Ҳужжат кучини йўқотган " " 29.12.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4937-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш мақсадида иқтисодиётни жадал ривожлантириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур соҳадаги фаолиятнинг самарадорлигига, энг аввало, мавжуд ресурслардан нооқилона фойдаланиш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллиги юзаки ўрганилганлиги билан боғлиқ қатор камчиликлар салбий таъсир кўрсатмоқда.
Амалдаги ресурсларни, шунингдек, инвестициялар, энг аввало, хорижий инвестицияларни жалб этишнинг реал имкониятларини инобатга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни узоқ муддатли ривожлантириш концепцияси мавжуд эмас. Бунинг оқибатида иқтисодий жиҳатдан истиқболли бўлмаган лойиҳаларни ташаббус қилиш, молиявий маблағларни самарасиз сарфлаш ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу охир-оқибатда, умуман, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини пасайтиришга олиб келади.
Мазкур ҳолатлар инвестиция дастурларини шакллантириш тартиби, уни молиялаштириш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқишни, амалга оширишга таклиф этилган лойиҳаларни танлаб олишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишни талаб қилади.
Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш ва танлаб олишнинг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг:
марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари (кейинги ўринларда ривожланиш давлат дастурлари деб юритилади) асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
ривожланиш давлат дастурларига киритилган, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш фақат Жамғарма орқали амалга оширилади;
Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ҳисобварақларда жамланади;
Жамғарманинг ижро этувчи органи ва маблағларининг тасарруф этувчиси Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари Жамғарманинг ижро этувчи директори ҳисобланади;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ПФ-5457-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.06.2018 й., 06/18/5457/1324-сон)
Жамғарманинг ижро этувчи директори ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати билан жалб этиладиган чет эл кредитлари;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари билан белгиланадиган бошқа манбалар.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Жамғарма Кузатув кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
ривожланиш давлат дастурлари тегишли ривожланиш концепциясини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланадиган, узоқ муддатли истиқболда, қоида тариқасида, 10 — 15 йилда Ўзбекистон Республикасининг тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс кўринишни ва стратегик вазифаларни жамлаган тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфели асосида шакллантирилади;
ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва реализация қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарининг бошчилигида амалга оширилади;
(5-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ПФ-5457-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.06.2018 й., 06/18/5457/1324-сон)
ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш учун мўлжалланган номарказлаштирилган инвестициялар Жамғармада ҳисобга олинади;
ривожланиш давлат дастурларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг улар бўйича ижобий хулосаси бўлган ҳоллардагина амалга оширилади;
марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш Жамғарма кузатув кенгашининг ижобий қарори бўлган ҳоллардагина амалга оширилади;
ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредитлари лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бизнес-режалари пухта ва ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг, шунингдек, тижорат банки кредит қўмитасининг ижобий қарори мавжуд бўлган ҳолларда тақдим этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этиш учун зарур бўлган маълумотлар базалари ва бошқа ахборотлар тақдим этилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини;
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ривожланиш давлат дастурларига киритиладиган лойиҳаларнинг лойиҳаолди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашни, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифа ва штат бирликларини оптималлаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тизимида мазкур ҳужжатлар ва импорт контрактларининг комплекс экспертизасини амалга ошириш учун масъул бўлган махсус тузилмани ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси фаолиятини молиялаштиришга маблағларни 2018 йил 1 январдан асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича ажратсин ҳамда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларида назарда тутсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон «Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида:
3-банднинг тўртинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
4-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Р. Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 декабрь,
ПҚ-3437-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини (кейинги ўринларда — ривожланиш давлат дастурлари) шакллантириш тартибини белгилаб беради, ушбу дастурлар лойиҳалардан ташкил топган бўлиб, уларни амалга ошириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришишга йўналтирилган.
2. Ривожланиш давлат дастурлари мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантиришга, мавжуд табиий, минерал-хом ашё, молиявий, моддий, меҳнат ресурслари ҳамда бошқа ресурслардан рационал фойдаланиш орқали республика иқтисодиётининг айрим тармоқларини ва ҳудудларни таркибий қайта қуриш бўйича асосий устувор йўналишлар ҳамда вазифаларни амалга оширишга қаратилган ва узоқ муддатли истиқболни мўлжаллаб тасдиқланадиган тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепциялари негизида шакллантирилган ўзаро боғлиқ чора-тадбирлар комплексидан иборатдир.
3. Ривожланиш давлат дастурлари инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ва уларни молиялаштириш манбаларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг асосий кўрсаткичларини ҳар йили аниқлаштириб ва янгилаб туриш орқали тасдиқланган ривожланиш концепциялари асосида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумдавлат дастурлари бажарилишини таъминлаш мақсадида уч йиллик даврга шакллантирилади.
4. Ривожланиш давлат дастурлари қуйидагилардан ташкил топади:
дастурни амалга ошириш ҳисобига эришилиши лозим бўлган йиғма жадваллар, жумладан мақсадли мўлжаллар билан бирга таҳлилий қисмдан;
лойиҳалар портфеллига киритилган лойиҳаларнинг рўйхати билан бирга манзилли дастурдан иборат.
5. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ривожланиш концепцияси — Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ҳужжат бўлиб, у узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикасини тармоқ, ҳудудий ва мақсадли ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга оширишни комплекс мушоҳада этиш ва унинг стратегик вазифаларини ўз ичига олади, тармоқ вазифаларини босқичма-босқич ва тизимли равишда ҳал этишни таъминлайдиган муддатда (қоида тариқасида 10 йилдан 15 йилгача) аниқ тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг комплекс, истиқболли ва илмий асосланган режаси баён этилади;
лойиҳалар портфели — тасдиқланган ривожланиш концепцияларига мувофиқ киритиладиган айрим лойиҳалар (қоида тариқасида 3 йилдан 5 йилгача муддатли) тўпламидан иборат бўлиб, улар тегишли ривожланиш концепцияларида белгиланган мақсадларга эришишни самарали таъминлаш учун тармоқ, ҳудудий ва мақсадли мезонлар бўйича бирга гуруҳланади;
лойиҳа — вақт ва ресурслар чекланган шароитда маҳсулот (товар, иш, хизматлар) яратишга қаратилган ўзаро боғлиқ тадбирлар комплекси ёки алоҳида тадбирлар. Лойиҳалар инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларга ажратилади;
инвестициявий лойиҳа — иқтисодий, ижтимоий ва бошқа наф кўриш учун амалга оширишга ёки инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган лойиҳа;
инфратузилмавий лойиҳа — паст рентабелли ёки у мавжуд бўлмаган инфратузилма объектларини яратиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган лойиҳа;
лойиҳа устави — лойиҳаолди ҳужжати бўлиб, у амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳанинг асосий параметрларини белгилайди, уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини ва ривожланиш концепциясига мувофиқ устувор эканлигини асослаб беради;
лойиҳа паспорти — лойиҳалар портфеллига киритилган ва ривожланиш давлат дастурларига киритиш тавсия этилаётган лойиҳанинг асосий параметрлари тўғрисидаги ахборот баён этилган ҳужжат;
дастлабки техник-иқтисодий асосланиш ёки дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб (кейинги ўринларда — ДТИА ёки ДТИҲ) — лойиҳаолди ҳужжати бўлиб, лойиҳани энг рационал тарзда жойлаштириш ҳамда уни амалга оширишнинг самарали техник, ташкилий ва молиявий-иқтисодий ечимини, умуман лойиҳанинг чекланган қийматини, шу жумладан уни молиялаштиришнинг мумкин бўлган шартлари бўйича вариантларни инобатга олган ҳолда вариантларни ҳамда молиялаштириш эҳтиёжни белгилаб берувчи ҳажмни кўриб чиқиш асосида технологик ускуналарнинг қийматини танлаб олишини асослаб беради;
техник-иқтисодий асослантириш ёки техник-иқтисодий ҳисоб-китоб (кейинги ўринларда — ТИА ёки ТИҲ) — лойиҳа ҳужжати бўлиб, лойиҳани молиялаштириш шартларини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган лойиҳани амалга оширишнинг узил-кесил, энг рационал ва самарали техник ташкилий ва молиявий-иқтисодий ечимларини белгилайди;
ваколатли органлар — ўз ваколатлари доирасида ривожланиш концепциялари, лойиҳалар портфели ва ривожланиш давлат дастурлари келишиб олинишини таъминлайдиган давлат органлари — Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидир;
мувофиқлаштирувчи кенгашлар — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳузурида тармоқлар ва ҳудудлар бўйича ташкил этиладиган, ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш билан шуғулланадиган кенгашлардир.
6. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
зарур ҳажмларда, мақбул шартларда хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш;
энг самарали лойиҳаларни танлаб олиш ва улар амалга оширилишини мониторинг қилишнинг амалий тизимини шакллантириш;
лойиҳаларда ташаббус кўрсатиш, уларни тайёрлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларнинг шаффофлиги;
тасдиқланган ривожланиш концепциялари асосида энг муҳим тармоқлар ва ҳудудларни танлаган ҳолда қўллаб-қувватлаш;
биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларни (соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хўжалиги) аҳолининг турмуш даражаси ва сифати оширилишини, истеъмол эҳтиёжи фаоллашувини таъминлайдиган ҳажмларда молиялаштириш;
минерал-хом ашё ресурсларини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган ишлаб чиқариш корхоналарини жадал ривожлантиришни таъминлашга, тайёр маҳсулот сифатини ташқи бозорда рақобатдошлик даражасига етказишга қаратилган лойиҳаларни устувор даражада қўллаб-қувватлаш;
транспорт инфратузилмасини, жумладан қитъалараро транспорт йўлакларига интеграциялашувини ривожлантириш ва такомиллаштириш, логистика комплексларини ва транспорт-логистика хабларини шакллантириш;
таркибий ислоҳотлар ва амалга оширилаётган инвестиция сиёсати вазифаларига мувофиқ инвестициялар киритишнинг ўзаро манфаатдорлиги шартлари асосида хорижий капитални жалб этиш;
молиялаштирувчи томонининг асоссиз устунлик бериш тўғрисидаги талаби назарда тутиладиган ҳолатларга йўл қўймаслик;
илгари бошланган объектларни биринчи навбатда молиялаштириш.
2-боб. Ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш тартиби
7. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш жараёни:
узоқ муддатли ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш;
лойиҳалар портфелларини яратиш;
тасдиқланган лойиҳалар портфели асосида ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш йўли билан амалга оширилади.
8. Ҳудудларни планировка қилиш схемаси билан узвий боғланган ривожланиш концепцияси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, халқаро ва маҳаллий экспертларни, илмий ташкилотларнинг ходимларини жалб этган ҳолда тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда мувофиқлаштирувчи кенгашлар томонидан ишлаб чиқилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ривожланиш концепцияларини келишиш учун ваколатли органларга ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга киритади.
10. Ваколатли органлар ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ривожланиш концепциялари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан келишиб олиниши лозим, шундан сўнг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритилади.
11. Ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва амалга оширишга оид барча ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплексининг раҳбари раҳбарлиги остида амалга оширилади.
12. Тасдиқланган ривожланиш концепцияларига мувофиқ, ташаббускорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфеллари шакллантирилади.
13. Лойиҳаларнинг портфелларини шакллантириш лойиҳа бошқаруви соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан ишлаб чиқилган Лойиҳалар портфелларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича методик кўрсатмаларга мувофиқ амалга оширилади.
14. Дастлабки ҳисоб-китоблари ва лойиҳа Уставида кўрсатилган лойиҳаларнинг ҳажмларини, эҳтимол тутилган молиялаштириш манбаларини тасдиқловчи зарур материаллари мавжуд бўлган лойиҳаларнинг портфеллари ташаббускорлар томонидан иқтисодиётнинг базавий тармоқлари қисмида ваколатли органлар ва «ЎзИнжиниринг» РЛИ билан, шунингдек, лойиҳанинг аҳамиятига қараб бошқа лойиҳа институтлари билан келишиб олинади.
15. Тақдим этилган лойиҳалар портфелларини кўриб чиқиш якунлари бўйича ваколатли органлар, «ЎзИнжиниринг» РЛИ ва бошқа лойиҳа институтлари лойиҳалар портфелларини келишиб оладилар ёки фикр-мулоҳаза ва тавсияларни ҳамда эҳтимол тутилган муқобил таклифларни ҳисобга олган ҳолда уларни тўлиқ ишлаб чиқиш учун қайтарадилар.
16. Эътироз ва тавсиялар олинганда ташаббускор тармоқ вазирликлари ва идоралари билан биргаликда лойиҳаларнинг дастлабки ҳисоб-китобларини ўзгартирган ҳолда лойиҳалар портфеллига тузатишлар киритади ва уни келишиш учун такроран юборади.
17. Портфелга ташаббускорлар томонидан танлаб олинган лойиҳаларнинг тасдиқланган ва келишилган уставлари мавжуд бўлган лойиҳалар киритилади.
18. Узил-кесил ва келишилган лойиҳаларнинг портфеллари ташаббускорлар томонидан Агентликка келишиш учун киритилади.
19. Агентлик томонидан келишилгандан сўнг лойиҳаларнинг портфеллари Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тасдиқлаши учун белгиланган тартибда киритилади.
20. Лойиҳа ташаббускори томонидан тасдиқланган лойиҳалар портфеллига киритилган ҳар бир лойиҳа бўйича амалга оширишнинг батафсил календарь режаси ишлаб чиқилади. Бунда, батафсил ишлаб чиқилган календарь режаси ваколатли органлар ва Агентлик томонидан келишиб олинади.
21. Ташаббускор лойиҳалар портфелларини тасдиқлаш билан бир вақтда лойиҳаолди ҳужжатлари (лойиҳаларнинг ДТИА/ДТИҲлари)ни ишлаб чиқишга киришади.
22. Лойиҳаларнинг ишлаб чиқилган ДТИА/ДТИҲлари Агентликда дастлабки мажбурий экспертизадан ўтказилиши ва тегишли ваколатли органларда тасдиқланиши лозим.
23. Лойиҳани ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган лойиҳанинг ДТИА/ДТИҲлари ва паспорти мажбурий равишда мавжуд бўлиши зарур.
24. Лойиҳаларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Агентлик томонидан тасдиқланадиган лойиҳаларни устуворлиги, мақсадга мувофиқлиги ва молиялаштириш манбаларига қараб танлаб олиш методик тавсияларида белгиланган қоидаларга мувофиқ мувофиқлаштирувчи кенгашлар ва ташаббускорлар билан биргаликда лойиҳаларнинг устуворлигига қараб белгиланади.
25. Ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун таклиф этилаётган лойиҳаларга оид ҳужжатлар тўплами Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан уларни ривожланиш давлат дастурларига киритиш тўғрисидаги қарорни олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма)га юборилади.
26. Ривожланиш давлат дастурлари, лойиҳаларни танлаб олиш якунларига кўра Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва ташаббускорлар билан биргаликда шакллантирилади.
27. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ривожланиш давлат дастурларининг лойиҳаларини келишиш учун манфаатдор вазирликлар ва идораларга киритади.
28. Келишиш якунларига кўра, ривожланиш давлат дастурларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан келишиш учун Агентликка киритилади.
29. Агентлик билан келишилган тақдирда ривожланиш давлат дастурларининг лойиҳалари Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тасдиқлаши учун белгиланган тартибда тақдим этилади.
30. Ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва амалга оширишга оид барча ишларни мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарининг раҳбарлиги остида амалга оширилади.
31. Ривожланиш давлат дастурларига:
лойиҳаларнинг ДТИА/ДТИҲлари, Жамғарма маблағлари, шу жумладан устав жамғармасида 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан амалга ошириладиган объектлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари;
белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа паспорти;
молиялаштириш манбалари тасдиқланиши;
Жамғарманинг ижобий хулосаси;
Агентликнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган лойиҳалар киритилади.
Ривожланиш давлат дастурларининг йиллик инвестиция туркумига, шунингдек, ривожланиш давлат дастури доирасида лойиҳа ҳужжатлари илгари тайёрланган ва тасдиқланган ўтувчи лойиҳалар ва янгидан тасдиқланган лойиҳалар ҳам киритилиши мумкин.
32. Зарур ҳолларда, тасдиқланган ривожланиш давлат дастурларига ўзгартишлар киритиш, улардан лойиҳаларни чиқариш, бир молия йили давомида янги лойиҳаларни киритиш умумий тартибда амалга оширилади.
3-боб. Ривожланиш давлат дастурларининг мазмуни
33. Давлат дастурларининг таҳлилий қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнози ва тасдиқланган ривожланиш концепцияларининг кутилаётган натижалари билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш якунлари бўйича режалаштирилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар;
ривожланиш давлат дастурларининг ЯММ ўсишига прогноз қилинаётган таъсири натижалари, иқтисодиётнинг тармоқ ва ҳудудий таркиби, экспорт ва импорт таркибининг ўзгариши;
ривожланиш давлат дастурлари самарадорлигини баҳолаш, шу жумладан аҳолининг турмуш даражаси ва сифати, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётнинг ҳолатини (ҳолати ўзгаришини) тавсифловчи кутилаётган натижалар прогнози;
республика иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари билан боғлиқ ҳолда капитал қўйилмаларнинг ҳажмлари ва молиялаштириш манбалари;
молиялаштириш манбаларини кўрсатиб, амалга ошириладиган йиллар бўйича инвестицияларнинг такрор ишлаб чиқариладиган ва технологик таркибини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида умуман дастур бўйича капитал қўйилмаларнинг таркиби.
34. Ривожланиш давлат дастурларининг барча ҳисоб-китоблари жадал суръатда, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг уч йиллик даврга мўлжалланган прогнозлари асосида ишлаб чиқилади ва ривожланиш концепцияларига мувофиқ қуйидаги мезонлар қўшимча равишда ҳисобга олинади:
тармоқ (ҳудуд)нинг истиқболдаги прогноз ўсиш суръатлари;
экспорт салоҳиятининг прогноз ўсиш суръатлари;
тармоқнинг умуман республика бўйича макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирининг ўзгариши;
тузилма ҳосил қилувчи омиллар;
илгари киритилган инвестицияларнинг самарадорлиги;
асосий фондларнинг ҳолати ва қувватлардан фойдаланиш даражаси;
лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти.
35. Ижтимоий соҳа объектларини ишга туширишнинг прогноз қилинадиган ҳажмлари буюртмачилар ва объектлар бўйича тақсимланган ҳолда ривожланиш давлат дастурларига йириклаштирилган тарзда киритилади.
36. Ривожланиш давлат дастурларининг манзилли қисми қуйидагилардан иборат:
ривожланиш давлат дастурлари асосий тадбирларини амалга ошириш муддатлари ва кутилаётган натижаларни, шунингдек, тадбирлар ва уларни бажариш натижаларининг мақсадли дастурлар кўрсаткичлари билан ўзаро боғлиқлиги тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда мазкур тадбирларнинг рўйхати ва тавсифлари;
зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий қоидаларини ва уларни қабул қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда ривожланиш давлат дастурларининг мақсадларига ва кутилаётган натижаларига эришишга қаратилган тегишли тармоқда ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий чора-тадбирлари;
ривожланиш давлат дастурларини йиллар бўйича амалга оширишга оид режали кўрсаткичларни аниқ ифода этган ҳолда, ушбу дастурларнинг мақсадли натижалари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, тадбирлар ва уларни бажариш натижаларининг тармоқ дастурлари мақсадли кўрсаткичлари билан ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар;
республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар маблағлари, бюджетдан ташқари давлат жамғармалари маблағлари ҳисобига ривожланиш давлат дастурларини молиявий таъминлашга оид ахборот (бюджет маблағларининг бош тасарруфчилари, мақсадли дастурлар, тармоқ дастурларининг асосий тадбирлари, шунингдек, ривожланиш давлат дастурларини йиллар бўйича амалга оширишни аниқ кўрсатган ҳолда);
ривожланиш давлат дастурларининг асосий тадбирларини амалга ошириш мақсадида, узоқ муддатли давлат контрактларини бажариш учун Давлат бюджети маблағларининг чекланган ҳажмлари (товарлар етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга узоқ муддатли давлат контрактлари тузилган тақдирда);
молиялаштириш манбалари ва ишлаб чиқариш қувватлари кўрсатилган тармоқлар кесимида ривожланиш давлат дастурлари капитал қўйилмаларининг асосий параметрлари;
ривожланиш давлат дастурлари доирасида тармоқлар кесимидаги объектларни ишга тушириш прогнози;
ривожланиш давлат дастурлари доирасида ҳудудлар кесимидаги объектларни ишга тушириш прогнози;
ижтимоий соҳа объектларини ишга тушириш прогнози;
тасдиқланган ривожланиш концепциялари кесимида лойиҳаларнинг рўйхатлари;
лойиҳаолди ҳужжатлари иккинчи йил ва учинчи йилда тайёрланиб, тасдиқланадиган лойиҳалар рўйхати;
аввалги йилларда фойдаланишга топширилган объектлар ва ишлаб чиқариш қувватлари рўйхати, булар бўйича инвестициядан кейинги даврдан то тасдиқланган лойиҳа ТИАга мувофиқ тўлиқ лойиҳа қувватига эришилгунга қадар мониторинг олиб борилади.
4-боб. Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш
37. Жамғарманинг махсус ҳисобварақларида йиғилиб бориладиган маблағлар ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
38. Молия вазирлиги, бюджетдан ташқари давлат жамғармалари ҳар йили 1 августга қадар ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун уч йиллик даврда маблағлар келиб тушишининг прогноз ҳажмларини Жамғармага, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этадилар.
5-боб. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш муддатлари
39. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш жараёни бир йиллик циклга эга бўлиб, ҳар йилнинг охиригача янгиланган дастурлар тайёрланишини таъминлайдиган қатъий жадвалга таянади.
40. Ривожланиш давлат дастурларини амалга оширишнинг биринчи йилига янгидан бошланадиган лойиҳалар киритилади, уларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланган бўлади, шунингдек, аввалги дастурда ўрнатилган амалга ошириш муддатларини инобатга олган ҳолда ўтувчи лойиҳалар ҳам киритилади.
Ривожланиш давлат дастурларини амалга оширишнинг биринчи йили кўрсаткичлари уни амалга ошириш давомида танқидий таҳлил қилиниши, аниқлаштирилиши ҳамда эҳтимол тузатувчи ва олдини олувчи тадбирлар қўшилиши мумкин, шунингдек, мавжуд молиявий ва бошқа ресурслар билан узвий боғланган бўлиши керак.
Ривожланиш давлат дастурларини амалга оширишнинг иккинчи йилига савдолар натижасида ўрнатилган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда биринчи йилдан ўтувчи лойиҳалар, шунингдек, лойиҳаолди ҳужжатлари биринчи йилда тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янгидан бошланадиган объектлар киритилади, уларнинг қиймати белгиланган тартибда аниқланади.
Ривожланиш давлат дастурларини амалга оширишнинг учинчи йилига савдолар натижаларига кўра белгиланган амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда ўтувчи лойиҳалар, шунингдек, лойиҳаолди ҳужжатлари иккинчи йилда тайёрланадиган ва тасдиқланадиган янгидан бошланадиган объектлар киритилади. Уларнинг қиймати белгиланган тартибда аниқлаштирилган.
41. Ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш кўрсаткичлари мунтазам мониторинг қилиниши ва таҳлил қилиниб аниқлаштирилиши, зарур ҳолларда эса ташаббускор томонидан ваколатли органлар ва Агентлик билан келишилган тузатувчи ва олдини олувчи тадбирлар киритилиши лозим.
Ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар давлат қўмитаси Агентлик билан биргаликда дастурларни амалга ошириш ҳолати ва эришилган натижалар тўғрисида ҳисобот тайёрлайди, бу ҳисобот ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилади.
6-боб. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш мониторинги ва уларнинг назорати
42. Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш мониторинги ва уларни назорат қилиш Агентлик томонидан амалга оширилади. Агентлик ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнига жалб этилган вазирлик ва идоралардан ҳар қандай зарур ахборотни сўраб олишга, шунингдек, ушбу дастурларни шакллантириш ва амалга оширишнинг исталган босқичларида кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳақлидир.
43. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда:
ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлиги ва лойиҳалар портфеллининг долзарблиги мониторингини амалга оширади;
амалга ошириш ва ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун портфелдан лойиҳалар танлаб олиниши устидан назорат ўрнатади;
ҳисобот чорагидан кейинги ҳар чоракнинг 10-санасига қадар лойиҳалар портфеллининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни Агентликка тақдим этади;
назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, лойиҳалар портфелини амалга оширишга йўналтирилаётган ресурслардан самарали фойдаланиши юзасидан жавобгар бўлади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
44. Мазкур Низомнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурини шакллантириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Т/р

Тадбирлар

Муддатлар

Масъул вазирлик ва идоралар

I босқич.
Ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш

1.

Узоқ муддатли тармоқ/ҳудудий ва мақсадли ривожланиш концепцияларини ишлаб чиқиш (қоида тариқасида 10 — 15 йилга мўлжалланган)

1 мартгача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги мувофиқлаштирувчи кенгашлар, Иқтисодиёт вазирлиги, молия вазирлиги, тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

2.

Ишлаб чиқилган ривожланиш концепциялари лойиҳаларини ваколатли давлат органларида, шу жумладан бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларда келишиб олиш

10 мартгача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

3.

Ривожланиш концепцияси лойиҳаларини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишиш

20 мартгача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

4.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан киритилган ривожланиш концепцияларини тасдиқлаш

1 апрелгача

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

II босқич.
Лойиҳалар портфелларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш

5.

Тармоқ/ ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфелларини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва долзарб тус бериш

1 июнгача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги

6.

Дастлабки ҳисоб-китоблари (уставлари) ва лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмлари ва дастлабки манбаларини тасдиқловчи зарур материаллари билан лойиҳалар портфелларини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишиш

15 июнгача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари)

7.

Лойиҳалар портфелларини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келиши

1 июлгача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари)

8.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан киритилган лойиҳалар портфелларини тасдиқлаш

15 июлгача

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

9.

Лойиҳалар портфели таркибига киритилган ҳар бир лойиҳа бўйича амалга оширишнинг батафсил календарь режасини ишлаб чиқиш

1 августгача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари)

10.

Батафсил календарь режасини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишиш

10 августгача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари)

III босқич.
Ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш

11.

Лойиҳаолди ҳужжатларини (ДТИА/ДТИҲ) ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

15 июлдан

1 сентябргача

Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари

12.

Ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун устувор лойиҳаларни танлаб олиш

10 сентябргача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгашлар, Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари)

13.

Ривожланиш давлат дастурларига киритиш учун устувор лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси билан келишиш

10 сентябрдан

10 октябргача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

14.

Ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва келишиш учун манфаатдор вазирлик ва идораларга юбориш

20 октябргача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси , Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташаббускорлар (тармоқ вазирликлари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари),

15.

Ривожланиш давлат дастурларини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш

1 ноябргача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

16.

Ривожланиш давлат дастурларини Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишиш

10 ноябргача

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

17.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига киритилган ривожланиш давлат дастурларини тасдиқлаш

10 декабргача

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

Изоҳ: ҳужжатларни тегишли органларга келишиш учун киритиш келишиш муддати тугашидан камида беш кун олдин амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

ЛОЙИҲА ПАСПОРТИ

«____________________________»

1. Асосий қоидалар

Лойиҳа номи

Лойиҳа паспортининг версияси

Лойиҳанинг ривожланиш концепцияси билан ўзаро боғлиқлиги

(концепциянинг номи ва лойиҳа концепция доирасида ҳал этадиган вазифалар)

Лойиҳанинг бошланиши ва тугалланиши муддатлари

Лойиҳа ташаббускори (буюртмачиси)

(ташкилотнинг тўлиқ номи, асосий фаолият турлари, юридик ва почта манзиллари, мулкчилик шакли, штатлар сони, раҳбарнинг ФИО, уланиш тел., факс e-mail)

Лойиҳанинг ижрочилари ва қўшимча ижрочилари

(ташкилотнинг тўлиқ номи, асосий фаолият турлари, юридик ва почта манзиллари, мулкчилик шакли, штатлар сони, раҳбарнинг ФИО, уланиш тел., факс e-mail)

Лойиҳа ижрочиси устав жамғармасининг таркиби

(устав жамғармаси миқдори, ташкилот таъсисчилари ва уларнинг улуши)

Лойиҳани амалга ошириш жойи

Лойиҳанинг умумий қиймати

Лойиҳа паспортининг ишлаб чиқувчиси

Лойиҳа амалга ошириладиган тармоқ

Лойиҳа ривожланиш давлат дастурига киритилганми (агар киритилган бўлса қайси дастурга киритилганлиги кўрсатилсин)

Лойиҳа бўйича ҳужжатларни тайёрлаш шакли (ДТИА, ДТИҲ, ТИА, ТИҲ)

2. Лойиҳанинг таснифи

Ривожланиш давлат дастурлари билан алоқа

Бошқа лойиҳалар ва дастурлар билан ўзаро алоқа

Ташаббус кўрсатиш учун асослар

Атроф-муҳитга таъсир

Маркетинг ахбороти

Ишлаб чиқариш мўлжалланаётган маҳсулот таърифи

рақобатчилар томонидан чиқарилаётган маҳсулот олдида афзаллиги

лойиҳанинг бошқа рақобат афзалликлари

истеъмолчиларнинг асосий мақсадли гуруҳлари

бозор ҳажми

бозор тенденцияси (кўпайиш, қисқариш, барқарорлик)

кутилаётган бозор улуши

асосий рақобатчи корхоналар

маҳсулот экспортининг тахмин қилинаётган ҳажми

экспорт географияси

Лойиҳанинг тақдимот қисмлари

Эскиз лойиҳаси мавжудлиги

Тақдимот буклети/варақаси мавжудлиги

Макетнинг мавжудлиги

3D-модел, видео тақдимот, мультимедия тақдимотнинг мавжудлиги

Бошқа

Қўшимча ахборот


3. Лойиҳанинг мазмуни

Лойиҳа мақсади

Лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичлари ва уларнинг йиллар бўйича қиймати

Кўрсаткич

Ўлчов

бирлиги

Давр (йиллар бўйича)

20__

20__

20__

20__

20__

Лойиҳа натижалари


4. Лойиҳанинг асосий иқтисодий параметрлари

Т/р

Кўрсаткич номи

Ўлчов бирлиги

Жами

Тахмин қилинаётган молиялаштириш манбалари

шахсий маблағлар

жалб этилган маблағлар

1.

Лойиҳанинг чекланган қиймати

2.

Капитал қўйилмаларнинг чекланган суммаси, шу жумладан:

машина ва ускуналар

қурилиш-монтаж ишлари

қурилиш/капитал қўйилмалар даврида (фойдаланишга топширилгунга қадар) молиявий чиқимлар

АҚШ долларидаги бошқа харажатлар

3.

Бошланғич айланма капитали

4.

Капитал қўйилмалар таркибига кирмайдиган бошқа харажатлар

4.

Мавжуд асосий фондлар қиймати

5.

Корхона қуввати, шу жумладан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми, тахмин қилинаётган экспорт ҳажми

Тегишли бирликларда

6.

Банд бўлганларнинг тахмин қилинаётган сони

киши

7.

Лойиҳа ўзини қоплашининг ҳисобланган муддати

йил

8.

Инвестицион даврнинг давом этиш муддати

ой


5. Лойиҳа бюджети (йиллар бўйича)
*

Т/р

Молиялаштириш манбалари

Ўлчов бирлиги**

Амалга ошириш йили

20

20

20

20

20***

Жами

Марказлаштирилган инвестициялар

1.

Бюджет маблағлари

2.

Давлат мақсадли жамғармалари маблағлари (жамғармалар бўйича тақсимлаган ҳолда)

3.

Ҳукуматнинг кафолати билан бериладиган хорижий инвестициялар ва кредитлар

Номарказлаштирилган инвестициялар

4.

Корхоналар ва ташкилотларнинг маблағлари

5.

Тижорат банкларининг кредитлари

6.

Тўғридан тўғри хорижий инвестициялар

7.

Аҳоли маблағлари


6. Устувор лойиҳанинг календарь режа-жадвали

Т/р

Босқич, тадбирнинг номланиши

Муддати, кун

Бошланиши

Тугалланиши

Натижа

Масъул ижрочи

1.

2.

3.


7. Лойиҳа бюджети (босқичлар бўйича)*

Т/р

Босқич, тадбирнинг номланиши

Марказлаштирилган инвестициялар

Номарказлаштирилган инвестициялар

Жами

Бюджет маблағлари

Бошқа жамғармалар

Ҳукумат кафолати билан бериладиган хорижий кредитлар ва инвестициялар

Корхоналар маблағлари

Тижорат банклари кредитлари

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар

Бошқа манбалар

1.

2.

...

ЖАМИ:

* Халқаро ва хорижий молия институтларининг ҳамда хорижий инвесторларнинг иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қиймати АҚШ доллари эквивалентида кўрсатилади.
** Лойиҳа кўрсаткичларига эришилган йил кўрсатилади.
*** Лойиҳа қиймати қурилиш/капитал қўйилмалар даврида амалга ошириладиган сарф-харажатларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.


8.
Босқичлар ва назорат нуқталари

Т/р

Номланиши

Лойиҳа босқичлари бўйича жорий мақом

Босқичнинг якунланиши (натижанинг назорат нуқтаси, кўрсаткич)

Муддати

Маблағларни ўзлаштириш

1.

2.

3.

9. Манфаатдор томонлар реестри

Т/р

Орган ёки ташкилот

Манфаатлар вакили (Ф.И.О, лавозими)

Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётгани

1.

2.

3.


10.
Лойиҳа таваккалчиликлари реестри

Т/р

Таваккалчиликнинг номланиши

Кутилаётган оқибатлар

Чора кўриш тадбирлари

Бошланиш эҳтимоли

Лойиҳага таъсир даражаси

1.

2.

3.


11.
Зарур муҳандислик ва транспорт коммуникациялари****

Электр-энергияси

Талаб этилаётган қувват (МВт)

Электр-энергиясини истеъмол қилиш йиллик ҳажми — млн.кВт.соат

Фойдаланишга топшириш муддатлари

Линияни тортиб келишда талаб этиладиган муддатлар

Газ таъминоти

Йиллик истеъмол ҳажми йилига м3

Соатига истеъмол қилиш ҳажми — м3

Қувур тортиб келиш учун талаб қилинадиган муддатлар

Иссиқлик таъминоти

Иссиқлик сарфлаш ҳажми Гкал/соат

Бир суткалик эҳтиёж суткасига м3

Қувур тортиб келиш учун талаб қилинадиган муддатлар

Саноатда сув таъминоти

Талаб этиладиган ҳажм (йилига куб.)

Суткалик эҳтиёж суткасига м3

Қувур тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар

Ичимлик сув таъминоти

Талаб этиладиган ҳажм (йилиг куб. )

Суткалик эҳтиёж суткасига м3

Қувур тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар

Саноат ва маиший канализация

Талаб этиладиган ҳажм (йилига куб.)

Суткалик эҳтиёж м3 в сутки

Қувур тортиб келиш учун талаб қилинадиган муддатлар

Жала ёмғир канализацияси

Талаб этиладиган ҳажм (йилига м3)

Суткалик эҳтиёж — суткасига м3

Қувур тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар

Алоқа/Интернет

Талаб этиладиган ҳажм (тел. рақамлари/Мб)

Тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар

Темирйўл шаҳобчаси

Узунлиги (км.)

Талаб этиладиган юк ташиш ҳажми (йилига тонна/вагон)

Тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар

Автомобиль йўллари

Узунлиги(км)

Талаб этиладиган юк ташиш ҳажми (йилига тонна/юк машиналари)

Тортиб келиш учун талаб этиладиган муддатлар


12.
Лойиҳа экспертизаси

Лойиҳани келишувчи вазирлик, идора, ташкилот (лойиҳани экспертизадан ўтказувчилар)

Келишиш тўғрисидаги белги

Изоҳ








13.
Лойиҳа кўрсаткичларига эришишнинг асослантирилиши*****


**** энергия ва ресурсларни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга устуворлик берилади
***** лойиҳа кўрсаткичларига эришишни таъминлайдиган, лойиҳа доирасида уларнинг фаолият натижаларини тасдиқловчи таҳлилий, статистик ҳамда бошқа кўрсаткич ва маълумотлар келтирилади.
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
ЛОЙИҲА УСТАВИ

1-БЎЛИМ. ЛОЙИҲА ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ


Лойиҳанинг номланиши

Лойиҳанинг ривожланиш концепцияси билан ўзаро боғлиқлиги

(концепциянинг номланиши ва лойиҳа концепция доирасида ҳал этадиган вазифа)лар

Лойиҳа амалга оширилаётган тармоқ

Лойиҳа амалга ошириладиган жой

Лойиҳа ташаббускори (буюртмачиси) номланиши, СТИР, манзил, телефон, яратилган сана

Лойиҳа ҳомийси

(номланиши, СТИР, манзил, телефон)

Лойиҳа (лойиҳа офиси) раҳбари

Лойиҳанинг бошқа иштирокчилари

Ҳужжат яратилган сана


2-БЎЛИМ. ЛОЙИҲА ТАСНИФИ


Лойиҳа ташаббуси билан чиқиш сабаблари

(лойиҳа ташаббуси билан чиқишнинг бизнес-ёки бошқа сабаблари)

Лойиҳа ташаббуси билан чиқиш асослари

(шу жумладан лойиҳа ташаббуси билан чиқишда асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат)

Лойиҳанинг мақсади ва кутилаётган натижалари

Лойиҳа мазмуни

Лойиҳа мақсадларига эришиш мезонлари

(лойиҳа мақсадларига эришишнинг ўлчанадиган мезонлари)

Лойиҳа чегаралари

(лойиҳага киритилган ишлар таснифи)

Лойиҳанинг чекланишлари

(лойиҳанинг бажарилишини чеклайдиган омиллар таснифи (ҳуқуқий, молиявий, ресурс, календарь ҳамда бошқа келиб қўшиладиган ва ҳоказо омиллар)

Лойиҳани амалга киритиш

(лойиҳани амалга ошириш механизмларининг муқобил вариантлари)

Лойиҳанинг кутилаётган таваккалчиликлари



Ташаббускор (буюртмачи раҳбари)

____________________________

_________________




(Ф.И.О.)

Имзо

Лойиҳа (лойиҳа офиси раҳбари)

____________________________

_________________

(Ф.И.О.)

Имзо

 LexUZ шарҳи
1-илова норасмий таржима.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси Кузатув кенгашининг
ТАРКИБИ

1.

А.Н. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Кенгаш раиси

2.

М.М. Икрамов

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси, Кенгаш раисининг ўринбосари

3.

Ж.А. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

4.

С.Р. Холмуродов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари

5.

Ш.М. Содиқов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори

6.

М.Б. Нурмуротов

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси

7.

Б.А. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири

8.

И.Ю. Абдураҳмонов

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири

9.

Ш.Х. Шерматов

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникациялаврини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи

10.

А.И. Ахмедходжаев

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича далат қўмитаси раиси

11.

Ш.А. Вафоев

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтишганида мазкур лавозимларга янгидан тайинланган шахслар унинг таркибига киритилади.
 LexUZ шарҳи
2-илова норасмий таржима.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 07/17/3437/0423-сон, 08.06.2018 й., 06/18/5457/1324-сон, 31.07.2018 й., 06/18/5483/1594-сон)