Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий ахборот — норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, уларга оид расмий шарҳларнинг, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришларнинг, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонунчилик қўлланилиши масалалари бўйича қарорларининг матнлари, шунингдек суд амалиётини умумлаштириш материаллари;
(3-модданинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш — ҳуқуқий ахборотни эркин олиш ва ундан фойдаланиш имконияти;
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш — номуайян доирадаги шахсларни ҳуқуқий ахборот билан таништиришга қаратилган ҳаракатлар.
4-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашнинг асосий принциплари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлашнинг ошкоралиги, очиқлиги, ўз вақтидалиги, ҳуқуқий ахборотни излаш ва олиш эркинлигидан иборатдир.
5-модда. Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш кафолатлари
Ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади.
Фуқаролар ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.
Агар ҳуқуқий ахборот давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига белгиланган тартибда киритилган бўлса, ушбу ахборотдан фойдаланиш чекланади.
 LexUZ шарҳи
Шарҳланаётган моддада ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш, яъни, ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш кафолатлари мустаҳкамланган, унда ҳуқуқий ахборот давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олмаса Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имконияти таъминланиши белгиланмоқда.
2-боб. Ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ва ундан фойдаланишни таъминловчи органлар ҳамда ташкилотлар
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:
ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда тарқатади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали тарқатади;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни расмий эълон қилиш ва ижрочиларга етказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон қарори билан тасдиқланган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнлари ҳамда зарур бўлган тақдирда уларга тегишли ахборот-таҳлилий материаллар электрон шаклда юбориладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг рўйхати».
ҳуқуқий ахборотни ўз вақтида тарқатишга ва ундан фойдаланишни таъминлашга қаратилган зарур тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;
(6-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажбурий тартибда юбориладиган давлат органлари ва ташкилотларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(6-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлари «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинади, зарур бўлган тақдирда эса бошқа оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кенг омма эътиборига етказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Вазирликлар ҳамда идораларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
(7-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликлар ва идоралар ўз ваколатлари доирасида:
(7-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда тарқатади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириш орқали тарқатади;
ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни юбориш ва расмий эълон қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллайди;
марказий девонга келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ўз вақтида етказилишини таъминлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликнинг ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;
(7-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган зарур ишларни ташкил этади;
ўз фаолияти соҳасига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровларига кўра ўз фаолияти соҳасига доир ҳуқуқий ахборотни тақдим этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби ҳақида белгиланган тартибда тушунтиришлар беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликлар ва идоралар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
давлат органларидан ва ташкилотлардан улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартиш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали ва бошқалар) қоғозда ва электрон шаклда олади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг ҳамда зарур бўлган тақдирда, тегишли ахборот-таҳлилий материалларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органларига ва ташкилотларга электрон шаклда юборилишини таъминлайди;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилинишини амалга оширади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш ва қонунчиликни тизимлаштириш ишларини амалга оширади;
(8-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади;
(8-модда иккинчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фондини шакллантиради;
Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини шакллантиради ҳамда юритади, ундан жисмоний ва юридик шахсларнинг белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди;
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг ишини ташкил этади;
давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни, бу фаолиятга услубий раҳбарлик қилиш ҳамда уни назорат қилишни амалга оширади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан тизимли мониторингни ташкил этади;
(8-модда иккинчи қисмининг ўн иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий ахборотнинг тарқатилиши ҳолатини тизимли тарзда таҳлилдан ўтказади ҳамда мазкур соҳадаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
(8-модда иккинчи қисмининг ўн учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
давлат органларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини жалб этган ҳолда жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича намунавий тадбирлар режасини тасдиқлайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш ҳамда уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича намунавий «Йўл харитаси» (12.05.2018 й., рўйхат рақами 3011).
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақида ҳар йили ахборот тақдим этади.
(8-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-1109-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(8-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:
ҳуқуқий ахборотни белгиланган тартибда тарқатади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юбориш, эълон қилиш, ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириш орқали тарқатади;
ўзи қабул қилган норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорларнинг матнларини ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни юбориш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига унинг ҳудудий органлари орқали йўллайди;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўз вақтида етказилишини таъминлайди;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидаги нормаларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга доир, жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган зарур ишларни ташкил этади;
ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини белгиланган тартибда юритади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровларига кўра уларга ҳуқуқий ахборотни тақдим этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби ҳақида белгиланган тартибда тушунтиришлар беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(9-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
10-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда ахборот-кутубхона муассасаларининг иштироки
Ахборот-кутубхона муассасалари:
ўз фаолиятининг йўналишига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;
ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий ахборот фондидан фойдаланишини таъминлайди;
ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланувчиларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборотни тақдим этади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ахборот-кутубхона муассасалари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда қонунчиликка мувофиқ бошқа шаклларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
11-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда таълим муассасаларининг иштироки
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари, шунингдек кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таълим ташкилотлари (бундан буён матнда таълим муассасаси деб юритилади) тегишинча Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек таркибида таълим ташкилотлари бўлган бошқа вазирликлар ва идоралар томонидан ҳуқуқий ахборот билан таъминланади.
(11-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 сентябрдаги ЎРҚ-957-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон)
Таълим муассасалари:
ўз фаолиятининг йўналишига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;
таълим олувчиларнинг ҳуқуқий ахборот фондидан фойдаланишини таъминлайди;
таълим олувчиларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборотни тақдим этади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Таълим муассасалари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда қонунчиликка мувофиқ бошқа шаклларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(11-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
12-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг иштироки
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:
ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда иштирок этади;
аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда иштирок этади;
ўз фаолиятига оид ҳуқуқий ахборот фондларини шакллантиради;
фуқароларнинг ҳуқуқий ахборот фондидан фойдаланишини таъминлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлашда қонунчиликка мувофиқ бошқа шаклларда ҳам иштирок этиши мумкин.
(12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳуқуқий ахборотни тарқатишни амалга оширувчи ҳамда ундан фойдаланишни таъминловчи органлар ва ташкилотларга кўмаклашиш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш орқали ҳуқуқий ахборотни тарқатишда иштирок этиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ҳамда ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин.
(12-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-боб. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тартиби
13-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари қуйидагилардан иборат:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини юбориш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш;
ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш.
14-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни матнларини юбориш йўли билан тарқатиш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари имзоланган кундан эътиборан бир кун ичида ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материаллар (норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг концепцияси баён этилган тушунтириш хати, ўзгартиш ва қўшимчалар тушунтирилган ҳолдаги таққослаш жадвали ва бошқалар) уларни қабул қилган органлар томонидан қоғозда ва электрон шаклда қуйидаги тартибда юборилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;
(14-модданинг биринчи қисми иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-476-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги 1013-сон «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;
(14-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига;
(14-модда биринчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
вазирликларнинг ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига.
(14-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни бошқа давлат органларига ва ташкилотларга юбориш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан уларнинг матнларини улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган куни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича электрон шаклда йўллаш орқали амалга оширилади. Вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан бир кун ичида бошқа давлат органларига юборилади.
(14-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 ноябрдаги ЎРҚ-880-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон)
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини юбориш уларнинг матнларини ва зарур бўлган тақдирда, уларга доир ахборот-таҳлилий материалларни бир кун ичида ушбу органлар томонидан ўз таркибий ҳамда ҳудудий бўлинмаларига, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига йўллаш, шунингдек кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бериш учун ҳудудий адлия органларига йўллаш орқали амалга оширилади.
15-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш йўли билан тарқатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида назарда тутилган нашрлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалардир.
(15-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар қонунчиликда белгиланган муддатларда нашр этилади ва очиқ обуна йўли билан тарқатилади.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Расмий манбаларда эълон қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хронологик тартибда кетма-кет жойлаштирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами»да ушбу ҳужжатларнинг рақами ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилган санасига мувофиқ хронологик тартибда кетма-кет жойлаштирилади.
(15-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бир қисми расмий манбаларда эълон қилинганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номидан кейин «Кўчирма» деган ёзув жойлаштирилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбаларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни мазкур ҳужжатни қабул қилган орган томонидан расмий равишда йўлланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матнига мувофиқ бўлиши керак.
Катта ҳажмли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбаларга илова тарзида эълон қилиниши мумкин.
16-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш йўли билан тарқатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасида назарда тутилмаган манбаларда эълон қилиш норасмий эълон қилишдир.
(16-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 16 январдаги ЎРҚ-896-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий эълон қилиш жисмоний ва юридик шахслар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини даврий нашрларда, веб-сайтларда, қонунчиликнинг электрон маълумот тизимларида эълон қилиш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга доир рисолалар, тўпламлар ва шарҳлар эълон қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Кодексларни, қонунчилик ҳужжатлари тўпламларини нашр қилишда, шунингдек қонунчиликнинг электрон маълумот тизимларини реализация қилишда улар нашр қилинаётган (реализация қилинаётган) санадаги назорат ҳолатига келтирилган бўлиши лозим.
Норасмий нашрларда, шу жумладан қонунчиликнинг электрон ахборот тизимларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бошқа тиллардаги норасмий таржималари эълон қилиниши мумкин. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг норасмий таржималари норасмий таржима эканлиги ҳақидаги белгига эга бўлиши лозим.
(16-модданинг иккинчи — тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш ва ундан фойдаланишни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасига жойлаштириш йўли билан таъминлаш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасида расмий эълон қилиш улар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келиб тушган пайтдан эътиборан бир кун ичида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш» бўлимида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумларининг қонунчилик қўлланилиши масалалари бўйича тушунтиришлар бериш тўғрисидаги қарорларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига улар имзоланганидан кейин бир кун ичида юборади.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасида жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг матнлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг матнлари маълумот хусусиятига эга бўлиб, ҳужжатнинг келиб тушиши ва унга ишлов берилишига қараб, бироқ улар расмий эълон қилинганидан кейин уч кундан кечиктирмай янгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасидан фойдаланиш бепул амалга оширилади.
(17-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
 LexUZ шарҳи
Шарҳланаётган моддада Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш ва ундан фойдаланишни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасига жойлаштириш йўли билан таъминлашнинг ҳуқуқий асоси белгиланмоқда. Маълумот ўрнида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz ҳуқуқ ва ҳуқуқий ахборотлаштириш соҳасида давлатнинг асосий ҳуқуқий ахборот ресурси бўлиб, Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган барча қонун ҳужжатларини эълон қиладиган ягона расмий электрон манбадир. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Lex.uz ушбу қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги ПҚ-2761-сонли «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан фаолият юритиб келмоқда.
18-модда. Ҳуқуқий ахборотни давлат органларининг расмий веб-сайтларига жойлаштириш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг электрон шакллари уларни қабул қилган органларнинг расмий веб-сайтларига белгиланган тартибда мажбурий тарзда жойлаштирилиши шарт.
Давлат органларининг расмий веб-сайтларига ҳуқуқий ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайтнинг бошқа тиллардаги шакллари ҳам бўлиши мумкин.
Давлат органларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилган ҳуқуқий ахборот ишончли бўлиши ва у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан бир хил кучга эга бўлиши лозим.
19-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий тарғибот йўли билан тарқатиш
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий тарғибот йўли билан тарқатиш барча давлат органлари ва ташкилотлар, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи ва (ёки) ишлаб чиқувчи органлар ушбу ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин бир ҳафталик муддатда ҳуқуқий тарғибот бўйича чора-тадбирлар режасини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунавий тадбирлар режаси асосида ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак.
Ҳуқуқий тарғибот қуйидаги усулларда амалга оширилади:
конференциялар, учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказиш;
оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкил этиш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларига мақолалар ва ҳуқуқий-ахборот материалларини жойлаштириш орқали;
шарҳлар, рисолалар, плакатлар, буклетлар ва флаерлар тарқатиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ижтимоий рекламалар (видеолавҳалар, инфографикалар ва бошқалар) ҳамда тарғиботнинг қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа турлари орқали.
(19-модда учинчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари томонидан амалга оширилади.
20-модда. Жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг сўровларига кўра ҳуқуқий ахборот тақдим этиш
Жисмоний ва юридик шахслар ўз фаолиятига тааллуқли ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўров билан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўров у келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим.
Расмий нашрларда эълон қилинган ёки расмий веб-сайтларга жойлаштирилган ҳуқуқий ахборот сўралганда давлат органлари ва ташкилотлар сўровга жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган расмий нашрнинг номига, чиқарилиш санасига ва сонига ёки сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилига ҳавола бериши мумкин.
Ҳуқуқий ахборотни электрон тарзда тақдим этиш бепул амалга оширилади. Ҳуқуқий ахборотни қоғозда тақдим қилганлик учун томонларнинг келишувига кўра ҳақ олиниши мумкин.
Ҳуқуқий ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги сўровни қаноатлантиришни рад этиш асосланган бўлиши лозим.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтириш
Жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровига кўра давлат органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартибини тушунтиради.
Давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби тўғрисидаги тушунтиришлар ушбу органлар ва ташкилотларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари учун мажбурий кучга эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми зарурат бўлганда қонунчиликнинг қўлланилиш масалалари бўйича тушунтиришлар беради.
Қонунчиликнинг қўлланилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларнинг тушунтиришлари оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан тегишли органлар ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
(21-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш тартиби бўйича тавсия хусусиятига эга бўлган тушунтиришлар тайёрлаши ва тарқатиши мумкин.
22-модда. Давлат органларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритишнинг мажбурийлиги
Давлат органларида уларнинг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисоби мажбурий тартибда юритилади.
Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш юридик хизмат ходими томонидан амалга оширилади. Юридик хизмат ходими йўқлигида ушбу вазифа давлат органи раҳбари томонидан бошқа шахснинг зиммасига юклатилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 9 октябрдаги 23-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларининг 5-боби (рўйхат рақами 3686, 09.10.2025 й.), Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 18 июндаги 14-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3311, 19.06.2021 й.) билан тасдиқланган Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритиш қоидалари.
23-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинганда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш
Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий нашрларда эълон қилинганда унинг матнида имловий хатоларга, ёзувдаги хатоларга, бошқа ноаниқликларга йўл қўйилган бўлса, у ҳолда нашрнинг энг яқин сонида тегишли тузатишлар эълон қилинади.
Агар норасмий нашрларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинган расмий манбадагига қиёсан имловий хатоларга, ёзувдаги хатоларга, бошқа ноаниқликларга йўл қўйилган бўлса, улар аниқланган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан ошмаган муддатда ношир томонидан республика даврий нашрларида (газеталар, журналлар ва ҳоказоларда) ёки норасмий нашрнинг кейинги сонида (чиқарилишида) тегишли тузатишлар эълон қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар қонунчиликнинг электрон маълумотлар базаларида имловий хатоларга, ёзувдаги хатоларга, бошқа ноаниқликларга йўл қўйилган бўлса, улар дарҳол бартараф этилиши керак.
(23-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
24-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(24-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
26-модда. Ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(27-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 17-моддасининг биринчи қисми 2017 йил 25 сентябрдан эътиборан амалга киритилади.
 LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 8 сентябрдаги 179 (6873)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 7 сентябрь,
ЎРҚ-443-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 944-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон, 24.07.2018 й., 03/18/486/1559-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 29.11.2023 й., 03/23/880/0905-сон; 16.01.2024 й., 03/24/896/0037-сон; 09.09.2024 й., 03/24/957/0689-сон; 30.12.2025 й., 03/25/1109/1241-сон)