Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.09.2018
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг электрон тарзда олдиндан хабардор қилинишини жорий этиш тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябрдаги 762-сонли «Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига келадиган товарлар ва транспорт воситаларини расмийлаштиришда божхона тартиботларини соддалаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситаларини божхонада расмийлаштиришни янада такомиллаштириш ва расмийлаштириш вақтини қисқартириш, шунингдек улар тўғрисидаги ахборотларнинг ишончлилигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ташувчиларга, божхона брокерларига ёки бошқа манфаатдор шахсларга (кейинги ўринларда манфаатдор шахслар деб аталади) 2015 йил 1 декабрдан бошлаб автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилишни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
2. Қуйидагилар:
автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботларини амалга ошириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
манфаатдор шахслар автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган маълумотларни (кейинги ўринларда электрон тарзда олдиндан бериладиган ахборотларни деб аталади) давлат божхона хизмати органларига тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда автоматлаштирилган ахборотлар тизими деб аталади) жаҳон Интернет ахборот тармоғи воситасида автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситалари (шу жумладан транзит шартларида) ўтказилгунгача ёки ўтказилиш вақтида жўнатишлари мумкин;
электрон тарзда олдиндан берилган ахборотлар товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаган тақдирда манфаатдор шахслар электрон тарзда олдиндан бериладиган ахборотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиш вақтида жўнатишлари мумкин;
электрон тарзда олдиндан бериладиган ахборотларнинг мавжудлиги автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона назорати шаклларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади;
автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) товарлар ва транспорт воситаларини ўтказишда давлат божхона хизмати органлари электрон тарзда олдиндан берилган ахборотларни уларнинг товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги юзасидан текширадилар;
электрон тарзда олдиндан берилган ахборотлар мавжуд бўлганда ва улар товар билан бирга жўнатиладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлганда божхона назорати ва расмийлаштириш товар билан бирга жўнатиладиган ҳужжатлар давлат божхона хизмати органларига тақдим этилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида амалга оширилади;
манфаатдор шахслар томонидан электрон тарзда олдиндан бериладиган ахборотлар тақдим этилмаганда ёки улар товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаганда давлат божхона хизмати органлари зарур маълумотларни автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиш вақтида автоматлаштирилган ахборот тизимига киритишни мустақил равишда амалга оширадилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:
автоматлаштирилган ахборот тизимини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва жорий этсин;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ушбу қарор қоидаларини кенг ёритиш ва тушунтиришни ташкил этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналарни ва консуллик муассасаларини ушбу қарорнинг қоидалари тўғрисида хабардор қилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 30 октябрь,
307-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги 307-сон қарорига
1-ИЛОВА
Автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида электрон тарзда олдиндан хабардор қилишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган
маълумотлар рўйхати
1. Товарлар ташилаётган автотранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар (давлат рақами, рўйхатдан ўтказган мамлакат).
2. Ташувчи тўғрисидаги маълумотлар (номи ва манзили).
3. Товар ташиш учун қабул қилинган жой (мамлакат) ҳамда етказиб бериш мўлжалланган жой (мамлакат) тўғрисидаги маълумотлар.
4. Товар жўнатилган мамлакат ҳамда товар етказиб бериладиган мамлакатнинг номи.
5. Товарни жўнатувчи ҳамда олувчининг номи ва манзили.
6. Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва коди тўғрисидаги маълумотлар, камида олтита белги даражасида.
7. Юк жойларининг сони тўғрисидаги маълумотлар.
8. Товарларнинг брутто оғирлиги (килограмм), шунингдек ўлчовларнинг қўшимча ўлчов бирликлари сони (ушбу маълумотлар мавжуд бўлганда), товарнинг кўрсатилган ҳар бир коди бўйича фактурадаги қиймати тўғрисидаги маълумотлар.
9. Контейнернинг идентификация тартиб рақами тўғрисидаги маълумотлар.
10. Товар билан бирга юбориладиган ҳужжатларга мувофиқ товарларни етказиб бериш пункти тўғрисидаги маълумотлар.
11. Товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келиш вақти (тахминан) ва жойи тўғрисидаги ахборот.
12. Юклар МДП китобчалари қўлланган ҳолда ташилган тақдирда МДП китобчаларини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги Конвенцияга (Женева шаҳри, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ МДП (CARNET TIR) китобчасининг тартиб рақами.
Изоҳ. Манфаатдор шахслар давлат божхона хизмати органларига тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимига автомобиль транспортида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали (шу жумладан транзит шартларида) ўтказиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги бошқа маълумотларни жўнатишлари мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги 307-сон қарорига
2-ИЛОВА
Давлат божхона хизмати органларини электрон тарзда олдиндан хабардор қилиш тартиботларини амалга ошириш
СХЕМАСИ
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 44-сон, 561-модда)