Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги Ф-4977-сон фармойиши ва Вазирлар Маҳкамасининг «Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 14 сентябрдаги 726-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 2-сон, 20-модда) иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 6 апрель,
269-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 апрелдаги 269-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар
Вазирлар Маҳкамасининг «Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 2-сон, 20-модда):
а) 3-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда, Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали қарздорликни аниқлаш электр ва газ таъминоти бўйича 2019 йил 1 январдан, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматлари бўйича 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади»;
б) 4-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси ва республика вилоятларида — идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали қарздорлик ҳақидаги маълумотлар электр ва газ таъминоти бўйича 2019 йил 1 январдан, иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш хизматлари бўйича 2021 йил 1 январдан бошлаб юборилиши таъминлансин».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2018 й., 09/18/269/1041-сон)