Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5242-сон Фармонининг ижросини таъминлаш ҳамда «Ҳунарманд» уюшмаси ташкилий тузилмасини оптималлаштириш асосида унинг фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
биринчидан, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини ва сифатини ошириш бўйича тизимли ва мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;
иккинчидан, аҳолини ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳунармандчилик соҳасида бандликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳунармандларни давлат рўйхатига олишда кўмаклашиш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона реестрини юритиш;
учинчидан, ҳунармандчилик соҳасидаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳунармандларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда давлат органларида ҳунармандларнинг манфаатларини ифодалаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
тўртинчидан, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва такомиллаштириш, сайёҳлар учун жозибадор бўлган ҳунармандчилик объектлари яратиш;
бешинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг жамоатчилик орасида оммалаштириш, истеъмолчиларга ҳунармандчилик маҳсулотларини истеъмолчиларга сотиш, жумладан уларни экспорт қилишни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит ва зарур инфратузилмани яратиш;
олтинчидан, ҳунармандчилик соҳасида авлодлар ворислигини таъминлаш, ҳунармандларнинг ёшларни меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирокини рағбатлантириш, «Уста-шогирд» мактабларини такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш.
2. Қуйидаги янгиланган:
«Ҳунарманд» уюшмасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
«Ҳунарманд» уюшмасининг 33 нафар бошқарув ходимларидан иборат ижро аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
«Ҳунарманд» уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
«Ҳунарманд» уюшмасининг туманлар (шаҳарлар)даги бўлими намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Уюшма раисига, зарурат бўлганда, уюшманинг ташкилий тузилмаси, ижро аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг тузилмаларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-3068-сон қарорининг 1-иловасига мазкур қарорнинг 5-иловасига мувофиқ ўзгартириш киритилсин.
4. Қуйидагилар «Ҳунарманд» уюшмасининг даромадларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
«Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларининг аъзолик бадаллари;
халқаро донорларнинг грантлари, ҳомий ташкилотларнинг маблағлари;
вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
пуллик хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган маблағлар Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасида жамланади ва ушбу жамғарма орқали сарфланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 июлдаги ПФ-104-сонли Фармонига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2024 й., 06/24/104/0551-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқдаги туманлар (шаҳарлар)дан сотиб олиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун «Ҳунарманд» уюшмаси ҳузурида савдо-харид қилиш корхоналари ташкил этилишини икки ой муддатда таъминласин.
6. «Ҳунарманд» уюшмасига касаначилик маҳсулотлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш функциясига эга бўлган таркибий бўлинмалар ташкил этиш, шунингдек, пудратчи корхоналар сифатида, айниқса республиканинг қишлоқ ва узоқ туманларида, касаначилар билан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи берилсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда:
«Ҳунарманд» уюшмасининг вилоят бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларини жойлаштириш учун бино ва иншоотларга бўлган эҳтиёжини ўргансин;
ўрганиш натижаларига кўра, «Ҳунарманд» уюшмасининг вилоят бошқармаларини, туман ва шаҳарлар бўлимларини фойдаланилмаётган давлат мулки бинолари ва хоналарига жойлаштириш учун уларни «Ҳунарманд» уюшмасига бепул фойдаланиш учун топшириш чораларини кўрсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Республика ҳунармандчилик марказини ташкил этиш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослари кўргазма-ярмаркаларини доимий равишда ўтказиш мақсадида Олмазор тумани, Зарқайнар кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган «Зарқайнар» миллий либослар галереясини «Ҳунарманд» уюшмасига бириктирсин.
9. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар:
икки ҳафта муддатда ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари натижаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлайдиган медиа-режани ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
медиа-режада тасдиқланган тадбирлар ёритиладиган телевидение ва радиоканалларни бир ой муддатда белгиласин;
белгиланган телевидение ва радиоканалларда медиа-режанинг тасдиқланган мавзули ва кўчма дастурлари, ток-шоулар, интервьюлар ва бошқа ҳунармандчиликни ривожлантириш масалаларини намойиш этиш учун эфир вақтининг, жумладан энг тиғиз вақтларда, бепул ажратилишини таъминласин.
10. «Ҳунарманд» уюшмаси Тошкент шаҳар, Дўмбробод кўчаси, 74-уй манзилига жойлаштирилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Ҳунарманд» уюшмасига янги талаб ва вазифалар ҳисобга олинган янги таҳрирдаги Уставини тайёрлашга ва давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси «Ҳунарманд» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.И. Икрамов ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 17 ноябрь,
ПҚ-3393-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Ҳунарманд» уюшмаси
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Ҳунарманд» уюшмаси ижро этувчи аппарати
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимлар сони — 33 нафар.
* бўлим Тошкент шаҳрида аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик билан шуғулланувчиларнинг ҳисобини юритиш билан шуғулланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорига
3-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги «Ҳунарманд» уюшмаси бошқармаларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Изоҳ: Бошқармалар ходимлари сони ҳунармандлар сонидан келиб чиқиб, 7 — 10 нафар атрофида белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Ҳунарманд» уюшмасининг ҳунармандлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган туман (шаҳар) бўлимларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Ходимлар сони 4-5 нафар атрофида белгиланади.
Изоҳ: Ҳунармандлар сони 100 нафардан кам бўлган туман ва шаҳарларда «Ҳунарманд» уюшмаси туман (шаҳар) бўлимнинг бошқа тузилмасини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 19 июндаги ПҚ-3068-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 19 июндаги ПҚ-3068-сон қарорига 1-илова куйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.11.2017 й., 07/17/3393/0278-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2024 й., 06/24/104/0551-сон)