Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХАЛҚАРО КОМПЬЮТЕР ТАРМОҚЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ МАРКАЗЛАШТИРИШДАН ЧИҚАРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6 июндаги 200-сон қарори билан тасдиқланган 2002—2010 йилларда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дастурини амалга оширишни жадаллаштириш, маълумотлар узатиш тармоқларининг операторлари ва провайдерларига тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро ахборот тармоқларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек ушбу соҳада кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси маълумотларни узатиш тармоқлари операторлари (провайдерлари)нинг республика ва халқаро компьютер тармоқларидан, шу жумладан Интернетдан фақат «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасининг ва Маълумотларни узатиш миллий тармоғининг техник воситалари орқали фойдаланишига оид белгиланган тартиб бекор қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бир ой муддатда «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонаси тўғрисидаги Низомга мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда унинг функциялари ўзгариши ҳисобга олинган тегишли ўзгартиришлар киритсин.
4. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
амалдаги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида;
идоравий норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н.Орипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 10 октябрь,
352-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
2002 йил 10 октябрдаги 352 -сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида» 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
а) 1-бандда «ягона» сўзи чиқариб ташлансин;
учинчи хатбошида «ахборотресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш» сўзларидан олдин «UzPAK» маълумотларни узатиш тармоғида» сўзлари қўшилсин;
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
в) 4-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
г) 6-банддан «ҳамда «UzPAK» маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасига» сўзлари чиқариб ташлансин.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 19-сон, 149-модда)