Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси
Ушбу Қонун болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ахборот маҳсулоти — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиш учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари маҳсулоти, босма маҳсулот, ҳар қандай турдаги ташувчилардаги аудиовизуал маҳсулот, дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, телекоммуникация тармоқларига, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган ахборот, компьютер ўйинлари, шунингдек томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот;
ахборот маҳсулотининг айланиши — ахборот маҳсулотини тақдим этиш ва (ёки) тарқатиш, шу жумладан уни сотиш (шу жумладан обуна бўйича тарқатиш), ижарага, прокатга бериш, ахборот-кутубхона муассасалари фондларидан тарқатиш, бериш, оммавий намойиш қилиш, оммавий ижро этиш (шу жумладан эфир ёки кабель узатуви, томошабоп тадбирлар воситасида), телекоммуникация тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш;
ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи — ахборот маҳсулотини унинг мавзусини, жанрини, мазмунини ва бадиий безагини, муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотни қабул қилиш хусусиятларини, унинг таркибидаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимолини инобатга олган ҳолда, болаларнинг ёш тоифалари бўйича тақсимлаш;
ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси — ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифасининг график ва (ёки) матнли белгиси;
болалар — ўн саккиз ёшга тўлмаган (вояга етмаган) шахслар;
болаларнинг соғлиғи — болаларнинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлик ҳолати;
болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот — болалар ўртасида тарқатилиши ушбу Қонунга мувофиқ тақиқланган ёки чекланган ахборот маҳсулоти;
эксперт — ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш ва эксперт хулосасини бериш ёки ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга ошириш учун махсус ваколатли давлат органида аккредитациядан ўтган шахс.
5-модда. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва техникавий шарт-шароитлар яратиш, шунингдек ушбу соҳадаги илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш;
болалар онгига ғайриқонуний ахборот-руҳий таъсир кўрсатилишининг, уларга ҳийла ишлатилишининг, болаларни ғайриижтимоий ҳаракатларга ундовчи ахборот маҳсулоти тарқатилишининг олдини олиш, шунингдек ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш;
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш мезонлари, механизмлари ва услубларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг дастурий-аппарат ва техника воситаларини жорий этиш.
2-боб. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва ўз ваколатлари доирасида қабул қилади;
ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини аниқлаш мезонларини ва тартибини белгилайди;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан экспертларни аккредитация қилиш тартибини белгилайди;
ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотларнинг ҳамкорлигини таъминлайди;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
7-модда. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва ташкилотлар тизими
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва ташкилотлар тизимига қуйидагилар киради:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) комиссиялари;
(7-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари;
давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари.
(7-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 25 январдаги ЎРҚ-747-сонли Қонунига асосан еттинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.01.2022 й., 03/22/747/0064-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган органлар ва ташкилотлар болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишда қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этади.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 13 – 15 моддалари, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги Қонунлари.
8-модда. Махсус ваколатли давлат органининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда махсус ваколатли давлат органи деб юритилади).
(8-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисида низом».
Махсус ваколатли давлат органи ўз ваколатлари доирасида:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлайди;
(8-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи органлар ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;
(8-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишга ҳамда ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини, ахборот маҳсулотининг болаларнинг муайян ёш тоифасига мувофиқлигини ёки мувофиқ эмаслигини аниқлаш мақсадида уни экспертизадан ўтказишга жалб этиладиган экспертларни аккредитациядан ўтказишни амалга оширади ва уларнинг реестрини юритади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун кўрсатмалар юборади;
(8-модда иккинчи қисмининг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
ахборот маҳсулотига эксперт хулосаларини тақдим этишга доир фаолиятни мувофиқлаштиради;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда давлат органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига услубий ёрдам беради ва кўмаклашади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги маҳаллий ҳамда хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади;
болалар учун ахборот маконининг мазмунини тизимли равишда баҳолашга қаратилган илмий, илмий-техникавий ва амалий тадқиқотларни ривожлантиради;
болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш мезонлари, механизмлари ҳамда услубларини такомиллаштиришга доир ишларни юритади, болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг дастурий-аппарат ва техника воситаларини жорий этишни ташкил этади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирларини ташкил этади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(8-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг ҳамда болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
(9-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) комиссиялари ўз ваколатлари доирасида:
(9-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади;
(9-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) комиссиялари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(9-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-829-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон)
10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.
(10-модда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонунига асосан биринчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:
(10-модда иккинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органига тасдиқлаш учун киритади ва амалга оширади;
(10-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
болаларнинг ҳар томонлама, баркамол ривожланишига ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланишига кўмаклашувчи ахборотдан эркин фойдаланиш учун уларга шароитлар яратади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар кўради;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
11-модда. Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ва таълим муассасаларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари ўз ваколатлари доирасида:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган дастурлар ва услубларни ишлаб чиқади ҳамда таълим муассасаларининг фаолиятига жорий этади;
таълим, ўқув-тарбия муассасаларида болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг таълим олиш, билим орттириш ва мулоқот фаолияти жараёнида болаларга психологик ёрдам кўрсатади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида якка тартибдаги профилактика тадбирларини ўтказишда иштирок этади;
болаларнинг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, шунингдек маънавий-ахлоқий тарбиясига доир фаолиятда иштирок этади;
таълим муассасаларида болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олмаган ахборот ресурсларидан фойдаланишни таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
12-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан жабрланган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
ахборот маҳсулотини унда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлигини аниқлаш учун баҳолаш мезонларини такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
121-модда. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
болаларнинг ҳар томонлама, уйғун ривожланишига ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияланишига кўмаклашувчи ахборотдан эркин фойдаланиш учун уларга шароитлар яратади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасида якка тартибдаги профилактика ишларини амалга оширишда иштирок этади;
болаларнинг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, шунингдек маънавий-ахлоқий тарбиясига доир фаолиятда иштирок этади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(121-модда Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 25 январдаги ЎРҚ-747-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.01.2022 й., 03/22/747/0064-сон)
13-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашдаги иштироки
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;
(13-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(13-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
14-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашдаги иштироки
Нодавлат нотижорат ташкилотлари:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича ташаббуслар билан чиқиши ва махсус ваколатли давлат органига таклифлар киритиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиши;
(14-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(14-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
15-модда. Оммавий ахборот воситаларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашдаги иштироки
Оммавий ахборот воситалари:
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга, шу жумладан аҳолининг ахборотга оид ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни ёритиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;
(15-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишга доир фаолиятни амалга оширувчи ҳамда ушбу фаолиятда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-боб. Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ҳамда ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи
16-модда. Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот жумласига болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти, шунингдек муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти киради.
Болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига:
болаларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган;
болаларда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш, қимор ўйинларида, оммавий тартибсизликларда иштирок этиш, фоҳишалик, дарбадарлик, тиланчилик ёки ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг бошқа шакллари билан шуғулланиш истагини пайдо қиладиган;
одамларга ёки ҳайвонларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик қилиш мумкинлигини асослайдиган ёки оқлайдиган ёхуд зўравонлик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга ундайдиган;
оилавий қадриятларни инкор этадиган, ахлоқсизликни тарғиб қиладиган, шунингдек ота-онасига ва оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан ҳурматсиз муносабатни шакллантирадиган;
ғайриқонуний хулқ-атворни оқлайдиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишга олиб келадиган;
жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этишга чақирадиган;
уятли сўзларни ўз ичига олган;
порнография хусусиятига эга бўлган ахборотни ўз ичига олган;
ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, шу жумладан бундай боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг ота-онаси ва бошқа қонуний вакилларининг фото- ва видеотасвирлари, бундай боланинг туғилган санаси, унинг овози ёзилган аудиотасма, яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи, ўқиш ёки иш жойи тўғрисидаги, бундай боланинг шахсини бевосита ёхуд билвосита аниқлашга имкон берадиган бошқа ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.
Муайян ёш тоифаларидаги болалар ўртасида тарқатилиши чекланган ахборот маҳсулоти жумласига:
шафқатсизлик, жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик, жиноят ёки жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатлар тасвири ёки баёни тарзида тақдим этиладиган;
болаларда қўрқув, ваҳима ёки саросима уйғотадиган, шу жумладан куч ишлатилмаган ўлимни, касалликни, ўз жонига қасд қилишни, бахтсиз ҳодисани, аварияни ёки фалокатни ва (ёки) уларнинг оқибатларини инсон қадр-қимматини камситадиган шаклда тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
эркак ва аёл ўртасидаги жинсий муносабатларни тасвирлаш ёки баён этиш тарзида тақдим этиладиган;
уятли сўзлар жумласига кирмайдиган ҳақоратли сўзларни ўз ичига олган ахборот маҳсулоти киради.
17-модда. Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) тарқатувчилар томонидан, шу жумладан экспертларни жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш бошлангунига қадар амалга оширилади.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи экспертни ёки экспертларни жалб этган ҳолда белгиланган тақдирда, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини белгилаш билан боғлиқ хизматларнинг ҳақини тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш ушбу хизматларга буюртма берган ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ёки тарқатувчилар ҳисобидан амалга оширилади.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи уни болаларнинг қуйидаги ёш тоифаларидан бирига киритиш йўли билан амалга оширилади:
етти ёшга тўлмаган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси «0+» ёзувини акс эттириши керак);
етти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси «7+» ёзувини акс эттириши керак);
ўн икки ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси «12+» ёзувини акс эттириши керак);
ўн олти ёшга тўлган болалар учун ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси «16+» ёзувини акс эттириши керак);
болалар учун тақиқланган ахборот маҳсулоти (ушбу ахборот маҳсулотининг ёшга оид тоифаси белгиси «18+» ёзувини акс эттириши керак).
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишда:
унинг мавзуси, жанри, мазмуни ва бадиий безаги;
муайян ёш тоифасидаги болалар томонидан ундаги ахборотнинг идрок этилиш хусусиятлари;
ундаги ахборотнинг болалар соғлиғига зарар етказиш эҳтимоли баҳоланади.
Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи тўғрисидаги маълумотлар ушбу маҳсулотга ахборот маҳсулоти ёшга оид таснифининг тегишли белгисини жойлаштириш учун асос бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 848-сон қарори билан тасдиқланган «Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифларини аниқлаш мезонлари ҳамда уни экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида низом».
4-боб. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш таъминланишини инобатга олган ҳолда ахборот маҳсулотининг айланишига қўйиладиган талаблар
18-модда. Ахборот маҳсулотининг айланишига доир умумий талаблар
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларга, дастурий-аппарат ва техника воситаларига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 848-сон қарори билан тасдиқланган «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир маъмурий ва ташкилий чора-тадбирлар, дастурий-аппарат ва техника воситаларига доир талабларни белгилаш тўғрисида низом».
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот айланишининг шарт-шароитлари бузилганлиги ҳолати аниқланган тақдирда, махсус ваколатли давлат органи томонидан ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун кўрсатмалар юборилади.
(18-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
19-модда. Ахборот маҳсулоти айланишининг хусусиятлари
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан болаларни ҳимоя қилишни таъминлашнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларини, дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўлламай туриб, ушбу ахборотнинг жамоат жойларида айланишига йўл қўйилмайди.
Жамоат жойларида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган босма маҳсулот тарзидаги ахборот маҳсулотини фақат ёпиқ ўровларда тарқатишга йўл қўйилади.
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, болалар тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия-спорт муассасаларида, болаларнинг маданият, дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотларида тарқатилишига йўл қўйилмайди.
Болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган ахборот маҳсулотини томошабоп тадбир орқали намойиш этишда бевосита томошабоп тадбир бошланишидан олдин ушбу тадбирда тегишли ёш тоифаларидаги болаларнинг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги ҳақида ёки иштирок этиши чекланиши тўғрисида овозли хабар эълон қилинади.
Болаларнинг ўз ёш тоифасига мос келмайдиган ахборот маҳсулоти намойиш этиладиган томошабоп тадбирларни ташкил этишда ва ўтказишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
5-боб. Ахборот маҳсулотининг экспертизаси ва унинг ҳуқуқий оқибатлари
20-модда. Ахборот маҳсулотининг экспертизаси
Ахборот маҳсулотининг унда болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини, унинг ушбу Қонуннинг 16 ва 17-моддаларига мувофиқ болаларнинг муайян ёш тоифасига мослигини ёки мос эмаслигини аниқлаш учун экспертизаси махсус ваколатли давлат органининг қарорига кўра эксперт ёки экспертлар томонидан ўтказилади.
Аккредитация қилинган экспертларнинг реестридаги маълумотлардан манфаатдор шахсларнинг фойдаланиши махсус ваколатли давлат органининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали таъминланади.
Экспертларни аккредитация қилиш тартиби, шунингдек ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширишга ва ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини, унинг муайян ёш тоифасидаги болаларга мослигини ёки мос эмаслигини аниқлаш учун ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказишга жалб этиладиган экспертларнинг реестрини юритиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июндаги 317-сонли қарори билан тасдиқланган «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги экспертларни аккредитация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти».
 LexUZ шарҳи
21-модда. Ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш
Ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қарор махсус ваколатли давлат органи томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида мурожаат келиб тушганидан кейин кўпи билан беш кун муддатда қабул қилинади.
Ахборот маҳсулотининг экспертизасини ўтказиш муддати мурожаат келиб тушган пайтдан эътиборан ўттиз кундан ошмаслиги керак.
Ахборот маҳсулотининг экспертизаси тугагач, экспертлар ахборот маҳсулотида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотнинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, унинг муайян ёш тоифасига мослиги ёки мос эмаслиги тўғрисида махсус ваколатли давлат органига уч кун ичида эксперт хулосаларини юборади.
Махсус ваколатли давлат органи эксперт хулосасини олгандан сўнг уч кун ичида уни мурожаат ташаббускорига юборади.
Эксперт хулосасининг шакли ва мазмунига доир талаблар махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Эксперт хулосаси мавжуд бўлган ахборот маҳсулотининг айланиш соҳаси ўзгарган тақдирда ушбу ахборот маҳсулоти учун бошқа эксперт хулосасини олиш талаб этилмайди.
22-модда. Ёшга оид таснифнинг ва ахборот маҳсулоти экспертизасининг ҳуқуқий оқибатлари
Ахборот маҳсулотининг муайян ёш тоифасидаги болаларга мослиги учун жавобгарлик ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини амалга оширган субъектнинг зиммасига юклатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Махсус ваколатли давлат органи томонидан эксперт хулосасига мувофиқ ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчиларга ва тарқатувчиларга болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун кўрсатмалар юборилади.
(22-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
6-боб. Якунловчи қоидалар
23-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(23-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
24-модда. Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(24-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
25-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
(25-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 сентябрдаги ЎРҚ-566-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(26-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
27-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 9 сентябрдаги 180 (6874)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 8 сентябрь,
ЎРҚ-444-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 976-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 26.01.2022 й., 03/22/747/0064-сон; 12.04.2023 й., 03/23/829/0208-сон; 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)