Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.11.2025
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-2660-сонли қарорига ўзгартишлар киритиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-2660-сонли қарорининг ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-2660-сонли қарорига иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 27 июнь,
ПҚ-3097-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги ПҚ-3097-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-2660-сонли қарорига киритиладиган ўзгартишлар
17-банднинг:
иккинчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасидан ташқари» сўзлари чиқариб ташлансин;
учинчи — еттинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспортлар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар (республика ҳудудидаги) — кўп квартирали уйлар объектларини «тайёр ҳолда топшириш» шартларида қуриш учун «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК ва пудрат ташкилотларига сотиладиган қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспортлари ҳажми бўйича қўшилган қиймат солиғи, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва ягона солиқ тўловларидан;
«Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК ва бош пудрат ташкилотлари — кўп квартирали уйлар объектларини қуриш учун хориждан келтириладиган, хомашёлар, буюмлар, узеллар, конструкциялар, қурилиш материаллари, қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналар, шунингдек, уларга эҳтиёт қисмлар, автотранспорт воситалари, йўл-қурилиш техникаси билан бирга белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича божхона (божхона расмийлаштирув йиғимларидан ташқари) тўловларидан;
импорт қилувчи ташкилотлар — «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК ва бош пудрат ташкилотларига импорт маҳсулотларини етказиб беришда импорт қилинадиган қурилиш материаллари, хомашёлар, буюмлар, узел ва конструкциялар, шу жумладан, ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун темир листлар, асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар, пассажир лифтлари ва якка тартибдаги қозонхоналар божхона (божхона расмийлаштирув йиғимларидан ташқари) тўловларидан, шунингдек, қўшимча қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва ягона солиқ тўловларидан;
ишларни (хизматлар) бажараётган ташкилотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари — Дастурни амалга ошириш қисмида қўшимча қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва ягона солиқ тўловларидан;
««Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК — давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар ва барча турдаги солиқ тўловларидан озод этилсин».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 26-сон, 581-модда)