Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон маданият ва санъат соҳасини такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига катта ҳисса қўшган таниқли санъаткорларни ҳамда санъаткор ёшларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича республика комиссиясининг таркиби 2-иловага мувофиқ;
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, мукофотлаш ва сертификат бланкасини тайёрлаш учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий тадбирларни молиялаштириш учун ҳар йили назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 апрель,
271-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 271-сон қарорига
1-ИЛОВА
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда жаҳон миқёсидаги нуфузли кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаган, ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни (кейинги ўринларда маданият соҳаси вакиллари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш (кейинги ўринларда мукофотлаш деб аталади) тартибини белгилайди.
2. Мукофотлашга, қоида тариқасида, қуйидаги соҳаларда фаолият юритаётган маданият соҳаси вакиллари тавсия этилади:
композитор, бастакор ва санъатшунослар;
театр, кино ва оммавий тадбирлар актёрлари, режиссёрлари;
дирижёрлар, балетмейстерлар;
мусиқа, хор, рақс, цирк, оркестр, ансамбль ижрочилари ва ушбу жамоаларнинг бадиий раҳбарлари;
достон ижрочилиги намояндалари;
шоир ва ёзувчилар;
музей ҳамда моддий ва номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимлар;
тасвирий ва амалий санъат вакиллари, дизайнерлар.
Мукофотлашга маданият соҳасининг бошқа йўналишларида фаолият юритаётган номзодлар ҳам тавсия этилиши мумкин.
3. Номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича) номзодларни кўриб чиқиш ва танлаб олиш Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда ҳудудий комиссия деб аталади) томонидан амалга оширилади.
Биринчи босқич якунлари бўйича ҳудудлардан мукофотлашга танлаб олинган (тавсия этилган) номзодлар танловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Иккинчи босқич (республика бўйича) Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) томонидан ўтказилади.
4. Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ушбу Низомга иловага схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиянинг ишчи органи деб аталади) ҳисобланади.
2-боб. Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодларни танлаб олиш мезонлари
6. Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
Ўзбекистонда доимий истиқомат қилган ҳолда ижодий фаолият юритаётганлиги;
жаҳон миқёсидаги кўрик-танлов ва фестивалларда юқори ўринларни (1-4-ўринлар) эгаллаганлиги;
ўзбек санъати ва маданиятини дунё саҳналарида мунтазам равишда муваффақиятли намойиш этиб келаётганлиги;
муносиб ижодий кадрларни тайёрлаганлиги, ўзининг ўқув адабиётлари, илмий ишлари, катта амалий тажрибаси билан уларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшганлиги (Ўзбекистон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорлар учун);
сўнгги беш йил мобайнида маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш йўлидаги ижоди билан бир қаторда миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларни ёшларга сингдириш ва эътиқодини юксалтиришдаги ибратли хизмати ва ёшларнинг алоҳида ютуқлари.
Ушбу банднинг тўртинчи — олтинчи хатбошларида назарда тутилган мезонлар асосида мукофотлашга тавсия этилаётган номзодларни танлаб олиш ҳар бир номзоднинг мукофотлашга муносиблиги Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар томонидан ҳаққоний ва холисона баҳолаган ҳолда ҳал этилади.
3-боб. Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш
7. Маданият ва санъат соҳасидаги ташкилотлар ўз ташаббусига кўра ҳар йили 1 июнга қадар мукофотлашга тавсия этиладиган номзодларни танлаб олади ва номзод тўғрисида ташкилотнинг биринчи раҳбари томонидан имзоланган тавсияномани ҳудудий комиссиянинг ишчи органига тақдим этади.
8. Маданият соҳасининг вакили (номзод), унинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахс фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тавсияномасини ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган муддатда ҳудудий комиссиянинг ишчи органига тақдим этиши мумкин.
9. Ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган тавсияномаларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг маълумотнома-объективкаси (анкета);
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 июлдаги ПФ-6269-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон)
оммавий ахборот воситаларида номзод ҳақида берилган кўрсатув ва эшиттиришларнинг CD дискдаги ёзуви ёки мамлакатимизда ва чет элларда чоп этилган мақолалар нусхаси (агар бўлса);
номзоднинг ижодий ишлари, фаолияти ва эришган ютуқларини акс эттирувчи ҳужжатлар (муаллифлик асарлари ёки репертуар рўйхати, видео-аудио альбомлари, турли тадбирларда қўлга киритган совринли ўринлар учун сертификат ва дипломлар нусхаси) тўплами.
Номзодлардан ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатлар талаб этилишига йўл қўйилмайди.
4-боб. Тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш тартиби
10. Ҳудудий комиссиянинг ишчи органи тақдим этилган ҳужжатларни ушбу Низомнинг 9-бандига мувофиқ тўлиқлиги юзасидан кўриб чиқади.
Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилган тақдирда, улар уч иш куни мобайнида ушбу ҳужжатларни тақдим этувчига камчиликлар ҳамда ҳужжатларни қайта тақдим этишнинг аниқ муддати кўрсатилган ҳолда қайтарилади.
Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ бўлган тақдирда, улар ҳудудий комиссиянинг ишчи органи томонидан ҳудудий комиссияга кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун тақдим этилади.
11. Ҳудудий комиссия номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.
Ўрганиш натижалари бўйича ҳар бир ҳудудий комиссия мукофотлаш учун тавсия этиладиган 3 нафар номзодни аниқлаб, улар тўғрисида ҳужжатларни ҳар йили 15 июнга қадар кўриб чиқиш учун Республика комиссиясига киритади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Республика комиссияси ҳудудий комиссиялар томонидан тақдим этилган номзодларнинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиб, мукофотлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан тавсия этиладиган жами 20 нафар номзодни аниқлайди ҳамда улар юзасидан таклифларни ҳар йили 1 июлга қадар келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига тақдим этади.
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
Республиканинг бирор вилоятидан муносиб номзод тавсия этилмаган тақдирда ушбу ҳудудга ажратилган ўрин Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларга берилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган номзодлар рўйхати (танлов ғолиблари) Республика комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланади.
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Танлов ғолиблари уларни рағбатлантириш тўғрисида Республика комиссиясининг тегишли қарори асосида ушбу қарор қабул қилинган кунда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади ва уларга мукофотланганлик тўғрисида сертификат топширилади.
(13-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
5-боб. Тақдирлаш маросимини ташкил этиш ва ўтказиш
14. Мукофотлаш маросими ҳар йили Тошкент шаҳрида Мустақиллик байрами арафасида ўтказилади.
15. Ушбу Низом талаблари асосида мукофотлаш такроран амалга оширилмайди.
16. Мукофотлаш учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданий тадбирларни молиялаштириш учун ҳар йили назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан ажратилади.
17. Мукофотланадиган маданият ва санъат вакиллари рўйхати республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
6-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Мукофотлашга тавсия этилаётган номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 271-сон қарорига
2-ИЛОВА
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича республика комиссиясининг
ТАРКИБИ

А.Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Республика комиссияси раиси

Б.Сайфуллаев

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири, Республика комиссияси раиси ўринбосари

К.Акилова

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари

Ш.Ризаев

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари

Ф.Ташмуҳамедов

Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг ўринбосари

С.Саидов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқ шоири

Х.Рахимов

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон санъат арбоби

Ш.Тохтасимов

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори

С.Бегматов

Ўзбекистон Миллий мақом санъати маркази раҳбари, санъатшунослик фанлари номзоди, профессор

Б.Қурбонов

Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, профессор

Ф.Зокиров

Ўзбекистон халқ артисти

Ё.Аҳмедов

Ўзбекистон халқ артисти

З.Зоиров

Вазирлар Маҳкамасининг етакчи мутахассиси, Республика комиссияси масъул котиби

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда комиссия таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 271-сон қарорига
3-ИЛОВА
Миллий маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган санъаткорларни ҳамда ўзбек санъатини дунё саҳналарида муваффақиятли намойиш этиб келаётган ёшларни Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан рағбатлантириш бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий
ТАРКИБИ

лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Комиссия раиси

лавозимига кўра

Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиғи, Комиссия раисининг ўринбосари

лавозимига кўра

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари

лавозимига кўра

«Ўзбеккино» миллий агентлигининг ҳудудий бўлими раҳбари

лавозимига кўра

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳудудий бўлими раиси

лавозимига кўра

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг ҳудудий бўлими раиси

лавозимига кўра

Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекциясининг ҳудудий бўлинмалари раҳбари

Изоҳ.
1. Комиссияларнинг шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланади;
2. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда комиссия таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.04.2018 й., 09/18/271/1043-сон; 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)