Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахсларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларининг топширилган лавозимда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун шахсий жавобгарлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси Аппаратининг бошқарувчиси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талабларини сўзсиз бажариш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 10 май,
264-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 майдаги 264-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига мувофиқ уларга ишониб топширилган органларнинг самарали ва натижали ишини ташкил этиш бўйича уларга юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда айбли хатти-ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига, шунингдек уларнинг ўринбосарларига (кейинги ўринларда мансабдор шахслар деб аталади) интизомий жазо чораларини қўллаш тартибини белгилайди.
2. Уларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиладиган мансабдор шахслар рўйхати ушбу Низомга 1-иловада келтирилади.
2-боб. Айбли хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар)нинг турлари ва уларни аниқлаш тартиби
3. Содир этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиладиган айбли хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) турлари рўйхати ушбу Низомга 2-иловада келтирилади.
4. Мансабдор шахснинг айбли хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорининг 8-бандида белгиланган тартибда ўтказиладиган ижро интизомининг тизимли ва танқидий таҳлили асосида, шунингдек қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси юзасидан ўтказилган мақсадли ўрганишлар натижалари бўйича белгиланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мансабдор шахснинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширишлар ва ўрганишлар натижалари бўйича ҳам белгиланиши мумкин.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Айбли ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги таклифлар Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Аппаратнинг бошқарувчиси, унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан киритилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
6. Мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги таклиф:
унга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклиф киритилган мансабдор шахсдан ёзма тушунтириш талаб қилинишини;
ҳужжатлар лойиҳаларини киритишнинг белгиланган муддатларининг бузилишига олиб келган сабаблари таҳлил қилинишини, шу жумладан киритилган ҳужжатлар лойиҳалари тақдим этилиши ва келишилиши хронологияси кўриб чиқилишини, шунингдек асоссиз равишда кечиктиришга йўл қўйган мансабдор шахслар аниқланган ҳолда ҳужжатнинг лойиҳасини сифатсиз экспертизадан ўтказган органларни аниқлашни;
қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг ўз вақтида бажарилиши таъминланмаганлиги, улар ижросини ташкил этишнинг ва назоратнинг паст даражаси сабаблари таҳлил қилинишини ўз ичига оладиган хизмат текшируви натижалари асосида киритилади.
7. Айбли ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари ушбу Низомга 3-иловага биноан схемага мувофиқ қўлланилади.
8. Интизомий жазо чоралари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида назарда тутилган муддатларда қўлланилади.
9. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ижро интизомининг умумлаштирилган таҳлили асосида:
интизомий жазони қўллаш тўғрисида қарор қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган мансабдор шахсга нисбатан йўл қўйилган айбли ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) учун интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф киритади.
3-боб. Интизомий жазо чоралари турлари
10. Йўл қўйилган айбли ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун мансабдор шахс ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ рўйхат бўйича интизомий жазога тортилиши мумкин.
11. Айбли ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахсларга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо турлари ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан, ҳар бир алоҳида аниқ ҳолат учун белгиланади.
12. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг қарори бўйича мансабдор шахслар айбли ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) учун расман огоҳлантирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 180-моддасига мувофиқ қўлланиладиган рағбатлантириш бўйича тўловлар миқдорлари камайтирилиши мумкин.
13. Мансабдор шахсга интизомий жазо амал қилиши даврида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган мукофотлар тўланмайди, шунингдек рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди.
14. Мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазонинг амал қилиш муддати у қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Йўл қўйилган қонун бузилишлари ва камчиликлар бартараф этилганда, мансабдор шахс томонидан тегишли органнинг самарали ва натижали ишлаши таъминланганда интизомий жазо ушбу жазони қўллаган шахс томонидан унинг амал қилиш муддати тамом бўлгунига қадар бекор қилиниши мумкин.
15. Интизомий жазо амал қилиши даврида мансабдор шахс томонидан айбли ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) такроран йўл қўйилганда мансабдор шахснинг эгаллаб турилган лавозимда бундан буён бўлиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоида
16. Интизомий чоралар ижроси учун кадрлар хизмати ходимлари умумий жавоб беради, жарима, рағбатлантириш бўйича тўловларнинг тўхтатилиши ёки уларнинг миқдори пасайтирилиши тарзидаги интизомий жазолар ижроси учун эса — давлат (хўжалик) бошқарувининг (ҳокимлик) ва бошқа ташкилотларнинг тегишли органи молия хизмати (бош бухгалтер) жавоб беради.
17. Интизомий жазо қўлланилиши тўғрисидаги қарор юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Жазо чоралари қўлланиладиган мансабдор шахслар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
2. Вазирлар ва вазирларнинг ўринбосарлари.
3. Давлат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари.
4. Агентликлар, қўмиталар, марказлар, давлат инспекциялари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат органлари ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва унинг ўринбосарлари.
7. Вилоятлар, шаҳарлар, туманлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари.
8. Хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва мутахассислари.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Содир этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиладиган айбли ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)
I. Ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талаблари бузилиши:
Президентнинг ёзма ва оғзаки топшириқлари, шунингдек қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари бажарилишининг муддатлари бузилиши, сифатсиз ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда бажарилиши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига сифатсиз тайёрланган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳужжат лойиҳаси киритилиши;
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари томонидан ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш муддатлари (келишиш муддатлари асоссиз чўзилиши) бузилиши ёки қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳужжат лойиҳасини келишиш;
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари томонидан ҳужжат лойиҳаси сифатсиз иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши ҳамда асосланмаган хулосалар ва таклифлар берилиши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш муддатларининг бузилиши (киритиш муддатларининг асоссиз чўзилиши);
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг аппарати таркибий бўлинмалари томонидан ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқишга тайёрлаш ва кўриб чиқиш муддатининг бузилиши;
(еттинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг аппарати таркибий бўлинмалари томонидан ҳужжат лойиҳаси сифатсиз иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, асосланмаган хулосалар, таклифлар берилиши ва келишиш асоссиз равишда чўзилиши;
(саккизинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг аппарати таркибий бўлинмаси томонидан ҳужжат лойиҳаси вазирликка ва идорага (лойиҳанинг ташаббускорига) асоссиз равишда қайтарилиши ёки қайтариш муддатининг бузилиши;
(тўққизинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Вазирлар Маҳкамасига киритилган ва сифатсиз тайёрланган ҳужжат лойиҳаси қайтарилмаслиги ёки қайтаришнинг белгиланган муддати бузилиши.
II. Қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ва амалга оширилишининг назоратини ташкил этишда
1. Қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ва амалга оширилишининг назоратини ташкил этишнинг паст сифати.
2. Қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари талаблари бажарилмаслиги ёки ўз вақтида бажарилмаслиги.
3. Хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг асосий иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлари пасайтирилишига йўл қўйилиши.
4. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари манзилига тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари тизимли ва мунтазам равишда бузилишига йўл қўйилиши, шунингдек уларни кўриб чиқишдаги расмиятчилик.
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Айбли ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Бажарувчилар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари


1-босқич

Вазирлар Маҳкамасининг аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари

Айбли ҳаракатга (ҳаракатсизликка) йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш.

Ҳужжат лойиҳаси киритилгандан кейин 2 кун мобайнида


2-босқич

Вазирлар Маҳкамасининг аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари

Бош вазирнинг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати бошқарувчисига мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш.

Хизмат текшируви тугаллангандан кейин бир кун муддатда


3-босқич

Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси Аппарати бошқарувчиси

Бош вазирга мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш.

Таклиф киритилгандан кейин бир кун муддатда


4-босқич

Бош вазир

1. Ўзбекистон Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритиш.

2. Бош вазир томонидан интизомий жазо қўллаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилиниши.

Раҳбарнинг хоҳишига кўра

(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 397-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
Йўл қўйилган айбли ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун мансабдор шахсларга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари турлари
1. Йўл қўйилган айбли ҳаракат (ҳаракатсизлик) учун мансабдор шахс интизомий жазо чораларининг қуйидаги турларига тортилиши мумкин:
ҳайфсан;
лавозим маошининг эллик фоизигача миқдорда жарима;
меҳнат шартномасининг тўхтатилиши (лавозимдан озод қилиш).
2. Мансабдор шахсга жарима тарзида интизомий жазо чораларини қўллашда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:
ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш муддатлари бузилганлиги (келишиш муддатлари асоссиз равишда чўзилганлиги) учун — лавозим маошининг 10 фоизи миқдоригача жарима қўлланилади;
ҳужжатлар лойиҳаларининг паст сифати ва қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги, шунингдек сифатсиз иқтисодий-молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганлиги, асосланмаган хулосалар ва таклифлар берилганлиги учун — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
Вазирлар Маҳкамасига ҳужжатлар лойиҳаларини киритиш муддатлари бузилганлиги (киритиш муддатлари асоссиз равишда чўзилганлиги) учун, лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмалари томонидан ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқишга тайёрлаш муддатлари ва кўриб чиқиш, сифатли иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатлари бузилганлиги, асоссиз хулосалар берилганлиги ва келишиш муддатлари асоссиз равишда чўзилганлиги учун — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаси томонидан ҳужжат лойиҳаси вазирликка ва идорага (лойиҳанинг ташаббускорига) асоссиз равишда қайтарилганлиги ёки қайтариш муддати бузилганлиги учун — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
(2-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги 400-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон)
Вазирлар Маҳкамасига киритилган сифатсиз тайёрланган ҳужжат лойиҳаси қайтарилмаганлиги ёки қайтаришнинг белгиланган муддати бузилганлиги учун — лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириқлари ижросини ташкил этиш ва амалга оширилиши устидан назоратнинг паст сифати учун — лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
қонун ҳужжатлари талаблари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириқлари бажарилмаганлиги ёки ўз вақтида бажарилмаганлиги учун — лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади ёки шахснинг эгаллаб турган лавозимда бўлишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклиф киритилади;
хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг асосий иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлари пасайишига йўл қўйилганлиги учун — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари манзилига тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари тизимли ва мунтазам равишда бузилишига йўл қўйилганлиги учун — лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилади.
Бир ойда жариманинг умумий суммаси жами лавозим маошининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 19-сон, 340-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.06.2018 й., 09/18/400/1289-сон; 14.05.2019 й., 09/19/397/3123-сон)