Ҳужжат кучини йўқотган " " 20.06.1994
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
«ЎЗДОНМАҲСУЛОТ» ДАВЛАТ КОНЦЕРНИ МАСАЛАЛАРИ
 LexUZ шарҳи
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 20 июндаги 311-сонли «Ўздонмаҳсулот» давлат-акционерлик корпорациясини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 6 февралдаги Фармонини бажариш ҳамда нон, ун ва омихта озуқа ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг хўжалик ва иқтисодий мустақиллигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Таркибида иловага мувофиқ бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар бўлган «Ўздонмаҳсулот» давлат концерни ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўздонмаҳсулот» давлат концерни Ўзбекистон Республикаси Дон маҳсулотлари вазирлигининг ҳуқуқий вориси бўлиб, юридик шахс ҳисобланади ва у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган концерн Уставига амал қилади.
3. Бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар билан концерн ўртасидаги ўзаро муносабатлар таъсис шартномаси, Устав билан белгиланади ҳамда мулкчиликнинг давлат шакллари асосида қурилади. Концернга кирган бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар 1992 йилда қарор топган хўжалик алоқаларини ҳамда ўзаро молиявий мажбуриятларини сақлаб қоладилар. Концерн таркибига, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, иқтисодий манфаатдорликнинг умумийлиги асосида, ихтиёрий равишда бошқа корхоналар ва ташкилотлар кириши мумкин.
4. «Ўздонмаҳсулот» давлат концернининг асосий вазифаси республика халқ хўжалигини ва аҳолисини дон, ун, дон маҳсулотлари, омихта озуқа ва қандолатчилик маҳсулотлари билан таъминлашдан иборатдир.
Шу мақсадларда «Ўздонмаҳсулот» давлат концерни:
давлат буюртмасига мувофиқ дон қабул қилиш ва донни қайта ишлаш корхоналари билан жамоа, давлат хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер хўжаликларидан, шунингдек, аҳолидан шартномалар бўйича дон, мойли уруғларни, донли ва мойли ўсимликларнинг навдор ва дурагай уруғларини, ўтларни, хашакни ва кўкат унини сотиб олишни;
концерн уставида белгиланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган, дон, шу жумладан, унинг давлат ва мобилизацион ресурсларини, шунингдек, молиявий ва бошқа хил резервларни марказлаштирилган тартибда тўплашни ҳудудлар бўйича оқилона жойлаштиришни ва сақлашни;
тузилган шартномалар ва савдо талабномалари бўйича ун, ёрма, нон, нон-булка, макарон, қандолатчилик маҳсулотлари, омихта озуқаларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш давлат буюртмаси топшириғининг бажарилишини, ўз дўкони бўлган кичик нонвойхоналар тармоғини ривожлантиришни;
дон, ун, ёрма, нон, нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотларининг ва омихта озуқаларнинг сифатини доимий равишда текшириб туришни;
ягона илмий-техникавий ва технологик сиёсатнинг жорий этилишини, ички ва ташқи бозорнинг конъюнктурасини ўрганишни, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишни;
концерн ва унинг таъсисчилари манфаатларини давлат, шу жумладан, чет эл ва халқаро ташкилотларда ҳимоя қилиш бўйича вакиллик қилишни;
кадрлар сиёсатини, кадрлар резервини шакллантириш, кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни;
концерн таркибидаги бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларда амалдаги қонунчиликнинг тўғри қўлланилишини ташкил этишни, шунингдек, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг концерн ичидаги қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа корхоналар ва ташкилотларнинг ўзаро иқтисодий алоқаларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини.
5. «Ўздонмаҳсулот» давлат концернини бошқариш концернга кирган бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг ишлаб чиқариш-хўжалик, фаолиятининг алоҳида йўналишлари бўйича функцияларини марказлаштиришни ва уларнинг ўзини ўзи бошқаришини уйғунлаштириш асосида амалга оширилади.
Концерннинг бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотлари вакилларининг йиғилиши томонидан сайланадиган Кенгаш «Ўздонмаҳсулот» концернининг юқори бошқарув органи ҳисобланади.
Концерн Кенгаши хўжалик фаолиятининг, илмий-техника тараққиётини жадаллаштиришнинг, бошқарув тузилмасини такомиллаштиришнинг, меҳнат жамоаларини ижтимоий ривожлантиришнинг, республика аҳолисининг нон маҳсулотларига, чорвачиликнинг эса омихта озуқага бўлган эҳтиёжларини қондиришнинг муҳим масалаларини ҳал этади.
Концерн Кенгашига бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, бошқарув аъзолари киради. Концерн Кенгаши бошқарувни, унинг раисини ва раис ўринбосарларини сайлайди, ишчи аппаратнинг сонини ва уни сақлаш харажатларини белгилайди. Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Концерн Кенгаши, концерн бошқаруви ва ишчи аппарати келишилган нормативлар бўйича бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг фойдаларидан ажратмалар, шунингдек, ўзининг тижоратчилик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобига сақланади.
6. «Ўздонмаҳсулот» давлат концернида сафарбарлик ва фуқаро мудофааси бўлими сақлаб қолинсин, сафарбарлик бўйича топшириқларнинг бажарилиши белгиланган тартибда таъминлансин.
7. Белгилаб қўйилсинки, бозор иқтисодиётига ўтиш даври мобайнида давлат буюртмачи бўйича ишларни бажариш учун «Ўздонмаҳсулот» концернига капитал маблағлар ва моддий-техника ресурсларининг марказлаштирилган тартибда тақсимланадиган лимитлари ажратилади.
8. «Ўздонмаҳсулот» концерни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддат ичида республика Ҳукуматига концерннинг Устави лойиҳасини тақдим этсин.
9. Концерн бошқаруви раисига, унинг ўринбосарларига Ўзбекистон Республикаси вазирлари ва вазир ўринбосарлари учун белгиланган моддий-маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари татбиқ этилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 21 февраль,
75-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 21 февралдаги 75-сон қарорига
ИЛОВА
«ЎЗДОНМАҲСУЛОТ» КОНЦЕРНИ ТАРКИБИГА ҚИРУВЧИ БИРЛАШМАЛАР, КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ
РЎЙХАТИ
Қорақалпоғистон дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Тошкент дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Сирдарё дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Жиззах дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Самарқанд дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Навоий дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Бухоро дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Қашқадарё дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Сурхондарё дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Хоразм дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Андижон дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Наманган дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Фарғона дон маҳсулотлари ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Лойиҳалаштириш-саноат-қурилиш бирлашмаси;
«Тошкентнонсаноат» ишлаб чиқариш бирлашмаси;
Тошкент нон-булка-қандолатчилик комбинати;
Ишлаб чиқариш-технологик бутлаш бирлашмаси;
Республика ахборот-ҳисоблаш ва жорий қилиш маркази;
Дон маҳсулотларини муҳофаза қилиш республика экспедицияси;
Қўқон ижара нон комбинати;
Дон маҳсулотлари республика назорат-ишлаб чиқариш лабораторияси;
Омихта озуқа саноати республика назорат-ишлаб чиқариш лабораторияси;
Тошкент технология техникуми;
Раҳбар ходимлар, мутахассислар ва ишчи Кадрлар малакасини ошириш курслари.