Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Инвестиция лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун лойиҳалар ташаббускорлари бўлган ташкилотларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш сифатини ошириш тўғрисида» 2017 йил 15 мартдаги ПҚ–2836-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагилар:
Тармоқ илмий-техник кенгашларини ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага* мувофиқ;
ҳузурида тармоқ илмий-техник кенгашлари фаолият кўрсатувчи инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар, ташкилотлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги 992-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 09/17/992/0426-сон)
* 1— 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар ўн кун муддатда илмий-техник кенгашларини (кейинги ўринларда Кенгашлар деб аталади) ташкил этсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар, шунингдек уларни юқори малакали, шу жумладан тажрибали амалиётчилар, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, мустақил компаниялар ва бошқа ташкилотлар мутахассислари орасидан мутахассислар билан бутласинлар.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 декабрдаги 992-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 09/17/992/0426-сон)
Лойиҳалар ташаббускорлари бўлган ташкилотлар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар раҳбарлари зиммасига Кенгашлар томонидан инвестиция лойиҳалари бўйича хулосалар ўз вақтида кўриб чиқилиши ва берилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.
3. Белгилансинки, инвестиция лойиҳаларининг Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарори билан тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ регламентланадиган ҳужжатлари Кенгашлар томонидан кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади.
4. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳалар ташаббускорлари бўлган ташкилотлар — давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар:
а) қуйидагилар учун жавоб берадилар:
замонавий технологияларни, юқори технологияли ва энергия самарали асбоб-ускуналарни устувор қўллашни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқларнинг сифатли тузилиши;
лойиҳа олди ҳужжатларини, шу жумладан «фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш» лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун жалб қилинадиган малакали инжиниринг компанияларининг ва/ёки лойиҳалаш ташкилотларининг белгиланиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларининг, ишчи ҳужжатларнинг ва ишчи лойиҳанинг таклиф этилаётган технология ва асбоб-ускуналар бўйича нархларнинг шаклланиши юзасидан ихтисослаштирилган эксперт кенгашлари ёки мустақил компания томонидан кўрилишини таъминлаш;
(4-банднинг «а» кичик банди тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги ПФ-5447-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон)
танлов (тендер) ҳужжатларининг сифатли тайёрланиши ҳамда тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги;
инвестиция лойиҳаларининг тасдиқланган асосий техник-технологик ва иқтисодий параметрлари бажарилиши;
б) инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа олди ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун ваколатли органларга фақат Кенгашларнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда юборадилар, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг алоҳида қарорида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса.
5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 15 май,
285-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 20-сон, 365-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 09/17/992/0426-сон; 26.01.2018 й., 09/18/52/0629-сон, 16.02.2018 й., 09/18/121/0711-сон, 25.05.2018 й., 06/18/5447/1269-сон, 16.07.2018 й., 09/18/539/1519-сон; 30.04.2019 й., 09/19/367/3037-сон; 31.10.2020 й., 09/20/666/1433-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.03.2022 й., 09/22/95/0187-сон; 18.12.2023 й., 09/23/668/0945-сон; 05.05.2025 й., 09/25/289/0406-сон)