Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Юкларни транзит ташиш тўғрисида
2017 йил 5 декабрь, Тошкент
 LexUZ шарҳи
Мазкур Битим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги ПҚ-3531-сонли «Халқаро шартномаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
(Ўзбекистон Республикаси учун 2018 йил 2 августдан кучга кирган)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Афғонистон Ислом Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини эътироф этган ҳолда,
Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали юк ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш ниятларини тасдиқлаган ҳолда,
процедураларни енгиллаштириш ва уйғунлаштириш орқали минтақавий алоқаларни, шу жумладан, Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали автомобиль ва темир йўл мунтазам қатновларини ривожлантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда. Таърифлар
Мазкур Битим мақсадларида қуйида келтирилган атамалар ушбу маъноларга эга:
«Хавфли юклар» ўзига хос хусусиятлари ва хоссалари туфайли атроф муҳитга зарар етказиши ёки одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган моддалар, материаллар, маҳсулотлар, саноат чиқиндилари ва бошқа фаолиятлардан ҳосил бўладиган чиқиндиларни англатади;
«Йирик габаритли юклар» қабул қилувчи давлатда транспорт воситаси ёки темир йўлнинг ҳаракатдаги таркибининг рухсат этилган ташқи ўлчамларидан (узунлиги, эни ва бўйи) ортиқ бўлган юкларни англатади;
«Оғир юклар» қабул қилувчи давлатда транспорт воситасининг рухсат этилган энг кўп вазнидан (умумий ва ўққа тушадиган оғирлик) ортиқ юкларни англатади;
«Қабул қилувчи давлат» юклар ташиладиган давлатни англатади;
«Тез бузиладиган товарлар» ташиш ва сақлаш жараёнида юқори ва паст ҳароратдан ҳамда ташқи ҳавонинг намлигидан ҳимоя қилиш талаб этиладиган товарларни англатади;
«Тақиқланган юклар» чегарадан олиб ўтиш тақиқланган товарларни англатади;
«Чекланган товарлар» чегарадан олиб ўтишда чеклов белгиланган ёки махсус рухсатнома талаб этиладиган товарларни англатади;
«Учинчи давлат» мазкур Битим иштирокчиси ҳисобланмайдиган ҳар қандай бошқа давлатни англатади;
«Транзит» бир Томон давлати ҳудуди орқали юкларни ташишни англатади, бунда жўнатиш ва етказиб бериш пунктлари ушбу Томон давлати ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлади.
2-модда. Битимнинг қўлланилиш соҳаси
1. Мазкур Битим ташишнинг барча усулларига, шу жумладан, аралаш ташиш схемаларига ҳамда юкларни ўзаро келишилган маршрутлар бўйича Томонлар давлати ҳудуди орқали ташишга нисбатан қўлланилади.
2. Томонлар транспорт воситаси рўйхатга олинган бошқа Томон давлатида қўлланиладиган техник талабларга мос келадиган ҳамда рўйхатга олиш давлатининг ваколатли сертификатлаш органи томонидан берилган Мувофиқлик сертификати ёки тегишли ҳужжатга эга бўлган транспорт воситаларининг ўз давлатлари ҳудудига киришига рухсат берадилар.
3. Мазкур Битим доирасида Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали ҳарбий таркиб, қурол-яроғ, ўқ-дорилар, ҳарбий техника ва ҳарбий аслаҳаларнинг транзитига рухсат этилмайди.
3-модда. Юкларнинг транзити
1. Томонлар мазкур Битим ва улар иштирокчилар ҳисобланган халқаро шартномалар қоидаларига мувофиқ, бир-бирларига ўз давлатлари ҳудудлари орқали юкларни транзит ташиш ҳуқуқини тақдим этадилар.
2. Томонлар темир йўл орқали транзит ташишда юклар ҳажмининг олдиндан мувофиқлаштирувини амалга оширадилар.
3. Томонлар давлатларининг юридик ва жисмоний шахслари бошқа Томон давлати ҳудудига бориш ёки ҳудудидан келишда ўзлари энг мақбул деб ҳисоблаган ташиш усулини танлаш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар.
4. Бир Томоннинг бошқа Томон давлати ҳудуди орқали транзит ташилаётган юклари асоссиз тарзда ушлаб қолинмайди ҳамда божхона божи ва йиғимларидан озод этилади, ташиш учун тўловлар ёки транзит билан боғлиқ маъмурий харажатларга ёхуд кўрсатилган хизмат нархига мутаносиб бўлган тўловлар бундан мустасно.
5. Юкларнинг импорти ва экспорти учун ундириладиган барча тўловлар ушбу бошқа Томон давлатининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ҳисоблаб белгиланади.
6. Томонлар давлатлари ҳудудлари ўртасида чегарани кесиб ўтишда фойдаланилган ташиш усулларидан юк жўнатиш пунктига ёки учинчи давлатга қайтишда ҳам фойдаланиш мумкин.
4-модда. Тез бузиладиган товарлар ва чорва моллари
Тез бузиладиган товарлар ва чорва молларининг чегара расмийлаштируви тегишли рухсатномалар ҳамда олдиндан келишилган йўналишлар мавжуд бўлганда устувор асосда амалга оширилади.
5-модда. Йирик габаритли ва оғир юклар
Йирик габаритли (ногабарит) ва оғир юкларнинг транзити иккала Томон ўртасида келишилган шартларда амалга оширилади. Томонлар бундай юкларни ташиш учун қўшимча битим тайёрлашга келишиб олдилар.
6-модда. Хавфли ва тақиқланган юклар
1. Хавфли ва тақиқланган юкларнинг транзити иккала Томон ўртасида келишилган шартларда амалга оширилади. Ушбу мақсадда Томонлар бундай юкларнинг рўйхати билан алмашадилар.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган юкларнинг Томонлар давлатлари ҳудудлари орқали транзити ўз ҳудудида ташиш ташкил этилаётган Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
3. Бир Томон ваколатли органлари тегишли эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида бошқа Томон ваколатли органларини уларнинг давлатлари ҳудудлари орқали мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган юкларни транзит ташиш тўғрисида олдиндан хабардор қиладилар.
7-модда. Расмиятчиликларни енгиллаштириш
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ расмиятчиликлар учун талаб этиладиган жараёнлар ва ҳужжатлар миқдорини имкон қадар чеклайдилар ва/ёки қисқартирадилар ва/ёки уларга барҳам берадилар.
8-модда. Ахборот алмашинуви
1. Томонлар бошқа Томон давлати ҳудудига кириб келаётган юкларнинг транзити тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, транспорт воситалари, ташувчилар, кузатиб борувчи шахслар ва бошқа зарурий ахборотлар билан олдиндан алмашадилар.
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари чегарани кесиб ўтиш учун рухсатнома беришда талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатини, шунингдек, ахборот алмашиш учун фойдаланиш мумкин бўлган алоқа воситаларини аниқлайдилар.
9-модда. Бошқа халқаро битимлар
1. Мазкур Битим қоидаларини қўллашда Томонлар улар иштирокчилар ҳисобланадиган бошқа халқаро транзит битимларига амал қиладилар.
2. Мазкур Битим доирасида юкларни транзит ташишда фақат Томонлардан бири иштирокчи ҳисобланадиган халқаро битимлар қўлланилмайди.
10-модда. Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда келиб чиқадиган низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
11-модда. Ўзгартиришлар ва баённомалар
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва Битимнинг 12-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда. Кучга кириши
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида Томонлар сўнгги ёзма хабарномаси олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим беш (5) йил давомида амал қилади ва тегишли беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
3. Мазкур Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб олти (6) ойдан сўнг тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2017 йил 5 декабрда, ҳижрий 14/09/1396, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, дари, пушту ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)