Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
РЕСПУБЛИКАДА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ва бозор инфраструктурасини жадал шакллантириш, давлатга қарашли бўлмаган корхоналарни ва фуқароларни халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга фаол жалб этиш, республика бозорини истеъмол моллари билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий бошқарув органлари тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишини, энг аввало, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш соҳасида, ҳар томонлама рағбатлантирсинлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, кичик корхоналар тузилишига амалий ёрдам кўрсатсинлар, Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмаси ва унинг ташкилотларига ўз устав вазифаларини бажаришда кўмаклашсинлар.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Боқибоев) 1992 йил 28 февралгача тегишли банкка тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Жамғармасининг ҳисоб-китоб счётига Вазирлар Маҳкамасининг резерв фондидан 2 млн. сўм ўтказсин.
Ўзбекистон Республикаси Тадбиркорлар уюшмаси томонидан киритилган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, мулкчилик, шаклидан қатъи назар, кичик корхоналар, ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этиш бўйича молиявий тадбирларни таъминлаш учун маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган маблағлар, давлат, жамоат корхоналари ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш минтақа жамғармалари ташкил этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сон қарори билан ўз кучини йўқотган — Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 12-сон, 83-модда)
4. Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг бошқа суверен давлатларга ва чет элга етказиб берилиши билан боғлиқ товар айирбошлаш (бартер) операцияларини амалга оширишда талаб катта бўлган, ватанимизда ишлаб чиқарилган за импорт маҳсулотларни муқобил харид қилишда ва улар билан республика бозорини тўлдиришда тадбиркорларнинг фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
а) Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1989 йил 7 мартдаги 97-сон қарори (17-банд «в» кичик бандининг 2-хатбоши)нинг, 1989 йил 10 майдаги 162-сон қарори (8-бандининг «г» кичик банди ва «д» кичик бандининг 4-хатбоши)нинг, 1990 йил 15 январдаги 33-сон қарори (1-илованинг 26-банди)нинг халқ истеъмоли молларини импорт қилишни чеклаш тўғрисидаги қисмининг амал қилиши 1992-1993 йилларда тўхтатиб қўйилсин;
б) бир ҳафта муддат ичида:
Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги (ўртоқ Султонов) ташқи иқтисодий товар айирбошлаш (бартер) операцияларини амалга ошириш бўйича чеклашларни олиб ташлашга доир таклифларни тақдим этсинлар;
Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси (ўртоқ Жўраев) халқ истеъмоли молларини республикага импорт қилиш бўйича бож имтиёзларини белгилаш юзасидан таклифлар киритсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Савдо вазирлиги (ўртоқ Усмонов), Ўзбекбирлашув (ўртоқ Волков), маҳаллий бошқарув органлари Тадбиркорлар уюшмаси корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ва бартер бўйича харид қилинган халқ истеъмоли молларини шартнома нархларида сотиш учун уларга савдо биноларини ижарага (пайчиларнинг розилиги билан матлубот кооперацияси тизимида) берсинлар.
Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасига унинг корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган халқ истеъмоли молларини, одатдагича, республика аҳолисига сотиш, бунда савдо ташкилотлари билан ўзаро фойдали шартномалар тузиш тавсия қилинсин.
6. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси:
1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасига қирувчи корхоналарда келишилган ҳажмларда ва рўйхат бўйича мажбурий етказиб бериладиган маҳсулотлар (ишлар ва хизматларни жойлаштиришни назарда тутсин. Тадбиркорлар уюшмаси ҳар йили белгиланган муддатларда ўз таклифларини киритсин;
Моддий-техника таъминоти давлат-кооператив қўмитаси (ўртоқ Шарипов), «Ўзбошенгилтаъминотсотиш» (ўртоқ Гатаулин), «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» (ўртоқ Ҳусанов), Ўзбекистон Республикаси Нефть маҳсулотлари билан таъминлаш давлат қўмитаси (ўртоқ Муминов) билан биргаликда рўйхат бўйича биркитилган корхоналарга, Тадбиркорлар уюшмаси аъзоларига белгиланган мажбурий маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) етказиб беришларни бажариш учун зарур бўлган моддий-техника ресурсларини белгиланган тартибда ажратишни назарда тутсин.
7. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг қуйидаги қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
«Кооперативлар фаолиятини тартибга солишга доир таклифларни ишлаб чиқувчи Республика комиссиясининг номини ўзгартириш ва Ўзбекистон ССРни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштиришда унинг ҳиссасини ошириш тўғрисида» 1989 йил 27 сентябрдаги 315-сон қарор;
«Кооперативлар фаолиятини ва меҳнатни ташкил этишнинг якка тартибдаги шаклларини тартибга солишга доир таклифларни ишлаб чиқувчи Республика комиссияси составига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» 1990 йил 24 январдаги 51-сон қарор;
«Кооперативлар ва меҳнатни ташкил қилишнинг якка тартибдаги фаолиятини тартибга солиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда республиканинг суверен ҳуқуқларини, ўзини ўзи бошқаришни ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлашни кенгайтириш асосида иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш юзасидан республика комиссияларининг ваколатларини кенгайтириш тўғрисида» 1990 йил 16 мартдаги 140-сон қарор.
8. Адлия вазирлиги (ўртоқ Маликов) Тадбиркорлар уюшмаси, Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, Ташқи иқтисодий алоқалар қўмитаси (ўртоқ Султонов), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (ўртоқ Боқибоев), Давлат банки (ўртоқ Муллажонов) ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 10 кун муддат ичида ўз кучини йўқотган нормаларни бекор қилиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш учун солиқ солиш, банк ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида республика қонунчилиги ва Ҳукумат қарорларига қўшимча ва ўзгартишлар киритишга доир таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Умумиқтисодиёт комплекси (ўртоқ Ҳамидов) 5 кун муддат ичида ушбу таклифларни кўриб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига киритсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий бошқарув органлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар:
тадбиркорлик фаолиятига асосланган ишлаб чиқариш кооперативлари, корхоналарнинг буюртмалари бўйича меҳнат дафтарчалари ва улар учун суқма варақлар тайёрлашни таъминласинлар;
меҳнат дафтарчалари юритишни амалга оширувчи давлатга қарашли бўлмаган корхоналар ходимларига зарур бўладиган амалдаги қонунчилик материалларини етказсинлар;
давлатга қарашли бўлмаган корхоналар томонидан меҳнат дафтарчалари ва улар учун суқма варақларни ҳисобга олиш, сақлаш, бериш ва тўлдиришнинг белгиланган қоидаларига риоя этилиши юзасидан чора-тадбирлар кўрсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси ХХЮК дирекцияси (ўртоқ Луковский) Тадбиркорлар уюшмасига кўргазмалар, ярмаркалар, биржа савдолари ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун павильонлардан бирини имтиёзли шартлар бўйича ижарага берсин.
11. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (ўртоқ Фозилбеков) бир ой муддат ичида Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасига унинг таркибий бўлинмаларини жойлаштириш учун 3000 кв метр майдонли бинолар ажратилишини таъминласин.
12. Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги доимий ваколатхонаси (ўртоқ Саидов) Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасининг ваколатхонасини жойлаштириш учун тегишли бинони аниқласин ва Уюшмага ижарага берсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги (ўртоқ Раҳимов) Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмаси ва унинг таркибий бўлинмаларини белгиланган тартибда зарур телефон, телекс ва факсимил алоқа билан таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (ўртоқ Абдуллаев), Халқ таълими вазирлиги (ўртоқ Йўлдошев) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишда Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасига кўмаклашсинлар.
Ўзбекистон Давлат телевидение ва радиоэшиттириш компанияси (ўртоқ Хайитбоев) телерадиоэшиттиришлар дастурларида тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитишга бағишланган эшиттириш ва кўрсатувлар, ўқув дастурларини назарда тутсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, Алоқа вазирлиги Тадбиркорлар уюшмасига белгиланган тартибда ноширлик ҳуқуқи берган ҳолда Уюшманинг даврий нашрларини, тадбиркорлик фаолиятини тарғиб этиш, реклама қилиш ва ривожлантириш билан боғлиқ босма маҳсулотларини чиқариш ва тарқатиш учун зарур матбаачилик қувватлари ажратилишини таъминласинлар.
Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Тадбиркорлар уюшмасининг буюртмасига мувофиқ (рўзнома ва китоббоп) қоғозга фондлар ажратилишини назарда тутсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 26 февраль,
85-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 26 февралдаги 85-сон қарорига
1-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ТАДБИРКОРЛИКНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Бундан кейин Жамғарма деб аталадиган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси хусусийлаштириш жараёнларига кўмаклашиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, товар бозорларини ривожлантириш, Тадбиркорларга амалий, моддий ва молиявий ёрдам бериш, Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида тузилади.
2. Жамғарма Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси ҳузурида кафолот жамғармаси сифатида тузилади. Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси Жамғарма мажбуриятлари бўйича жавоб беради. Жамғарма мулк ва воситаларга Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси ва таъсис этувчилар Кенгаши томонидан белгиланган доирада эгалик қилади.
3. Жамғарма ўзининг алоҳида балансига эга бўлиб, тадбиркорлар Уюшмаси ва бошқа таъсис этувчилар билан бирга ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқа корхоналар ва ташкилотлар билан, уларнинг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳуқуқий муносабатларда бўлади.
4. Жамғарманинг манзилгоҳи: Тошкент шаҳри.
II. Жамғарманинг мақсади ва вазифалари
5. Жамғарманинг асосий мақсади ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
республикада тадбиркорликни йўлга қўйиш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда, кичик, ижара ва қўшма корхоналар, кооперативлар, айрим фуқароларнинг истиқболли, устувор фаолият турларини яратишга қаратилган ишларига амалий, моддий ва молиявий ёрдам бериш;
Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмаларининг ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари учун имтиёзли кредитлар бериш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
ташкил этилаётган тадбиркорлик тузилмаларини ахборот, моддий-техника, молиявий, ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, республика иқтисодиётининг турли соҳалари ва тармоқларида тадбиркорлик фаолиятини умумлаштириш ва илғор тажрибани, унинг усул ва турларини кенг ёйиш;
Жамғарма таъсисчиларининг, акционер-аъзоларининг ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа корхоналар ва ташкилотларнинг бўш турган пул маблағлари ва моддий ресурсларини ихтиёрий ва шартнома асосида сафарбар қилиш, таваккалчилик кредитини суғурта қилиш;
Жамғарма маблағларидан фаол фойдаланишга ёрдам берувчи кредит бериш, лизинг операциялари ва ижаранинг турли шаклларини амалга оширишни таъминлаш;
Жамғарманинг пул маблағлари айланишини жадаллаштиришни таъминлаш.
6. Ушбу мақсад ва вазифаларнинг бажарилишига эришиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ҳуқуқлари доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан мустақил равишда юридик актлар тузиш;
акциялар ва бошқа қимматдор қоғозларни чиқариш ва бериш;
қимматдор қоғозлар операциясини ўтказиш;
фаол операциялар ўтказаётганда қўшимча хизматлар учун мустақил равишда фоиз ставкалари ва тўловлар миқдорини белгилаш;
корхоналардан, кооперативлардан ҳамда Жамғарма томонидан кредит бериладиган ва хизмат кўрсатиладиган Жамғарманинг бошқа аъзоларидан, амалдаги тартибга мувофиқ, бухгалтерия ҳисоблари, баланслари ва бошқа ҳужжатларни олиш ва Жамғарма маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш мақсадида текшириш ўтказиш;
янги корхоналар таъсис этиш.
III. Жамғарманинг таъсисчилари
7. Ўзбекистон тадбиркорлари Уюшмаси ва унинг хўжалик ҳисобидаги тузилмалари, биржалар, банклар, ҳар қандай корхоналар, ташкилотлар, акционерлик жамиятлари ва уюшмалари, шунингдек, хоҳловчи фуқаролар, хорижий юридик ва жисмоний шахслар, жамоат ташкилотлари ва жамғармалар Жамғарманинг таъсисчилари ва қатнашчилари ҳисобланадилар.
IV. Жамғармани бошқариш
8. Жамғарма таъсисчиларининг умумий йиғилиши Жамғарманинг юқори органи ҳисобланади.
9. Жамғарма дирекцияси Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади.
10. Жамғарма директори Жамғарма таъсисчилари умумий йиғилишининг қарори билан тайинланади.
11. Таъсисчилар умумий йиғилишининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:
Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш;
Жамғарманинг низоми (устави)ни қабул қилиш ва ўзгартириш;
Жамғарма фаолиятининг йиллик натижаларини, фойдани тақсимлаш тартибини тасдиқлаш, зарарларни қоплаш тартибини белгилаш;
Жамғарманинг айбдор мансабдор шахсларини мулкий жавобгарликка тортиш ҳақида қарорлар чиқариш;
Жамғарма фаолиятининг қоидаларини тасдиқлаш;
ўз акцияларини чиқариш ҳақидаги масалани ҳал этиш;
Жамғармани тугатиш ҳақида қарор қабул қилиш.
12. Молия ва хўжалик фаолиятини назорат қилиб бориш тадбиркорлар Уюшмаси — Жамғарманинг кафолатчиси ва бошқа давлат органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
13. Жорий раҳбарлик Жамғарма директори ва дирекцияси томонидан амалга оширилади.
14. Жамғарма директори ишончномасиз Жамғарма номидан иш юритади, бошқа юридик шахслар билан муносабатда унинг номидан вакиллик қилади.
15. Директор Жамғарманинг фаолияти учун тўлиқ жавоб беради, ўз ҳуқуқлари доирасида буйруқлар чиқаради, меҳнат қонунчилигига мувофиқ ходимларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, белгиланган тартибда Жамғарма маблағларини ишлатади.
16. Жамғарма директорининг ўринбосарлари ва бош бухгалтер лавозимга шартнома бўйича ёлланадилар ва Жамғарма директори томонидан лавозимидан озод этиладилар.
V. Жамғарманинг Устав капитали
17. Жамғарманинг Устав капитали таъсис бадаллари (омонатлари) ҳисобига шакллантирилади ва 5 млн. сўмга тенг бўлади.
VI. Жамғарманинг мулки
18. Таъсисчиларнинг ва жамғарма қатнашчиларининг асосий маблағлари ва пул омонатлари Жамғарманинг мулки ҳисобланади.
19. Қуйидагилар Жамғарма молиявий маблағларининг манбаларидир:
Жамғарма таъсисчилари ва қатнашчиларининг пул бадаллари;
қимматдор қоғозларни сотишдан тушган даромадлар;
корхоналар, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг қайтарилмайдиган бадаллари;
Жамғарма фаолиятидан тушган даромад;
қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
VII. Фойдани тақсимлаш
20. Жамғарманинг хўжалик, тижорат фаолиятидан тушган фойда (даромад), қимматдор қоғозларни сотишдан тушган даромадларнинг 40 фоизи солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин таъсисчиларга тақсимланади ва 60 фоизи жамғармани тўлдиришга йўналтирилади. Реинвестирациялаш вақтида имтиёзлар умумий йиғилиш томонидан белгиланади.
VIII. Жамғармани рўйхатга олиш
21. Жамғармани рўйхатга олиш Жамғарманинг жойлашган ўрнида белгиланган тартибда амалга оширилади.
IX. Жамғарма фаолиятини тўхтатиш
22. Жамғарманинг фаолияти Жамғарма умумий йиғилишининг қарорига кўра ёки қонунчиликда белгиланган ҳолларда тўхтатилади.
23. Тугатилган Жамғарманинг мулки, ходимларнинг иш ҳақи ҳисоб-китоб қилингандан кейин, Жамғарма таъсисчилари ўртасида уларнинг қўшган улушларига мутаносиб равишда тақсимлаш учун йўналтирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 февралдаги 55-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган)