Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент шаҳридаги бассейнлар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Болалар ва ёшларнинг мактабдан ташқари спорт таълими тизимини янада такомиллаштириш, аҳолини соғломлаштириш, уларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, сув спорти турлари бўйича спорт захираси ва юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, бассейнлардан самарали фойдаланишда давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш, сув спорти турлари бўйича болалар тренерларини тайёрлаш ва селекция ишларини йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳрида жойлашган бассейнларда соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланиш учун олинадиган тўлов миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб амалга киритилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 508-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.07.2018 й., 09/18/508/1477-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси 2018 йил 1 февралга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тизимидаги бассейнларда (кейинги ўринларда бассейнлар деб аталади) шуғулланиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда ёшлар кесимида сув спорти турлари билан шуғулланиш бўйича ўқув режалар, дастурлар ва меъёрларни ишлаб чиқиб белгиланган тартибда тасдиқласин;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли болаларни сув спорти турларига ўргатадиган тренерларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этсин;
бассейнларга кириш ва ўтиш жойларида видеокузатув мосламалари ҳамда турникетлар ўрнатилишини таъминласин;
бассейнларнинг манзили, иш вақти, кўрсатиладиган хизмат турлари ва нархлари аниқ кўрсатилган ҳолда Интернет жаҳон ахборот тармоғида доимий равишда кенг ёритилишини йўлга қўйсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, бассейнларга кириш ва ўтиш жойларида видеокузатув мосламалари ва турникетларни ўрнатиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари «Спорт» махсус ҳисоб рақами маблағлари ҳисобидан қопланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 августдаги 481-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.08.2020 й., 09/20/481/1169-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бассейнларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларининг бажарилиши бўйича доимий равишда тушунтириш ишларини олиб борсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
Тошкент шаҳрида жойлашган давлат таълим муассасаларининг бассейнларини хатловдан ўтказсин;
хатлов якунлари бўйича давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериладиган Тошкент шаҳрида жойлашган давлат таълим муассасаларининг бассейнлари рўйхатини тузсин ҳамда мазкур рўйхатни ҳамда давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериш шартлари тўғрисидаги маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирсин;
давлат ва хусусий шериклик асосида фойдаланишга бериладиган бассейнларни келиб тушган таклифларга кўра, ижарага бериш тизимини жорий этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси келгусида қуриладиган бассейнлардаги вентиляция тизимларининг табиий ва сунъий йўлларидан фойдаланишни ташкил этиш ҳисобига энергия жиҳатидан тежамкорлик тизимини татбиқ қилган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 2018 — 2025 йилларда 10 тадан энергиятежамкор бассейнлар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қ.В. Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Д. Қурбонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 5 январь,
8-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январь 8-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги Тошкент шаҳрида жойлашган бассейнларда соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланиш учун олинадиган тўлов миқдорлари
(илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
|
Ёшлар кесимида |
Базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан фоиз ҳисобида (бир ойга) |
|
4 — 7 ёш |
30 |
|
8 — 12 ёш |
40 |
|
13 — 17 ёш |
50 |
|
18 ва ундан катта ёшдагилар |
70 |
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2018 й., 09/18/8/0531-сон, 09.07.2018 й., 09/18/508/1477-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; 13.08.2020 й., 09/20/481/1169-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)