-тадбирлар

режаси

бўйича

ташаббускорлар ва ижрочилар маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари,
тадбиркорлик субъектлари

II. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида бўлиш хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш

6.

Сув омборларининг туристлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан турли усулларда фойдаланиладиган ҳудудларини аниқлаш (қатъий қўриқланадиган, чекланган, ўртача ва интенсив фойдаланиладиган зоналар).

2019 йил 1 март

ИИВ, ФВВ, Мудофаа вазирлиги,
Сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

7.

Ҳар бир сув омбори бўйича санитария-гигиеник ва экологик меъёрлар талабларига риоя қилишни назарда тутадиган туристларнинг ўзини тутиш қоидалари (эслатмалар)ни хамда сув омбори иш режимини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

чора-тадбирлар

режаси

бўйича

ижрочилар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида қутқарувчилар ва тез тиббий ёрдам постларини қуриш, пляж зоналарини ташкил этиш.

2019 йил 1 май

ташаббускорлар

маблағлари

Тадбиркорлик субъектлари, Сув хўжалиги вазирлиги, ФВВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари

III. Туризм имкониятларини ошириш ва инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари

9.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризм инфратузилмаси объектларини жойлаштириш режаларини сув тошқинлари зоналарини, хавфли геологик жараёнлар содир бўлиш эҳтимолини, табиий ва техноген фалокатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш хамда ушбу режаларни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-сайтларида эълон қилиш.

2019 йил 1 апрель

ижрочилар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси

10.

Йўлбўйи ва қирғоқбўйи хизмат кўрсатиш объектларининг архитектура-қурилиш режалари лойиҳаларини ўз ичига олган маълумотлар базасини яратиш учун ихтисослашган олий таълим муассасалари талабаларини жалб қилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари учун инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш.

2019 йил март-апрель

ижрочилар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, «Тошкентбошплан ЛИТИ» ДУК, «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК, «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ, «Йўл лойиҳа бюроси» МЧЖ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари

11.

Тадбиркорлик субъектлари учун Ўзбекистон Республикасидаги сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида туризм инфратузилмасини ташкил этиш бўйича материаллар ва инвестиция таклифларини вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш.

доимий

ижрочилар

маблағлари

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

Сув хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, вилоятлар ҳокимликлари

12.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида бизнесни ташкил этиш учун тақдим этилган имкониятлар ҳақидаги ахборотни тадбиркорлик субъектларига етказиш.

доимий

ижрочилар

маблағлари

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари

13.

Хорижий инвесторлар билан тизимли иш олиб бориш ҳамда уларнинг инвестиция буюртманомаларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш.

доимий

ижрочилар

маблағлари

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси,

Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари

14.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил этишга, шу жумладан, умумий овқатланиш, яшаш, транспорт орқали ташиш, экскурсия ва бошқа хизматлар кўрсатиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини олиб боришга маҳаллий аҳолини фаол жалб қилиш.

доимий

ижрочилар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоятлар ҳокимликлари

IV. Экотуризм хизматларини ва маданий-спорт тадбирларини ташкил этиш чора-тадбирлари

15.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил этиш учун ер участкалари олиш тартибини тушунтириб берувчи видеоролик — йўриқнома ишлаб чиқиш.

2019 йил март

ижрочилар

маблағлари

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги

16.

Тегишли хизмат турлари кўрсатилишини ташкил этиш ва хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда, сув омборларининг сув тўғонлари устида қуриш майдонлари ташкил қилиш.

2019-2020 йй.

ташаббускорлар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, ФВВ, вилоятлар ҳокимликлари

17.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида республика (вилоят, туман) даражасидаги спорт тадбирларини, шу жумладан болалар ва ўсмирлар мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш.

жадвал бўйича

ташаббускорлар ва ижрочилар маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари, тадбиркорлик субъектлари

18.

Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун ёзги таътил даврида экотуризм маршрутларини ишлаб чиқиш.

2019 йил май-июнь

ташаббускорлар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ҳокимликлари, тадбиркорлик субъектлари

19.

Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида мотеллар, кемпинглар, кулбалар, мехмон уйлари ташкил қилиш.

2019 йил май-июнь

ташаббускорлар

маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоятлар ҳокимликлари

20.

Сув омборлари ҳудудида балиқ ови, шу жумладан спорт балиқ ови ҳаваскорлари учун шароитлар яратиш.

2019 йил май-июнь

ташаббускорлар ва ижрочилар маблағлари

Сув хўжалиги вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоятлар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 978-сон қарорига
4-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Экотуризмни ташкил этиш мақсадида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисида низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом экотуризмни ташкил этиш мақсадида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳудудида ер участкасига бўлган ҳуқуқни аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ объектларнинг муайян турларини қуриш учун мўлжалланган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Ушбу Низомда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида ер участкаларини фойдаланишга бериш масалалари кўзда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ тартибга солинади.
3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринда — «YERELEKTRON» ААТ) — ер участкалари бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш тартиботларини амалга ошириш учун автоматлаштирилган ахборот тизими;
Олдинги таҳрирга қаранг.
оператор — савдо платформасида аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш ваколати берилган «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» акциядорлик жамияти;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 майдаги 282-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ваколатли ташкилотлар — Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиаллари, туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг туман (шаҳар) бўлимлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармалари, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари; тегишли ҳудудлар ва иншоотларидан режим асосида фойдаланадиган ҳамда уларни эксплуатация қиладиган органлар ва ташкилотлар;
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 48-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон)
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги;
аукцион иштирокчиси — аукционда иштирок этиш учун ариза берган ва унда иштирок этишга рухсат этилган жисмоний ёки юридик шахс;
электрон онлайн-аукцион (кейинги ўринларда — аукцион) — «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасидаги ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш ҳуқуқи реализация қилинадиган аукцион.
4. Экотуризмни ташкил қилиш мақсадида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар ушбу Низомга 1-иловадаги схема бўйича тайёрланади.
5. Ер участкаси материалларини келишиш ва (ёки) улар бўйича хулосалар бериш «YERELEKTRON» ААТ орқали фақат электрон шаклда ваколатли давлат органи тақдимномасига кўра ваколатли ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Ваколатли органлар томонидан ер участкаси материалларини келишиш ва (ёки) улар бўйича хулосалар бериш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси органларининг экологик экспертизадан ўтказиладиган объектларни қуришга ер участкаси материаллари бўйича хулоса бериши учун тўлов ундирилмайди.
6. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ер участкаларини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи ваколатли давлат органининг «YERELEKTRON» ААТ орқали берилган буюртмалари бўйича оператор томонидан аукционга қўйилади.
Оператор ва тегишли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ оператор аукционни ташкил этиш хизматларини кўрсатади.
Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи аукционга ушбу Низомга мувофиқ ер участкаси материалларини ваколатли ташкилотлар билан келишувга асосан ҳар бир ер участкаси бўйича алоҳида қўйилади.
2-боб. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳудудида экотуризмни ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари
7. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил этишдан мақсад туризм хизматлари доирасини кенгайтириш, инвестициялар жалб қилишни рағбатлантириш, республика сув омборлари доирасида дам олиш учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш ҳисобланади.
8. Қуйидагилар сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш вазифалари ҳисобланади:
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарида туризм фаолияти субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган туризм инфратузилмасини ривожлантириш, умумий овқатланиш, кўнгилочар, сувенир ишлаб чиқариш бўйича тегишли тармоқларни ривожлантиришга кўмаклашиш;
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш соҳасида маҳаллий ижро этувчи органлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, илмий ва таълим муассасаларининг ахборот алмашуви ва бизнесни мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш;
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш соҳасига инвестицияларни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
туризм хизматлари диверсификацияси ва туризм маҳсулотининг янги турларини яратиш;
экологик ва ижтимоий-маданий хусусиятли салбий оқибатларни камайтириш, атроф-муҳитнинг экологик барқарорлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш.
9. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ривожлантириш соҳасида ваколатли давлат органининг асосий вазифалари қуйидагилардир:
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида тадбиркорлик субъектларининг қизиқишини ошириш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйишга жалб қилиш;
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан ва бошқа ёрдам олишда кўмаклашиш;
сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида тақдим этилаётган хизматлар, туризм салоҳиятини юксалтириш хамда экотуризм жозибадорлигини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш.
10. Ваколатли давлат органи қуйидагилар учун масъул:
тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини йўлга қўйиш ва юритиш учун шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;
ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартиби ва табиий муҳитни сақлашга ёрдам бериш бўйича чоралар кўриш.
11. Имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида қуйидаги туризм хизмати турлари ташкил этилади:
экотурлар (илмий, саргузашт ва бошқалар);
ҳаваскорлар учун балиқ ови;
қайиқда сузиш, сув саёҳати;
сув омборлари дамбалари устида кўриш майдончалари ташкил қилиш ва тегишли хизмат турини тақдим қилиш ва хавфсизликни таъминлаш;
кемада саёҳат;
яхтинг;
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда — Вазирлик) билан келишилган холда туризм хизматларининг бошқа турлари.
12. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил қилишда маданий-спорт тадбирлари, умумий овқатланиш хизматлари, пляждаги дам олиш ва бошқа хизматлар ташкил қилиниши мумкин.
13. Тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан режим асосида фойдаланадиган ҳамда уларни эксплуатация қиладиган органлар ва ташкилотлар қарорига биноан сув омбори ҳудуди қуйидаги зоналарга бўлиниши мумкин:
сув хўжалиги объектларидан ташқари қирғоқбўйи чизиқларда қурилишнинг ҳар қандай турини олиб бориш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва туристларнинг у ерда бўлиши тақиқланган, қатъий муҳофаза қилинадиган;
кичик гуруҳларда ва масъул шахслар ҳамроҳида бўлган туристларга рухсат этилган фойдаланиши чекланган;
туристларнинг бўлиши ва табиий муҳитга мос келадиган тадбиркорлик фаолияти рухсат этилган ўртамиёна режим;
турист ва тадбиркорлик фаолияти фаоллиги чекланмаган ҳолда интенсив фойдаланиш.
14. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасидан фойдаланиш режими ваколатли давлат органи томонидан мазкур ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятни амалга оширишни истаган тадбиркорлик субъектларига етказилади, шунингдек, расмий веб-сайтга жойлаштирилади.
3-боб. Экотуризмни ташкил қилиш учун сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зонаси доирасида ер участкаларини аниқлаш тартиби
15. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил қилиш учун ваколатли давлат органи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда ҳар бир сув омбори бўйича туризм инфратузилмаси объектларини жойлаштириш режасини тасдиқлайди, жумладан, унинг таркибида:
ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ва экотуризмни ривожлантириш учун мавжуд шароитларни таҳлил қилиш;
туризм хизматлари инфратузилмаларини режалаштириш;
туристик фаолиятининг молиявий режасини (маблағлар жалб этиш ва молиялаштириш механизмларини) ишлаб чиқиш;
тадбиркорлик фаолиятини юритиш ва туристларнинг ташриф буюриш тартибини ишлаб чиқиш.
16. Ваколатли давлат органига тадбиркорлик субъектларининг сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида сайёҳлик инфратузилма объектларини қуриш бўйича мурожаатларини ўрганиш асосида Туризм ва спорт вазирлиги таклифлар юборади.
17. Уч иш куни ичида ваколатли давлат органи ваколатли ташкилотларга келишиш ёки маълумотга хулоса бериш учун ва тегишли ер участкалари бўйича қуйидаги мазмундаги ҳужжатларни юборади:
ер участкасига оид қисқача маълумот, жумладан, майдон (гектарда), ер участкасига тегишли ер фондининг категорияси, мавжуд қийинчиликлар, қайси мақсадга мўлжалланаётганлиги, бонитет балли ва бошқалар;
ер участкаси чегара ва манзил кўрсатилган ҳолда мавжуд бўлмаса — Google харитада М 1:500 дан М 1:1000 гача кенгликда (аҳоли пункти, кўчалар — аҳоли пунктида жойлашган сув омбори, кўчалар мавжуд бўлмаган ҳолатларда объектдан метрда масофа кўрсатилади) топографик харитада ер участкасининг жойлаштириш режаси (координат нуқталари билан);
таклиф қилинаётган ер участкаларининг фойдаланиш турларини кўрсатган ҳолда ситуацион схема;
ер участкаси фотосуратлари (15 х 20 см) камида икки томондан атрофдаги объектлар билан биргаликда.
18. Ер участкалари маълумотлари келиб тушган кундан бошлаб уч иш кун ичида ваколатли ташкилотлар келишувни амалга оширади ёки тегишли хулоса беради.
19. Ваколатли ташкилотларнинг хулосалари ваколатли ташкилот томонидан рақамли электрон имзо билан тасдиқланган ёки хулосанинг нусхаси электрон шаклда ваколатли давлат органига «YERELEKTRON» ААТ орқали юборилади.
Бунда хулоса ижобий ёки салбий тарзда берилиши мумкин.
Ижобий хулосада шаҳар қурилиши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёнғинга қарши ва бошқа норма, қоидаларга риоя қилиш бўйича ер участкаларига узоқ муддатли ижара асосида эгалик қилувчига талаблар баён қилинади.
Салбий хулосада қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда ер ажратишнинг имконияти мавжуд эмаслигининг асосли сабаблари кўрсатилади.
20. Келишилган маълумотлар тегишли ер участкаси бўйича ваколатли ташкилотнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш орқали «YERELEKTRON» ААТда амалга оширилади.
Келишув ҳеч қандай изоҳсиз ва қўшимча шартсиз амалга оширилади.
Қабул қилиш рад этилган тақдирда, ваколатли давлат органига «YERELEKTRON» ААТ орқали ваколатли ташкилотнинг рақамли электрон имзо билан тасдиқланган хати ёки хулоса хатининг нусхаси, ер ажратишнинг имконияти мавжуд эмаслигининг асосли сабаблари қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда юборилади.
21. Ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган ер участкалари бўйича материаллар юзасидан тегишли қарор ёки хулоса ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда, материаллар учун ижобий хулоса берилди деб ҳисобланади ва уларнинг қарори ижобий ҳисобланади. Шунинг учун ер участкалари бўйича материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича бириктирилган масъуллар ўз вақтида кўриб чиқиб хулоса тақдим этмаса, шу ваколатли ташкилотларнинг раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Ер участкасидан узоқ муддатли фойдаланиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш тартиби
22. Барча ваколатли ташкилотларнинг ижобий хулосаси ёки келишуви олингандан сўнг ваколатли давлат органи икки иш кунида ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш материаллари тайёрланишини таъминлайди.
23. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш тўғрисидаги ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинадиган қарорда қуйидагилар кўрсатиб ўтилади:
ер участкасининг жойлашган жойи;
ер участкасининг майдони (гектарда);
ер участкасидан фойдаланиш мақсади;
ер участкаси учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
аукцион шакли;
ер участкасидан узоқ муддатли ижарага олувчининг мажбуриятлари, шу жумладан, ваколатли ташкилотлар хулосаларида қайд этилган мажбуриятлар, шунингдек, ажратилган ер участкасида объектлар ва иншоотлар қуриш муддатларига оид талаблар;
ер участкаси бўйича мавжуд чекловлар;
ер участкасидан фойдаланиш шартлари ва тартибига тааллуқли бошқа ахборот.
24. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, ваколатли давлат органи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш юзасидан аукцион ташкил қилиш тўғрисида операторга электрон буюртма беради.
Буюртма ваколатли давлат органи масъул ходими томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади ва «YERELEKTRON» ААТ ёрдамида операторга юборилади.
25. Буюртмага электрон (сканер қилинган) шаклда қуйидагилар илова қилинади:
а) ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш тўғрисидаги қарор;
б) ер участкаси тўғрисида қисқа маълумот, жумладан, унинг майдони (гектарда), мақсади, мавжуд чекловлар ва бошқалар;
в) чегаралари кўрсатилган холда ер майдонининг жойлаштириш режаси;
г) ер участкасининг камида икки томондан ўраб турган объектлар билан фотосурати (15х20 см);
д) ваколатли ташкилотларнинг хулосалари;
е) ер участкасининг тавсифи, шунингдек, ер участкасидан фойдаланиш тартиби ва шартлари кўрсатилган бошқа ҳужжатлар.
26. Агар буюртмага ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, оператор буюртма келиб тушган куннинг кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун буюртмани ваколатли давлат органига қайтаради.
Ваколатли давлат органи икки кун муддатда оператор томонидан кўрсатилган барча камчиликларни бартараф этган ҳолда, ушбу Низомнинг 24-бандига мувофиқ электрон шаклдаги буюртмани такроран юборади.
27. Ваколатли давлат органи буюртма бериш билан бирга:
босма ва электрон оммавий ахборот воситалари орқали ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш тўғрисидаги маълумотларни тарқатади;
«YERELEKTRON» ААТ орқали туман/шаҳар ҳокимлигига, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, ер участкаси ажратилиши тўғрисида буюртма берилганлиги тўғрисидаги маълумотни юборади.
Туман/шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги жисмоний ва юридик шахсларни аукционга кенг жалб қилиш чораларини кўради, жумладан, ваколатли давлат органидан олган ҳужжатларини ва маълумотларини мажбурий тарзда веб-сайтига аукционда қатнашишга буюртмалар жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғини ҳавола қилган ҳолда жойлаштиради.
28. Экотуризмни ташкил этиш учун сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сонли қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
5-боб. Ер участкасини бериш ва ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган маблағларни тақсимлаш
29. Оператор томонидан аукцион натижалари бўйича расмийлаштирилган баённома ер участкасини ижарага бериш бўйича шартнома кучига эга бўлади.
30. Ер участкасини бериш тўғрисидаги қарорда ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартлари, шу жумладан, аукцион ғолибининг ер участкасидан белгиланган мақсадда фойдаланиш, ер участкасида бино ва иншоотларни белгиланган муддатларда барпо этиш, ваколатли ташкилотлар томонидан тузилган хулосаларда назарда тутилган талабларга риоя этиш тўғрисидаги мажбуриятлари, шунингдек, ушбу мажбуриятларни бажармаслик оқибатлари албатта кўрсатилади.
Бунда ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорга аукционни ўтказиш ҳақидаги хабарномада аввал назарда тутилмаган талаблар ва мажбуриятларни киритишга йўл қўйилмайди.
Аукцион ғолиби ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган мажбуриятларга риоя этмаган ҳолатларда, ушбу ер участкаси қонунчиликда белгиланган тартибда аукцион ғолибининг харажатларини қопламасдан олиб қўйилади.
31. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг аукционни ташкил қилиш хизматлари учун тўлов суммалари чегирилган ҳолда, қолган пул маблағлари ҳамда келгуси йиллар учун ижарачи томонидан киритилган ижара тўлови суммаси ваколатли давлат органининг даромадлар бўйича ғазначилик ҳисобварақларига ўтказилади.
32. Ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш ҳуқуқини реализация қилишдан ваколатли давлат органининг даромадлар бўйича ғазначилик ҳисобварақларига келиб тушган пул маблағлари ҳамда ижарачи томонидан киритилган ижара тўлови суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
50 фоизи — тегишли маҳаллий бюджет даромадига;
40 фоизи — тегишли сув омборидан фойдаланиш бўйича бошқарма ҳисобварағига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
33. Ижара тўловини тўлашни кечиктирганлик учун пеня ва шартнома мажбуриятларини бузганлик учун жарима суммалари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ва тегишли сув омборидан фойдаланиш бўйича бошқарма ҳисобварағига тенг улушларда йўналтирилади.
34. Келгуси йиллар учун ижара тўлови охирги белгиланган ижара тўлови миқдори ва қолган ижара муддатидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъекти томонидан даврий (чораклик, ойлик ёки ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда) тўловлар билан киритилади.
Тўловлар юз фоиз олдиндан тўлов шаклида ҳар бир келгуси давр (чорак, ой ва бошқалар) учун амалга оширилади.
Туристик хизматларни ташкил этишнинг мавсумийлигидан келиб чиқиб, ижара тўлови тадбиркорлик субъектлари — ижарачилар томонидан уларнинг фаолият кўрсатган даври учун ижара шартномасида кўрсатиладиган ижара тўловини тўлаш жадвалини тузиш орқали тўланиши мумкин.
35. Ваколатли давлат органи томонидан тегишли режим ўрнатилган ҳудуд ва иншоотлардан фойдаланувчи органлар ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари чегараларининг чекланган ҳудудларига туристларнинг ташриф буюриши учун тўлов ва йиғимлар белгиланиши мумкин.
36. Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари чегараларининг чекланган ҳудудларига туристларнинг ташриф буюриши учун тўлов ва йиғимлар тегишли режим ўрнатилган ҳудуд ва иншоотлардан фойдаланувчи органлар ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда тақсимланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
37. Ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорда белгиланган аукцион ғолибининг мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
38. Сув омборларига туташ ҳудудларда экотуризмни ташкил қилиш юзасидан назорат қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
39. Ушбу Низомнинг қўлланилишида келиб чиқадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
40. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг VIII боби.
Экотуризмни ташкил этиш мақсадида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида экотуризмни ташкил этиш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали узоқ муддатли ижарага бериш учун материаллар тайёрлаш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Туризм ва спорт вазирлиги

Тадбиркорлик субъектларининг сув омборлари сувини муҳофаза қилиш зоналарида туризм инфратузилмаси объектларини қуриш бўйича мурожаатларини ўрганиш асосида таклифларни ваколатли давлат органига юборади.

Мурожаат келиб тушишига кўра

2-босқич

Ваколатли давлат органи (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги)

Тегишли ер майдонлари бўйича ҳужжатларни ва маълумотларни йиғади ҳамда уларни ваколатли ташкилотларга келишиш ёки хулосасини олиш учун юборади.

3 иш куни мобайнида

3-босқич

Ваколатли ташкилотлар (туман(шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари; туман (шаҳар) ички ишлар бошқармасининг (бўлимининг) ёнғин хавфсизлиги бўлимлари; фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бошқармалари; Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг туман (шаҳар) бўлимлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг вилоят бошқармалари; туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари; тегишли режимли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланувчи органлар ва ташкилотлар

Ер майдони бўйича келишувни амалга оширади ва хулосаларни тақдим этади ҳамда ваколатли давлат органига электрон шаклда «YERELEKTRON» AAT орқали ҳужжатларни юборади.

3 иш куни мобайнида

4-босқич

Ваколатли давлат органи (Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги)

1. Ер майдонларидан узоқ муддат фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қуйиш учун материалларнинг тайёрланишини таъминлайди.

2. «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖга буюртма топширади.

Буюртма бериш билан бирга:

босма ва оммавий ахборот воситалари орқали ер майдонларидан узоқ муддатли ижара ҳуқуқини аукционга қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тарқатади:

туман/шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига ер майдонларидан узоқ муддатли ижара ҳуқуқининг аукционга қуйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни юборади.

2 иш куни мобайнида

5-босқич

«Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ

Аукцион ўтказилиши ҳақида ахборотни жойлаштиради.

1 иш куни мобайнида

6-босқич

Юридик ва жисмоний шахслар

1. Аукционда иштирок этиш учун электрон шаклда ариза топширади.

30 кун мобайнида

(такрорий аукционда 10 кун)

2. Аукционда иштирок этади.

1 иш куни мобайнида

7-босқич

«Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ

Аукцион натижаси ҳақидаги баённинг бир нусхасини аукцион ғолибига, бир нусхасини тегишли туман (шаҳар) ҳокимларига юборади.

1 иш куни мобайнида

8-босқич

Туман/шаҳар ҳокими

Оператордан аукцион натижаси ҳақидаги баённи олган вақтдан бошлаб аукцион ғолибига ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисида қарор чиқаради.

2 иш куни мобайнида

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги 48-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон)
Экотуризмни ташкил этиш мақсадида сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни аукцион орқали реализация қилиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.

Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукцион ташкил этиш учун электрон буюртма

20____ йил «______» _________да Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ ўртасида тузилган ______-сон шартномага мувофиқ, шунингдек, 20____ йил «_____» ________________даги қарорга биноан _____________________________ қуйидаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда реализация қилиш учун ушбу буюртмани тақдим этади:


‎1. Ер участкасининг майдони _____________га;
‎2. Ер участкаси жойлашган жой _________________________________________________________________;
‎3. Мақсади __________________________________________________________________________________;
‎4. Электрон онлайн-аукцион шакли ______________________________________________________________;
‎5. Ер участкасининг энг кам ижара тўлови миқдори (сўмда) ___________________________________________;
‎6. Электрон онлайн-аукцион ғолибининг мажбуриятлари:
‎6.1. Бино ва иншоотларни қуриш муддати ‎_________________________________________________
‎6.2. Узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқи эгасига ваколатли ташкилотларнинг хулосаларига мувофиқ қўйиладиган талаблар:
‎___________________________________________________________________________________________;
‎‎___________________________________________________________________________________________;
‎___________________________________________________________________________________________;
‎___________________________________________________________________________________________;
‎___________________________________________________________________________________________;
‎___________________________________________________________________________________________;

‎6.3. Ер участкасидан фойдаланиш шартлари ва тартибига тааллуқли бошқа талаблар ___________________________________________________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________________;

‎7. Ер участкасидан узоқ муддатли ижарага олиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган маблағлар ўтказилиши мумкин бўлган банк ҳисобварағининг реквизитлари:

Банк номи

Банк МФОси Банкнинг ҳисобварағи

8. Масъул шахснинг манзили ва боғланиш учун маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар.)
‎Буюртма берилган сана 20____ йил «_____» _____________________
‎Масъул шахс _______________________________________(Ф.И.О., лавозими)
‎ЭРИси «_________________________».

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 майдаги 282-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 978-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик сув ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақида низомнинг 11-бандига киритилаётган ўзгартириш
11- банднинг иккинчи — бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«катта сув омборлари ва бошка сув ҳавзалари (сиғими 1,1 дан 10 куб километргача бўлган) атрофида — 200 — 250 метр;
ўртача сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари (сиғими 0,6 дан 1 куб километргача бўлган) атрофида — 150 — 200 метр;
кичик сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари (сиғими 0,2 дан 0,5 куб километргача бўлган) атрофида — 100 — 150 метр;
жуда кичик сув омборлари ва сув ҳавзалари (сиғими 0,1 куб километрдан кам бўлган) атрофида — 50 метргача».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.12.2018 й., 09/18/978/2270-сон; 12.12.2019 й., 09/19/981/4136-сон; 07.07.2020 й., 09/20/425/1034-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.11.2021 й., 09/21/694/1075-сон; 13.01.2022 й., 09/22/18/0019-сон; 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон)